1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Ўғлим намозингни кечиктирма, Аллоҳ қиёматда кечиктириб қўймасин!

11:00 / 20.01.2022 2930 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ота айтади: «Менинг қизим уч ёшда эди. Намозимдаги ҳаракатларимга тақлид қилиб, мен билан масжидга чиқишни яхши кўрар эди. Бир куни масжидга олиб чиқдим. У орқа қаторларда мени кутиб ўтирарди. Бироқ ҳар хил ёш болача қилиқлар ва ҳаракатлар қила бошлади. Намоздан сўнг мен уни қаттиқ уришдим. Ўша вақтдан бошлаб, қизим масжидни ёмон кўриб қолди. Мендан қайта олиб чиқишимни талаб қилмади. Ҳозир қизим ўн икки ёшда. У намозини мунтазам ўқиши учун жуда ҳам қийналаман».

Бир йигит айтади: «Бир куни мен ўйин билан машғул бўлиб, намозим ёдимдан кўтарилди. Ўша вақтда отам мени қаттиқ урдилар ва дўстларимни олдида жуда ҳам хорладилар. Отам бу ишни намозга ҳарис бўлишим учун қилган эдилар, аммо вазият мутлақо тескариси бўлди. Мен отамдан дакки эшитмаслик учун ҳар хил ёлғон ишлатиб, намозни ташлайдиган бўлиб қолдим. Шу даражага етган эдимки, ҳатто дадам билан масжидга борганимда, бир эшигидан кириб иккинчи эшигидан чиқиб кетар эдим. Баъзи пайтларда имом нима деганини айтиб бериш учун масжидни ташқарисида ўтирар эдим. Аллоҳ мени ҳидоятга бошлагунига қадар бир неча йиллар мобайнида бу ишларни бажариб юрдим. Шунда мен тўғри йўлни топдим. Амин бўлдимки, ёш болаларни қўпол жазолаш уларнинг намозга бўлган муҳаббатини сўндириб, балки уни ёмон кўришга олиб келар экан».

Қизлардан бири айтади: «Бир куни отам мени телевизор томоша қилиб, намоз ўқимасдан ўтирганимни кўриб қолдилар ва тўғри бориб, телевизорни синдириб ташладилар. Мана шу ишлари орқали улар: «Мен фарзандимни намоз ўқишга ундадим» деб ўйладилар. Аммо бу ишлари менга тескари таъсир қилди. Мен ўзимни ҳудди намоз ўқиётгандек кўрсатар эдим. Намоз ҳаракатларни ўзини бажарар эдим. Ҳатто таҳорат ҳам олмас эдим. Бир сўз билан айтганда, мажбурликдан намоз ўқир эдим. Аллоҳ мени ҳидоятга бошлагунига қадар, шу ишларни бажариб юрдим. Агар Аллоҳнинг ўзи мени қутқармаганида, отамнинг урушлари сабабли ҳалигача намоз ўқишни ҳаловатини ҳис қилмаган бўлар эдим».

Яна бир қиз айтади: «Мен бир куни ёшлигимда пешин намозини ўқишни унутиб қўйдим. Отам менга жазолаш мақсадида битта пешин намозини беш маротаба ўқишни буюрдилар. Мана шу тутган йўллари тўғримиди? Мен шу йўл билан намозни яхши кўриб қолармидим? Катта бўлганимда отам қилган иш катта хато эканлигини тушундим ва Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламдан ворид қилинган: «Менинг умматимдан хато қилиш, эсдан чиқариш ва мажбурлаб қилинадиган иш каби гуноҳлар кўтарилган» ҳадисларини ва Имом Муслим ривоят қилган яна бошқа бир ҳадисда: «Ким намозини ўқишни унутиб қўйса, уни ёдига тушган заҳоти дарров ўқисин! Унинг бошқа кафорати ҳам йўқ!» деб айтган ҳадисларини гувоҳи бўлдим».

Баъзи вақтларда итоб маломат орқали айтилган меҳрли сўзлар, таёқ бажара олмайдиган вазифани бажарар экан. Сизларга бундай тажрибалардан бир нечтасини тақдим қиламиз:

Йигитлардан бири айтади: «Мен ёшлигимда бомдод намозини ўқишга дангасалик қилар эдим. Отам мени итоб маломат орқали чиройли гаплар билан: «Намоз ўқимай туриб, Аллоҳнинг ризқидан қандай қилиб чой ичасан?» дер эдилар. Отамнинг бу гаплари уялишимга мажбур қилар эди. Шу орқали мен бомдод намозини муҳофаза қилишни бошладим».

Бир она айтади: «Ўғлим институт талабаси эди. Баъзи пайтлар хуфтон намозини ўқимасдан, ухлашга ётганини сезганимда хонасига кириб: «Ўғлим хуфтон намозини ўқидингизми?» деб сўрайман. Ўзини ухлаганга солиб, паст овоз билан: «ҳа» деб айтади. Шу пайт мен унга: «Сендаги энг чиройли нарса бу ёлғон гапиришни билмаслигингдир. Эй мен яхши кўрадиган фарзандим! Тургинда, намозингни ўқи! Умрлар Аллоҳнинг қўлида!» деб айтар эдим. Сўнгра, у менга итоат қилиб намозини ўқиб олади. Фарзандимнинг энг қийин даврида, сўзимни ўтказиш учун мулойим гапиришни энг яхши қурол деб билдим».

Яна бир йигит айтади: «Ёшлигимда намозга кечга қолганим сабабли иккита намозни бирлаштириб ўқир эдим. Жума кунлари эса маъруза тугашига яқин борар эдим. Онамнинг менга айтган икки оғиз гаплари менинг ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборди. Онам менга: «Эй ўғлим, намозни кечга қолдирмагин! Қиёматда Аллоҳ ҳам сени кечга қолдириб қўймасин!» деб айтдилар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бир неча ҳадисларини гапириб бердилар:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жума намозига қатнашинглар ва жуманинг маърузасига ҳам чиқинглар. Имомга яқинроқ ўтиринглар, негаки, ким имомдан (кеч қолгани учун) узоқлашса, жаннатга кирганида менинг олдимга яқинлаша олмайди».

Бошқа бир ҳадисда: «Баъзи одамлар биринчи сафга кечга қолишади. Натижада Аллоҳ уларни кечга қолдириб қўяди» деб ривоят қилганлар.

Онам бу ривоятни айтиб берган кунларидан бошлаб, мен масжидга биринчилардан бўлиб, чиқишга қарор қилдим. Орадан йиллар ўтиб, ҳаётимда илмий ва амалий йўлда мувафаққиятларга эришдим. Аллоҳни меҳрибон эканлигини ҳис қилиб, мени қиёмат куни кечга қолдириб қўймаслигини умид қилдим».

Тавсия: Агар фарзандингизни намозга шижоатлантирмоқчи бўлсангиз, энг яхши гап бу: «Эй, ўғлим намозингни кечиктирма, Аллоҳ сени қиёматда кечиктириб қўймасин!» деб айтиш.

Ҳабибуллоҳ Ахмаднинг «Намоз» китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Поклик ndash .Таҳорат, сўзи луғатда .тозалик ва озодалик, маъносини англатади. Шариатда эса, у таҳорат, ғусл, таяммум каби намоз ўқиш учун керакли покланишларга давоми...

7958 05:00 / 09.01.2017
.Бир дўстимнинг зиёратига борган эдим. У солиҳ, мураббий шайхлардан эди. Мажлисимизда унинг ўғлининг икки ажойиб, гўзал дўстлари ҳам бор эди. Шомга азон айтилди. давоми...

5703 09:00 / 02.01.2022
Баъзи оталар фарзандимнинг дўстлари .Намоз ўқимайди, деб шикоят қилади. Шу туфайли болам намозга дангаса бўлиб қолишига туртки бўляпди. Бола масжидга деб чиқиб, давоми...

1968 16:00 / 16.01.2023
Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сажда қилсалар, икки тиззаларини икки қўлларидан олдин қўяр эдилар. давоми...

4336 05:00 / 04.01.2017
Аудиолар

135109 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55385 14:35 / 11.08.2021