1446 йил 15 Рамазон | 2025 йил 15 март, шанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Аср мужтаҳиди

12:30 / 22.05.2021 3335 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайх Юсуф Абдуллоҳ Қарзовийнинг номини эшитмаган ёки билмаган аҳли илм бўлмаса керак. Бу киши замонамизнинг улуғ Ислом олими, «аср мужтаҳиди» номини олган ва исломий илмлар ривожига улкан ҳисса қўшган беназир алломадир.

Шайх Юсуф Қарзовий ҳижрий 1396 йили (милодий 1926 йил 9 сентябрда) Миср ғарбидаги Сафт Туроб номли кичик қишлоқда туғилди. Икки ёшга кирганида отасидан ажралиб қолди ва амакисининг диндор оиласида улғая бошлади. Оиласидагилар унинг дурадгор бўлишини исташар, аммо бола масжид имоми бўлишни орзулаб юрарди.

Ёш Юсуф тўрт ёшидан бошлаб маҳаллий масжид қошидаги Қуръон мактабига қатнай бошлади ва ўн ёшида мураттаб қори бўлди. Мактаб таълимини олганидан кейин у Тантодаги диншунослик институтида ўқишини давом эттирди. Ўн саккиз ёшида Қоҳирага бориб, машҳур ал-Азҳар дорилфунунининг дин асослари факультетига ўқишга кирди. 1953 йили Азҳарни битирган йигит Араб тилини ўрганиш дастурининг араб тили ва адабиёти йўналиши бўйича ҳам диплом олди. 1960 йили институтни тамомлаб, Қуръон илмлари бўйича магистр бўлди.

1949 йили, Миср қироли Форуқ ҳукмронлиги даврида Юсуф Қарзовийга сиёсий айблар тақалиб, ҳибсга олинади. Шундан кейин Мисрнинг собиқ президенти Жамол Абдул Носир ҳукмронлиги пайтида у яна уч марта қамоққа тушади. Ана шу воқеалардан кейин у 1961 йили Мисрни ташлаб чиқиб кетишга қарор қилади.

Қатар давлатининг таклифи билан 1961 йили Юсуф Қарзовий Қатар пойтахти Дохадаги диний институтга раҳбар этиб тайинланди. Ректор лавозимида ишларкан, педагогика факультетида ўзи ташкил этган Исломий тадқиқотлар бўлимига раҳбарлик қилди, кейинчалик эса ўзи таъсис қилган Исломий тадқиқотлар факультетининг декани лавозимида ишлади. Шайх Юсуф Қарзовий Суннат ва Сийрат тадқиқотлари марказини ҳам таъсис этган бўлиб, бугунги кунгача унга раҳбарлик қилиб келмоқда. 1973 йилb эса «Ижтимоий муаммоларни ечишда закотнинг аҳамияти» мавзусида докторлик диссертациясини ёқлади.

Шайх Юсуф Қарзовий Миср Вақфлар вазирлигида Дин ишлари бўйича назорат қўмитасида, ал-Азҳар университети қошидаги Исломий таълим бошқармасида фаолият юритди, кўплаб ўқув муассасаларига муассис ва ҳомий бўлди. Шайх Юсуф Қарзовий моҳир нотиқ, публицист, ҳассос адиб, ҳукуқшунос, исломий илмларнинг турли соҳалари бўйича юқори малакали мутахассисдир. Унинг «ал-Жазира» телеканалида ташкил этган «Шариат ва ҳаёт» кўрсатуви машҳур бўлиб кетди. Кўрсатувни дунёда жами 60 миллион мусулмон мунтазам кузатиб бориш билан бирга, олим билан савол-жавоб қилиш имкониятига ҳам эга бўлишди. 1997 йили бевосита Шайхнинг ташаббуси билан ташкил этилган islamonline веб-сайти ҳам исломий илмларни тарқатишда жуда катта хизмат қилмоқда.

1990–1991 йиллари шайх Қарзовий Жазоирдаги Ислом университети ва олий таълим илмий кенгаши раиси бўлиб ишлади. Қатарга қайтиб келгач, Қатар университети Сунна маркази раҳбарлигига тайинланди ва ҳозиргача ушбу вазифада самарали ишлаб келмоқда.

Шайх Қарзовий узоқ йиллар мобайнида Бутунжаҳон Ислом уламолари иттифоқи президенти вазифасида ишлаб, дунё Ислом олимларининг бирлиги ва ҳамкорлигини юксак чўққига чиқариш соҳасида жуда катта ишларни амалга оширди. 2020 йилга келибгина кексайиб, саломатлиги ёмонлашгани туфайли бу вазифани ўринбосарига топширди. Олим 1997 йилдан буён Дублиндаги фатво ва тадқиқотлар бўйича Оврупа кенгашини бошқариб келяпти.

Шайх Юсуф Қарзовий бутун Ислом дунёсида ғоятда машҳур бўлиб кетган 120 дан ортиқ китоб ва монографияларнинг муаллифидир. Булар орасида «Исломда ҳалол ва ҳаром», «Мусулмон ҳаётида вақтнинг ўрни», «Ислом уйғониши», «Аёлларнинг Исломдаги аҳволи» каби китоблар айниқса машҳурдир. Шайх ҳазратларининг кўпгина китоблари замонавий Ислом тафаккурининг оммалашган асарларига айланиб, ўнлаб маротаба нашр этилган ва дунёнинг қатор тилларига таржима қилинган. Шайх Қарзовийнинг мақолалари, нутқ ва маърузаларининг эса санаб саноғига етиб бўлмайди. Қарзовийнинг асарларида жонкуяр олим, нозиктаъб адиб, давр билан ҳамнафас, ҳассос фақиҳнинг нафаси сезилиб туради. У бугунги давр талабларини шариат қонунларига уйғунлаштира олган нодир Ислом олимлари қаторидан муносиб ўрин олган.

Шайх Юсуф Қарзовий бир қатор фанлар академиялари, араб ва халқаро илмий муассасаларининг ҳақиқий аъзосидир. Жумладан, шайх Юсуф Қарзовий маркази Маккаи Мукаррамада жойлашган Бутунжаҳон Ислом лигасининг Фиқҳ Академияси, Ўрдун Қироллигининг Исломий тамаддун тадқиқотлари академияси, Оксфорд Исломий тадқиқотлар маркази, маркази Хартумда жойлашган Исломий даъват ташкилоти, Исломободдаги Покистон Халқаро Ислом университети директорлар кенгашининг аъзоси ҳисобланади.

Шунингдек, Юсуф Қарзовий Исломий банклар шаръий назорат қўмитасига ҳам раҳбарлик қилади. Бугунги кунда шайх Қарзовий исломий банкларда амалга ошириладиган банк амалиётларининг шаръий нуқтаи назардан жоизлиги бўйича фатво бера оладиган, Исломий банк юритиш тизими ва механизмларини ишлаб чиқиш, ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшаётган нодир Ислом олимларидан биридир. Жумҳур Ислом уламоларининг эътирофига кўра Қарзовий замонамизнинг ҳақиқий мужтаҳидидир («мужтаҳид» шариат илмлари билимдони бўлиб, Қуръон ва Суннатда очиқ келтирилмаган масалалар бўйича оқилона таъвил асосида шаръий ҳукм чиқара олишга лаёқатли олим).

Юсуф Қарзовий – машҳур Ислом даъватчиси бўлиб, Исломда модернизм ва анъанавийликни узвий уйғунлигига эриша олган мўътадил Ислом олимларидан биридир. Қарзовий мусулмонларни шариатнинг мақсад ва устувор йўналишларини чуқур тадаббур қилиб, оқилона англаб етишга, Исломнинг бузилмас рукнлари ҳамда узлуксиз ўзгариб турувчи замон ўртасидаги мувозанатни маҳкам тутишга чақиради, давр билан ҳамнафас бўлиб, келажакка интилади.

Шайх Қарзовий ўзининг қизғин илмий фаолияти давомида Осиё ва Африкадаги деярли барча Ислом давлатларида бўлиб, дунёнинг турли мамлакатларидаги мусулмон жамоалари ва диаспоралари билан учрашган, улар билан доимий мулоқотда бўлган, кўплаб исломий ва халқаро университетларнинг таклифига кўра маърузалар қилган, жуда кўплаб илмий анжуманларда иштирок этган. Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ шайх Юсуф Қарзовийни яқиндан билар, у билан дўстлашиб, кўплаб илмий муноқашалар ва самимий суҳбатлар қурган эдилар.

Маҳмуд Маҳкам 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зиёрат рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида ўзбек қориларидан бири бўлмиш Яҳёхон қори Исмоиловнинг уйларига ташриф буюрдик.Яҳёхон қори давоми...

7575 20:00 / 16.02.2018
Саудия Арабистони ўзбекларидан бўлган шайх Мансур Абдулбоқий Бухорий 1971 йил Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида туғилган. Унинг оиласи Андижондан 1927 йили давоми...

1929 13:30 / 19.08.2022
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳақларида чиққан мақола ва хотира китобларини ўқир эканман, мен ҳам шундай буюк зот билан бир асрда яшаб ва шахсан давоми...

1481 16:09 / 24.07.2024
Ислом оламидаги буюк шахсиятлардан бири, Усмонийларнинг энг сўнги муфтийси, илм борасида, таҳқиқ майдонида замонасининг етук имоми бўлган Муҳаммад Зоҳид давоми...

2118 11:00 / 09.09.2022
Аудиолар

146195 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

8664 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

65860 14:35 / 11.08.2021