1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Хамрнинг бутун инсониятга келтирадиган зарарлари

17:00 / 25.03.2022 2571 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ароқхўрлик ва гиёҳвандлик — бу икки офат бир-бирига боғлиқ, десак, хато қилмаган бўламиз. Кўпинча, эр Аллоҳ таоло ҳаром қилган ароқни ичиб, маст бўлади. Маст бўлгандан кейин оилада жанжал кўтаради. Жанжал эса, хотинини талоқ қилиш билан ниҳоясига етади. Гуноҳ устига гуноҳ бўлади, оила бузилади, эр тул, аёл бева, болалар тирик етимга айланадилар...

Ароқхўрликнинг шунга ўхшаш зарарлари кўп бўлганлигидан, у динимизда ҳаром қилинган.

Аллоҳ таоло «Моида» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالأَنصَابُ وَالأَزْلاَمُ رِجْسٌ مِّنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

«Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар шайтон амалидан бўлмиш ифлосликдир. Бас, ундан четланинг. Шоядки, зафар топсангиз» (90‑оят).

Араб тилида «хамр» сўзи «тўсиш», «беркитиш» маъноларини англатади. Тановул қилган кишининг онгига таъсир этадиган, унинг ақлини тўсадиган, беркитадиган, бошқача қилиб айтганда, маст қиладиган ҳар бир нарсани «хамр» дейилади.

Бу нарса ҳаромдир. Мусулмон кишилар ундан четда бўлишлари, яқинига йўламасликлари лозим.

Аллоҳ таоло «Моида» сурасида яна бундай деб марҳамат қилади:

إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَن يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاء فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَن ذِكْرِ اللّهِ وَعَنِ الصَّلاَةِ فَهَلْ أَنتُم مُّنتَهُونَ

«Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва нафрат солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни истайдир. Энди тўхтарсизлар?!» (91‑оят).

Бу ояти каримада хамр билан қимор сабабли мусулмонлар орасида ўзаро адоват ва ёмон кўришлик пайдо бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Хамрнинг шахсга, оилага, жамиятга ва бутун инсониятга келтирадиган зарарлари ҳақидаги маълумотлар жуда ҳам кўп, маълум ва машҳурдир. Бу ҳақиқатларни бутун дунё – мусулмон ҳам, кофир ҳам, худосиз ҳам, ҳатто ароқхўрлар ҳам яхши биладилар.

Биз у ҳақдаги маълумотларни такрорлаб ўтирмайлик-да, ушбу ояти каримада зикр қилинган зарарини – кишилар ўртасида адоват ва ёмон кўришга сабаб бўлишини эслаб ўтайлик.

Агар эътибор берадиган бўлсак, қаерда ичкилик бўлса, ўша жойда кўнгилсизлик келиб чиқади. Ичкилик туфайли оилаларнинг бузилгани қанча, ака‑укалар, ота-болалар, дўст-оғайни, қўни-қўшниларнинг бир-бирига душман бўлгани қанча. Ишхона, маҳалла-кўй, тўй-маросим, дам олиш жойлари ва жамоатчилик тўпланадиган ерлардаги адоват ва ёмон кўришлар, уриш-жанжалларнинг ҳисобига етиб бўлмайди. Бас, оилам бузилмасин, фарзандларим хору зор бўлмасин, дунёю охиратим барбод бўлмасин, деган одам ароқ ичмасин.

Гиёҳвандлик туфайли янги уйланган йигитлар келинга қўшила олмай, оилалари бузилиб кетишининг ўзи катта мусийбат. Гиёҳвандлик оилани, балки инсон зотини барбод қилувчи омиллардан бири экани ҳеч кимга сир эмас. Бу нарса ҳам шариатда қатъиян ман қилинган.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчидан қайтардилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Бу билан истеъмол қилганда танани, аъзоларни, асабни ва бошқа жойларни бўшаштирувчи ҳар қандай нарса ҳаром бўлди.

Худди шу ҳадиси шарифдаги айтилаётган «бўшаштирувчи»лик сифати ажнабий тилларда «наркотик» деб номланаётган гиёҳвандлик моддаларининг алоҳида васфидир.

Ҳамаср уламоларимиз гиёҳвандлик моддаларини тановул қилиш, экиш, ишлаб чиқариш, уларнинг тижорати билан шуғулланиш – ҳаммаси ҳаром эканига иттифоқ қилганлар.

Улар: «Гиёҳвандлик моддалари орқали қилинган касб ҳаромдир, уларнинг таъсири остида намоз ўқиган одамнинг намози қабул эмас, улардан келган фойда ҳаромдир, уни садақа ҳам қилиб бўлмайди, яхшилик ишларга ҳам ишлатиб бўлмайди», деганлар.

Бас, оилам бузилмасин, болаларим тирик етим бўлмасин, дунёю охиратим куйиб кетмасин, деган одам гиёҳвандликнинг яқинига йўламасин.

«Бахтиёр оила» китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қабр азоби руҳга ҳам, жасадга ҳам бўладими Унда йўқ бўлиб кетган жасадлар нима бўладиҚабр азоби ва роҳати руҳ ва жасадга бўладими Ёки руҳнинг ўзига бўладими давоми...

5266 15:03 / 15.01.2020
Ҳаром қилинган ишлардан сақланиш ҳар бир мусулмоннинг Аллоҳ олдидаги бурчидир. Хусусан, фаҳш ишлардан четланиш ҳам банда учун фарз амаллардан ҳисобланади.Шундай давоми...

3230 15:30 / 02.11.2020
Аллоҳ таоло айтади.Фақат одамларга зулм қиладиган ва ерда ноҳақ ҳадларидан ошадиган кимсаларни айблаш ва зулму зўравонликлари учун жазолашгагина йўл бордир. Ана давоми...

2494 15:00 / 09.05.2019
Аллоҳ таоло айтади.Эй мўминлар, кофирларнинг лашкарига дуч келганингизда саноқлари кўплигини кўриб уларга орқа ўгирманглар яъни, қўрқиб қочманглар. Кимки ўша давоми...

2589 11:12 / 08.06.2019
Аудиолар

135330 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55580 14:35 / 11.08.2021