1446 йил 15 жумадул аввал | 2024 йил 17 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Пайғамбаримиз уйимизга келсалар...

20:00 / 01.03.2022 4363 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу воқеадан бери қанча вақт ўтганини аниқ эслолмайман. Ўшанда навбатдаги ўтиришимизда бир дўстимиз битта шеърни қўйиб эшиттирди. Шеър ҳақиқат жуда таъсирли эди. Уни ўқиган кишини мен йиллар давомида муаллифи ўзи бўлса керак деб ўйлаб келдим. Орадан бир неча йил ўтиб, ижтимоий тармоқлар орқали мазкур шеърни яна кўп бора эшитдим. Бу шеър инглизчага ҳам таржима қилинган эди. Муаллифи хусусида гап кетса, кимдир билмайман деса, яна биров кимдан биринчи бор эшитган бўлса, ўшанинг номини айтар эди. Мана орадан шунча вақт ўтса ҳам шеър кимга тегишли, муаллифи асли қаерлик эканини ҳалигача билолганим йўқ. Аммо шеър ҳалигача интернет тармоғи орқали жуда кўп бор улашилиб келинади.

Шеър «Пайғамбар бизникига келса...» деб бошланарди. «Агар бир кун пайғамбар уйингизга ташриф буюрса... Атиги бир неча кунгагина. Қўққисдан эшигингизни тақиллатса набий. Қизиқ, не кечарди ҳолингиз?..»

Шу шаклда эътиборингизни тортадиган бу шеър пайғамбар ташриф буюрса, қай кўйга тушишимизни тахмин қилишда давом этади: «Хўш, не қилган бўлардик бизлар? Уни кутиб олишга шошган бўлармидик ёки ҳаётимизнинг бир бўлагига айланган, қимматбаҳо ашёларимизни яширишга уриниб, кечикиб очармидик эшикни? Пайғамбар уйимизда бўлган пайтида ҳам ермидик ҳамма вақт еган таомларимизни? Ҳамма вақт айтадиган гапларимизни айтар, кезадиган жойларимизда сайр этишга яна давом этармидик? Бизга дунёнинг жозибаси ҳақида тинмай гапирадиган дўстларимизни йўқлаган бўлармидик яна? Ёки асл юзимиз очилиб қолишидан қўрқиб, ҳадик билан яшармидик? Кейин бир неча кун ўтиб уйимизни тарк этса Набий, жонимиз ачирмиди ёки бўлмаса, хайрият қутулдик, деган бўлармидик ҳеч уялмасдан?»

Муаллиф гарчи савол билан мурожаат этаётган бўлса-да, ҳолимиз не кечишини жуда яхши тасаввур қилаётгани сўзларидан шундоқ сезилиб турарди. Шеърдан мақсад ҳолимизни сўрашгина эмас, балки бугунги ҳолатимиз билан мусулмоннинг асл қиёфаси ўртасидаги фарқни кўрсатиш, пайғамбар қаршисига чиқа оладиган юзимиз йўқ эканини билиб қўйишимизга таъкид бор эди.

Илк бор эшитганимда мени ўзига ҳамфикр этолган мисралар эди булар. Яшаётган ҳаётим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларига тўла мос тушмаслигини жуда яхши билар эдим. Расулуллоҳнинг ҳаётларида бўлган бир қанча нарсалар менинг ҳаётимда йўқ эди. Уйимда у зотнинг уйида бўлмаган жуда кўп матоҳлар борлигини ҳам инкор этолмасдим. Шу ҳолатимда Расулуллоҳ келсалар, уятдан юзларим қизариб, дунё менга тор келишини тасаввур этишим қийин эмасди. Мен яшаётган ва яшашим керак бўлган ҳаёт ўртасида жуда катта тафовут борлиги учун шундай ўйлашим табиий эди. Аммо тақвосига ҳавас қиладиганим баъзи кишилар ҳам «Пайғамбар бизникига келсалар» деган жумла қаршисида ерга қараб қолишлари мени чуқур ўйга толдирди.

Наҳот мен ҳавас қиладиган, уйлари Расулуллоҳнинг нурли хонадонларига бироз бўлса-да ўхшайди деб ўйлаган кишиларим шундай ҳолга тушишса? Агар улар шу даражада умидсиз бўлишса, мен ҳақимда гапирмаса ҳам бўлар экан-да! ХХХХХХ

Бошқа бировлар эса шахсимизга, аниқроқ қилиб айтсак, кўринишимизга қараб бизни айблайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соқол қўйганлари ва соқолнинг фитратдан эканини айтганлари рост, аммо соқол қўймаслик у зотга қарши исён кўтариш дегани эмас-ку! Ҳатто бу масалани иймондан деб, соқоли бўлмагани ёки соқоли қисқа бўлгани учунгина иймонидан шубҳага тушган кишиларни ҳам кўрдим. Суннатга уйғун ҳаёт тарзини фақат ўзлари тушунган шаклдагина тўғри бўлишига ишонган баъзиларининг таъсирида, айрим мусулмон оилаларда аянчли воқеалар рўй бераётганига ҳам гувоҳ бўлганман.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келсалар, уялмайдиган бир уйим бўлсин деган ўйда хонадонини Пайғамбаримизни сира хушнуд этмайдиган жанжал маконига айлантирганлар яна хаёлимга тинчлик бермасди. Суннатга мос ҳаёт тарзи тушунчаси олдига «менимча» шартини қўймай туриб, хотини ва болалари билан тортишувга борган, натижада эса фарзандларини суннатнинг душманига айлантириб қўйганларни эсласам, баттар жоним ачишарди. Бунга ўхшаган мисоллар санасам адо бўлмайди. Натижа тўғри чиқмаяпти, демак, қаердадир хатога йўл қўйилгани аниқ, аммо қаерда? Нима эди бу хато?..

Бир пайтлар мана шундай саволлар гирдобида гангиб юрганимда, Аллоҳнинг тақдири билан, бу сирнинг тагига етишимга имкон топилди. Ўқиган китобларим ичидан жалол+жамол=камол формуласини, яъни динда жалол-жамол муносабатини тўғри қўя билиш жуда муҳим эканлигини англадим. Шу билан бирга, қўрқув-умид, танбеҳ-мужда, ҳикмат-раҳмат каби жуда кўп ўринларда мезонни тўғри тутиш қанчалар зарур эканига иқрор бўлдим. Кундалик ҳаётимизда учраётган турли хил қарашлар суннатнинг кенг йўлини кишиларга тор битта туйнук қилиб кўрсатаётганини фаҳмлаб етдим ва туйнукдан ўтолмаётганлар суннатга хилоф яшаётганлар деб кўрсатилаётганини англадим.

Қанчалик нотўғри эди бу таъриф! Чунки суннат йўли улар ўйлаётган туйнукдангина иборат эмас. Жилд-жилд ҳадис китоблари ёрдамида бугунги кунимизгача етиб келган суннат йўли аслида нурли ва кенг битта йўл эканини тушундим. Мисол учун, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Энг фазилатли амал қайси?» деб сўралганида у киши савол берувчининг эҳтиёж ва истеъдодини ҳисобга олиб турлича жавоб берганлар. Навқирон бир саҳобага «Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилишинг», деб жавоб берсалар, қарамоғида ота-онаси бор бошқасига «Ота-онага яхшилик қилиш», деб жавоб қайтарганлар. Кекса ёшдаги бир аёлга эса намоздан кейин қилинадиган тасбиҳот фазилатли амал сифатида талқин этилади. Яна бир ўринда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари учун намуна бўлган қизлари Фотиманинг уйига рангли ва нақшли парда тутгани учун кирмаганлари ҳолда, худди шундай безакли бошқа хонадонларга иккиланмаган қадам ранжида этганлар. Ҳатто қизларига «Ўша пардани фалон кишиларнинг уйига юбор», деган мазмунда кўрсатма берганлар. У парда сен учун бутдир, олиб чиқиб ёқ, деб буюрмаганлар. Шунингдек, жуда кўп ҳолатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам байъат этган кишиларга итоатни англатар экан, «кучингиз етган нисбатта» деган шартни қўшганлар ва шунинг учун асҳоби киром «Аллоҳнинг Расули бизга ўзимиздан ҳам меҳрибонроқдир», дейишдан ўзларини тия олишмаган.

Олимлар суннат йўлини таърифлашда «минҳаж», яъни «кенг йўл» иборасини ишлатишган. Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга жуда озчиликкина юра оладиган тор бир йўлакни кўрсатмаганлар. Энди эса юқоридаги шеърга кайтсак. Уни эшитганда хаёлимизда «раҳматан лил ъаламин» бўлган пайғамбар ўрнига, уйларимизга келганда нафрат кўзи билан қарайдиган ва кирар-кирмас хонадонда тафтиш ишларини бошлаб юборадиган, меҳмон бўлган вақти давомида эса нима иш қилаётганимизни тинмай сўраб суриштирадиган, еб-ичган нарсаларимиз тугул ҳар бир келиб-кетган билан қизиқадиган, ХХХХ керак бўлса, айрим буюмларимизни отиб ирғитадиган шахс намоён бўлади.

Йўқ, у киши қалбимизда ғашлик пайдо қиладиган зот эмас. «Пайғамбар бизникига келса» деб бошланадиган шеърдаги тасвирлар билан, ҳадислар ва мўътабар китоблар орқали таниганим Пайғамбар орасида шунчалик катта фарқ бор эдики, бу нарса мени ҳайрат кўчасига етаклаш билан бирга айрим ўринларда аччиғимни келтирар эди. Шеърда бир пайтнинг ўзида «раҳмат пайғамбари» «ғазаб пайғамбари»га айланган, раҳмат манзаралари эса касват рангига бўялгандек эди назаримда.

Ахир устига ортиқча юк юкланган туянинг кўз ёшларини муборак қўллари билан артган ҳамда эгасига бироз шафқатли бўлиш кераклигини ўргатган у зот эмасмиди? Ўзига битта бўталоқ ҳадя этилганида ҳазрат Оишага «Аллоҳ рафиқдир ва У рифқни (юмшоқликни) ёқтиради. Рифқ бирор нарсанинг ичига кирдими, бас, уни гўзаллаштиради», дея тарбия берган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай қилиб бизга қўпол муносабатда бўлиши мумкин?! «Мукофотнинг катталиги, балонинг катталигига кўрадир», деган у набий, охирзамоннинг оғир юки остида қолган биз шўрликларга қамчи билан савалар даражада муомала кўрсатишини тасаввур қилиб бўладими?..

Аллоҳ таолонинг «Биз сени фақатгина оламларга раҳмат бўлсин дея юбордик» ояти жалиласининг ўзиёқ ўрнак олишимиз учун бизга кифоя қилади.

Ёшлигининг ўн йилини Пайғамбар ҳузурида ўтказган Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳаётига эътибор беринг. У болалик қилиб хато қилганида, айтилган ишни бажармай эсидан чиқариб қўйганида, ўйнаб қолиб кетганида ёки бошқа ножўя хатти-ҳаракатлари натижасида ўн йиллик узоқ муддат давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор марта «Аттанг!» сўзини эшитмаган эди.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга насиҳат қилдилар: «Қалбингда ҳеч кимсага нисбатан ёмон фикрда бўлмасдан яшашга кучинг етса, шундай яша. Бу менинг суннатимдир. Ким менинг суннатимни ҳаётга татбиқ қилса, мени севган бўлади. Мени севган мен билан жаннатда бирга бўлади».

У зотнинг рисолат паноҳида вояга етган ҳазрати Алий таъриф этадиган Пайғамбар эса қуйидагича: «Ҳар доим юзлари кулиб турар, табиатлари ўта мулойим эди. Жуда кечиримли, қаҳрлари ҳам қаттиқ эмасди. Ҳеч ким билан тортишмас, кимсага бақириб-чақирмас, бирор ёмон сўз айтмасдилар. Бировни айбламас, зиқна ёки қизғанчиқ ҳам эмасдилар. Ёқтирмаган нарсаларига эътибор бермас ва ҳеч кимни умидсизликка тушириб қўймасдилар. Беҳаловат қилган нарсаларни сездирмас ва ҳеч кимнинг юзига айбини айтмас, орқасидан ҳам гапирмас эдилар. Бировнинг айбини излаш билан машғул бўлмас, ҳеч ким у кишига нисбатан ёмон сўзни айтмасди. Юмшоқлик ва сабрни ўзида жо этолган бу зотнинг ҳеч нарса жаҳлларини чиқармас эди».

Ҳазрати Алий бу сўзларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кечирган ўттиз йилдан ошиқ вақт давомида кўрганлари асосида айтган бўлса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўн йил оила ҳаёти кечирган ҳазрат Оиша эса у зотни бундай таърифлайди: «Инсонларнинг энг гўзал ахлоқлиси эдилар. Ҳеч ёмон сўз айтмас, бўлмағур ишлар билан машғул бўлмасдилар. Бозорда бақириб-чақирмас ва ёмонликка ёмонлик билан жавоб беришга уринмас эдилар. Кечиримли эдилар. Инсонларнинг энг нозик табиатлиси, гўзал хулқлиси ва хушмуомаласи эди ул зот. Бирон хизматкор ёки жория – умуман ҳеч кимга қўл кўтарган эмаслар».

Шундай эди бизнинг Пайғамбаримиз. Раҳмат Пайғамбари. Энди ушбу зот келиб бизнинг ҳолимизни паришон килиши, қўпол сўзлар билан ранжида этишини тасаввур қила оласизми? Назаримда, бундай ўйлайдиган кишилардаги бўшлиқ саҳобалар ҳаётини яхши билмасликлари натижасида юзага келган. Улар саҳобаларни туғилишиданоқ мукаммал, ҳеч нотўғри иш қилмаган фаришталар каби тасаввур қилишса керак...

Тўғри, саҳобалар орасида жоҳилият даврида ҳам ўзига доғ юқтирмаган Абу Бакр розияллоҳу анҳу каби кишилар бўлган, бироқ уларнинг сони бармоқ билан санарли даражада оз эди. Уларнинг аксари жоҳилиятнинг энг чуқур ботқоқликларидан чиқиб келиб Исломни топган кишилар саналишади. Исломдан олдинги Умар билан Исломдан кейинги Умар фикримизга ёрқин мисолдир. Жаҳли чиққан пайтда ҳеч кимнинг кўз ёшига қараб ўтирмаган Умар Ислом билан шарафлангандан сўнг тубдан ўзгарган эди.

Саҳобаларни умуман хато қилмайдиган инсонлар деб ўйлаш билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оид мўъжизалардан ҳам кўз юмган бўламиз. Биз учун яна бир гузал ўрнак, шубҳасиз, Уҳуд жангида рўй берган эди. Жангда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига хилоф тарзда қилинган ишлар натижасида амакилари Ҳамза, байроқдор Мусъаб сингари бир нечта машҳур саҳобаларнинг шаҳид бўлишларига, ўзларининг эса юзилари яраланиб, тишлари синса-да, Аллоҳ таолонинг Қуръонда буюрган амрига бўйсунган ҳолда айбдорларга бир оғиз ҳам ёмон сўз айтмаган эдилар. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жаҳл устида уларга қаттиқ муносабатда бўлганларида Қуръонда айтилгани каби атрофидагилар бир-бир тарқаб кетган бўлишарди. Ундай қилолмас эдилар ҳам, чунки у зот РАҲМАТ ПАЙҒАМБАРИ, ЙИҚИЛГАНЛАРНИНГ ДЎСТИ эдилар, аксинча, уларни йиқитган шайтоннинг эмас. У зотнинг фақатгина шу хислатларидан ибратланиб, мусулмон бўлганлар кўп эди. У зотни ўлдириш учун заҳарли қилич билан масжидга келган, аммо Масжиди Набавийдан чиқмай туриб мусулмон бўлган Умайр ибн Ваҳбнинг қалбига кирган сир шундан иборат эмасмиди? Ҳунайнда қатл этиш режаси билан машғул бўлган Шайба ибн Усмон у зотнинг табассумли юзларини кўрганида, муборак қўл кўксига теккан заҳотиёқ бутунлай бошқа бир инсонга айланиб қолмаганмиди?

Юқоридаги шеърда «Суннатга уйғун яшаш» шиори остида камчиликлар тилга олинар экан мувозанатни сақлай олмаслик билан галдаги хатога йўл қўйилади. Мувозанатни бузмаслик учун ифрот (ҳаддан ошиш) ва тафрит (камчиликка йўл қўйиш)га тушмаслик шарт. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Осон қилиб кўрсатинг, қийинлаштирманг», деган гаплари билан бизни мувозанатни сақлашга чақирадилар. Демак, осонни қийин қилиб кўрсатганлар ҳам, осонликни суиистеъмол қилганлар ҳам бу амрни бажара олишмаган демакдир. Шайтон бу ўринда лоқайд инсонларга суиистеъмол қилиш йўлини, руҳи таслимиятга мойил бўлганларга эса қийинлаштириш усулини тўғри қилиб кўрсатиш билан навбатдаги тузоғини қўяди. Шайтонга алданмаслик учун эса Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Хайрул умуру авсатуҳа» (Ишларнинг хайрлиси ўртачасидир) сўзлари бизга яна бир дарслик вазифасини ўтайди.

Энг тўғриси, охирзамон инсонига охирзамонга оид ҳадислар нуқтаи назаридан ёндашиш бўлса неажаб. Бир марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Биродарларимни соғиндим», деганларида саҳобалар: «Биз сизнинг биродарларингиз эмасмизми, ё Расулуллоҳ?» деб сўрашган. «Сизлар менинг дўстларимсиз, биродарларим охирзамоннинг оғир имтиҳонларига дуч келган пайтда ҳам Исломни тарк этмаган мўминлардир», деб жавоб берган эдилар у зот. Яна бир гал саҳобаларига «Сизлар шундай замонда яшаяпсизки, буюрилганнинг ўндан бирини тарк этган киши ҳалок бўлади, аммо шундай вақт келадики, буюрилганнинг ўндан бирини бажарган ҳам нажотга эришади», деган сўзлар ҳам охирзамон Пайғамбарига тегишлидир...

Энди ўйлаб кўринг-чи, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уйингизга келсалар, юқоридаги шеърда тасвирланган ҳолат сизда рўй берармиди? У зотдан оғир сўзлар эшитишдан қўрқиб, ҳатто келмасликларини хоҳлаб, тезроқ кетишларини орзу қилиб яшармидингиз? Ёки «Ё Расулуллоҳ, сизнинг орамизда йўқлигингиз бизни шу кўйга туширди, энди ҳеч кетманг ёнимиздан», дея ёлворган бўлармидингиз? У зотни раҳмат пайғамбари деб билган, хатою гуноҳига иқрорлик бўлган ҳар қандай киши эшикка қараб югурарди, албатта. Ҳанзала розияллоҳу анҳу шундай қилган эди. Чунки у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳазрати Алий ва ҳазрати Оиша таъриф этган шаклда билар эди. Шундай деб билар эди, чунки Расулуллоҳни шундай кўрган ва шу шаклда тасаввурига муҳрлаб қўйган эди. «Мен бир гуноҳ иш қилдим», деб қаршисига чиқиб ҳолини баён этган Абу Ёсир ҳам у зотни шундай деб билар эди. Агар биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни таниб, саҳобалари таърифлагани каби тасаввур қилолганимизда эди, нафақат у зотга, балки ўзимизга нисбатан ҳам қарашимиз бутунлай ўзгарган бўларди. Яшаган ҳаётимиз ҳам айнан шунинг натижасида бошқача кўриниш оларди...

Қанийди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг уйимизга ҳам келсалар...

Козим Мусохон тайёрлади

«Ҳилол» журналининг 1(34) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўзининг каломи шарифида Ва ўзингиздан оиласизларни, қул ва чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг, агар фақир бўлсалар Аллоҳ Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ давоми...

3486 05:00 / 04.03.2017
Ҳасан ривоят қилади .Бир одам вафот қилди. Унинг ортидан ўғли ва мавлоси озод қилган қули қолди. Мавлосига ўғли ҳақида васият қилди. У бунда нуқсонга йўл қўймади. У давоми...

2666 05:00 / 03.03.2017
Биз .мулойимлик, деб таржима қилган сўз арабчалар .рифқ, деб айтилади ва қўполликнинг зиддини англатади. Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир ишни энг гўзал ва осон йўл давоми...

4168 05:00 / 03.03.2017
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сен биродарингла жанжаллашма ва у билан мазаҳлашма. Унга бир ваъда бера туриб, сўнг давоми...

2978 05:00 / 02.03.2017
Аудиолар

134647 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54959 14:35 / 11.08.2021