1446 йил 23 жумадис сони | 2024 йил 25 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Хамр (маст қилувчи ичимлик) ичиш

12:10 / 31.05.2019 5824 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, ароқ (маст қилувчи ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар(га сиғиниш) ва чўплар (билан фол очиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангиз! Ароқ, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!» (Моида сураси, 90–91).

Аллоҳ азза ва жалла мазкур оятларда хамрдан огоҳлантирди, қайтарди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хамрдан сақланинглар. Зеро, у барча ёмонликнинг калитидир», деганлар (Ҳоким ривояти).

Кимда-ким ундан сақланмас экан, батаҳқиқ, у Аллоҳ ва Расулига осийлик қилган ва бу билан азобга сазовор бўлган бўлади.

Аллоҳ таоло айтади:

«Ким Аллоҳ ва Расулига итоатсизлик қилиб, Аллоҳнинг белгилаб қўйган ҳадларидан тажовуз қилса, уни абадий қоладиган жойи бўлмиш дўзахга киритур. Ва унинг учун хор қилгувчи азоб бордир» (Нисо сураси, 14).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Хамр ҳаром қилингач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айрим саҳобалари бошқаларининг олдига бориб: «Хамр ҳаром қилинди ва ширкка тенглаштирилди», дедилар» (Табароний, Ҳоким ривояти).

Хамр, шак-шубҳасиз, барча нопок ишларнинг онаси бўлиб, кўплаб ҳадисларда уни ичган одам лаънатлангандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир. Кимки бу дунёда хамр ичса ва уни ичишга одатланган ҳолда вафот этса, охират шаробини ичмайди» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривояти).

Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир. Маст қилувчи ичимликни ичган кишини «Тийнатул хобал»дан (чиқиндилар аралашмаси) суғориш хусусида Аллоҳ ҳузурида аҳд, қатъий қарор бор», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, «Тийнатул хобал» нима?» деб сўрашган эди, «Дўзах аҳлининг терлари ёки дўзах аҳлидан ажралган суюқликлар», дея жавоб бердилар» (Муслим ривояти).

Хамрга муккасидан кетган кимса тавба қилмай вафот этса, жаннатга кирмаслиги хусусида Абу Дардо розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар:

«Хамрга муккасидан кетган кимса жаннатга кирмайди!»

Бошқа бир ҳадисда: «Уч тоифа одам жаннатга кирмайди: хамрга муккасидан кетган, қариндош-уруғчилик алоқаларини узган ва сеҳрни тасдиқ қилган кимса», дейилган (Имом Аҳмад, Табароний ва Абу Яъло ривояти).

Аллоҳ мастнинг биронта яхшилигини қабул қилмайди. Бу хусусда Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Уч тоифа одамнинг намозини Аллоҳ қабул қилмайди ва уларнинг биронта яхшилиги осмонга кўтарилмайди: қочоқ қулнинг, то хўжайинига қайтиб, қўлини унинг қўлига қўймагунича, эрини ғазаблантирган – норози қилган аёлнинг, то эри ундан рози бўлмагунича ва мастнинг, то ўзига келмагунича» (Табароний, Ибн Ҳиббон, Ибн Ҳузайма, Байҳақий ривояти).

Ибн Умар ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким хамр ичса, қирқ кунгача намози қабул қилинмайди. Агар тавба қилса, Аллоҳ тавбасини қабул қилади. Бордию қайтиб ичса, қирқ кунгача намози қабул қилинмайди. Агар тавба қилса, Аллоҳ тавбасини қабул қилади. Яна ичса, қирқ тонгунинг намози қабул қилинмайди. Агар тавба қилса, Аллоҳ тавбасини қабул қилади. Мабодо, тўртинчи марта қайтиб ичса, қирқ кунгача намози қабул қилинмайди. Агар тавба қилса, Аллоҳ тавбасини қабул қилмайди. Аллоҳ ундан ғазабланади ва уни Хобал дарёсидан суғоради», дедилар».

Хамр ичган кимса уни ичаётган вақтида мўмин бўлмайди. Бу хусусда Абу Ҳурайрадан қуйидаги ҳадис ворид бўлган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Зинокор мўмин бўлмаган ҳолида зино қилади. Ўғри мўмин бўлмаган ҳолида ўғирлик қилади. (Ичувчи) мўмин бўлмаган ҳолида ичади. Бироқ ҳали ҳам тавба таклиф қилингандир» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки зино қилса ёки хамр ичса, худди инсон бошидан кўйлагини ечиб олганидек, Аллоҳ ундан иймонни ечиб олади» (Ҳоким ривояти).

Хамр сабабли лаънатланган кимсалар хусусида Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ворид бўлган ҳадис ҳужжат бўлади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ хамрни ҳам, уни ичувчини ҳам, қуювчини ҳам, сотиб олувчини ҳам, сотувчини ҳам, тайёрлатувчини ҳам, олиб келувчини ҳам, олиб келтирувчини ҳам лаънатлади» (Абу Довуд ривояти).

Хамр ичувчилар касал бўлса, зиёрат қилинмайди ва уларга салом берилмайди. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу: «Хамр ичувчилар касал бўлса, зиёрат қилманглар», деганлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо: «Хамр ичувчиларга салом берманглар», деб айтганлар (Бухорий ривояти).

Ривоятларда келадики: «Хамр ичувчилар билан бирга ўтирманглар, касал бўлса, зиёрат қилманглар ва жанозаларига қатнашманглар. Зеро, хамр ичувчи қиёмат кунида юзи қорайган, тили кўксига осилган, сўлаги оққан ҳолда келади. Уни кўрган ҳар бир кимса ундан жирканади ва унинг хамр ичувчи эканини билиб олади».

Баъзи уламолар айтган эканлар: «Уларни зиёрат қилиш ва салом бериш ман қилинганининг боиси, хамр ичувчи малъун, фосиқдир. Агар у сотиб олиб ичса, икки марта малъун, борди-ю, бошқа бировга ҳам қуйиб берса, уч маротаба малъун бўлади. Агар тавба қилсалар, уларни зиёрат қилиш ва салом бериш жоиздир. Кимки тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади.

Хамр билан даволаниш мумкин эмас. Бу хусусда мазкур ҳадислар сўзимизга ҳужжат бўлади:

Умму Салама (розияллоҳу анҳо) айтдилар: «Қизим бетоб бўлиб қолган эди, бир идишга хурмо солиб қайната бошладим. Шу вақт Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар ва: «Бу нима?» деб сўрадилар. Мен:«Қизим бетоб бўлиб қолди, буни унга тайёрлаётган эдим», дея жавоб бердим. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла ҳаром нарсани даво қилмаган», дедилар (Абу Яъло, Баззор ривояти).

Ривоят қилишларича, қайси бир жамоат бу дунёда маст қилувчи нарса устида тўплансалар, Аллоҳ уларни дўзахда тўплайди. Шунда улар бир-бирларини маломат қила бошлайдилар. Бири иккинчисига: «Эй фалончи, Аллоҳ сени яхши мукофот билан сийламасин. Бу жойга тушишимга сен сабабчи бўлдинг», деса, иккинчиси унинг ўзига шу гапни қайтаради.

Ривоят қиладиларки, кимда-ким бу дунёда хамр ичса, Аллоҳ уни илонларнинг заҳари билан суғоради. У ҳали ичмасидан туриб, юзидаги гўштлари идишга эриб тушади. Ичганидан кейин эса бутун териси-ю, гўштлари эриб тушади ва дўзах аҳли ундан озорланади. Огоҳ бўлинглар, уни ичувчи ҳам, сиқтирувчи ҳам, сиқувчи ҳам, олиб келувчи ҳам, олиб келтирувчи ҳам, пулини еювчи ҳам унинг гуноҳига шерикдирлар. Токи тавба қилмас эканлар, Аллоҳ уларнинг намозини ҳам, рўзасини ҳам, ҳажини ҳам қабул қилмайди. Бордию, тавба қилмай вафот этсалар, бу дунёда ичган ҳар бир қултум хамрлари эвазига жаҳаннам йиринги билан суғоришга Аллоҳ тўла ҳақли бўлади. Огоҳ бўлинглар (билиб қўйинглар), ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар бир хамр ҳаромдир.

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оила эркак ва аёл ўртасида бино бўлади, ундан зурриёт тарқалади, инсон насли давом этади. Аллоҳ таолонинг бу оламда тайин этган қонунияти шу. Бундан ўзгача бўлиши давоми...

2169 13:00 / 03.04.2021
Олимларнинг таъкидлашича, кўз юзасида юпқа парда бўлиб, у қоронғуликда кенгаяди, ёруғликда тораяди. Қачон одам қоронғуликдан ёруғликка ёки ёруғликдан давоми...

1584 18:09 / 22.11.2023
Аллоҳ азза ва жалла айтади.Айтинг .Хабар берингизчи, агар тўсатдан ичар сувларингиз ер тубига сингиб кетар бўлса, у ҳолда ким сизларга оқар сув келтира олур, Мулк давоми...

3021 16:00 / 21.01.2019
Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бордим. Пайғамбаримиз дедилар .Қиёмат олдидан олти нарсани давоми...

4474 10:06 / 09.06.2022