1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Ҳужраи саодат

09:00 / 16.12.2022 1465 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мадинаи Мунавваранинг яшил жавоҳири Қуббаи хадро – Яшил қубба Масжидун Набавийнинг жануби-шарқий қисмида жойлашган. Мусулмонлар учун муқаддас макон бўлмиш ҳужраи саодат – пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу дунёдаги истиқоматгоҳлари, вафотларидан кейинги истироҳатгоҳлари айнан шу гумбазнинг остида жойлашган.
Арабча «ҳужра» (хона) ва «саодат» (бахт) сўзларидан таркиб топган бу атама Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабри шарифлари, у зотга энг яқин бўлган икки саҳоба – Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларнинг қабрларини ўз ичига олган мақбара нисбатан қўлланади. Мадинадаги илк масжид – Масжидун Набавийни тиклаш асносида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари учун шарқий деворнинг жануб қисмига ёнма-ён қилиб икки хона ҳам қурдирганлар ва уларнинг бирини ҳижратдан аввал никоҳларига олганлари Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳога, иккинчисини эса, Мадинада никоҳларига олганлари Оиша онамиз розияллоҳу анҳога берган эдилар.
Ҳужурот сурасининг 4-ояти орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ташқарига чақиришдаги беадаб ҳаракатлари сабаб бадавийлар мазаммат қилинаркан, билвосита бу хоналарга алоқадор бўлгани учун ҳам сурага «ҳужурот» – «хоналар» номи берилган. Уларга кираётганда изн сўраш кераклиги ҳақида эса, Аҳзоб сурасининг 53-оятида «Набийнинг уйлари» таъбири қўлланган.
Кейинчалик тўққизтага етган бу ҳужралар аро Оиша онамизнинг хоналари, айниқса, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам дафн қилинганлари учун аҳамиятга молик бўлиб, «ҳужра», «ҳужраи шарифа», «ҳужраи муқоддаса», «ҳужраи муаттара», «ҳужраи мунийфа» ва «ҳужраи саодат» каби номлар билан аталган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйлари маъмурий марказ ҳисобланмиш масжид ёнида бўлиши у зотнинг пайғамбарлик, раҳбарлик, қўмондонлик, ҳукм чиқариш ва фатво бериш каби вазифаларни амалга оширишлари жиҳатидан муҳим эди. У зот алайҳиссалом Мадинага келганларида туяларининг нўхтасини қўйиб юбориб, у чўк тушган жойни масжид ва тураржой сифатида танлаганлар. Ўшанда Нуҳ алайҳиссаломга ўргатилган: «Роббим, мени муборак манзилга туширгин, Сен манзилга туширувчиларнинг энг яхшисисан» (Муъминун сураси, 29-оят) дуосини ўқиганлари ривоят қилинади (Самҳудий, 1/229-230). Ер эгалари бу жойни ҳадя қилмоқчи бўлишса ҳам ҳақини тўлаб, сотиб олганлар. Баъзи манбаларда масжидга ёндош ҳужралар ўрни Ҳориса ибн Нўъмон розияллоҳу анҳудан сотиб олингани қайд қилинган (Ибн Саъд, 3/488; «Миръатул Ҳарамайн», 1/463). Савда ва Оиша оналаримиз розияллоҳу анҳумоларнинг хоналари ҳам масжид билан бир хил, пойдевор устига ғишт терилган ва шифти йўқ эди. Кейинчалик ёғочлар устига хурмо шохлари ташланиб, сўнг тупроқ бостирилган. Катта эҳтимол, ҳужраларнинг масжидга қарагандан ташқари кўчага чиқиладиган эшиклари ҳам бўлган. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам беморликлари сабаб умрларининг сўнгги кунларини Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳужраларида ўтказдилар ва Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг у зотдан эшитганлари: «Аллоҳ қайси пайғамбарни қаерга дафн қилинишни ирода этса, ўша ерда қабз қилади» (Баззор ривояти) ҳадисга кўра шу хонага дафн қилиндилар. Кейинчалик бошқа хоналар Масжидун Набавийга қўшиб юборилгани учун Ҳужраи саодат деганда, фақат шу хона тушунила бошланган. Эчки терисидан ишланган қалинроқ пардалар эшик вазифасини бажарган. Фақатгина Оиша онамизнинг хоналарида ҳинд ёғочидан ишланган тоқ ё жуфт табақали эшик бўлгани ривоят қилинади. Бу эшик Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин қўйилгани ҳақида тахминлар ҳам бор. Кейинчалик Ҳужраи саодатга Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо ҳам дафн қилинишди. Умар розияллоҳу анҳу дафн этилгач, Оиша розияллоҳу анҳо яшаётган уйлари ва қабрлар орасига девор қурилиб, фақат бир эшик қолдирилди. 
Жамоат кўпайгани сайин Масжидун-Набавий ҳудудини вақти-вақти билан кенгайтиришга тўғри келган. Бу борадаги илк ҳаракатлар Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумо томонидан ҳужралар жойлашган ердан ташқари қолган уч ёндан, кўпроқ ғарбий ва шимолий томонларидан кенгайтирилганди. Шунга қарамай Умавийлар ҳукмронлиги даврида инсонлар, айниқса жума каби жамоат кўп бўладиган пайтларда бўш ҳужраларда ҳам намоз ўқий бошлашди. Абдулмалик ибн Марвон (ҳижрий 65 – 86 йиллар) бу ҳужраларни сотиб олган, аммо муборак тарихига ҳурматан буздирмаган эди. Кейинчалик халифа Валид ибн Абдулмалик (ҳижрий 69 – 92 йиллар) Мадина волийси Умар ибн Абдулазизга бузиб, масжидга қўшишни буюрди. У иккинчи бор Ҳарра воқеаси такрорланмаслиги учун ўзи истамаса ҳам халифанинг ҳукмига бўйсунди. Ҳужраларнинг бузилиши мадиналикларни маҳзун қилди. Ҳужраларни кўрган Саид ибн Мусайиб, Ҳасан Басрий каби кишилар унинг шифтига инсон қўлини чўзса етадиган даражада паст бўлганини ва улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечирган оддий ҳаётни акс эттириши жиҳатидан ўз ҳолича қолишини исташган эди. Волий Умар ибн Абдулазиз бузилган ҳужралардан олинган ғиштларни муқаддас ҳисоблаб, улардан Мадинанинг чеккасида жойлашган Ҳарра номли жойда уй қурдирди. Бу ғиштлардан бир донаси кўргазма учун Ҳужраи саодат ёнига қўйиб қўйилган эди. 
Умар ибн Абдулазиз халифалиги даврида (ҳижрий 99 – 101 йиллар) византиялик ва қибтий меъморларнинг меҳнати билан ҳужра янада чиройли гўшага айлантирилди. Айни пайтда, анча аввал Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу тиклатган девор ҳам янгиланди. Шимол томони Фотима онамизнинг уйларини ҳам ичига оладиган даражада кенгайтирилди ва Каъбага ўхшаб қолмаслиги учун бешбурчак шаклда атрофига тўсиқ девор қурилди. Ўша пайтда ҳужранинг усти «Қуббатул ҳужра» ва «Қуббатун нур» деб номланган кичик бир қубба билан ёпилди. Бу ишлар ҳижрий 88 йили (707 йил) бошланиб, ҳижрий 91 йил(710 йил)да тамомланган.
Умавийлардан кейин Аббосийлар ва бошқа Ислом давлатлари Ҳужраи саодатни ободонлаштиришга алоҳида аҳамият беришди. Ҳорун ар-Рашид даврида (786 – 809) масжиднинг бу қисмига ўрнатилган шифт янгиланди. Муқтафий лиамриллоҳ (1136 – 1160) замонида Зангийларнинг баобрў вазири Жамолиддин Муҳаммад ибн Али Исфаҳоний томонидан равзанинг шарқий девори таъмирланиб, мармар билан қопланди. Авлиё Чалабий нақл қилган ривоятга кўра, ҳижрий 557 йилда (1162 йил) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жасадларини ўғирлашга юборилган зоҳид қиёфасидаги кишилар Масжидун Набавий ёнидан уй олиб, ер остидан яширинча туйнук қазиб қабрга етишишни мўлжаллашган. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан тушида воқеадан огоҳлантирилган ва қисқа вақт ичида Мадинага келган Нуриддин Маҳмуд Зангий бу кишиларни қўлга тушириб, бундай ҳол яна такрорланмаслиги учун қабр атрофига қўрғошин қуйдирганди («Саёҳатнома», 9/611, 9/621-627).
Мамлук султонлари ҳам Байтус саодатни ободонлаштиришга катта ҳисса қўшишди. Анча аввал Хорун ар-Рашиднинг онаси томонидан «кисваи саодат» номли ёпинчиқ билан қопланган «Қуббатун нур» қўрғошин лавҳалар билан безалди (678/1279). Қубба Султон Қайитбой томонидан ҳам янгиланди. Масжидун Набавий шу кунгача бир неча бор ёнғинга учрагани сабаб унга қўшиб Ҳужраи саодат ҳам бир неча бор қайта таъмирланган. Масалан, 881 йилда (1476 йил) буткул бузилиб, тошдан қайта бино қилинди ва шифти кўтарилди. Мисрни эгаллагандан кейин ўзларини «ходимул ҳарамайн» сифатида кўрган Ёвуз Султон Салимдан бошлаб Усмонли подшоҳлари Масжиди набавий ва Ҳужраи саодатнинг ободлигига эътибор қаратишди. Аҳмад I олтин суви югуртирилган кумуш панжаралар юбориб, эскиларининг бир қисмини табаррук ҳисоблаб, ўзининг мақбарасига ўрнатган. Ҳужраи саодатнинг баъзи қисмлари ҳижрий 1111 йил (1699 йил) Мустафо II томонидан янгиланди. Аҳмад III ҳам унинг деворларини таъмирлатди. Маҳмуд II даврида Қайитбой иншо қилдирган қубба бир неча жойдан дарз кетиши натижасида буткул буздирилиб, ўрнига ҳижрий 1228 йили (1813 йил) тошдан қубба бино қилинди. Гумбаз қўрғошини ҳижрий 1252 йили (1837 йил) илк бор яшилга бўялди ва бугунгача «Қуббатул хадро» номи билан ёдга олинади. Айнан ўша таъмир давомида ҳужранинг ташқарига қараган деворлари кошин билан қопланди, кейинроқ Султон Абдулмажид уларни қайтадан энг қимматбаҳо кошин билан янгилади. Ҳужраи саодатнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари жойлашган қисмидаги панжаранинг ташқарисига кумуш мих (мисмар) билан ишора қилиб қўйилган, кейинчалик унинг ўрнига қимматбаҳо тошдан белги қўйилди. Бугунги кунда қабрларнинг ўрни белгилар билан кўрсатилган.
Дастлаб Ҳужраи саодат учун масъул ходим бўлмаган. Биринчи расмий масъуллар Нуриддин Маҳмуд Зангий томонидан тайинланган ва уларнинг сони ўн икки нафар бўлиб, барчалари Қуръони Карим ҳофизлари бўлишган. Бу лавозимга авваллари ҳабашларнинг тоза наслларидан кишилар саралаб олинган. Салоҳиддин Айюбий оғалар сонини йигирма тўрттага етказган ва уларни маош билан таъминлашни йўлга қўйган. У юборган оғаларнинг бошлиғи Бадриддин ал-Асадий оз вақт ўтиб, «шайхул ҳарам» лақаби билан чақирила бошланди. Шундан кейин бу вазифадагилар Мадинага зиёрат учун келган амалдорлар томонидан ҳурмат кўрсатиладиган бўлди. Кейинчалик Салоҳиддин Айюбийнинг татбиқ қилган низоми Мағриб ва Судандан юборилган 200 дан ошиқ оғалар сабаб бузилган. Айюб Сабри пошонинг берган маълумотларига кўра, Ҳужраи саодат ҳеч қачон бўш турмаган, кечаю кундуз турли миллат вакилларидан иборат икки оға масъул бўлган. Халифа томонидан тайинланган шайхул ҳарамнинг қўл остидаги оғалар қандилларни ёқиш, маълум вақтларда Ҳужраи саодатни тозалаш каби ишларни бажаришарди («Миръатул ҳарамайн», 1/74-82).
Бу шарафли хона ва унинг атрофи бугунги кунда «Ҳарам» ва «Салом» деб аталадиган икки қисмга бўлинган. Ҳужраи саодатнинг тўртта эшиги бўлиб, улар Таҳажжуд эшиги, Тавба эшиги, ҳазрати Оиша эшиги ва ҳазрати Фотима эшиги деб номланади.
Таҳажжуд эшиги Ҳужраи саодатнинг шимол томонида, таҳажжуд меҳроби яқинида жойлашган бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тунги намозларини шу ерда адо этардилар. Таҳажжуд меҳроби сўнгги бор Султон Абдулмажид даврида янгиланган. 1980 йили эса усти тўлиқ кошинлар билан ёпилиб, билинмайдиган ҳолга келтирилган.
Ҳужраи саодатнинг шарқий томони Мувожаҳайи шарифа деб аталади. Бу муборак жойда севикли Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берилади. Бу ердаги Тавба эшиги устига ўрнатилган кумуш лавҳага Усмон Ғозийдан бошлаб то Султон Аҳмад II гача бўлган Усмонли султонларнинг исмлари ёзиб қўйилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қабрлари билан минбарлари орасидаги жойнинг «Равзаи мутоҳҳара» деб аталиши Набий алайҳиссаломнинг уйлари билан минбарлари ораси жаннат боғларидан эканини билдирган ҳадисга асосланади. Равзаи мутоҳҳарага қараган бурчакка: «Уйим билан минбарим ораси жаннат боғларидандир. Минбарим эса, жаннат устидадир» ҳадиси шариф ёзиб қўйилган. Бугунги кунда Равзаи мутоҳҳаранинг жануби меҳробнинг қибла томонида темир панжаралар ва китоб жавонлари билан ўралган бўлиб, шарқдан ғарбга 22 м, шимолдан жанубга 15 м масофада жойлашган. У тахминан 330 квадрат метр майдонни эгаллайди. Ғарб томонда Мурод III нинг ҳадяси бўлмиш минбар билан ўртада султон Қайитбой давридаги меҳроб ўрин олган. Бу ҳудудда жойлашган ҳар бир устун ўзига хос тарихга эга.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг минбарлари қурилмасидан аввал ёнида туриб хутба ўқиганлари хурмо дарахтининг ўрнидаги «Мухаллақа устуни» қиблага кўра чап томондаги минбарга бириккан. Холуқ номли хушбўй сурилгани сабабли шу ном билан аталган. Расули акрам минбарда хутба ўқий бошлаганларида хурмо дарахти хўнграб юборгани боис «Ҳаннана» ва яна Ҳажжож ибн Юсуф жўнатган мусҳаф ҳам айнан шу ердаги бир қутида сақлангани боис «Мусҳаф устуни» деб ҳам аталган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳаннана» устуни қўйилгунга қадар «Оиша устуни» остида ибодат қилганлар. Мазкур устун ҳақидаги ҳадисни Оиша онамиз ривоят қилганлари учун ҳам устун уларнинг номлари билан аталган. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Бу масжидда шундай жой борки, одамлар унинг қанчалик хайрли жой эканини билганларида у ерда намоз ўқиш учун талашиб, ҳатто қуръа ташлаган бўлардилар». Шу сабабли бу устун «Қуръа устуни» деб ҳам аталади. Бундан ташқари, «Муҳожирлар устуни» деган номи ҳам бўлиб, муҳожирлар мазкур устун тагида йиғилиб, дам олишни яхши кўришгани боис шу ном танланган.
«Абу Лубоба» ёки «Тавба устуни». Абу Лубоба Бани Қурайза қамалида қилган хатоси туфайли ўзини ўзи жазолаб, боғлаган устун бўлиб, у қиблага нисбатан олганда «Қуръа устуни»нинг чап томонида жойлашган.
Равзадаги устунлардан яна бири «Сарир устуни» деб номланиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг тагида ўтирганлари ва ухлаганлари ривоят қилинган. Хурмо баргларидан қилинган тўшак – сарир номи билан аталмиш мазкур устун «Тавба устуни»нинг шарқида Ҳужраи саодат панжараси билан туташган. Унинг шимолида панжарага туташ «Маҳрис» ёки «Али розияллоҳу анҳу устуни» бўлиб, ўша даврда Расулуллоҳни душманлардан ҳимоя қилиш мақсадида саҳобалар навбатма-навбат шу устун тагида қўриқчилик қилишар эди. Бу ишни кўпинча ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бажарганлар. Шу сабаб ҳам мазкур устуннинг номи «Маҳрис (ҳимоя жойи)» ёки «Али розияллоҳу анҳу устуни» деб номланади. Аллоҳ таоло Моида сурасининг 67-оятини нозил қилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига энди қўриқчилик қилмасликни буюрдилар.
Бу устуннинг шимолида Набий алайҳиссалом элчиларни қабул қилган «Элчилар устуни» (Вуфуд устуни) жойлашган. Ҳазрати Оиша эшиги Элчилар ёки Вуфуд эшиги деб ҳам номланиб, Ҳужраи саодатнинг ғарб томонида, Вуфуд устунининг ёнида жойлашган. Набий алайҳиссалом Масжидун Набавийга шу эшик орқали кириб чиққанлар.
Ҳазрати Фотима эшиги эса Байтус саодатнинг шарқий қисмида жойлашган бўлиб, мазкур эшик Фотима розияллоҳу анҳо яшаган уйларига туташган. Бугунги кунда Ҳужраи саодатга кириш учун фақатгина шу эшикдан фойдаланилади. Вақти-вақти билан бу эшик орқали кирадиган фаррошлар юксак ҳурмат намунаси ўлароқ эгилиб, «Дастурта бинти я Расулуллоҳ» деб киришга рухсат сўрашар экан. Ичкаридаги Фотима онамиз розияллоҳу анҳонинг мақбаралари устидаги ёпинчиқда «Бу ер ҳазрати Фотиманинг қабридир», деб ёзилган.
Ҳужраи саодат ҳар йили миллионлаб мусулмонлар томонидан зиёрат қилинади. Шубҳасиз, бунда «Мени вафотимдан сўнг зиёрат қилган, соғлигимда зиёрат қилган кабидир», «Икки ҳарамдан бирида ўлган аминлар орасида тирилтирилади», «Қабримни зиёрат қилганга шафоатим вожиб бўлади» (Дорақутний, 2/278) каби ҳадисларнинг аҳамияти катта. Ундан ташқари «Қабримни байрам ери қилиб олманглар» (Абу Довуд, 2/218; «Муснад», 2/367, Доримий, «Маносик», 96) ҳадисини Мунзирий: «Байрам каби йилнинг баъзи кунлари эмас, ҳар доим зиёрат қилинг», маъносида шарҳлаган («Миръатул ҳарамайн», 1/137). Зиёрат давомида салому салавот, калимаи тавҳид ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари ҳақидаги оятлар ўқилади.


Флюра Умурзоқова тайёрлади
«Ҳилол» журналининг 9(42) сонидан олинди

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирди Қози Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ айтади .Отам вафот этганида мен ёш бола эдим. Онам мени газлама оқловчига олиб бориб давоми...

1295 09:00 / 27.12.2022
4656. Хавла бинти Ҳаким розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким бир манзилга тушгандан кейин .Аъуузу бикалиматиллаҳиттааммаати мин давоми...

10785 19:19 / 21.03.2018
Ҳикмати буюк Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларини доимо хавфу ражо қўрқинч ва умид билан тарбиялаб келади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яратган ҳар бир нарсада давоми...

4584 16:24 / 09.01.2018
Етимнинг олдида отаонангиз борлигини эслаб, мақтаниб гапирманг ёки болангизни унинг кўз ўнгида эркалаб, ўпманг. Беморнинг олдида соғлигингиз яхшилигини, ҳамма давоми...

4213 05:07 / 13.08.2018