1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Аллоҳ ўзини кўз-кўз қилмаган бандасини яхши кўради

07:36 / 15.12.2024 1878 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Соиб ибн Ақраъ розияллоҳу анҳу халифа ҳазрати Умарга Наҳованд жангида шаҳид бўлган кишиларни санади. У таниқли, кўзга кўринган кишиларнинг исмларини бирма-бир айтиб бўлиб, сўнгра деди:

– Қолганлар чекка қишлоқлардан. Амирул мўминин, сиз уларни танимайсиз.

Шунда Умар розияллоҳу анҳу йиғладилар ва:

– Умарнинг танимаслиги уларга зарар бермайди. Чунки уларни Аллоҳ танийди, - дедилар.

Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳнинг «Сияру аъла мин нубало» китобида келади: «Ҳорун Рашиднинг қўшинида йигирма минг мужоҳид ўз номини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким уларни билмаслиги учун қўшин китобига ёздирмас, маош ҳам олмас эди».

Гапнинг боғлиқлик томонига келсак, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу қатл қилинган пайтда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу саҳрода туяларини боқиб юрган эдилар. У кишининг олдига ўғли келди. Саъд розияллоҳу анҳу уни узоқдан кўргач, дедилар:

– Аллоҳим! Бу чавандознинг ёмонлигидан Сендан паноҳ сўрайман.

Фаросатлари ила чопарнинг ёмон хабар олиб келаётганини сезганлар. У етиб келгач, қарасалар, ўғли экан. У Саъд розияллоҳу анҳуга деди:

– Сиз туяларингиз билан юраверинг. У ёқда эса одамлар подшоҳликни талашиб ётишибди (яъни ўғли Саъд розияллоҳу анҳуни халифаликка тарғиб қиляпти).

Саъд розияллоҳу анҳу дедилар:

– Жим бўл! Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳ таоло тақводор, бой ва махфий бандасини яхши кўради», деганларини эшитганман.

Махфий банда бошқалардан ўзининг ёмонликларини яширганидек, яхшиликларини ҳам яширади. Фақатгина ўзи билан Аллоҳ биладиган махфий амали бўлади.

Сиз қиладиган садақани инсонлар билиши керак эмас. Риё амалларни ботил қилади. Гарчи кишида риё бўлмаса-да, садақа бераётгани шахснинг қалбига озор етказиб қўйиши эҳтимоли бор. Кишиларнинг қалбини тўлдириш эса, уларнинг чўнтагини тўлдиришдан олдинда туради.

Қиладиган ҳар бир яхши амалингизни ҳужжатлаштириб қўйишингиз шарт эмас. Нафсингизга ҳам озроқ дам беринг. Бу ишларни ёзиб қўйишни Аллоҳга қолдиринг. Модомики, мухлис экансиз, У зот амалингизни зое қилмайди.

Дин ишининг ҳисобини Аллоҳ қилади. Амалимиз остида ихлос бўлса ажр, риё бўлса, азоб бор... Аллоҳ ҳеч нарсани зое қилмайди.

Солиҳлардан бири айтади: «Яширин мукофотлар яширин амалларгадир».

Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган касаллигимизга Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган садақа билан шифо сўрайлик.

Қалбингизда ин қуриб олган, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган ғамга Ундан ўзга ҳеч ким билмайдиган истиғфор билан нажот истанг.

Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган ташвишларингизга фақатгина Аллоҳ биладиган тунги икки ракат намозингиз билан кенгчилик сўранг.

Ризқингиз тор бўлса, кишиларга айтиб юрманг. Иффатли бўлинг. Аллоҳга яширин истиғфор айтинг. Буни ҳеч ким билмасин!

Ёдингизда тутинг! Умарнинг билмаслиги сизга зарар бермайди. Зеро, Аллоҳ сизнинг барча ҳолатингизни билиб турибди!

У Зот ўзини кўз-кўз қилмаган бандасини яхши кўради.

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2023 йил 7 мартдаги 03-07/1506-рақамли ва 2023 йил 24 мартдаги 01-07/1959-рақамли хулосалари асосида тайёрланган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар Маккаи Мукаррамадан ҳижрат килиб Мадинаи Мунавварага ўрнашганларидан кейин намозни жамоат билан адо қилиш давоми...

6572 09:00 / 04.03.2023
Оқил ва олим кишиларнинг мунозараси ёки бирор масала устидаги муноқашаси гўзал бўлади. Мунозара одобларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилади. Ундай давоми...

1919 09:00 / 20.02.2023
Роббана ва лакал ҳамду ҳамдан касийрон тоййибан мубарокан фийҳи.Маъноси .Эй Раббимиз Сенга кўп, пок ва муборак ҳамду сано бўлсин,.Имом Бухорий ривоят қилган давоми...

3419 09:00 / 17.01.2023
Қуръони Карим тиловати борасида саволжавобларСавол Баъзилар Аёлларнинг билаклари ва сочлари очиқ ҳолда Қуръон ўқиши рухсат, яъни зарари йўқrdquo дейишади. Ҳолбуки давоми...

4764 16:25 / 01.04.2023
Аудиолар

210908 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130169 14:35 / 11.08.2021