1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Талоқни тафвийз қилиш ҳақида

16:00 / 21.02.2023 2035 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Тафвийз қилиш» дегани бошқага топшириш маъносини англатади. Эрнинг хотинини талоқ қилишни ўзидан бошқага топшириши «талоқни тафвийз қилиш» дейилади.
Хотиннинг талоғи ўзига топширилганда уни билиш мажлисига боғлиқ бўлади.


Мисол учун, эр ўз хотинига: «Ўзингни ўзинг талоқ қил» деса, аёл ўша гапни эшитган мажлисидан (ўтирган жойидан) қўзғалмасдан туриб: «Ўзимни талоқ қилдим» деса, талоқ тушади. Аммо, ўша ердан туриб кетса, бошқа ишга киришиб кетса, ўзини ўзи талоқ қилиш ихтиёри қўлидан чиқади ва кейин ўзини ўзи талоқ қилса, тушмайди.


Илло, «Ҳар хоҳлаганингда», «Вақтики хоҳлаганингда» ва «Қачонки хоҳлаганингда» деса, «Агар хоҳласанг»га хилоф ўлароқ, ундай бўлмайди.
Яъни, аёлнинг ихтиёри мажлисга боғлиқ бўлмайди, чунки бу лафзлар вақт учун умумийдир. Буларда «ўзингни қай вақт хоҳласанг, талоқ қилавер» деган маъно бор. «Агар хоҳласанг»да эса умумий вақтга далолат қилмаганлиги учун аёлнинг талоқ қилиш ихтиёри хабар унга етгандаги мажлисига боғлиқ бўлади.


Ва эр тафвийздан қайтмайди.
Яъни, талоқ қилиш хаққини хотини ихтиёрига бериб қўйган эр ўша гапидан қайтиши мумкин эмас. Чунки тафвийз қасам билан баробардир. Қасам бажарилиши шарт нарса бўлганлиги учун ундан қайтиб бўлмайди.


Агар аёлдан ўзгага тафвийз қилса, мажлисга боғлиқ бўлмайди ва қайтиши мумкин.
Яъни, эр ўз хотинини талоқ қилишни хотиндан ўзга кишига топширган бўлса, мазкур шахс хоҳлаган пайтида талоқ қилаверади. Унинг талоқ қилиш ҳаққи бу ҳақдаги хабарни эшитганидаги мажлисда бўлиши шарт эмас. Мазкур мажлисдами ёки ундан кейинми, хоҳлаган вақтида талоқ қилса, бўлаверади. Чунки бундай шахс вакил бўлиб қолади. Вакилнинг эса, амрни ўзи истаган вақтда бажаришга ҳаққи бор.
Шу билан бирга, эр гапини қайтариб олса ҳам бўлади. Чунки бу ҳолатда у бировни ўз фойдаси учун иш қилишга вакил қилди. Ишни хоҳламай қолганида уни қилиш топшириқ берган одам учун зарар келтиради. Фойдани кўзлаган нарсада зарар кўриш эса, мумкин эмас.


Мажлис туриш, кетиш, ўтган мавзуга оид бўлмаган гап ёки ишга киришиб кетиш билан ўзгаради.
Дейлик, эр ўзи билан ўтирган хотинига: «Талоқ ихтиёрини ўзингга топширдим», деди. Шунда хотин ўша заҳоти: «Мен ўзимни фалон талоқ қилдим», деса, ўша талоқ тушади. Аммо, эрнинг гапидан кейин у индамай ўрнидан туриб кетса, талоқ қилиш ҳаққидан маҳрум бўлади. Чунки у ўрнидан туриши билан мажлис ўзгарди.


Эр юриб кетаётган хотинини тўхтатиб, унга: «Талоқ ихтиёрини ўзингга топширдим» деди. Шунда хотин ўша заҳоти: «Мен ўзимни фалон талоқ қилдим», деса, ўша талоқ тушади. Аммо, эрнинг гапидан кейин у индамай юриб кетса, талоқ қилиш ҳаққидан маҳрум бўлади. Чунки унинг юриши билан мажлис ўзгарди.
Дейлик, эр ўзи билан ўтирган хотинига: «Талоқ ихтиёрини ўзингга топширдим», деди. Шунда хотин ўша заҳоти: «Мен ўзимни фалон талоқ қилдим», деса, ўша талоқ тушади. Аммо эрнинг гапидан кейин у индамай талоқдан бошқа мавзудаги гапни гапириб ёки ишни қилиб кетса, талоқ қилиш ҳаққидан маҳрум бўлади. Чунки унинг талоқдан бошқа мавзудаги гапни гапириши ёки ишни қилиши билан мажлис ўзгарди.


Аёлнинг кемаси уйига ўхшайди. Уловининг юриши эса ўзининг юришига ўхшайди.
Кемада кетаётган аёлга эри унинг талоғини ўзига тафвийз қилгани ҳақида хабар етса, кема унинг учун уй ўрнида бўлади. «Гапни эшитганингдан кейин кема юрди, энди сенинг мажлисинг ўзгарди ва талоқни ихтиёр қилиш ҳаққинг тугади», дейиш мумкин эмас. Чунки кема аёлнинг ихтиёрисиз юради. Агар талоқнинг тафвийзи ҳақидаги хабар аёлга у улов устида турганида етса ва улови юриб кетса, ўзи юриб кетгани билан баробар бўлади ва мажлис ўзгарган, деб эътибор қилинади. Чунки улов унинг устидаги шахснинг қистови билан юради.


Тафвийз нияти ила «Ихтиёр қил», деганда «Ихтиёр қилдим», деса, фақат бир боин талоқ тушади.
«Ихтиёр» сўзини ишлатиш билан хотинга талоқ қилишни тафвийз қилишда «нафс», яъни «ўзинг» ёки «ўзим» сўзи икки тарафдан бири томонидан ишлатилиши шартдир. Ёки «ихтиёр» сўзига талоққа ишорат қилувчи қўшимча ҳам қўшилиши шарт бўлар экан.


Агар эр ўшани уч марта такрорласа ва хотин улардан бирини ихтиёр қилса, уч талоқ бўлади. Агар хотин: «Ўзимни бир талоқ қилдим ёки ўзимга бир талоқни ихтиёр қилдим», деса, бир боин талоқ бўлади.
Яъни эр ўз хотинига: «Ихтиёр қил, ихтиёр қил, ихтиёр қил» деса ва аёл: «Аввалгисини ихтиёр қилдим» ёки «Ўртасини ихтиёр қилдим» ёхуд «Охиргисини ихтиёр қилдим», деса ҳам уч талоқ тушаверади. Аммо хотин ихтиёрга талоқ лафзини қўшса, бир талоқ тушади.


Агар эр тафвийз ниятида «Ишинг ўз қўлингда», деса ва хотин ўзини талоқ қилса, боин талоқ тушади. Агар эр учни ният қилган бўлса, ҳаммаси тушади. «Бир талоқда ишинг ўзингнинг қўлингда», деганда ёки «Бир талоқни ихтиёр қил», деганда аёл ихтиёр қилса, ражъий талоқ тушади.
«Бугун ва эртага ишинг ўз қўлингда», деганда кечаси ҳам киради.
Яъни, хотиннинг ихтиёр ҳаққи ўша кундан бошлаб, кечаси ҳам ва эртасига қуёш ботгунгача ҳам давом этади.


Агар иш кундузи қайтарилса, ундан кейинга қолмайди.
Яъни, эр талоқни хотинга тафвийз қилгандан сўнг ўша куни ихтиёр ҳаққини қайтарса, ўша вақтдан бошлаб, хотиннинг ихтиёр ҳаққи қолмайди.
Агар эр «Бугун ва индинга», деса, собиқ икки ҳукм алмашади.
Яъни, бу масалада кечаси ихтиёр ҳаққи бўлмайди ва хотин ихтиёр ҳаққини қайтарганда индинга ихтиёр ҳаққи қолади.


«Ўзингни талоқ қил» деганда, агар уч талоқни ният қилган бўлса, улар тушади ва бошқа ҳолатларда бир ражъий талоқ бўлади.
Яъни, эр хотинига: «Ўзингни талоқ қил», деганда ҳеч нарсани ният қилмаган, бир ёки икки талоқни ният қилган бўлса, бир ражъий талоқ тушади.


«Талоқ қил – учта», деганда бир талоқ тушади ва аксинча бўлганда тушмайди.
Яъни, эр хотинига «Ўзингни уч талоқ қил», деганда хотин: «Ўзимни бир талоқ қилдим», деса, бир талоқ тушади. Эр хотинига: «Ўзингни бир талоқ қил», деганда хотин: «Ўзимни уч талоқ қилдим», деса, ҳеч қандай талоқ тушмайди.


Агар эр боин ёки ражъийга буюрса-ю, аёл аксини қилса, эрнинг ирода қилгани тушади.
Эр хотинига: «Ўзингни боин талоқ қил», деганда агар хотин: «Ражъий талоқ қилдим», деса, боин талоқ тушади. Агар эр хотинига: «Ўзингни ражъий талоқ қил», деганида хотин: «Боин талоқ қилдим», деса, ражъий талоқ тушади. Чунки талоқ, асосан, эрнинг ҳаққи.
«Агар хоҳласанг, талоқсан», деганда хоҳиш бевосита ўтадиган бўлиши ёки борлиги билинган нарсага боғланган бўлиши шарт.


Яъни, эр талоқни хотиннинг хоҳишига қўйиб, «Агар хоҳласанг, талоқсан», деганда хотин хоҳишини бирор нарсага боғлиқ қилмасдан, «Хоҳладим», демоғи шарт. Ёки «Агар хоҳласанг», деганда хотин «Кеча ёки осмон тепамизда бўлганда хоҳладим» каби воқеъликда мавжуд нарсага боғлаган бўлиши шарт.
Аммо хотин «Агар сен хоҳласанг, мен ҳам хоҳлайман», деганида эр «Мен хоҳлайман», дейиши каби ҳали борлиги билинмаган нарсада шарт йўқ.


Бундай ҳолатда тўғридан-тўғри талоқ тушаверади.
«Ҳар хоҳлаганингда», деганида аёл тарқоқ ҳолда уч талоқ қилади. Ҳалол қилинганидан кейин қила олмайди.


Яъни эр аёлига: «Ҳар хоҳлаганингда талоқсан», деса, аёл ўзини бирданига уч талоқ қила олмайди. Чунки «Ҳар хоҳлаганингда» иборасининг маъноси шуни тақозо қилади. Аммо, аёл уч талоқ бўлиб, бошқа эрга тегиб, у эр ўлганидан ёки қўйворганидан кейин иддаси чиқиб, қайтиб биринчи эрига тегса, аввалги «Ҳар хоҳлаганингда» деган гапнинг кучи қолмайди.


«Қандай хоҳласанг», деганида агар аёл ният қилса ва унинг нияти эрнинг ниятига хилоф бўлмаса, бир ёки уч боин талоқ тушади. Акс ҳолда, бир ражъий талоқ тушади.


Яъни эр хотинига: «Сен қандай хоҳласанг, шундай талоқсан», деганида аёл бир талоқни ният қилса ва унинг нияти эрнинг ниятига тўғри келса, бир боин талоқ тушади. Уч талоқни ният қилса, уч талоқ тушади. Мазкур гапдан кейин хотиннинг нияти бўлмаса ёки эрнинг ниятига хилоф ниятни қилган бўлса, бир ражъий талоқ тушади.


«Учтадан хоҳлаганингни қўявер», деганида ундан ози тушади.
Яъни, икки ёки бир талоқ бўлиши мумкин. Уч талоқ бўлмайди.


«Бахтиёр оила» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оилавий ҳаётнинг ва эрхотиннинг бирбирларига нисбатан бўладиган муносабатларини сифатлашда Қуръони Каримда келган баёнотлар айни мўъжизадир. Бу борадаги давоми...

4166 17:00 / 01.08.2021
Ҳозирги кунимизда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканини ҳамма тушуниб етган. Каттаю кичик, иложи борича, давоми...

2339 11:20 / 30.04.2020
Динимизда оилалар тинч бўлиши учун эркак ва аёлга ҳуқуқлар берилиши билан бирга уларнинг зиммасига масъулиятлар юкланган. Эрхотин динимиз кўрсатмаларига амал давоми...

6696 17:00 / 17.07.2022
islom.uz middot 68 ndash Фарзанд доимо отаонага ширин сўзларни айтиши вожибдир 5Илло, қози қарз олишга изн берса, соқит бўлмайди.Нафақа берувчи ғойиб бўлгани учун қози унинг давоми...

1954 11:04 / 01.09.2020