1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Фарзанд доимо ота-онага ширин сўзларни айтиши вожибдир (олтинчи мақола)

13:30 / 15.09.2020 1882 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


19. Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан яна бири – уларнинг обрўсини ҳимоя қилиш ва обрўсизланишларига йўл қўймаслик.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ  صلى الله عليه وسلم : مِنَ الْكَبَائِرِ أَنْ يَشْتُمَ الرَّجُلُ وَالِدَيْهِ. فَقَالُوا: كَيْفَ يَشْتُمُ؟ قَالَ: يَشْتُمُ الرَّجُلَ فَيَشْتُمُ أَبَاهُ وَأُمَّهُ. رَوَاهُ االْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ.

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир киши ота‑онасини сўкиши гуноҳи кабийралардандир», – дедилар.

«Қандай қилиб сўкади?» – дейишди.

«Бир одамни сўкади. У эса унинг ота‑онасини сўкади», – дедилар».

Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.

Албатта, ҳар қандай ёмон одам ҳам ота‑онасини тўғридан-тўғри сўкмайди. Саҳобалар ҳам шу мулоҳазани қилиб: «Киши ота‑онасини қандай қилиб сўкади?» деб сўрашганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишнинг қандай ҳосил бўлишини тушунтириб бердилар.

Биров бир одамни сўкади, сўкиш эшитган одам «отангга фалон», «онангга фалон» деб, унинг ота‑онасини сўкади.

Демак, ўз ота‑онасини бошқа одамнинг сўкишига сабабчи бўлган кимса ўз ота‑онасини сўккан бўлар экан. Бу иш эса, гуноҳи кабийралардан саналади. Шунинг учун фарзанд ота‑онасига лаънат келтиришга эмас, балки уларнинг атрофдагилардан, халқдан раҳмат, ташаккур олишларига ҳаракат қилмоғи керак.

Фарзанд бир ёмон ишни қилса, бировга ёмон муомала қилса, «отанг фалон», «онанг фалон» бўлсин каби сўкишларга сабаб бўлса, бу нарса ота‑онаси учун ниҳоятда ёмон бир иш ва ушбу ҳадиси шарифнинг таъбири ила айтганда, ота‑онасини сўккан, гуноҳи кабийра содир қилган кишиларнинг қаторида бўлади.

Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан бири – уларни хурсанд қилишнинг чораларини кўриш.

Бу иш ота‑онага уларни хурсанд қиладиган совғалар тақдим қилиш ва шунга ўхшаш кўпгина нарсалар билан бўлиши мумкин. Фарзанд бу ишларни ота‑онасининг хурсандчилиги учун қилиб туриши зарур. Жумладан, бундай ишларга қуйидагилар киради:

– Ота‑онанинг молу мулкларини ва керакли нарсаларини муҳофаза қилиш.

– Ота‑онанинг рухсатисиз бирор нарса олмаслик.

– Ота‑онага роҳатбахш нарсаларни ҳозир қилиш.

– Ота‑она ухлаётганларида уларни безовта қилмаслик.

– Ота‑онанинг хоналарига уларнинг изнисиз кирмаслик.

– Ота‑онадан олдин таомга қўл узатмаслик.

– Яхши нарсаларни ўзидан олдин ота‑онага тақдим қилиш.

– Ота‑онанинг олдиларида ёнбошламаслик.

– Ота‑онанинг олдиларида оёғини узатмаслик.

– Ота‑онадан юқорига ўтирмаслик.

– Ота‑онадан барча ишларда маслаҳат сўраш.

– Ота‑онанинг фикрлари ва тажрибаларидан фойдаланиш.

– Ота‑онанинг насиҳатларини жону дил ила қабул қилиш.

– Ота‑она ҳақларига дуода бўлиш ва ҳоказолар.

Чунки ҳар бир фарзанд учун ота‑онани рози қилиш ўта муҳим нарса ҳисобланади.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو  رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ  صلى الله عليه وسلم  قَالَ: رِضَا الرَّبِّ فِي رِضَا الْوَالِدِ، وَسَخَطُ الرَّبِّ فِي سَخَطِ الْوَالِدِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Роббнинг розилиги ота‑онанинг розилигидадир. Роббнинг норозилиги ота‑онанинг норозилигидадир», – дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шунинг учун Аллоҳ таолони рози қиламан, деган киши ота‑онасини Аллоҳ таоло чизган чегарада рози қилишга ҳаракат қилмоғи лозим.

Бизда «Ота рози – Худо рози» деган гап бор. Худди шу халқ сўзи биз ўрганаётган ҳадиснинг таржимасидир. Роббнинг розилиги волид – ота‑онанинг розилигидадир. Робб, яъни Аллоҳ таолонинг норозилиги – ота‑онанинг норозилигидадир.

Демак, ким Аллоҳ таолони рози этаман, деган бўлса, ота‑онани рози қилишга, ким Аллоҳ таоло мендан норози бўлмасин, деса, ота‑онасини норози қилмасликка тиришмоғи, ҳаракат қилмоғи керак экан.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: مَا مِنْ مُسْلِمٍ لَهُ وَالِدَانِِ مُسْلِمَانِ يُصْبِحُ إِلَيْهِمَا مُحْتَسِبًا إِلَّا فَتَحَ لَهُ اللهُ بَابَيْنِ يَعْنِي الْجَنَّةَ، وَإِنْ كَانَ وَاحِدٌ فَوَاحِدٌ، وَإِنْ أَغْضَبَ أَحَدَهُمَا لَمْ يَرْضَ اللهُ عَنْهُ حَتَّى يَرْضَى عَنْهُ، قِيلَ وَإِنْ ظَلَمَاهُ؟ قَالَ: وَإِنْ ظَلَمَاهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«У киши:

«Бир мўмин‑мусмон инсоннинг мусулмон ота‑онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ субҳаанаҳу ва таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса, битта эшик очади.

Агар фарзанд ота‑онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ундан ўша шахс рози бўлмагунича, Аллоҳ рози бўлмайди», – деди.

«Ота‑она унга зулм қилган бўлсалар ҳамми?» – дейилди.

«Зулм қилган бўлсалар ҳам», – деди».

Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.

Бу ривоятда ҳам ота‑онага яхшилик қилишнинг фазли ҳақида сўз бормоқда. Унда бу ишнинг охиратда берадиган самараси баён қилинмоқда.

Ота‑онасига савоб умидида яхшилик қилиб, тонг оттирган мусулмонга Аллоҳ таоло жаннатнинг икки эшигини очиб қўйиши таъкидланмоқда. Онасига яхшилик қилгани учун бир эшикни ва отасига яхшилик қилгани учун яна бир эшикни очиши эслатилмоқда.

Ота‑онанинг иккиси бўлмай, фақат биттаси қолган бўлса ва фарзанд ўша қолганига савоб умидида яхшилик қилиб, тонг оттирса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан бир эшик очар экан.

Фарзанд зинҳор ота‑онанинг ғазабини чиқармаслиги керак. Чунки:

«Агар фарзанд ота‑онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ундан ўша шахс рози бўлмагунича, Аллоҳ рози бўлмайди».

Демак, Аллоҳ таолонинг розилиги ота‑онанинг розилигига боғлиқ. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.

Ҳаттоки, ота‑она фарзандга зулм қилиб турса ҳам, фарзанд уларнинг ғазабига сабаб бўладиган гап-сўз, ҳаракат ва ишларни қилмаслиги керак.

Ота‑она зулм қилиб турибди, лекин агар фарзанд ўша зулм қилган ота‑онанинг ғазабини чиқарган бўлса, Аллоҳ таоло ундан ғазабланар экан. Менга зулм қиляпти, деб ота‑онасини норози қилса, Аллоҳ таоло ҳам ўша бандадан норози бўлар экан.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Қайси бир мусулмон фарзанди савоб умиди билан эрталаб ота‑онасини зиёрат қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар улардан бирини зиёрат қилса, унга жаннатнинг бир эшигини очади. Бола ота‑онасидан қайси бирини хафа қилгудай бўлса, уни рози қилмагунича Аллоҳ таоло ундан рози бўлмайди», – дедилар.

Шунда бир киши: «Агар ота‑оналар болага зулм кўрсатган бўлса-чи?» – деб сўради.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Агар улар боласига зулм кўрсатган бўлсалар ҳам, фарзанд уларни ранжитмаслиги керак», – деб жавоб бердилар.

Аммо, ота‑онанинг розилиги ва норозилиги Аллоҳ таолонинг ҳукмидан ташқарига чиқмаслиги шарт. яъни Аллоҳнинг амрига мувофиқ ишлардагина ота‑онага итоат қилинади. Бироқ, ота‑онанинг гапи Аллоҳнинг амрига хилоф бўлса, уларга итоат қилиш вожиб бўлмайди.

(Тамом)

Бешинчи мақола

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оила бузилишининг баъзи сабаблари ва уларнинг муолажаси ҳақида сўз юритишда албатта, ҳаётимизда бўлиб турган ҳолатлар эътиборидан сўз бориши турган гап. давоми...

2071 17:00 / 30.11.2021
Исломда оилага унинг эрхотин, отаона ва болалардан иборатлиги асосида қаралади. Оиладаги муомалалар ўзаро ҳамкорлик, меҳрмуҳаббат асосида ўрнатилади ва олиб давоми...

4761 16:10 / 04.05.2019
иккинчи мақола Духул қилинмаган хотинга .сен уч талоқсан, деса, айтгани тушади.Уламолар жумҳури, жумладан, тўрт мазҳаб фуқаҳолари ҳам .Бир лафз билан айтилган .уч давоми...

1376 11:00 / 07.01.2023
Динимизда оилалар тинч бўлиши учун эркак ва аёлга ҳуқуқлар берилиши билан бирга уларнинг зиммасига масъулиятлар юкланган. Эрхотин динимиз кўрсатмаларига амал давоми...

6696 17:00 / 17.07.2022