1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Инсонда унутиш одати бор

11:05 / 07.12.2019 3049 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ақийқа қилиш ҳам ота‑онанинг бурчи ва болаларнинг ҳақларидандир.

Фарзанд неъмати Аллоҳ таолонинг бандаларига берадиган сон-саноқсиз неъматлари ичидаги энг улуғ неъматлардан биридир. Бу неъматнинг улуғлигини, уни Аллоҳ таолодан бошқа зот бера олмаслигини тўлиқ англаб етиш учун бефарзандларнинг ҳолига назар солиш керак. Ана шунда инсон фарзанд неъмати қанчалар улуғ неъмат эканини тушунади.

Катта-кичик ҳар бир неъмат етганда неъмат берувчига шукрона келтириш инсоннинг соф табиатида мaвжуд ҳақиқатдир. Шукр эса, икки қисмдан иборатдир.

Биринчиси маънавий шукр бўлиб, неъмат берувчининг шаънига мақтов сўзларини айтишдир.

Иккинчиси амалий шукр бўлиб, неъматни неъмат берувчини рози қиладиган тарзда тасарруф қилишдир.

Фарзанд неъматига маънавий шукр қилиш уни берган Аллоҳ таолога ҳамд ва шукр сўзларини тил билан айтиб, дил билан тасдиқлашдан иборатдир.

Фарзанд неъматига амалий шукр қилиш ўша фарзандни уни берган Аллоҳ таолога иймон келтирадиган, ибодат қиладиган солиҳ банда қилиб ўстиришдан иборатдир. Бунинг учун эса, энг аввало, Исломда ота‑онанинг фарзанд олдидаги бурчлари сифатида белгиланган амалларни ихлос билан амалга ошириш керак.

Фарзанд туғилиши муносабати ила ақийқа қилиш ҳам ўша бурчлардан бири эканини аввал айтиб ўтдик. Энди эса, ҳар бир ота‑она уларга фарзандни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч қандай зот бера олмаслигини чуқур ҳис қилишлари зарур эканини таъкидламоқчимиз. Бир боланинг соғ-саломат туғилиши бутун инсоният учун Аллоҳнинг тенгсиз лутфу карами, инъоми ва марҳамати эканини англаб етишимиз учун Қуръони Каримга бир назар солишимизнинг ўзи етарли.

Аллоҳ таоло «Шууро» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

ﯘ ﯙ ﯚ ﯛﯜ ﯝ ﯞ ﯟﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ

«Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. (У зот) хоҳлаган нарсасини яратур. (У зот) хоҳлаган кишига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишига ўғиллар ҳадя этур.

Ёки уларни жуфтлаб – ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У Алийм ва Қодийрдир» (49–50‑оятлар).

Инсонга ҳамма нарсани фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзи беришининг ёрқин намунаси фарзанд масаласида кўринади. Айни шу масалада инсон ўзининг ожизлигини ҳис этади. Ўз хоҳишига кўра бирон нарсани бор қила олмаслигини, балки доимо Аллоҳ таолонинг мадади ва иноятига муҳтож бўлиб туришини англаб етади.

«Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир».

Осмонларда ва ерда нимаики бўлса, ҳамма-ҳаммаси Аллоҳ таолонинг мулкидир.

«(У Зот) хоҳлаган нарсасини яратур».

Бу ишда У Зотнинг хоҳишига ҳеч ким тўсиқ бўла олмайди. Бутун борлиқнинг молики – эгаси ва мутлақ холиқи бўлган ўша Зот ўз мулкидан хоҳлаган бандасига хоҳлаган нарсасини беради. Жумладан, фарзанд бериш масаласида ҳам:

«(У Зот) хоҳлаган кимсага қизлар ҳадя этур».

Агар ўғил ёки қиз фарзанд кўриш ота‑она хоҳишига кўра бўлганида, ўзлари билиб, хоҳишларига биноан, истаган пайтларида, истаган фарзандни кўриб олар эдилар. Ҳолбуки, баъзилар фақат қиз фарзандлар кўришади, ўғил фарзандга зор бўлиб юришади.

«...ва хоҳлаган кимсага ўғиллар ҳадя этур».

Фақат ўғил фарзандлар кўриб, Аллоҳдан қиз сўраб юрган одамлар ҳам оз эмас. Бу ҳолатлар фарзанд фақат Аллоҳнинг хоҳиши билангина ўғил ёки қиз бўлишини билдиради.

«Ёки уларни жуфтлаб – ўғил-қиз қилиб берур».

Аралаш фарзандлар кўриш одамлар ичида кўп тарқалган ҳолатдир.

«...ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур».

Бундайлар озчилик бўлиб, Аллоҳ таоло ибрат учун, фарзанд одамларнинг хоҳиши билан эмас, Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлишини кўрсатиш учун шундай қилиб қўйган.

«Албатта, У Алийм ва Қодийрдир».

Ҳамма нарсани билиб қилади. Жумладан, кимга қиз, кимга ўғил, кимга ўғил-қиз беришни ёки кимни туғмас қилишни Ўзи билади. Бу ишларга фақатгина Унинг қудрати етади, холос.

«Инсон» сўзи арабча «нисён» – унутиш сўзидан олинганлиги учунми, унда унутиб қўйиш одати бор. Айниқса, унинг кўз ўнгида такрорланиб турадиган нарсаларнинг ҳақийиқий яратувчисини унутиб қўйиши мавжуд. Ҳар куни, ҳар дамда болалар туғилгани ҳақидаги хабарларни эшитиб, кўраверганимиз учун «Ота‑она бирга яшаб, эр‑хотинлик қилганидан кейин бола туғилади-да» деган хаёлга бориб қоламиз. Ҳар бир боланинг Холиқи Аллоҳ таоло эканини, ота‑она эса оддий сабаб эканини эсдан чиқариб қўямиз.

Ўша буюк ҳақиқатни одамзод эсдан чиқармаслиги учун Аллоҳ таоло уларнинг ичидан баъзиларини туғмас қилиб қўяди. Агар эр‑хотин бола туғилишининг асосий сабаби бўлса, ораларида туғмаслар бўлмаслиги керак эди. Аммо, қанчадан-қанча эр‑хотинлар тирноққа зор бўлиб, турли мутахассисларга кўриниб, кўпчиликдан фарзанд кўриш борасида дуо сўраб юрибдилар.

Аллоҳ таоло фарзанд кўришга қобилиятли қилиб қўйган эр‑хотинларнинг ихтиёри ҳам ўзида эмас. Аввало, улар ўзларига қачон фарзанд берилишини билмайдилар. Ҳатто ҳомиладор бўлган аёлнинг ўзи ҳам ҳеч нарсани билмай юраверади. Ҳомила каттариб, унинг жисмига ва ҳиссига таъсир кўрсатгандагина, мутахассиснинг ҳузурига боради. У текшириб кўриб, ҳомиланг фалон ҳафталик бўлибди, дегандан сўнг ўзининг ҳомиладор бўлганига ишонади.

Аммо, ўзининг ҳомиладор бўлганига ишонганда ҳам, нима қила оларди? Кутишдан бошқа иложи йўқ.

Биз, ожиз ва унутувчи бандалар ҳомила билинди, иш битди, фарзандли бўлдим, демаслигимиз учун, Аллоҳ таоло ибрат бўлсин дея, гоҳида баъзи ҳомилалардан иноятини бир лаҳза бурса, ҳомила тушиб кетади. Демак, ҳомилани керакли тарзда ривожлантириб борувчи ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи.

Аммо, ҳомиланинг туғилиш давригача соғ-саломат етиб келиши билан мақсад ҳосил бўлади, дейиш ҳам катта гумроҳлик бўлади. Чунки оддий инсоний ақл билан қараганда, маълум ҳажмдаги боланинг онасининг қорнидан соғ-саломат ерга тушиши мумкин эмас. Бунга фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзи ёрдам бермаса, бошқа илож йўқ. Худди шу улкан ҳақиқатни бизга эслатиб туриш учун, Аллоҳ таоло айрим туғаётган аёллардан Ўз иноятини бир лаҳза четга буриб қўяди. Бу ҳолатда бола ёки она ёхуд ҳар иккиси ҳам ҳалок бўлиши ҳеч гап эмас.

Демак, бир боланинг соғ-саломат туғилиши, уни туққан онасининг соғ қолиши бутун инсоният учун Аллоҳ таолонинг чексиз инояти ва лутфи-карамидир. Ҳар бир туғилган фарзанд инсоният учун Аллоҳ таолонинг катта неъматидир.

Шунинг учун ҳам туғилган ҳар бир фарзанд учун Аллоҳ таолонинг Ўзига шукр қилиш керак бўлади. Ўз-ўзидан «Фарзанднинг туғилиши муносабати ила Аллоҳ таолога шукр қилиш қандай бўлади?» деган савол юзага келади.

Ҳар ким ўзи билиб шукр қилади, дейилиши мумкин. Ҳамма ўз билганича шукр қиладиган бўлса, шукр қиламан, деб, куфрга ўтиб кетиш ҳам ҳеч гап эмас. Энг оддий мисол. Авваллари бола туғилиши муносабати билан «ювиш» деган маросим қиладиганлар бор эди. «Ювиш»да келганларга тўйганича ароқ ичириларди. Энди ўзимиз ўйлаб кўрайлик. Аллоҳ таоло бировга фарзанд неъматини ато этди, катта бахт берди. Энди бу кимса ўша неъматнинг қувончини нишонламоқчи. Шукронаси эса, неъматни берган Зот – Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани ичиб, Аллоҳга катта гуноҳ келтиришдан иборат. Бу ақлга тўғри келадими? Ундан ташқари, бола туғилиши муносабати билан турли бидъат ва хурофотдан иборат ишларни қиладиганлар ҳам бор эди.

Аллоҳга тўғри шукр келтиришни Аллоҳ таолонинг Ўзининг таълимотлар тўпламидан – Исломдан олиш тўғри бўлади. Ислом шариатида эса, оилада бола туғилиб, орага янги бош келиб қўшилганини, Аллоҳ таолонинг Ўзи мусулмон бандаларига ҳалол қилган ҳайвонлардан бирининг бошини кесиб, нишонланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ, боланинг соғ туғилганига ва уни туққан онасининг соғ қолганига шукрона келтирилади.

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, Аллоҳ учун қўй сўйиш, шукрона қилишни даъво қилсак ҳам, бу маросимдан ўзимиз фойдаланамиз. Таомланамиз, ижтимоий алоқаларимизни мустаҳкамлаймиз ва ҳоказо. Сўйилган қўйнинг гўшти ҳам, ёғи ҳам ва бошқа қисмларидан бирор зарраси ҳам Аллоҳ таолога етиб бормайди. У ҳолда нега энди, Аллоҳ учун қилдим, дейилади? Бу каби ишларнинг Аллоҳ учунлиги нимада? Бу ҳақли саволнинг жавобини Қуръони Каримдан топамиз.

Аллоҳ таоло «Ҳаж» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷﯸ ﯹ ﯺ ﯻ

«Уларнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам зинҳор Аллоҳга етмас. Лекин Унга сиздан тақво етадир. Шундай қилиб, сизни ҳидоят қилгани эвазига Аллоҳга такбир айтишингиз учун уларни сизга бўйсундириб қўйди. Яхшилик қилгувчиларга башорат бер» (37‑оят).

Шукрона учун сўйилган ҳайвонларнинг гўштларини ҳам, қонларини ҳам Аллоҳ таоло олмайди. У Зот уларга муҳтож эмас. Ният билан ҳайвон сўйишдан мақсад, банданинг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Банда ихлос билан Аллоҳнинг йўлида ҳайвон сўймоқдами, демак, ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор экан. Аллоҳнинг розилиги учун борини қурбон қилишга тайёр экан. Шу билан бирга, бундай амални қилиш банда учун Аллоҳни улуғлашга бир фурсатдир.

«Шундай қилиб, сизни ҳидоят қилгани эвазига Аллоҳга такбир айтишингиз учун уларни сизга бўйсундириб қўйди».

Банда Аллоҳни қанча улуғласа, шунча кам. Биргина ҳидоятга бошлаб қўйганлиги учун қанча такбир айтса, оз. Ҳайвон сўйиш ҳам, Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбонлик беришга тайёр эканини кўрсатиш ҳам ўша ҳидоят учун Аллоҳ таолони улуғлашдир.

«Яхшилик қилувчиларга башорат бер».

Яъни тасаввурни, эътиқодни, амални, ибодатни ўнглаган ва бошқа бурчларни яхши адо этадиганларга хушхабар бер.

Демак, ниятни ва амални Аллоҳнинг динига тўғри қилганлиги учун инсон ақийқа қилиш билан шукронани тўғри келтиради ва бу иши учун ажру савоб ҳам олади.

Ақийқа қилишда шукрона билан бирга, бола туғилиши муносабати ила шодиёна қилиш ва қувончни намойиш этиб, фарзанд туғилганини нишонлаш ҳам бор. Ушбу муносабат ила яна бир муҳим нарсани эслатиб ўтиш керак бўлади.

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақола . . Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Кимни Аллоҳ солиҳа аёл билан давоми...

1063 10:18 / 18 ноябрь
Талоқнинг энг яхшиси жинсий алоқа бўлмаган покликда фақат бир талоқ қўймоқдир. Аслида талоқнинг яхшиси бўлмайди. Бу ердаги .яхши, сўзи талоқнинг турлари давоми...

1578 14:00 / 07.11.2022
Сунний талоққа хилоф талоқ .бидъий талоқ, дейилади. .Бидъий, ndash .бидъатга мувофиқ, дегани бўлиб, .суннатга хилоф, маъносини англатади. Бидъий талоқ қилган одамнинг давоми...

1676 21:41 / 02.12.2022
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умр йўлдош сифатидаги фазилатлариИслом динида оила масаласига алоҳида эътибор билан қаралган. Зеро, оила ҳар бир давоми...

3435 16:34 / 13.12.2023