1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

«Ҳажи мабрур» деб нимага айтилади?

13:00 / 29.06.2022 2579 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ҳажи мабрур» деб мақбул ҳажга айтилади. Унинг аломати ҳар бир қилган гуноҳига тавба қилиб, истиғфор айтиш ва бирор кишининг ҳаққи зиммада қолмаслигидир. Шу билан бир қаторда пешона тери билан ҳалолдан топган моли билан ҳажга бориши ва гуноҳга сабаб бўладиган бирор номақбул иш қилмаслиги ҳамда эҳром кийган ҳолда ман қилинган ишлардан тийилишидир. Ҳаждан қайтгандан кейин диний ҳолати аввалгидан яхши томонга ўзгарган кишининг ҳажи Худо хоҳласа мақбул ва мабрур ҳаж деб тушунилади.

«Ҳажи акбар» деб нимага айтилади?

Халқ орасида ҳаж жума кунига тўғри келиб қолса, »ҳажи акбар» дейилиши машҳур бўлиб кетган. Лекин бу гап ҳадис ва фиқҳий китобларнинг бирортасида ҳамда мужтаҳидларнинг сўзларида учрамайди. Ҳадис ва фиқҳий китобларда одатий ҳаж «ҳажи акбар», умра эса «ҳажи асғар» деб аталган.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ : الْحَجُّ الْأَكْبَرُ يَوْمُ النَّحْرِ، وَالْحَجُّ الْأَصْغَرُ الْعُمْرَةُ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Ҳажи акбар наҳр (қурбонлик) куни, ҳажи асғар эса умрадир» («Сунани Насоий»).

«Ҳаж «акбар» билан сифатланди, чунки умра кичик ҳаждир» («Мирқотул мафотиҳ»).

«Зуҳрий, Шаъбий ва Ато раҳматуллоҳи алайҳим:

«Катта ҳаж ҳаждир, кичик ҳаж умрадир», дейишган («Роддул-муҳтор»).

قَالَ الرَّمْلِيُّ: قَالَ صَلَّى اللهُ تَعَالَى عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَفْضَلُ الْأَيَّامِ يَوْمُ عَرَفَةَ، وَإِذَا وَافَقَ يَوْمَ جُمُعَةٍ فَهُوَ أَفْضَلُ مِنْ سَبْعِينَ حِجَّةٍ فِي غَيْرِ يَوْمِ جُمُعَةٍ». رَوَاهُ رَزِينٌ.

«Рамлий айтди: «У зот соллаллоҳу таоло алайҳи васаллам шундай дедилар: «Кунларнинг энг афзали арафа кунидир. Агар арафа жума кунига тўғри келса, жума кунида бўлмаган етмишта ҳаждан афзалдир». Розийн ривоят қилган («Баҳрур-роиқ»).

Ҳаж ва умрада бажариладиган амаллар 

Ҳожиларимизга қулай бўлиши учун ҳаж ва умрада бажариладиган фарз, вожиб ҳамда суннат амалларни қуйидагича жадвал кўринишида тақдим қиламиз. Айни пайтда толиби илмларга ҳам ҳаж ва умра амалларини ўрганишда енгиллик бўлади.

Ҳажнинг беш куни

Ҳажнинг биринчи куни: зулҳижжанинг саккизинчи куни ҳажнинг биринчи куни ҳисобланади. Шу куни қуйидаги амаллар қилинади:

Бомдод намозидан кейин Мино томонга равона бўлинади;

Минода пешин, аср, шом, хуфтон ва зул-ҳижжанинг тўққизинчи кунининг бомдод намозлари адо этилади. Ҳозирги кунда йўл-йўриқ кўрсатувчилар еттинчидан саккизинчига ўтар кечаси ҳожиларни Минога олиб чиқиб кетишмоқда. Турли кўнгилсиз ҳолатларга тушмаслик учун улар билан Минога чиқиб кетиш лозим.

Ҳажнинг иккинчи куни: зулҳижжанинг тўққизинчи куни ҳажнинг иккинчи куни ҳисобланади. У куннинг бомдод намозидан кейин Арафотга равона бўлинади. 

Арафотда пешин вақти киргач, пешин билан аср намозлари биргаликда адо этилади. Арафот нусукларидан (ҳаж амалларидан)  фориғ бўлингач, қуёш ботгандан кейин Муздалифага равона бўлинади. Муздалифага боргач, хуфтон вақти кирганда шом билан хуфтон намозлари жам қилинади. Шу кеча Муздалифада ўтказилади.

Ҳажнинг учинчи куни: зулҳижжанинг ўнинчи куни ҳажнинг учинчи куни ҳисобланади. Шу куни муҳим ҳаж амаллари бажарилади. Улардан тўрттаси вожиб, биттаси фарз бўлиб, жами бешта ҳаж амали бажарилади. Улар қуйидагилар:

1. Муздалифада бомдод намозини ўқигандан кейин, қуёш чиқишидан олдин вуқуф қилинади. Қуёш чиқишидан бироз аввал Минога равона бўлинади;

2. Минога келиб, аввал Жамраи Ақабага тош отилади. Жамраи Ақабага тош отишнинг энг афзал вақти зул-ҳижжанинг ўнинчи куни қуёш чиққандан бошлаб заволгачадир. Аслида заволдан кейин тош отилса ҳам кароҳиятсиз дуруст бўлаверади. Лекин қуёш ботиши билан тош отиш учун макруҳ вақт киради. Агар шомгача тиқилинч бўлиб, бу тиқилинч шомдан кейин ҳам давом этса, Жамраи Ақабага қуёш ботгандан кейин тош отиш макруҳ бўлмайди. Зул-ҳижжанинг ўнинчи куни Жамраи Ақабада йигирма тўрт соат тош отиш жоиздир;

3. Агар ҳожи таматтуъ ёки қирон ҳажига ният қилган бўлса, ўнинчи зул-ҳижжа куни шайтонга тош отгандан кейин қурбонлик қилади;

4. Агар ҳожи таматтуъ ёки қирон ҳажига ният қилган бўлмаса, Жамраи Ақабадан кейин сочини олдиради. Агар таматтуъ ёки қирон ҳажига ният қилган бўлса, сочни қурбонликдан кейин олдиради;

5. Ҳажнинг энг муҳим рукни ва фарзи зиёрат тавофидир. Ўнинчи зул-ҳижжа куни имкони борича зиёрат тавофини қилиш афзал ва яхшидир. Агар тавофи зиёратни шу куни қилишнинг имкони бўлмаса, ўн биринчи, ўн иккинчи кунларигача кечиктириш мумкин, лекин ўн иккинчи зул-ҳижжанинг қуёши ботишидан аввал зиёрат тавофидан фориғ бўлиш вожибдир. Ўнинчи зул-ҳижжада қилинадиган амаллар адо этилгач, Минога келиб, ўнинчи кеча шу ерда ўтказилади. Ўн биринчи, ўн иккинчи кечаларни Минода ўтказиш суннатдир.

Ҳажнинг тўртинчи куни: Ҳажнинг тўртинчи куни зул-ҳижжанинг ўн биринчи кунига тўғри келади. У кунда фақат бир амал қилинади. Бу амал заволдан кейин учта жамаротга тош отишдир. У куннинг тошларини заволдан илгари отиш жоиз эмас, аксинча, заволдан кейин, қуёш ботишидан аввал тош отиш афзалдир. Қуёш ботгандан кейин эса макруҳ вақт бошланади. Тиқилинч сабабли у куннинг тошларини отиш шомдан кейинга сурилиб кетса, субҳи содиқдан аввалроққача тош отиш кароҳиятсиз дуруст бўлади. Тош отишни узрсиз ортга суриш макруҳдир, лекин тош отишни кечиктиргани учун ҳожининг зиммасига ҳеч нарса вожиб бўлмайди. Кейинги куннинг субҳи тугагунча шайтонга тош отиб олмасагина ҳожининг зиммасига жонлиқ сўйиш вожиб бўлади. Ўн иккинчи куннинг заволидан кейин бу амалнинг қазосини қилиш лозим бўлади. Ўн биринчи куннинг тошини отиш вақти ўн иккинчи куннинг субҳи киргунича давом этади. Бу тахминан 16-17 соатни ташкил қилади. Ўн биринчи куннинг кечасини Минода ўтказиш суннатдир.

Ҳажнинг бешинчи куни: Ҳажнинг бешинчи куни зул-ҳижжанинг ўн иккинчи кунига тўғри келади. Ўн биринчи куни заволдан кейин шайтонга тош отгани каби, бу кун ҳам уч жойда тош отилади. Агар ўн иккинчи куни Минодан Маккаи Мукаррамага чиқиб кетишни хоҳлаганлар қуёш ботишидан олдин тош отиб бўлиб, Минодан чиқиб кетишлари мумкин. Тиқилинч туфайли тошларни ота олмаганлар тошни кечаси бўлса ҳам отиб, Минодан чиқиб кетиши кароҳиятсиз, жоиздир. Бироқ, бепарволик қилиб, тош отишга кечикиш ва шунинг учун тошни кечаси отиб, Минодан чиқиб кетиш макруҳдир. Лекин шунда ҳам ҳеч қандай каффорат лозим бўлмайди. Узрли сабаб ёки тиқилинч туфайли ўн учинчи зул-ҳижжанинг субҳи содиғидан аввал шайтонга тош отиб, Маккаи Мукаррамага чиқиб кетилса, кароҳиятсиз дуруст бўлади. Ўн иккинчи куннинг тош отиш вақти шу куннинг заволидан ўн учинчи куннинг субҳи содиғигачадир. Бу тахминан 16-17 соатни ташкил қилади.

Агар ҳожи ўн учинчи куннинг субҳи содиғигача Минода қолиб кетса, бу куннинг тошини ҳам отиш лозим бўлиб қолади. Ўн учинчи куннинг тошини отиш ҳам рожиҳ қавлга биноан заволдан кейин бошланади. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг наздида заволдан олдин тош отиш жоиз бўлса-да, макруҳдир. Ўн учинчи куннинг қуёши ботгач, шайтонга тош отиш вақти батамом тугайди.

«Мўминниг умр сафари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тaвoфи вaдoъ тaвoфи сaдaр ҳaм дeйилaди. Бу тaвoф oфoқий ҳoжининг зиммaсигa Мaккaи мукaррaмaдaн қaйтaётгaн вaқтидa вoжиб бўлaди. Ушбу тавофга тегишли муҳим масалалар қуйида давоми...

3482 05:00 / 16.01.2017
Биринчи кунЗулҳижжанинг 8куни ҳажнинг биринчи кунидир. Бу куннинг амали шуки, Маккаи Мукаррамада бомдод намози ўқилгандан сўнг Минога йўл олинади. Минода пешин, давоми...

2520 14:00 / 17.06.2023
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламинг қабри шарифлар устидаги яшил гумбаз Мадинаи Мунавваранинг рамзига, ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни давоми...

4187 16:00 / 05.06.2023
..Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас, Аъроф сураси, 55оят. ДУОНИНГ МАҚБУЛ БЎЛИШИБОРАСИДА МУҲИМ давоми...

44674 05:00 / 16.01.2017