1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Ота-онага оқ бўлиш

17:10 / 08.04.2019 4294 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади:

«(Эй инсон), Парвардигоринг сизларга ёлғиз Унинг ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар у икковидан бири ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут – хокисор бўл ва:

«Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, Сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил) (Ал-Исро сураси, 23–24-оятлар).

Фарзанд ҳамиша ота-она хизматига тайёр туриши лозим. Чунки улар фарзандининг хизматини қойиллатиб қилишган. Шунингдек, улар фарзанд камоли, униб-ўсиши – ҳаётини умид қилиб унинг қилиқларию озорларини кўтаришган. Фарзанд эса, гарчи улар озорига сабр қилса ҳам, бу уларнинг ўлимигача давом этади, халос. Қай бирининг ҳақи-хизмати улуғ эканига ўзингиз баҳо беринг.

«(Биз инсонга буюрдикки): «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Ёлғиз ўзимга қайтажаксан!» (Луқмон сураси, 14-оят).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганлар: «Уч оят уч нарсага боғлиқ бўлиб тушган. Уларнинг бири шеригисиз қабул қилинмайди.

Биринчиси:

«Эй мўминлар, Аллоҳга итоат этингиз ва Пайғамбарга итоат этингиз!» (Муҳаммад сураси, 33-оят).

Кимки Аллоҳга итоат этса-ю, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этмаса, бу қабул қилинмайди.

Иккинчиси:

«Намозни адо қилинглар ва закотни беринглар!» (Бақара сураси, 43-оят).

Кимки намоз ўқиса-ю, закот бермаса, қабул қилинмайди.

Учинчиси:

«Сен Менга ва ота-онангга шукр қил!» (Луқмон сураси, 14-оят).

Кимки Аллоҳга шукр қилса-ю, ота-онасига шукр қилмаса, қабул қилинмайди».

Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Парвардигор розилиги ота розилигида. Парвардигор норозилиги ота норозилигида (Ота рози – Худо рози, ота норози – Худо норози)», деганлар (Ҳоким ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу айтадилар: «Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб жиҳодга боришга изн сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ота-онанг ҳаётми?» деб сўрадилар. У: «Ҳа», деган эди, «Улар йўлида жиҳод қилгин», дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг катталари ҳақида хабар берайми? (Улар) Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлиш», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Ота-онага ёмон муносабатда бўлиш, уларга яхшилик қилмасликни ширкдек энг улкан гуноҳ билан ёнма-ён зикр қилганларига ҳам бир эътибор беринг.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч тоифа одамга Аллоҳ қиёмат кунида қарамайди: ота-онасига оқ бўлган кимсага; маст қилувчи нарсага муккасидан кетган кимсага ва берган нарсасини миннат қилувчи кимсага», дедилар» (Насоий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг ўз ота-онасини сўкиши гуноҳи кабиралардандир», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, инсон ўз ота-онасини ҳам сўкадими?» деб сўрашган эди, «Ҳа, – дедилар. – Бошқа кишининг отасини сўкканда, у бунинг отасини сўкади. Онасини сўкканда эса, бунинг онасини сўкади» (Муттафақун алайҳ).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар: «Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, менинг мол-мулким ва болаларим бор. Отам эса мол-мулкимни олиб қўймоқчи», деган эди, у зот: «Ўзинг ҳам, молинг ҳам отангникидир», дедилар» (Ибн Можа ривояти).

Бир киши Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келиб: «Эй Абу Дардо, мен бир аёлга уйландим. Бироқ онам уни талоқ қилишимни буюрди», деган эди, Абу Дардо: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ота-она жаннатнинг энг ўрта эшигидир», деганларини эшитганман. Хоҳласанг шу эшикни бузиб ташла, хоҳласанг сақлаб қол», дедилар (Термизий, Ҳоким ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Уч хил дуонинг ижобат бўлишида шак-шубҳа йўқ, (улар): мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоси» (Термизий ривояти).

Ривоят қилинишича, Аллоҳ гуноҳлардан хоҳлаганини қиёмат кунига олиб қўяди. Бироқ ота-онасига оқ бўлиш бундан мустасно. Аллоҳ ота-онасига оқ бўлган одамни ўлмасидан олдин шу дунёнинг ўзида жазолайди.

Ривоят қилинишича, кимки ота-онасини ҳақорат қилса, (дафн қилинганидан) сўнг унинг қабрига, осмондан ерга тушадиган ҳар бир томчи миқдорича қизиб турган чўғ тушади.

Ривоят қилинадики, ота-онасига оқ бўлган кимса дафн қилинса, қабри уни қаттиқ сиқади. Ҳаттоки, унинг қовурғалари бир-бирига кириб кетади. Қиёмат кунида энг қаттиқ ғазабга гирифтор бўладиган инсонлар уч тоифа бўлиб, улар мушрик, зинокор ва ота-онасига оқ бўлган кимсадир.

Каъбул Аҳбор раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Банда ота-онасига оқ бўлса, Аллоҳ тезроқ азоб бериш учун уни тезда ҳалок этади. Банда агар ота-онасига меҳрибон бўлса, янада кўпроқ яхшилик ва меҳрибонлик қилиши учун Аллоҳ бу банданинг умрини узун қилиб қўяди».

Каъбул Аҳбордан: «Ота-онага оқ бўлиш нима?» деб сўрашган эди, у киши: «Агар отаси ёки онаси унинг номидан қасам ичса, қасамини оқламайди. Бирор ишга буюрса, буйруғига итоат этмайди. Бирор нарса сўраса, бермайди ва омонат қўйса, хиёнат қилади», деб жавоб бердилар.

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Мусулмонни сўкиш фосиқлик, ўлдириш эса куфрдир, Муттафақун алайҳ.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар давоми...

4803 18:10 / 01.04.2019
1. Қачонки, банда бирор гуноҳ қилса, Аллоҳ таолони ғазаблантиради. Аллоҳ таоло ғазабини ишлатишга қодир Зотдир.2. Гуноҳ қилувчи малъун шайтонни хурсанд қилади.3. давоми...

2722 11:30 / 28.05.2021
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар.Ҳар бирингиз мутасаддисиз, ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз. Ҳар бир раҳбар инсонлар устидан давоми...

2724 11:41 / 09.02.2022
Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида хабар бериб Инсонларга риёкорлик қиладиларrdquo, дейди. Яъни, уларнинг намоз ўқишдан кўзлаган мақсади ndash Аллоҳнинг юзи розилиги эмас, давоми...

4043 14:01 / 05.11.2018