1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Касаллик етганда мўмин киши ўзини қандай тутиши керак? Аллоҳнинг марҳаматини чеки-чегараси йўқ

17:02 / 29.06.2022 1931 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи қисм)

Мавзунинг биринчи қисмида синов ва имтиҳонларда собит туриш лозимлиги ва ҳеч нарса Аллоҳнинг изнисиз амалга ошмаслигини муҳокама қилгандик. Аллоҳ Қуръонда марҳамат қилади: «Ғайбнинг калитлари Унинг ҳузурида бўлиб, Уларни унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас. У ердаги, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни биладир. Битта япроқ узилиб тушмайдики, магар уни ҳам биладир. Ер тубидаги бир дона дон борми, ҳўлу қуруқ борми, барчаси очиқ китобда бордир», (Анъом сураси, 59-оят).
Агар сизга бирон касаллик етса, унинг сабаблари ҳамма вақт ҳам аён бўлмайди. Баъзан уларни англаш имконсиздир. Биламизки, Аллоҳ нимаики амалга оширса, у инсоният учун хайрдир. Бизни хотиржам қиладигани, буларнинг барини ортида буюк ҳикмат яширин. Улар бизни Аллоҳга яқинлаштириш имконини бериш учун юборилади.  
Биз инсонлармиз, шу сабаб бундай вазиятларда танлаш ҳуқуқи ва қандай йўл тутиш хоҳиши ўзимизга берилган. Лекин, энг яхши муносабат уни қабул қилиб кўниш ва сабр қилишдир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга иймонимизнинг даражасига кўра синалишимиз ва энг арзимас хайрли амалимиз ҳам гуноҳларимизга каффорот бўлишига сабаблигини хабар берганлар. У зот ҳар бир инсонни тақвоси ва эътиқодига кўра имтиҳон кутишини, синовлар эса банда бу оламни тарк этиб кетгунича давом этажагини, натижада, у ҳатто батамом гуноҳсиз ҳолда охиратга йўл олиши мумкинлигини билдирганлар. 
Киши касал бўлган вақтда бироз қўрқиб кетиши табиийдир. Баъзан эса, Аллоҳ таоло нега бу қадар бўлишига йўл қўйиб бераркин, дея ҳайрон бўлиши ҳам мумкин. Биз шубҳаланамиз, шикоят қиламиз, нолиймиз. Булар эса тортаётган алам ва уқубатларимизни баттар қийинлашишига олиб келади холос. 
Аслида, Аллоҳ таоло чексиз ҳикмати Илоҳияси ила касалликларда ўзимизни қандай тутишимиз лозимлигини аниқ баён қилиб берган. Биз уларга риоя қиларканмиз, хасталикларни енгишимиз осон кечади. Касаллик етган мўмин киши ҳар бир неъмат учун Аллоҳга ҳамд айтиши лозим. Сўнгра эса, дардга даво истаб табибларга мурожаат қилиши керак. 
Тиббий даволаниш Исломда рухсат этилган ва Аллоҳга имон келтириш, ақида тушунчаларига асло зид эмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда: «Даволанинглар! Аллоҳ азза ва жалла қайси бир дардни берган бўлса, унинг шифосини ҳам берган», деб марҳамат қилганлар.
Имом Бухорий ривояти.
Мусулмон киши даволаниш учун шифокорга мурожаат қилиши мумкин. У шунингдек, ташхис учун ёки ақлий ёки руҳий муаммолардан даволаниш учун ҳам шифокорга юзланиши мумкин.
Лекин айрим қўшимча шартлар борки, улардан бири ҳаром билан даволанмасликдир. Масалан, алкогол – маст қилувчи ичимликлар билан. Яъни, Аллоҳ ман этган нарсаларда даво исташ тақиқланган. Турли фолбин, афсунгар ва бошқа нотўғри йўллар билан даволашни даъво қилувчиларга бориш ҳам ҳаромдир. 
Бу тоифа инсонлар ғайбни билишларини даъво қиладилар. Аслида эса бу иложсиз нарса бўлиб, улар фақат инсонларни тўғри йўлдан оздиришни ва алдов йўллар ила улардан пуллари, мол-мулкларини олишни мақсад қилишади.  
Аллоҳ таоло шунингдек, турли касалликлардан сақланишга фойда беради дея ёлғон туморлар, кўзмунчоқларни ишлатишни ҳам ман этади. Барча куч-қувват Аллоҳдандир. Ундан ўзгасидан шифо сўраш эса улкан гуноҳдир. 
Мўмин киши жисмни даволашга уриниши билан бирга руҳий даволаниш, шифога ҳам уриниши керак. Бунинг учун аввало, Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлиши ва Унга бўлган рост иймонини намоён этиши керак. Биз мўминларга Аллоҳга юзланганда, Унинг гўзал исмлари ила юзланиш тавсия этилади. «Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Унга ўша(исм)лар ила дуо қилинг...» (Аъроф сураси, 180-оят).
Аллоҳ таоло бирон кишини ўткинчи дунёнинг синов ва машаққатлар билан ёлғиз қолдирмайди. У бизга барча мусибату балоларга қарши оламдаги энг кучли аслаҳа — Қуръони Карим, дуолар ва зикрлар билан таъминлаб қўйган. Цивилизациянинг ривожланиши билан, 21 асрга келиб биз асл руҳий, маънавий дорилардан кўра кўпроқ тиббиётга мурожаат қиладиган бўлиб қолдик. 
Аслида ҳар иккисидан фойдаланиш самаралидир. Баъзан, касаллик чекинмасдан сурункали касалликка айланади, баъзан эса бир киши саломатлиги ёмон бўлсада, катта маънавий, руҳий бойликка эга чиқади. 
Баъзан оғир хасталиклар ва  мусибатларга рўбаро келган кўплаб инсонлар Аллоҳ таолога шукр қилиб, миннатдор бўлганларини ва дард, машаққатлар ҳаётларида қанчалик хайр ва яхшиликларга сабаб бўлганини ҳикоя қилишганига гувоҳ бўламиз. Биз ёлғиз қолсак ёки қайғуга тушган вақтимиз Аллоҳ бизнинг ягона суянчимиз бўлади. Ҳар қачон оғриқ ва аламлар чидаб бўлмас даражага етганда, атрофимизда қўрқув ва бахтсизликдан ўзга нарса қолмаганда - нажот берувчи ягона зот Аллоҳга юз бурамиз. 
Аллоҳнинг иродасига тўлиқ таслим бўлишгина бизга шодлик ва иймон лаззатини бахш этади. Бу шундай тинчлик ва хотиржамликки, иймонли киши бу билан бу дунёнинг яхшию ёмон, қўрқинчли, аламли ва қайғулию қувончли кунларини бирдек қабул қила олади. Ниҳоят, билишимиз керак бўлган яна бир муҳим жиҳат, касаллик бу — Аллоҳ таоло бизни поклаш учун танлаган услублардан биридир.
Биз инсон сифатида хатоларга йўл қўямиз, ёмон амаллар содир қиламиз ва ҳатто, қасддан Аллоҳнинг амрларига қулоқ тутмаган онларимиз ҳам бўлади. 
«Сизга қайси бир мусибат етса, бас, ўз қўлингиз қилган касбдандир ва У зот кўпини афв қилур» (Шууро сураси, 30-оят).
Аллоҳнинг раҳматини енгил санамаслик керак. У зот бизга Ўзидан мағфират сўрашимизга буюради. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло бандасини Унга юзланиши, ёлборишини кутишини айтган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббимиз ҳар тунда кечанинг охирги учдан бир қисми қолганда дунё осмонига тушади ва менга дуо қиладиган борми – ижобат қиламан, мендан сўровчи борми – бераман, мендан истиғфор сўровчи борми – гуноҳини кечираман, дейди», дедилар.
Имом Бухорий ривояти.
Қийинчилик дамларида инсон Роббисига яқин бўлади. Кенгчилик ва бахтиёрликда биз кўпинча бу бахтиёрлик, саодатни ато этган Зотни унутиб қўямиз. Аллоҳ — Раззоқ ва Карим зотдир. Аллоҳ таоло бизни абадий саодат ҳаёти ила мукофотлашни истайди. Айнан алам ва мусибатлар бизга жаннатни кафолатлайди. Саломатлик эса бу — Аллоҳнинг фазли марҳаматидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳ таоло кимга яхшиликни ирода қилса, уни балолайди».
Демак, қачонки бирон касаллик етар экан, энг тўғриси – Аллоҳга шукр қилиш ва Унга яқин бўлишга интилиш лозимдир. Сўнгра эса тиббий ёрдамга мурожаат қилиш ва бизга юборилган, У зот томонидан ато этилган чексиз раҳматини асло унутмаслик керак. 

Манба: www.islamreligion.com
Муаллиф: Оиша Стейси.
Таржимон: Бобур Аҳмад.

 

Таржимон
Бобур Аҳмад
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Гана давлатида яшовчи фақир отахоннинг уйи ёнига National Geographic каналига тегишли тасвирга оладиган дрон келиб тушди. Орадан бироз вақт ўтгач каналга тегишли давоми...

3378 17:00 / 19.07.2022
Инсон ўз ҳаёти давомида турли рағбат ва шаҳватлар оқимига дучор бўлади. Бу нарсалар инсонни ўзгаларга зарар қилиб бўлса ҳам, фақат ўзи ҳақида ўйлашга ундайди. давоми...

4482 17:00 / 03.07.2022
Ҳужжатул Ислом имом Ғаззолий .Бидоятул ҳидоя, номли китобида қуйидагиларни айтадилар.Вақтинг ndash ҳаётинг, умрингдир. Умринг сармоянгдир. Ўша билан тижорат давоми...

2348 16:01 / 05.06.2021
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотида жуда ҳам қийин шароитда йўлга чиқдилар. Ҳаво жуда ҳам иссиқ эди. Саҳро гўё олов ичида ёнар эди. Сафар эса узоқ давоми...

2361 10:00 / 02.07.2021