1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИ КУРАШ ҲАММАНИНГ БУРЧИДИР

05:00 / 01.03.2017 4250 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг охирги дини Исломнинг ҳар замон ва ҳар маконга салоҳиятли эканини ҳозирги давримиз муаммоларини ҳал қилиш учун бўлаётган ҳаракатлар жараёнида яққол тушуниб олса бўлади. Хусусан, сиз билан бизга ушбу сатрларда мавзуъ бўлиб турган гиёҳвандлик масаласида бу масалани яққол тушуниб олса бўлади. Бу ҳақиқатни минг тўрт юз йил аввал келган ояти карима ва ҳадиси шарифларни ўрганишимиз жараёнида яна ҳам чуқурроқ англаб оламиз. Келинг, мазкур жараённи гиёҳвандликка қарши кураш ҳар барчанинг бурчи эканлигига далил бўладиган ҳадиси шарифни ўрганишдан бошлайлик.

Буюк муҳаддис Имом Бухорий ривоят қилган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг машҳур ҳадиси шарифларида: «Сиздан ким ёмон-мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар бунга қодир бўлмаса тили билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса дили билан, ана ўша иймоннинг заифлигидандир», деганлар.
Мункар иш дегани, ёмон иш деганидир. Бугунги кунимизда гиёҳвандлик ёмон ишларнинг ҳам энг ёмонидир.
Ушбу ҳадиси шариф ҳукмига биноан гиёҳвандликка қарши кураш ҳамманинг бурчидир.
Биринчи навбатда имкони борлар учун мазкур кураш амалий равишда бўлиши керак. Бунга асосан, ҳукумат доиралари киради. Уларда бу мункар ишни қўл билан, яъни, амалий равишда ўзгартиришга ҳам ҳақ-ҳуқуқ, ҳам имкониятлар бор. Зотан бу ишни қилиш уларнинг бурчлари ҳам. Айниқса, гиёҳвандликка қарши курашга масъул бўлган идоралар ва шархслар бу ҳақиқатни яхши англаб етмоқлар зарур. Улар бу ишда сусткашликка йўқ қўйишлари мутлақо мумкин эмас.
Шунингдек, гиёҳвандликдек ёмон мункарга қўли билан қарши турадиганларга ушбу ёмонликни йўқ қилиш, олдини олишга оид барча ишларда ишлайдиган шахслар кирадилар. Уларнинг ичида гиёҳванд моддаларнинг чегарадан олиб ўтилмаслиги учун ҳушёр турган чегарачи ҳам, ҳийла йўли билан гиёҳванд моддаларни олиб ўтишга уринганларнинг фош қилишда ташаббус кўрсатган божхона ходими ҳам, гиёҳвандларни даволаш билан машғул шифокор ҳам ва бошқа шунга ўхшаш вазифаларни адо этаётган шахсларнинг барчаси ҳам кирадилар.
Гиёҳвандлик мункарини қайтаришнинг иккинчи даражаси, тил билан бўлади.
Қисқа қилиб айтилганда ушбу балога қарши тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришдир. Бу иш билан шуғулланадиганлар қаторига ахборот воситалари масъуллари ва ходимлари, ёзувчилар, зиёлилар, газетачилар ва уларга ўхшаш ишлардан ишлайдиган кишилар кирадилар.
Албатта, мусулмон уламолар бу рўйхатнинг бошида турадилар. Уларнинг бу иш буйича масъулиятлари ҳамманикидан кучли.
Гиёҳвандликка қарши курашда мазкур соҳаларнинг соҳиблари билан бир қаторда ҳар бир инсон ҳам бирга бўлиши зарур. Бир оғиз сўз билан бўлса ҳам гиёҳвандликка қарши курашдек савобли ишга ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим.
Агар шунга ҳам қодир бўлмаса ушбу ҳадиси шарифда айтилганидек, гиёҳвандликка дили билан қарши бўлмоғи лозим. Ана ўша энг иймони заиф шахснинг иши бўлади.
Демак, мункар ишни дили билан инкор қилган, унга қўшилмаган, рози бўлмаган мусулмоннинг иймони заиф бўлади. Иймони заиф бўлмаса ёки тили билан, ёки қўли билан ёмонликни бартараф қилишга уринади.
Гиёҳвандликка қарши кураш омавий бўлиши лозимлигини янада чуқурроқ англаб етишимиз учун қуйидаги ҳадиси шарифни яхшилаб ўрганмоғимиз лозим бўлади.
«Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан у киши Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қиладилар: «Аллоҳнинг ҳадди-чегарасида турганлар ва ундан чиққанларнинг мисоли худди бир кемадан қуръа орқали жой олган кишиларга ўхшайди. Уларнинг баъзиси кеманинг юқорисидан, баъзиси пастидан жой олдилар. Пастдагилар сувга ҳожатлари тушса юқоридагиларнинг олдидан ўтар эдилар. Улар, юқоридагиларга озор бермаслигимиз учун ўз улушимиздан бир жойни тешиб олсак қандоқ бўларкин, дедилар. Агар уларни истаклари ила қўйиб қўйсалар ҳаммалари ҳалок бўлурлар. Агар уларнинг қўлларидан тутсалар улар ҳам, бошқалар ҳам ҳаммалари нажот топурлар».
Имом Бухорий ривоят қилган.
Бугунги кунимизда гиёҳвандлик қилаётганлар, ул моддаларни етиштириб, ишлаб чиқараётганлар, ташиётганлар, сотаётганлар барча-барчалари ҳаммамизнинг ҳаёт кемамизни тагидан тешиб ғарқ этишга ҳаракат қилаётган жоҳиллардир. Агар кўплашиб уларнинг қўлидан тутмасак, ҳаммамиз бараварига ғарқ бўлиб ҳалокатга учрашимиз турган гап.
Ҳа, ўзини, оиласини, яқинларини, бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир шахс учун гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлиш зарурдир.
Бу ишда ҳар ким қўлидан келган ҳиссасини қўшмоғи матлубдир. Билиб туриб бепарво бўлишга ҳеч ҳаққимиз йўқ.
Азизлар, мазкур соҳада Ислом дини таълимотларини ўрганишдан олдин баъзи бир луғавий тушунчаларни ўзлаштириб олишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Мен тушимда боғни, боғнинг ўртасида устунни, унинг бошида ҳалқани кўрдим. Менга, кўтарил, дейилди. Мен, қодир давоми...

5412 05:00 / 03.03.2017
Япониялик имом Аҳмад Маэно ҳаётида бўлиб ўтган воқеани шундай ҳикоя қилиб беради.Мени роҳиб бўлишимдан тўсган сабаблардан бири, диний ва одатий ҳаётни бирбиридан давоми...

1928 17:30 / 09.06.2022
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга назар қилмайди. Лекин давоми...

6922 05:00 / 03.03.2017
Сўкиш ва ачитиб гапиришни жамлаб олингани арабчада .Базоъа, дейилади. У луғатда тилдаги рост бўлса ҳам аччиқ ва бешарм гапдир.Уламолар уни қуйидагича давоми...

7597 05:00 / 03.03.2017
Аудиолар

213567 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132775 14:35 / 11.08.2021