1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Иблис ва унинг лашкарлари

05:00 / 03.03.2017 4927 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг. У ўз гуруҳини фақат ўта қизиган дўзахга эга бўлишларига чақирур», деган.
Шайтоннинг инсон боласига душманлигида ҳеч шубҳа йўқ. Бу азалий душманликдир. Буни шайтоннинг ўзи очиқ-ойдин айтган. Аллоҳ таоло ҳам қайта-қайта уқдирган. Ҳозирги оятда ҳам Аллоҳ таоло:
«Албатта, шайтон сизга душмандир», деб таъкидламоқда. Бунга шак-шубҳа қолмади. Шайтоннинг инсонга душманлик қилишига ажабланмаса ҳам бўлади. Лекин ажабланарлиси шуки, инсон шайтонни ўзига дўст тутиб юради. Шайтон ўзининг энг катта душмани эканини кўра била туриб, унинг айтганини қилади. Унинг иғвосига учади, ёлғонига алданади.
Эй одамлар, наҳотки бу оддий ҳақиқатни тушуниб етмайсиз! Шайтон сизга душман бўлганидан кейин, унга ўзига яраша муносабатда бўлинг:
«Бас, уни душман тутинг».
Унга очиқ-ойдин душман деб қаранг. Унинг айтганини қилманг, иғвосига учманг, йўлига юрманг. Чунки:
«У ўз гуруҳини фақат ўта қизиган дўзахга эга бўлишларига чақирур».
Унинг чақириғига юрадиган бўлсангиз, дўзахи бўлишингиз турган гап.
Аллоҳ таоло «Зухруф» сурасида: «Шайтон сизни ҳаргиз (тўғри йўлдан) тўсмасин. Албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир», деган.
Аллоҳнинг тўғри йўлидан одамларни асосан шайтон тўсади. Ким шайтонга эргашса, шайтон уни тўғри йўлдан адаштиради. Шунинг учун зинҳор ва зинҳор шайтоннинг гапига кирманг.
«Шайтон сизни ҳаргиз (тўғри йўлдан) тўсмасин».
Ва билиб қўйингки:
«Албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир».
У ҳеч қачон сизга дўст бўлмайди. Бинобарин, уни доимо душман тутинг.
Қуръони каримда шайтонларнинг бир тури бўлмиш жинлар ҳақида кўпгина оятлар келган ўша оятлардан баъзиларини, хусусан, «Жин» сурасидаги оятларни ўрганиб чиқишимиз биз учун ўта фойдалидир.

ЖИН ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ

Қуръони Карим нозил бўлаётган пайтда араб қабилалари жинларга махфий, норавшан худолар деб эътиқод қиладилар. Улар жинларнинг насаби Аллоҳ таолога етиб боради, унинг жинлардан шериклари бор, деган бузуқ эътиқодга ҳам бўйсунишарди. Шунингдек, араблар жинлар ғойибдан хабардор, фолбин ва мунажжимларга осмон сирларини айтиб туришади деган ўйда эдилар. Жин сураси ушбу эътиқодларнинг бекорчи эканини таъкидлайди. Бунга қўшимча маънода Пайғамабаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида: «Ким фолбину мунажжимга борса ва уларга ишонса, Муҳаммадга тушган нарсага кофир бўлибди», деганлар.
Арабларда жинларнинг ҳукми ер юзида ўтади, деган хом хаёл бўлиб, агар улардан бирорталари маълум бир ерга бориб ётиб қолмоқчи бўлсалар, «Ушбу жойнинг хўжайин жинидан паноҳ сўрайман», деган маънодаги дуони қилишарди.
Бизнинг юртларда ҳам ҳатто ҳозирги вақтгача кишиларда юқоридаги айтиладиганларга ўхшаш турли-туман бузуқ, бидъат-хурофотдан иборат тушунчалар мавжуд ва улар бу ёлғон эътиқодга бўйсунадилар. Айниқса кейинги пайтда кишиларга руҳий бўшлиқ ҳаддан ташқари зиёда бўлганлигидан бу маънодаги гап-сўзлар кўпайиб кетди. Агар уларга қулоқ осадиган бўлсак, худди бутун дунёни жинлар бошқариб турганга ўхшайди (астағфируллоҳ).
Шу билан бирга қадимда ҳам, ҳозирда ҳам жинларни умуман инкор этадиганлар бор. Улар жин ҳақидаги ҳар бир сўзни афсона, бекорчи гап дейишади. Жинлар ҳақидаги ҳодисаларнинг гувоҳи бўлган кишиларни жиннига, мияси айниганга чиқаришади.
Ислом эса жин ҳақида худди бошқа масалалардаги каби ҳақиқатни баён қилади. Ислом жин борлигини исбот қилиб, у ҳақидаги тўғри тасаввурни баён этиб, нотўғри тушунчаларни рад этади. Шу билан бирга жинлардан кутиладиган мавҳум қўрқинч ва хавфу хатарни ҳам рад этади.
Жинлар ҳақиқатда бор мавжудотлар бўлиб, асли ўтдан яратилган. Жин сўзининг луғавий маъноси эса тўсилган дегани, яъни, одамлар кўзидан тўсилган нарса. Шу сабабли ҳам у инсонларга кўринмайди. Улар ўзлари кўринмай туриб, бизларни ва бошқа нарсаларни кўришлари мумкин.
Шу билан бирга турли шаклларга киришлари ҳам мумкин. Уларнинг ичида ҳам худди одамларга ўхшаб иймонсиз-иймонли, яхши-ёмон, адашган ва ҳидоятда юрганлари, фирибгар ва соддалари бор.
Жинлардан ҳам Қуръонга, Пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтириб яхши йўлда юрганлари жаннатга, иймонсиз бўлиб ёмон йўлда юрганлари дўзахга тушадилар.
Улар одамларга ҳеч қачон ёрдам бера олмайдилар ва ғойиб сирларини билмайдилар, чунки Қуръони Карим нозил бўлгандан сўнг улар бу хислатлардан маҳрум бўлганлар. Жинларнинг Аллоҳ таоло билан насаб йўлидаги боғлиғлигига келсак, бу ҳақдаги ҳар қандай фикрлар туҳматдир.
«Сабаъ» сурасида бир гуруҳ жинлар Сулаймон алайҳиссаломга хизматкор бўлганликлари, у зот ҳассага суяниб туриб вафот этганлиридан сўнг ҳам тирик, кузатиб турибди, деб ўйлаб, машаққатли ишда давом этганликлари ҳақида оятлар бор.
Жин сурасининг тафсири давомида бу масалалар янада равшан бўлади, иншааллоҳ.
Исломдан аввалги вақтда жинлар осмонга чиқиб малоикаларнинг ўзаро суҳбатларини, жумладан яқин кунларда содир бўладиган баъзи ишлар ҳақидаги маълумотларни яширин эшитиб, ердаги фолбину мунажжимларга бирга ўнни қўшиб етказишар экан. Орадан анча вақт ўтиб, осмон хабарига қулоқ осгани чиқсалар, уларни юлдузлардан узилиб чиққан учқунлар уриб ҳайдайдиган бўлиб қолибди. Улар ерга ўз қавмлари ҳузурига қайтиб, «Нима бўлди экан, бизни учқунлар қувадиган бўлиб қолди-ку? дейишади. Шунда баъзилари, дунёда улкан, оламшумул ўзгариш бўлган бўлса керак, дейишади.
Машриқу мағрибни кезиб биздан осмон хабарини тўсган нарсани қидириш зарур, деган қарорга келиб, сафарга отланадилар. Ривоятларда нақл қилинишича, Насийбин номи билан аталувчи жойда яшовчи жинлардан етти нафари Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозида қироат қилаётганларини эшитиб тўхташган, биздан осмон хабарини тўсган нарса шу, деб ўз қавмларига қайтиб, бўлган ҳодисани айтадилар. Шунда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига «Жин» сурасини нозил қилди.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

«Сен айт: «Менга ваҳий қилиндики, албатта жинлардан (бир неча) нафари қулоқ осдилар ва дедилар: «Биз ажойиб Қуръонни эшитдик».
Бу оятда Аллоҳ таоло Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, айтишлари керак бўлган маънони ҳам баён қилади, яъни, ваҳий орқали етти нафар жин у кишининг қироатларига қулоқ осгани ва қавмларига бориб, биз ажойиб Қуръон эшитдик, деб хабар берганлари ҳақида айтишни буюради.
Демак, жинлар Қуръони Карим тиловатини эшитишлари билан бу оддий сўз эмаслигини, дунёда янги оламшумул воқеа пайдо бўлганлигини фаҳмлаб, жинлар ҳаётида ҳам катта ўзгариш бўлишига сабаб бўлганини дарҳол тушуниб етганлар.
Каласи оятда мазкур жинларнинг ўз қавмларига айтган гаплари давом этади.
«У тўғри йўлга ҳидоят қиладир. Бас, биз унга иймон келтирдик ва ўз Роббимизга бировни ширк келтирмасмиз».
Жинлар ўз ақл-фаросатлари ила Қуръонни туширган Аллоҳ уларнинг Роббилари эканлиги ва Унга шерик бўлиши мумкин эмаслигини ҳам тушуниб етадилар. Макка мушрикларига ўхшаб Аллоҳга ширк келтирмасликларини таъкидлайдилар.
Жинларнинг бу баёноти, Аллоҳнинг шериги бор, хотини, ўғил, қизи бор ёки У билан жинлар ўртасида насаб алоқаси бор, деб бузиқ эътиқод қилувчи инсонларга нисбатан қаттиқ дашном бўлди.
«Ва, албатта, Роббимизнинг азамати юксак бўлди. У ўзига хотин ва фарзанд тутгани йўқ».
Бу оятдаги «фарзанд тутгани йўқ» таъбири Қуръони Каримнинг мўъжизаларидан биридир. Маълумки, масийҳий тоифалари Ийсо алайҳиссаломни худо, худонинг ўғли деб эътиқод қилишади. Лекин бу тоифаларни чуқурроқ ўрганган кишилар яқинда биз тафсир қилаётган оятларнинг мўъжизасини кашф қилдилар.
Масиҳий тоифалар ичида «Адоптиочист» номли тоифа бўлиб, бу тоифа эътиқоди бўйича, Ийсо алайҳиссалом Аллоҳнинг сулбидан бўлган фарзанди эмас, балки тутинган ўғли, дер экан. Бу тоифа ва унинг ақидасига оид ҳужжатлар 185-милодий йилдан буён сақланаётган экан.
Бундоқ дақиқ нарсаларнинг фарқига фақат ҳамма нарсани билувчи Аллоҳ таоло етмаса, 1400 йил аввал яшаган, ўқиш-ёзишни билмаган Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам қаердан етар эди.
«Ва, албатта, эси пастимиз Аллоҳга ноҳақ гапларни айтарди».
Бу оятдаги «эси паст»дан мурод «Иблис» ёки ботил йўлда юрганлар. «Ноҳақ гаплар» эса «Аллоҳнинг хотини бор» ёки «Аллоҳнинг фарзанди бор» каби хато гаплардир.
«Ва, албатта, биз, инс ҳам, жин ҳам Аллоҳга (нисбатан) ёлғон гапирмас, деб ўйлардик».
Яъни жинлар Аллоҳнинг улуғлигини, поклигини, ҳамма нарсага қодирлигини ва бошқа сифатларини билганликларидан, Аллоҳга нисбатан ҳеч ким ёлғон гапиришга журъат этмайди, деган фикрда юришар экан. Лекин Қуръони Каримни эшитганларидан сўнг эътиқодлари бузуқ эканини ўзлари фаҳмлаб етдилар.
«Ва, албатта, инсдан баъзи кишилар, жинларнинг баъзи кишиларидан паноҳ сўрардилар. Бас, бу(жин)лар у(инс)ларнинг гуноҳ ва хорлигини зиёда қилдилар».
Ҳақиқатда Исломдан олдин кишилар ўзларини жинлар олдида хору зор тутардилар. Бирор одам маълум жойда тунамоқчи ёки турмоқчи бўлса, баланд овоз билан: «Эй бу жойнинг азиз жини!!! Мен сенинг ибодатингдагилар ёмонлигидан паноҳингни тилайман», деб нидо қиларди. Шу билан бирга ўша ердаги жинларнинг бошлиғи мени ўзининг ҳимоясига олади, деб бузуқ эътиқод қиларди.
Қуръони Карим жинларнинг ботил эътиқодларини баён қилишда давом этади:
«Ва, албатта, у(инс)лар худди сизлар гумон қилганингиздек, Аллоҳ бирор кишини ўлгандан сўнг тирилтирмас, деб гумон қилардилар».
Бу ва бундан аввалги оятлар куфр ва жоҳилиятнинг энг катта одатларидан иккитасини баён қилди. У ҳам бўлса, Аллоҳдан ўзгадан паноҳ сўраш ва ўлгандан сўнг қайта тирилишга ишонмаслик.
Қуйидаги оятларда Қуръони Карим жинлар ғойиб ишларни билмаслигини, фолбин-мунажжим, сеҳргарлар жинлар ёрдамида ғойибни биламиз, деб қиладиган даъволари ёлғон ва бўхтондан иборатлигини баён қилади ва шу билан мусулмонларни турли хурофот ва ваҳималаридан четлатади.
«Ва, албатта, биз осмон(етиш)ни талаб қилдик. Бас, уни кучли қўриқчиларга ва учқунларга тўлган ҳолда кўрдик».
Яъни, жинлар осмонга аввалгидек ғайб хабарларни ўғриликча эшитиш, кишилар тақдирини билиш учун кўтарилганда тамоман бошқа ҳолатга дуч келганликларини айтмоқдалар.
Чунки жинлар Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлгунларича осмонга чиқиб ўз ҳожатларини раво қилиб қайтардилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга ваҳий кела бошлагач, осмонни кучли фаришталар қўришга ўтдилар ва жинларни турли жойлардан учқунлар билан қувиб ҳайдадилар.
Оятда жинларнинг ана шу ҳолатда ишора қилинмоқда. Иккинчи бир жиҳати бу оят жинлар бизнинг ер куррамиздан ташқарида ҳам ҳаёт кечириш хусусиятига эга эканлигига далилдир.
«Ва, албатта, биз у(осмон)да тинглашга қулай жойларга жойлашиб олар эдик. Энди эса, ким қулоқ солса, ўзини пойлаб турган учқунга дучор бўладир.
Ва, албатта, биз ер юзидагиларга ёмонлик ирода қилиндими ёки Роббилари уларга рушдни ирода қилдими-билмасмиз
».
Бу оятда жинлар ғайбни, кишилар тақдирини билмасликларини ўзлари эътироф қилмоқдалар.
«Ва, албатта, биздан солиҳлар ҳам ва бошқалар ҳам бор. Турли гуруҳлар бўлган эдик».
Яъни, жинлар турли фирқаларга, динларга бўлинган экан. Уларнинг ичида иймонли, солиҳлари ҳам бор, иймонсиз кофирлари ҳам бор экан. Бу ҳақиқатни Қуръони Каримни эшитишлари билан дарҳол тушуниб етдилар. Қуръон тарозуси билан ўлчаб ким солиҳу ким адашганлигини англаб етдилар.
Ажабланарлиси шуки, жинлар бу ҳақиқатни жуда ҳам қисқа вақтда англаб етишларига қарамай, инсонларнинг кўплари ҳозиргача ҳақ йўл қолиб ноҳақ йўлда бормоқдалар. Оқибати нима бўлишини эса ҳеч ким ўйламайди.
«Ва, албатта, биз Аллоҳни ер юзида ожиз қолдира олмаслигимизга ва Ундан қочиб қутила олмаслигимизга ишондик».
Яъни, Аллоҳнинг қудрати улуғ, нимани хоҳласа қилади, биз Унинг ҳузурида ожизмиз, ҳукмига тобемиз, қанча уринсак ҳам қочиб кета олмаймиз, дейишмоқда. Жинларни улуғлаб ҳамма нарсага қодир деб эътиқод қилувчилар адашганликларига ишорадир бу.
«Ва, албатта, биз ҳидоятни эшитган пайтимизда унга иймон келтирдик. Кимки ўз Роббисига иймон келтирса, савоби озайиб қолишдан ҳам, унга оғир юк юкланишидан ҳам қўрқмайди».
Ҳа, Қуръонга ошно бўлиш, уни тинглаш, ўқиш, маъносини тушуниш иймонга сабаб бўладиган амаллардандир. Албатта, эътибор қулоғи билан Қуръон тиловатини тинглаш жуда ҳам фойдали.
Мазкур оятда жинлар ҳам эшитишлари билан таъсирланиб иймонга келганликлари ўзларининг тилидан ҳикоя қилмоқдаки, бу бежиз эмас.
Шу билан бирга жинлар Аллоҳга иймон келтиришининг манфаатларини ҳам эслатиб ўтмоқдалар. Ўз Роббисига иймони бор одам савоблари камайиб қолишидан қўрқмайди.
Чунки қилинаётган ишларниг савобли бўлишида иймон шарт. Шу билан бир вақтда иймонли шахсга турли оғир юклар, қийинчиликлар юклатилмаслиги қам таъкидланмоқда.
«Ва, албатта, биздан мусулмонлар (бор) ва биздан адашганлар (бор). Кимлар Исломга кирса, бас, улар ҳақ йўлни танлабдилар.
Ва аммо адашганлар, бас, жаҳаннамга ўтин бўлибдилар
».
Ушбу икки оятда жинларда ҳам худди инсонлар каби мусулмонлар борлиги яна бир бор таъкидланмоқда. Мусулмонлари, тўғри йўлни танлаган жинлар. Яъни, кўр-кўргона эмас, балки танлаш, излаш, ўрганиш, солиштириш оқибатида Ислом шубҳасиз илоҳий дин бўлиб, ўзига эргашганларни икки дунё саодатига эриштиришга ишонч ҳосил қилгандан сўнг мусулмон бўлганлар.
Ҳозирги кунда шундай изланган, ўрганган одамлар ҳам дунёнинг турли бурчакларида гуруҳ-гуруҳ бўлиб Исломга кирмоқдалар.
Оятда йўлдан адашганлар жаҳаннамга ёқилғи бўлишликлари ҳам аниқ, очиқ-ойдин айтилмоқда.
«Ва агар улар тўғри йўлдан юрсалар, албатта Биз уларни кўп сув ила суғорамиз.
У ила уларни синаш учун. Ва кимки ўз Роббиси зикридан юз ўгирса, уни У зот қийин азобга соладир
».
Бу ерда Қуръон Карим ҳамма англаши зарур бўлган икки ҳақиқатни баён қилмоқда.
Биринчиси, яхши ҳаёт, фаровон турмуш, Аллоҳга бўлган иймону эътиқод, тақво ва тоат-ибодатнинг самараси эканлиги.
Иккинчиси, ушбу фаровончилик, тўқчилик ва серобчилик синов ва имтиҳон учунлиги, синов учун неъмат берилиши. Бу ҳол доимо ҳушёрликка, гуноҳлардан ҳазар қилишга ундайди. Мол-дунё, ризқ-рўзнинг сероб бўлиши одатда манманлик ва ношукрликка олиб келади. Оқибатда эса шиддатли азобга дучор бўлади.
Ва, албатта, масжидлар Аллоҳникидир. Бас, Аллоҳдан бошқага дуо қилманг».
Масжидлар Аллоҳга ибодат қилиш учун бино қилинган жойлардир, шунинг учун ҳам улар «Байтуллоҳ» –Аллоҳнинг уйи деб аталади.
Бошқа дин вакиллари ўз ибодатхоналарида Аллоҳга ширк келтиришар, ягона Аллоҳдан ўзгага ҳам ибодат, дуо қилишарди.
Аллоҳ таоло бу оятда Ўз Пайғамбари ва мўмин-мусулмонларни тавҳидга-фақат Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилишга чақиради.
«Ва, албатта, Аллоҳнинг бандаси Унга ибодат қилиб турганда улар унинг атрофида от ёлидек тўпланиб, босиб юборай дейишди».
Бу оятда жинларнинг Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига иккинчи бор келиб Қуръон эшитганлари пайти тасвирланяпти. Биринчи эшитганлар қайтиб бориб ўз қавмларига бўлган воқеани айтиб берганларидан сўнг улар тўпланиб келишган ва Пайғамабаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррама яқинидаги Ҳажун номли жойда «Ар-Роҳман» сурасини ўқиганларини эшитганлар.
Ўшанда жинларнинг сони етмиш мингга бўлганлиги ривоятларда келган. Қуръон эшитишга иштиёқлари зўр бўлганлигидан бир-бирларини суриб, отнинг ёли каби зичлашиб, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламниг бўйинларига чиқиб кетай дейишган. Бу оят ўша ҳолатни тасвирланмоқда.
Аллоҳ таоло «Аҳқоф» сурасида қуйидагиларни айтади: «Ва сен томон бир гуруҳ жинларни Қуръон эшитишга бурганимизни эсла. У(Қуръон эшитиш)га ҳозир бўлганларида: «жим, қулоқ осинглар!» дедилар. Қачонки, қироат охирлаганда, ўз қавмларига огоҳлантирувчи бўлиб қайтдилар», деган.
Оятдан маълум бўляптики, жинларнинг Қуръонга қулоқ осишлари тўсатдан, кутилмаганда содир бўлмаган, балки уларни Аллоҳ таолонинг Ўзи буриб қўйган. Бу фазлни Пайғамбар алайҳиссаломга ҳам эслатмоқда.
«Ва сен томон бир гуруҳ жинларни Қуръон эшитишга бурганимизни эсла».
Жинлар Қуръонни эшитишга ҳозир бўлганларида, инсонларга ўхшаб, бу ўтганларнинг афсоналари, сеҳр, шеър ёки уйдирма деб ўтирмадилар, балки,
«У(Қуръон эшитиш)га ҳозир бўлганларида: «Жим, қулоқ осинглар!» дедилар».
Ушбу омил уларнинг бахтига сабаб бўлди. Аввал яхшилаб қулоқ осдилар, ҳақни ботилдан ажратишга уриндилар. Ҳақиқатни тушуниб етганларидан сўнг эса, зудлик билан иймон келтирдилар. Иймон қалбларидан жой олгач, бу улкан неъматни ўз қавмлари билан баҳам кўришга шошилиб:
«Қачонки, қироат охирлаганда, ўз қавмларига огоҳлантирувчи бўлиб қайтдилар».
Ва:
«Улар: «Эй, қавмимиз! Биз Мусодан кейин туширилган, ўзидан аввалги нарса(китоблар)ни тасдиқловчи, ҳақ(дин)га ва тўғри йўлга ҳидоят қилувчи китобни эшитдик».
Оятдан маълум бўляптики, жинлар Мусо Пайғамбарни ва у кишига туширилган китобни ҳам билар эканлар. Улар илк эшитган оятларида Мусо алайҳиссалом ҳамда у зотга нозил қилинган «Таврот» китоби ҳақида гап бормаган бўлса ҳам, эшитган оятларининг маъноси, далолати, услуби ва бошқа жиҳатлари билан Қуръон ҳам Мусога туширилган китобни тасдиқловчи илоҳий китоб эканлигини тушуниб етганлар. Энг муҳими, жинлар Қуръони Карим оятларининг завқидан, таъсиридан, ҳаловатидан унинг тўғри йўлга бошлашидан бохабар бўлганлар ва қавмларига ҳам бу ҳақда хабар берганлар.
Сўнгра тушуниб етган шахс сифатида, огоҳлантириш зарурлигини англаб етган вакил сифатида, ўз қавмларини огоҳлантира бошлаганлар. Улар ўз сўзларининг давомида яна қуйидагиларни айтдилар:
«Эй, қавмимиз, Аллоҳнинг даъватчисига жавоб беринг ва Унга иймон келтиринг. У сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилар ва аламли азобдан сақлар».
Жинлар Қуръони Каримдан баъзи оятларни тинглашлари билан, уни инсу жинга юборилган илоҳий китоб эканлигини тушуниб етганлар. Шунингдек, Муҳаммад алайҳиссаломни Аллоҳнинг даъватчиси эканликларини, у зотнинг чақириқларига жавоб бериш лозимлиги, Аллоҳга иймон келтириш вожиблигини ҳам англаб етганлар.
«Эй, қавмимиз, Аллоҳнинг даъватчисига жавоб беринг ва Унга иймон келтиринг».
Энг муҳими, жинлар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қиратларини эшитганларидан сўнг, охиратни, қиёмат кунини билганлар, унда аламли азоблар борлигини, Аллоҳга иймонгина у азобдан сақлаб қолиши мумкинлигини фаҳмлаганлар.
«У сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилар ва аламли азобдан сақлар».
Афсуски, инсонлар бу борада жинларчалик ҳам эмаслар.
Жинлар ўз қавмларига қилаётган даъватлари охирида Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига иймон келтирмасликнинг оқибати нима бўлишини баён қиладилар:
«Кимки, Аллоҳнинг даъватчисини қабул қилмаса, бас у ер юзида қочиб қутила олувчи эмасдир ва унга У зотдан ўзга валийлар ҳам йўқдир. Ана ўшалар очиқ-ойдин залолатдадир», дедилар».
Бу ояти каримада динни қабул қилмаган кофирлар ҳақида хабар берилмоқда. Улар Аллоҳнинг даъватчиси-Пайғамбарини қабул этмай, динни эътироф қилмай нима ҳам қила олар эдилар. Яратгандан қочиб қутилишнинг иложи борми? Улар Аллоҳнинг мулкидан ҳеч ерга қочиб чиқиб кета олмайдилар.
Моликул мулк бўлган қудратли Аллоҳ уларга кофирликларининг жазосини албатта беради. У азоблашни истаганда эса, кофирларни аламли азобдан ҳимоя қилувчи валийлари-дўстлари ҳам бўлмайди.
«Кимки, Аллоҳнинг даъватчисини қабул қилмаса, бас у ер юзида қочиб қутила олувчи эмасдир ва унга У зотдан ўзга валийлар ҳам йўқдир».
Аллоҳнинг даъватчисини инкор этиб бу ноқулай ҳолатга тушиб қолганлар очиқ-ойдин залолатдадирлар. Ҳа,
«Ана ўшалар очиқ-ойдин залолатдадир».
Демак, залолатда қолмаслик учун Аллоҳнинг даъватчисини дарҳол қабул қилмоқ, айтганига юрмоқ зарур.
Мўмин-мусулмон инсоннинг Қуръонда келган ҳар бир хабарга иймон келтириши фарз. Худо кўрсатмасин, Қуръондаги бирор хабарга шубҳа билан қараш, ишонмаслик кофирлик бўлади.
Шундан келиб чиқилса, жин ҳақида Қуръонда оят келиши уларнинг борлигига иймон келтиришни барча мусулмонларга фарз қилади. Шундай экан, бир оз тўлароқ тушуниш учун бу борада баъзи маълумотларни ўрганиб қўймоғимиз зарур.
Маълумки, дунё сиру асрорларга тўла. Биз ҳали моҳиятини, сифатини, таъсирини билмайдиган ҳодисалар атрофимзда тўлиб-тошиб ётибди. Бирор нарса кўзимизга кўринмаса, уни йўқ дейишга ҳаққимиз йўқ. Ҳар куни янги нарсалар, махлуқотлар кашф этиляпти. Кеча билмаган нарсаларимиз бугун кашф этилса, биз уни йўқ эди дея олмаймиз. Балки, кеча бу бор нарсани биз билмас эканмиз, деймиз. Ҳозирги кунда ўтган аждод билмаган, хаёлига ҳам келтирмаган қанчадан-қанча нарсаларни биляпмиз. Албатта, биз билган нарсалар, кейинги авлодлар учун ўйинчоққа ўхшаб қолади. Бу нарсалар Аллоҳ таоло инсонга берган қобилиятлар ёрдамида кашф қилинмоқда, буларнинг ҳаммаси инсон идроки чегарасидаги нарсалардир. Келажакда яна кўп нарсалар кашф этилиши турган гап. Демак, бирор нарсани бор ёки йўқ деб жазм ила ҳукм чиқариб юборишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Биз бандаларнинг идрокимизни ишга солмай, Аллоҳ таоло Ўзи баъзи сирни кашф этиб берса шукр қилиб қабул этмоғимиз лозим. Масалан, жинга ишониш масаласида ҳам Аллоҳ таоло Ўз каломида сиз билан бизга жинлар ҳақида маълумот берган экан, уни ихлос билан қабул этиб, ишониб, иймон келтирмоғимиз лозим.
Аллоҳ таолонинг бизга билдиришича, жин деб аталган махлуқот бор, у оловдан яратилган. Иблис ҳам жинлардан ҳисобланади. Жинлар одамларни кўради, одамлар уларни кўрмайди.
Жинларнинг ҳам инсонларга ўхшаш жамоатлари, қабилалари, гуруҳлари бор. Улар ҳам ер куррасида яшаш қобилиятига эга. Бошқа сайёраларда яшаш имконлари ҳам мавжуд. Залолатга кетган инсонларни йўлдан оздириб, фикрларига таъсир ўтказишлари мумкин. Инсоннинг овозини эшитиб, тилини тушунишади.
Уларнинг ичида мусулмонлари ҳам, кофирлари ҳам бор. (Ўғлига Қуръон ёдлатмоқчи бўлган жин бизга таниш қорилардан бирига ёрдам сўраб мурожаат қилгани бизга ҳам маълум).
Жинларнинг Қуръон тинглаганликлари ҳақидаги ривоятларни синчиклаб ўрганиб чиққандан сўнг маълум бўладики, айнан шу сафар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзлари, жинлар у зотнинг тиловатларига қулоқ осганидан ва ундан кейинги гаплардан бехабар бўлганлар. Фақат Аллоҳ таоло оят туширириб хабар берганидан сўнг билганлар.
Аммо ушбу воқеадан сўнг жинлар яна келиб тинглашганда, Пайғамбар алайҳиссалом бу галгисини билиб турганлар.
Имом Муслим қилган ривоятда, бир куни саҳобалар Пайғамбаримиз алайҳиссаломни йўқотиб қўйиб, хижолат бўладилар. Биров бир нарса қилдимикан ёки бирор ҳодиса бўлдимикан, деб водийларни, тепаликларни қараб-ахтариб чиқадилар. Кечаси билан хавотирда тонг оттирадилар. Тонг отганидан сўнг у зотни Ҳиро ғори томонидан келаётганларини кўрадилар. Олдиларига бориб, сизни йўқотиб қўйиб ахтардик, топа олмай тунни безовта ўтказдик, дерлар Пайғамбар алайҳиссалом эса: «Жинларнинг вакили келувди, бирга бориб уларга Қуръон ўқиб бердим», деб жавоб берадилар ва саҳобаларни етаклаб бориб, жинларнинг изларини ва гулханларининг қолдиқларини кўрсатадилар.
Биз бу ҳодисанинг қисқача баёнини келтирдик. Ровийлар улуғ саҳобий Абдуллоҳ Ибн Масъуддан ривоят қиладиларки:
«Расулуллоҳ бир куни саҳобаларга, ким жинлар ишига ҳозир бўлишни истаса, бу кеча марҳамат қилсин, дедилар. Мендан бошқа ҳеч ким бормади. Юриб бориб Макканинг юқорисига етганимизда оёқлари билан менга чизиқ чизиб бердилар-да, шундан чиқмай ўтир, дедилар. Ўзлари узоқроқ бориб Қуръон ўқий бошладилар. Бир зумда у кишини қора нарсалар ўраб, икковимизнинг орамизни тўсиб қўйди, мен овозларини ҳам эшитмай қолдим. Сўнгра ҳалиги қора нарсалар булутга ўхшаб парча-парча бўлиниб, тарқаб кета бошлади. Фақат бир бўлаги қолганда Расулуллоҳ бомдод намозини тугатдилар, бориб таҳорат ушатдилар ва менинг олдимга келиб, ҳалигилар нима қилди, деб сўрадилар. Мен, ҳов ана, туришибди, дедим. Пайғамбар алайҳиссалом уларга суяк ва тезакни бердилар. Бизни эса, суяк ва тезак билан истинжо қилишдан қайтардилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жинлардан бир Ифрийти кеча менга намозимни бузиш учун бирдан йўлиқиб қолди. Бас, Аллоҳ унга нисбатан менга имкон берди. Ҳаммангиз эрталаб туриб унга назар солишингиз учун уни масжиднинг устунларидан бирига боғлаб қўймоқчи бўлдим. Бас, биродарим Сулаймоннинг: «Эй, Роббим, менга мендан кейин ҳеч кимга бўлмайдиган мулкни бергин» деган гапини эслаб, уни ноумид қилиб қайтариб юбордим», дедилар
».
Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: «Ифрийт»–ўтакетган ўзбошимча, ашаддий жин.
Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдалар:
1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам намозларини бузиш учун жин йўлиқиши.
2. Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга жинларни тутиб олиш, уларни хорлаш имконини бергани.
3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ифрийт жинни масжиднинг устунларидан бирига боғлаб қўйиш имконига эга бўлганлари.
4. Одамлар жинни кўриши мумкинлиги.
5. Пайғамбар алайҳиссаломлар бир-бирларини ҳурмат қилишлари. Муҳаммад ва Сулаймон алайҳиссаломларнинг Аллоҳ таолога қилган дуолари ҳурматидан ўзлари қодир бўлган ишни қилмаганликлари бунинг ёрқин мисолидир.
6. Жинларни масжидга кириши эҳтимоли борлиги.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шайтон унга араб жазийрасида намозхонлар ибодат қилишидан ноумид бўлди. Аммо уларни бир-бирларига қарши гиж-гижлайди», дедилар
».
Шарҳ: Бас, шундоқ экан бандалар шайтоннинг иғвочига учиб бир-бирлари билан жанжал қилмасинлар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Иблис ўз тахтини сув устига қўяди ва ўз лашкаридан гуруҳларни юборади. Уларнинг энг кўп фитначиси, унга энг яқинидир. Бириси келиб «ундоқ қилдим, бундоқ қилдим» дейди. У бўлса «ҳеч нарса қилмабсан!» дейди. Кейин бошқа бири келиб «уни қўярда қўймай хотини билан орасини буздим» дейди. У эса ўшани ўзига яқинлаштириб «Ҳа! Балли! Сенсан!» дейди», дедилар
».
Шарҳ: Бундан одамлар орасидаги алоқаларни бузиш шайтон энг яхши кўрадиган ишлардан бири экани келиб чиқади.

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кеча менинг олдимдан чиқдилар. Бас, менинг рашким келди. У зот келиб менинг қилганимни кўрдилар ва:
«Сенга нима бўлди? Эй Оиша? Рашк қилдингми?» дедилар.
«Менга нима бўлибди? Менга ўхшаш сизга ўхшашга рашк қилмасмиди?» дедим.
«Батаҳқиқ, сенга шайтонинг келдими?» дедилар.
«Эй Аллоҳни расули Мен билан шайтон борми?» дедим.
«Ҳа», дедилар.
«Ҳар бир инсон билан ҳамми?» дедим.
«Ҳа», дедилар.
«Сиз билан ҳамми? Эй Аллоҳни расули» дедим.
«Ҳа! Мен билан ҳам. Лекин Аллоҳ менга унинг қаршисига ёрдам берди ва у мусулмон бўлди», дедилар
».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1.Ҳаммада, ҳатто Оиша онамиздек улуғ зотда ҳам рашк бўлиши.
2.Ҳамма билан бирга юрадиган шайтон бўлиши.
3.Пайғамбар алайҳиссаломга бириккан шайтоннинг Аллоҳ таолонинг ёрдами ила мусулмон бўлгани.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлардан ҳар бир кишига албатта, Аллоҳ унинг жинлардан бўлган яқинини вакил қилиб қўйган бўлади», дедилар.
«Сизга ҳамми, эй Аллоҳни расули» дейшди.
«Менга ҳам. Илло Аллоҳ менга унинг қаршисига ёрдам берди ва у мусулмон бўлди. У менга фақатгина яхшиликни амр қилади», дедилар
».
Ушбу тўртовини Муслим ривоят қилган
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1.Ҳар бир кишига бириктирилган жин бўлиши. Уни шайтон ҳам дейилади.
2.Мусулмон шайтон-жин яхшиликка амр қилиши.
3.Бундан мусулмонмас жин ёмонликка амр қилиш келиб чиқади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Улар мусибат етганда .Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз,, дерлар.Ана ўшаларга Роббиларидан саловотлар ва раҳмат бор. Ана давоми...

6894 05:00 / 01.03.2017
Менга ишонинг, жанглар ичида энг оғири қалб поклигини муҳофаза қилиб киришилган жангдир.Бу ҳаёт қалбларни ўлдирмоқчи бўлади. Қанчалар зиён қилсангизда, давоми...

3570 12:00 / 05.05.2022
Бир нарсага ҳирс қўйиш унга қаттиқ муҳаббат қўйиб маҳкам ёпишиб олиш ила бўлади. Ҳирс асосан молу дунё, мансаб ва обрўга қўйилади. Чексиз умид эса инсон ўзига давоми...

3020 05:00 / 02.03.2017
Беморни кўргани бориш ва унга ширин муомала қилиш ҳақида бошқа ҳадиси шарифлар ҳам кўп. Бу ишни қилиш ҳар бир мусумоннинг диний бурчидир. Биз ўз динимиз давоми...

3672 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

135327 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55577 14:35 / 11.08.2021