1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Зўрлик билан тортиб олиш ҳаром

05:00 / 02.03.2017 3132 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зинокор зино қилаётганда мўмин бўлмас, ароқхўр ароқ ичаётганда мўмин бўлмас, ўғри ўғрилик қилаётганда мўмин бўлмас, талончи талон қилганда, одамлар унга кўзларини тикиб қараб қолганларида, у мўмин бўлмас», дедилар». Икки Шайх ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда мўминликка умуман мос келмайдиган баъзи ишлар ҳақида сўз бормоқда. Мўмин киши қилиши мутлақо мумкин бўлмаган баъзи ишлар ҳақида сўз бормоқда. Иймон билан бир жойда сўз бўлиши мумкин бўлмаган баъзи бир ишлар ҳақида сўз бормоқда.
Келинг, ўша ишлар ҳақида қисқача мулоҳаза юритиб чиқайлик:

1. «Зинокор зино қилаётганда мўмин бўлмас». 
Зино катта гуноҳдир. Бу гуноҳ энг юқори даражадаги хиёнатдир. Хиёнат, деганда, баъзи халқларга ўхшаб, умр йўлдошига хиёнатчини тушунилмайди Исломда.
Балки, кенг маънодаги хиёнат: Аллоҳга, Расулга, дину диёнатга, жамиятга, келаж авлодларга, инсониятга, ўзига ва мўминлика хиёнат тушунилади.
Аллоҳни таниган одам зино қилмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга умматман, деган одам зино қилмайди.
Дину диёнатим бор деган одам зино қилмайди.
Ўз жамиятимга содиқ аъзоман, деган одам зино қилмайди. Чунки, унинг бу иши у яшаб турган жамиятга зарар келтиради.
Келажак авлодларга яхшилик қилмоқчи бўлган одам зино қилмайди. Чунки, зино наслнинг бузилишига олиб борадиган жиноятдир.
Инсониятга яхшилик қилмоқчи бўлган инсон зино қилмайди. Чунки зино инсониятга зарар келтирадиган гуноҳдир.
Ўзига ўзи яхшилик қилмоқчи бўлган одам ҳам зино қилмайди. Чунки, зино зинокорни одамгарчиликдан чиқаради.
Мўминликдан умиди бор одам зино қилмайди. Чунки, зино иймонга зид нарсадир.
Ушбу ҳадиси шариф ҳам шунга далилдир. Ушбу иборани турлича тушуниш мумкин. Бу ишни қилган одам кофир бўладидан тортиб, энг осони, шу ишни қилаётган пайтида иймони чиқиб туради, дейишгача. Иймонли одам учун иймондан бир лаҳза ажрашдан кўра каттароқ мусибат йўқ.

2. «Ароқхўр ароқ ичаётганда мўмин бўлмас».
Зино ҳақида айтилган гапларни ароқхўрлик ҳақида ҳам айтиш мумкин. Ароқхўр, энг кам деганда, ароқ ичган пайтида ундан иймони чиқиб туради. Шунинг учун уламоларимиз, ароқ ичиб ўлиб қолган одамга жаноза ўқилмайди, чунки, у кофир кетган бўлади, дейишган.
Маст ҳолда йиқилиб ёки бошқа сабабдан ўлган одамга, ўша ароқдан бошқа нарса сабабидан ўлган деган таъвийл билангина жаноза ўқишга рухсат берганлар.

3. «Ўғри ўғрилик қилаётганда мўмин бўлмас». 
Мўмин бўлса бировнинг нарсасини ўғирлармиди?! Ўғри учун бўладиган энг енгил ҳукм ҳам, ўғрилик қилаётганда ундан иймон чиқиб туради, деган ҳукмдир.

4. «Талончи талон қилганда, одамлар унга кўзларини тикиб қараб қолганларида, у мўмин бўлмас».
Бировнинг молини зўрлик билан тортиб олиш ҳам энг катта гуноҳлардан. Бу иш ҳам мўминликка ҳеч тўғри келмайдиган иш. Бировнинг молу мулкини зўрлик билан, ноҳақдан тортиб олувчи киши ҳақидаги энг енгил ҳукм ҳам, ўша пайтда ундан иймон чиқиб турушидир. Шунинг учун ҳеч қачон ҳеч кимнинг заррача молини ҳам ноҳақдан олмаслик керак.
Имом Бухорий Солим розияллоҳу анҳудан, у киши ўз отасидан қилган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ердан ноҳақлик ила бир нарса олса, қиёмат куни етти қават ерга ютдирилур», деганлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Суратда дунёнинг энг кучли футбол жамоаларидан бирида тўп сурувчи, замонамизнинг машҳур футболчиларидан бири бўлган Садио Мане. Жамоаси Лига кубогини қўлга давоми...

4029 11:30 / 05.08.2022
Устозларни ҳурмат қилиш диннинг шиорларидан биридири. Зеро олимларни эъзозлаш ва ҳурмат қилиш динимиз кўрсатмаси ҳисобланади. . ,. .Анас розияллоҳу давоми...

5367 05:00 / 03.03.2017
Тамакининг шаръий ҳукмиНабий соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ҳам, саҳоба ва тобеъинлар даврида ҳам тамаки ва нос деган нарсалар бўлмаган. Тўғрироғи ўша давоми...

5738 05:00 / 02.03.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.Ўзининг Китобини мўминларга мавъиза ва зикр қилиб нозил қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга давоми...

4594 17:42 / 20.04.2018