1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Талоқ тушганда Аллоҳ таолонинг арши ларзага келади

16:47 / 21.10.2022 1321 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَبْغَضُ الْحَلَالِ إِلَى اللهِ عَزَّ وَجَلَّ الطَّلَاقُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ.

 

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ азза ва жаллага энг ёмон кўрилган ҳалол талоқдир», дедилар».

Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ, деган.

Бошқа бир ривоятда:

«Талоқ тушганда Аллоҳ таолонинг арши ларзага келади», дейилган.

Бошқа ҳукмлар қатори, талоқ масаласида ҳам Ислом дини инсон табиатини эътиборга олиб иш тутади. Чунки инсонни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яратган, унга нима мос келишини ҳам Аллоҳ таолонинг ўзи яхши билади.

Авваллари, бошқа масалалар қатори, талоқ масаласида ҳам аёллар хорланар, уларни инсон ўрнида кўрмас эдилар. Баъзилар хотинини хоҳламай қолса, бошқага уйланиб, уни қаровсиз қолдирар, на ўзи хотин қилар ва на бошқага эрга тегиб кетишига имкон берар эди. Ёки талоқ қилиб, иддаси яқин қолганда яна қайтиб, уни ўйинчоқ қиларди. Шу ва шунга ўхшаш усуллар билан аёлларни ўта аянчли ҳолларга солар эдилар.

Ислом бундай хорликларга чек қўйди. Эр кишига фақат уч талоқнинг ҳаққини берди ва аёлни қийнамасликка буюрди. Айни чоғда аёлга «хулуъ» ҳаққини ҳам берди. Яъни, аёл киши эри билан яшашни хоҳламаса, қозига арз қилиб, ажрашиб кетишига имкон яратди.

Шариатда талоққа рухсат берилганига сабаблар кўп. Шулардан иккитасини зикр қилиб ўтайлик.

1. Фараз қилайлик, бир кишининг хотини туғмаслик касалига мубтало бўлган. У киши ўзгаларга ўхшаб, ортидан зурриёт қолдиришни хоҳлайди. Икки хотинни ушлаб туришга эса имкони йўқ. Шунда аввалги хотинини талоқ қилиб, фарзанд кўришга лаёқати бор аёлга уйланиши мумкин.

2. Эр‑хотиннинг феъл-атворлари бир-бирларига тўғри келмай қолиб, ўзаро нафратлари кучайиб, бирга яшашнинг сира иложи қолмаганида талоқ ёрдамга келади ва икковларини бир-биридан қутқаради. Талоқни Исломга айб қилиб тақайдиган Fарб давлатларининг кўпчилигида ҳозирда ўз динларининг аҳкомларига қарши чиқиб, талоққа рухсат берилган.

Баъзилар эр кишининг бир оғиз сўзи билан талоқ тушишини жуда ҳам енгил ҳукм, ҳаётга жиддий қарамаслик, деб тушунадилар. Аслини олганда, бундай хавотирга асос йўқ. Ислом ҳаётга ниҳоятда жиддий қарайди. Каттами-кичикми, ҳар бир инсон ўз сўзига жавобгардир.

Исломда ҳар қандай сўзнинг салмоғи каттадир. Инсон бир сўз билан мўмин бўлиб, бир сўз билан иймондан чиқади, ақди никоҳ пайтида келин-куёв бир оғиз сўз билан эр‑хотин бўладилар. Улар ийжоб ва қабулда айтиладиган «розиман» ва «қабул қилдим» сўзлари билан бир-бирларига ҳалол бўладилар. Шунингдек, биргина «талоқ» сўзи билан аксинча бўлиши ҳам бор.

Демак, ҳаётга жиддият билан қараш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Жумладан, талоқ масаласида эҳтиёт бўлиш ҳам ҳар бир мусулмон эркакнинг вазифасидир. Бўлар-бўлмас сабабларга кўра аёлини талоқ қилавериш мусулмон шахсга раво эмас.

Энди талоқ масаласида келган матнларни шарҳ қилишга ўтайлик.

Талоқ фақат мукаллаф эрдан воқеъ бўлади. Гарчи у маст ёки қул бўлса ҳам. Унинг хожасидан ва уйқудаги кишидан воқеъ бўлмайди.

Демак, талоқ воқеъ бўлиши учун у оқил ва балоғатга етган эр томонидан қилинган бўлиши керак. Талоқ қилувчи эрнинг қул ёки ҳур бўлишида фарқ йўқ.

Ота боласининг хотинини талоқ қилиши мумкин эмас. Бундай ҳолатда талоқ тушмайди. Чунки ота ҳам, ундан бошқаси ҳам, эрдан ўзга ҳеч қандай шахс аёлга нисбатан талоқ ҳаққига эга эмаслар. Талоққа молик – эга бўлмаганларнинг талоғи тушмаслиги аниқ.

Шунингдек, ухлаб ётган одам, балоғат ёшига етмаган бола, жинни ва эси паст киши ҳам ўз хотинини талоқ қилса, тушмайди. «Эси паст» деганда бефаҳм, алмойи‑алжойи гапирадиган, чора-тадбирни билмайдиган, лекин бошқаларни уриб-сўкмайдиган шахс кўзда тутилади.

Аммо, бир одамнинг эси ўз ихтиёри ила қилган тасарруфи туфайли кетган бўлса, мисол учун, маст қилувчи ичимликлар ичгани, наша, қора дорига ўхшаш нарсалар истеъмол қилганлиги учун эсини йўқотган бўлса, талоғи тушади.

Уламолар: «Даво учун истеъмол қилинган нарсадан маст бўлиб, қилган ишини, айтган гапини эслай олмайдиган даражага бориб қолган одамнинг оғзидан «талоқ» сўзи чиқса, талоғи тушмайди», деганлар.

Аммо, мазкур ҳаром нарсаларни маст бўлиш учун истеъмол қилган шахсларнинг талоғи, қай ҳолда бўлса ҳам, тушади. Бу ҳукмни тўрт мазҳаб бирдек қўллаганлар. Чунки бундай осий, ҳаромхўрнинг талоғини «тушмайди» дейиш унинг исёнини эътиборга олиш билан баробар бўлади. Аслида ундай нобакор жазоланиши керак, талоғи тушиб, аёлидан ажралиши эса унга жазодир.

Бироқ баъзи уламолар, жумладан, Ҳанафий фуқаҳолардан имом Зуфар, имом Тоҳовий ва имом Кархий раҳимаҳуллоҳлар: «Айтган гапини эслай олмайдиган даражадаги мастнинг талоғи тушмайди. Чунки бундай одам жиннининг ўзидир. Маст бўлганлиги учун эса, шариатда алоҳида жазо белгиланган. Қозининг ҳукми ила кўпчилик ичида унга дарра урилади», дейишган.

Шунингдек, қаттиқ ғазаб туфайли ақли бошидан учган кишининг ҳам талоғи тушмайди. Бу жуда ҳам нодир бир ҳолат бўлиб, фуқаҳоларимиз: «Осмон билан ернинг фарқига бормайдиган даражада аччиғи чиққан одамнинг талоғи тушмайди», деганлар.

Бундай ҳолат шариатда «иғлоқ» дейилади.

Аслида эса, ғазаби чиқмаган одам талоқ ҳам қилмайди. яъни ҳамма талоқлар аччиғи чиққан одамлар томонидан содир бўлади.

«Иғлоқ» сўзи луғатда «беркитиш», «ёпиб қўйиш» маъносини англатади. Уламоларимиз ушбу «иғлоқ»дан нима кўзланганлиги ҳақида турлича фикрга борганлар.

Шофеъий, Моликий ва Ҳанафий уламолар: «Иғлоқдан мурод, мажбурлашдир», деганлар.

Имом Аҳмад ва Абу Довуд эса: «Иғлоқдан мурод, ғазабдир», деганлар. Fазаб ҳақида юқорида гапириб ўтганимиз сабабли, бу ерда мажбурлаш ҳақида икки оғиз гапириб ўтамиз.

Уламолар жумҳури: «Бировнинг мажбурлаши ила ноилож қолиб қилинган талоқ тушмайди», деганлар.

Ҳанафий мазҳаби уламолари эса: «Мажбурланган кишининг талоғи ҳам ҳазиллашган кишининг талоғи каби тушади», деганлар. Чунки у агар ундан келиб чиқадиган натижадан рози бўлмаган бўлса ҳам, ўзи талоқни қасд қилган.

Бахтиёр оила китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Эрнинг ҳовлисидаги алоҳида, қулфланадиган уй аёлга кифоя қилади.Яъни, бир ҳовлида бошқа уйлар ва кишилар бўлса ҳам, алоҳида яшаш учун лозим қулайликлари бор уй давоми...

3487 14:30 / 27.06.2019
.Хулуъ, сўзи луғатда .кийим ечиш, маъносида кўпроқ ишлатилади. Шариатда эса, хотин кишининг арз қилиб, бир нарса бериб, эри билан ажрашиши .хулуъ, дейилади. Чунки давоми...

2022 06:00 / 22.06.2023
Ҳозирги пайтда ёш йигитқизлар ўзлари топишиб олган шахс билан оила қуришни мода қилиб олишга ҳаракат қилишлари кўпайиб бораётганлиги маълум. Бу маънода давоми...

3154 14:15 / 27.12.2018
Албатта, катта оила доирасидаги алоқалар эрхотин, отаона, болачақа орасидаги алоқа билан чегараланиб қолмай, балки қариндошуруғлар билан қилинадиган алоқаларни давоми...

1850 15:00 / 04.02.2021