1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Ҳайит билан табриклаш

21:00 / 19.07.2021 3873 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳу акбар ‒ Аллоҳ энг улуғ Зотдир.

Бирор байрам ёки хурсандчилик билан кимнидир табриклаш, муборак, шодлик бахш этган кун билан бировни қутлаш инсоний табиат тақозо қиладиган хислатлардан ҳисобланади. Хафачилик ва хурсандчилик дамларда яқинларни эслаш, улар билан мулоқот қилишга интилиш табиий истаклардандир. Ислом соф табиат дини бўлгани учун бу каби туйғуларни ҳурмат қилади ва бу маънода майдонни кенг олади. Айрим кишиларнинг ҳар ишда махсус шаръий насс ‒ далил исташи эса дин фиқҳидан бехабарликдан бошқа нарса эмас.

Ислом шариатининг табиати ва мақсадларини билган одам ҳайит, жума кунлари билан табриклашда кароҳият кўрмайди. Бироқ, шу ҳақда ҳам бирор шаръий далил бўлса, янада яхши, қалб таскинига сабаб бўлиши табиий. Ана шу эътибордан ушбу муборак соатларда қуйидаги сатрлар қораланиб, эътиборингизга ҳавола этилмоқдаки, айрим кишиларнинг қалбдаги шубҳаларига шифо, бошқаларнинг хотирига қувват бахш этса, ажаб эмас.

Исломда йилнинг икки куни ҳайит ўлароқ мусулмонлар учун байрам қилиб берилган. Ҳар икки байрам ҳам Исломнинг рукни бўлган ибодатлар ‒ рўза ва ҳаж билан боғлиқ. Бу кунлар Аллоҳ таолонинг фазлу мағфирати ва эзгу амалларга, ибодату зикрга тўла бўлиши билан ҳам қутлуғдир. Энг муҳими ‒ бу кунларни Аллоҳ таолонинг ўзи бандалари учун байрам қилиб берган. Шу боис, ушбу кунлар билан табриклаш шариатда ҳам мақбул ва марғуб амаллардан саналади. Қутлов ийд куни бўладими ёки ундан олдин ё кейинги куни бўладими, фарқи йўқ. Муҳими шу кунларда бўлиши ва мазмунан тўғри ифода этилиши лозим.

Ибн Ақийл ийд билан табриклаш ҳақида бир қатор ҳадис ва асарлар нақл қилади. Жумладан, қуйидагиларни эслаш мумкин:

Муҳаммад ибн Зиёд айтади: «Абу Умома розияллоҳу анҳу ҳамда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа саҳобалари билан бирга бўлдим.  Улар ҳайитдан қайтганда бир‑бирларига: «Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам қабул қилсин», дейишар эди».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: «Бу ҳадиснинг санади жуда ҳам яхши», дейди. У киши айни мавзуда берилган саволга: «Ҳечқиси йўқ, жоиз иш», деб айтган.

Алий ибн Собит айтади: «Молик ибн Анасдан ушбу одат хусусида ўттиз беш йилдан бери сўрайман. У: «Мадинада бу урф ҳозиргача давом этиб келмоқда», дейди.

Имом Байҳақий Холид ибн Маъдондан ривоят қилади:

«Ҳайит куни Восила ибн Асқаъни учратиб қолиб: «Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам амалларни қабул айласин», дедим. Шунда у: «Ҳа, Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам амалларни қабул айласин», деб туриб: «Ҳайит куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни учратиб қолдим ва: «Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам амалларни қабул айласин», дедим. Шунда у зот: «Ҳа, Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам амалларни қабул айласин», дедилар», деб айтди».

Ҳайит билан табриклашнинг шариатга мувофиқ эканинига уламоларимиз Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ҳикоясидан ҳам далил келтирадилар. Ўшанда Табук ғазотига чиқмай, кейин афсус қилиб, кечирим сўраган Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳунинг тавбаси қабул бўлгани ҳақида оят нозил бўлганида Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Каъб ибн Моликни тавбаси қабул бўлгани билан қутлайди. Бу эса уни гуноҳлари кечирилгани билан табриклаш деганидир. Арафа, ҳайит кунлари бандаларнинг гуноҳлари кечириладиган кун бўлгани учун ҳам бу кунларни хурсандчилик билан кутиб, табриклар билан олқишлаш яхши ишлардан саналади.

Мусулмон киши биродарини ҳайит билан қутлар экан, уни ушбу куннинг баракотига етишгани, иншооллоҳ, гуноҳлари кечирилгани, Аллоҳ баракотли қилган куннинг хурсандчилиги учун муборакбод этган бўлади. Шу билан бирга, ҳайит билан табриклашда Аллоҳ таолонинг нишоналарини улуғлаш, ундан шодланиш мазмуни ҳам борки, бу ҳам улуғ савобли ишлардан, фазилатли амаллардан саналади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Ким Аллоҳнинг шиорларини улуғласа, бу қалбларнинг тақвосидандир», дея марҳамат этади. Ҳайит билан табриклашда ушбу маъно ҳам борлиги алоҳида эътиборга моликдир.

Табрик ва тилакларни изҳор қилишда замонавий имкониятлардан фойдаланилиш ҳам мумкин. Масалан, телефон қилиш ёки телефонда мактуб жўнатиш, ижтимоий тармоқлар, электрон почталар орқали ёзишмалар қилиш каби.

Хулоса қилиб айтганда, ҳайит куни мусулмонлар бир‑бирларини табриклаб, ҳақларига дуолар қилишлари мустаҳабдир. Бунда ушбу мақсадга хизмат қиладиган турли хил сўз ва ибораларни ишлатиш мумкин. «Аллоҳ сизу биздан яхши амалу дуоларни қабул қилсин», «Ҳайтингиз муборак бўлсин», яъни кўп манфаатли ўтсин, «Ҳайтингиз мақбул бўлсин» каби гўзал тилакларни изҳор қилиш айни муддаодир.

Табрик ортиқча такаллуф ва носамимий тилаклардан холи бўлиши, мазмуни ояту ҳадисларга мувофиқ келиши даркор. Бу борада жуда ғулувга кетиб, вақтни ортиқча зое қилиш, бировни малоллантириш ҳам яхши эмас. Мақсад ҳосил бўлса, бас. Бунда барча ишларда табрик қабул қилувчи тарафнинг хурсандчилиги, кўнгли кўтарилиши асосий мезон ҳисобланади.

Табриклаш маҳбуб амал саналса, табрикка жавоб қайтариш саломга алик олиш каби янада таъкидланган ишдир. Шу боис, табрикларга жавоб қилишга имкон қадар қунт қилиш лозим. Бордию, биров қайсидир сабаблар туфайли табрикингизга жавоб қайтара олмаса, ранжишга, ёмон гумонга бориб, гина қилишга ўрин йўқ. Сиз бир савобли ишни қилиб, савобни олдингиз, саломингизга фаришталар алик олади, жавоб бериш эса аввало ҳар кимнинг ўзи учун аҳмиятлидир. Яхишилк қилдингизми, охиригача қилинг: яхши гумонда бўлинг!

Табрик йўллашда ва унга жавоб қайтаришда салом‑алик иштирок этиши матлубдир. Мактубда келган саломга оғзаки алик олиш ҳам вожибни соқит қилса‑да, салом берган тарафнинг хотири эътиборидан аликни ёзма равишда тақдим қилиш керак. Зеро, қадимги фуқаҳоларимиз аввалда одатан хатдаги саломни ўқиган киши ўша заҳоти унга алик олгани ва жавоб мактуб қайтиб етиб бориши учун кўп муддат талаб қилингани эътиборидан мактубдаги саломга оғзаки аликни кифоя қилади деб айтган бўлсалар‑да, бугунги воситаларда ҳолат тамоман бошқа, деярли жонли мулоқотдек бўлиб қолгани учун ёзишмаларда аликни ҳам ёзма бериш талаб қилинади.

Табрик ва салом‑аликлар тайёр расмлаштирилган ёзувларда бўладими, белги билан бўладими, фарқи йўқ, маънони тўлиқ ифода қилса, уни тўғри қабул қилиш керак. Кимдир вақти зиқилигидан, кимдир соғлиги ёки бошқа сабабдан бу каби қулайликлардан фойдаланса, буни оғир олмаслик, бағрикенглик билан қабул этиш лозим. Мусулмоннинг вақти сиз учун ҳам қадрли бўлиши айни олийжанобликдир.

Аллоҳ таоло бу йилги Қурбон ҳайтини барчаларингизга муборак айласин ва қиладиган қурбонликлару яхши амалларингизни, дуою такбирларингиз Ўзи ҳусни қабул этсин.

Аллоҳу акбар ‒ Уллоҳ энг улуғ Зотдир.

Ҳайит оқшомидаги дуоларингиздан умидвор

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

19.07.2021

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳaждa бaжapилaдигaн aмaллap фapз, вoжиб вa cyннaтгa бўлинaди. Фapз aмaллap aдo этилиши шapт мажбурий бўлгaн aмaллap бўлиб, yлapдaн биpopтacи aдo этилмaй қoлca, ҳаж адо бўлмaйди, янa бoшқaтдaн давоми...

1687 09:00 / 14 июнь
. , r . , . ,. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилиб .Эй давоми...

2182 09:00 / 30 май
Ҳaж бир ошиқона ибoдaтдир. Aллoҳга қулчилик қилишга oшиқ бўлгaн бaндa дунёнинг ҳaр нaрсaси билaн xaйрлaшиб, телбаларча сафарга равона бўлади. Кулфaт вa мусибaтлaргa пaрвo давоми...

2872 05:00 / 16.01.2017
Ҳожи ёки умра қилувчи ватанига яқин қолганда ушбу дуони ўқийди.Бисмиллаҳ, ааибуна, тааибуна, обидуна, лироббинаа ҳамидуна, содақаллоҳу ваъдаҳу ва насора аҳдаҳу ва давоми...

6492 17:20 / 11.09.2017