1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

САҲВ САЖДАСИНИНГ САБАБЛАРИ

05:00 / 04.01.2017 6079 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шарҳ: «Саҳв» сўзи луғатда «унитиш» маъносидадир.
Намозда маълум бир амалларни унитилса, ундан ҳосил бўлган нуқсонни саҳв саждаси қилиш ила тўғрилаб олиш имкони бор. Бу ҳам Ислом дини, енгиллик дини эканлиги, Аллоҳ таоло мусулмонларга меҳрибон эканлигининг ёрқин далилидир. Намозда хато қилган одам уни яна қайтариб ўқимасдан ёки бошқа бирор жавобгарликка қолмасдан, икки марта ортиқча сажда қилиб қўйиш билан ҳамма иш тўғри бўлиб кетаверади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз туриб намоз ўқий бошласа, албатта, шайтон келиб уни адаштира бошлайди, ҳаттоки, у қанча намоз ўқиганини билмай қолади. Бирингиз қачон шундоқ ҳолни топса, ўтирган ҳолида икки марта сажда қилсин», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Абу Довуд: «Саломдан олдин»ни зиёда қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Намоз ўқиётган одамни, албатта, шайтон адаштиришга уриниши.
2. Шайтоннинг адаштиришига учраган одам неча ракъат намоз ўқиганини билмай қолиши.
3. Қанча ракъат ўқиганини билмай қолган одам, намоздан туришидан олдин саҳв саждаси қилиши кераклиги.
4. Саҳв саждаси икки саждадан иборатлиги.
5. Саҳв саждаси саломдан олдин бўлиши.
6. Ҳанафий мазҳаби ушбу ривоятдаги «сажда қилсин», деган амр эътиборидан саҳв саждасини қилиш вожиб, деган.

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз намозда шакка тушиб қолса, бас, қанча ўқиганини билмай қолса, уч ракъатми, тўрт ракъатми? Бас, шакни ташласин ва ўзи қаттиқ ишонган томонига бино қилиб ўқисин. Сўнгра салом беришидан олдин икки марта сажда қилсин. Агар беш ракъат қилган бўлса, ўша икки сажда унинг намозини жуфтга айлантиради. Агар тўрт ракъатни тамом қилиш учун ўқиган бўлса, у икки сажда шайтоннинг бурнини ерга ишқаган бўлади», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда уч ракъат ўқидими, тўрт ракъат ўқидими билмай шакка тушиб қолган одам нима қилиши кераклигини баён қилинмоқда:

1. Шакни ташлайди. Умуман хаёлидан чиқаради.
2. Уч ёки тўртни танлайди, бир тарафини маҳкам ушлайди.
3. Сўнгра ўша қаттиқ ишонганига биноан намозини давом этдиради. Уч ракъатни ушлаган бўлса, яна бир ракъат ўқийди. Тўрт ракъатни ушлаган бўлса, ўша ракъатни давом этдириб, намозини тамомлайверади.
4. Кейин салом беришдан олдин икки саждаи саҳвни қилади.
5. Агар у уч ракъатни ушлаб, аслида тўрти тўғри бўлиб, қўшимча бир ракъат ила намози беш ракъат бўлиб қолса, қилган икки саждаи саҳви намозини олти ракъат – жуфт ракъат қилади.
6. Агар тўрт ракъатни ушласаю, аслида уч ракъат бўлиб, намози бир ракъатга камиб қолган бўлса, саждаи саҳви намозини тўлиқ қилади ва уни савобсиз қолдиришга уринган Шайтоннинг бурни ерга ишқалади.

Ушбу ҳадиси шарифда саҳв саждаси қанчалар ҳикматга эканлиги баён қилинмоқда.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз намозида унитиб қолиб бир ракъат ўқидими, икки ракъат ўқидими била олмай қолса, бир ракъат ўқидим, деб олсин. Агар икки ракъат ўқидими, уч ракъат ўқидими била олмай қолса, икки ракъат ўқидим, деб олсин. Агар уч ракъат ўқидими, тўрт ракъат ўқидими била олмай қолса, уч ракъат ўқидим, деб олсин ва салом беришидан олдин иккита саҳв саждаси қилсин», дедилар. Аҳмад ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало ҳадиси шарифнинг ровийcи Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Абдурраҳмон ибн Авф Зуҳарий ал-Қураший, кунялари Абу Муҳаммад.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Арқам ибн Абу Арқам ҳовлисига киришларидан олдин, Абу Бакр розияллоҳу анҳу воситаларида саккизинчи бўлиб Исломга кирган, Ҳабашистон ва Мадинага ҳижрат қилган, жаннатга киришга башорат берилган ўнта саҳобийларнинг бири.
Умар ибн Хаттоб халифалик даврларида олтита шўро асҳобларини бири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида, рози бўлган саҳобалардан, Бадр, Уҳуд, Хандақ, Ризвон байъати ва бундан ташқари ҳамма ғазотларда иштирок этган, Уҳуд кунида 21 жойидан жароҳатланган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам воситаларида Саъд ибн Абу Робиъ билан Исломий биродар бўлган, савдогар, бадавлат, саҳий саҳобалардан эдилар.
Бу зот кўп мол соҳиби эдилар. Бир кунни ўзида ўттизта қул озод қилганликлари ва бир карвонни Аллоҳ йўлида эҳсон қилганликлари тўғрисида китобларда ёзилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Абдурраҳмон ибн Авф осмонда ҳам ерда ҳам аминлардандир»деб марҳамат қилганлар.
Бу зот ҳаммаси бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 65та ҳадис ривоят қилганлар. Бу зотдан эса, Ибн Аббос, Ибн Умар, Жобир, Анас ибн Молик, Жубайр ибн Мутъим, ўғиллари Иброҳим ва Хумайд, Абу Салама, Мусъаб ибн Умайр ва тобеинлардан ҳам бир нечалари ривоят қилишган.
Абдурраҳмон ибн Авф ҳижратнинг 32-йили Мадинада вафот этдилар ва «Бақийъ»га дафн қилиндилар.
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ракъатларнинг сонини унитиб қўйишнинг уч тури ва ул ҳолатларда нималар қилиш кераклиги баён қилинмоқда.
Кўриниб турибдики, неча ракъат ўқигани ҳақида шакка тушиб иккиланиб қолган одам оз томонини олмоғи яхши, шуниси эҳтиёт маъносида маъқул. Сўнгра саҳв саждасини қилиш билан камчилик тўғриланиб кетаверади.
Ўтган ҳадислар ва ушбу ҳадисни далил қилиб Шофеъий мазҳаби саҳв саждаси саломдан олдин бўлади, дейди.

Абдуллоҳ ибн Буҳайна розияллоҳу анҳудан ривоят: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешинни ўқиётиб икки ракъатни ўқигандан кейин ўтирмай туриб кетдилар. Намозни тамомлаганларида икки марта сажда қилдилар. Ундан кейин салом бердилар. У икки саждани у зот билан одамлар ҳам қилдилар. Бу унитган ўтириш ўрнига эди». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало ҳадиси шарифнинг ровийcи Абдуллоҳ ибн Буҳайна розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Абдуллоҳ ибн Молик ибн Буҳайна, кунялари Абу Муҳаммад, оналари Буҳайна бинти Ҳорис ибн Мутталиб, оталари Молик ибн Ҳишом Аздуманда қабиласидан. Бу кишини оталари ва оналарига нисбатан берилиб мана шундоқ, деб исмланди. Бу зот умр бўйи рўза тутар эдилар ва фозил кишилардан эдилар. Ва яна Мутталиб Абдуманоф қабиласининг бошлиқларидан эдилар.
Бу киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида бўлдилар ва бир нечта ҳадислар ривоят қилдилар. Мадинадан 30 мил узоқликда бўлган «Батну рийм» деган жойда истиқомат қилдилар.
Ушбу ривоятда икки ракъатдан кейин биринчи қаъдага ўтирмаслик, ташаҳҳудни ўқимаслик ҳам саҳв саждаси сабабларидан эканлиги кўриниб турибди.
Шунингдек, имом саҳв саждаси қилса қавм ҳам қилиши зарурлиги билинмоқда.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон имом икки ракъатдан кейин туриб кетса, агар ғоз туриб олишдан олдин эслаб қолса, ўтирсин, агар ғоз туриб олган бўлса, ўтирмасин, икки марта саҳв саждаси қилиб олади», дедилар». Абу Довуд, Аҳмад ва Байҳақийлар ривоят қилишган.
Шарҳ: Ким икки ракъатдан кейин биринчи ташаҳҳудга ўтирмай туриб кетса, ёки тик турганлик ҳолига яқинлашиб қолса, намозини давом этдириб, охирида икки саҳв саждасини қилиб олиши билан намози тугал бўлади. Агар энди ҳаракат қилаётганда ёки тик тургандан кўра, ўтирган ҳолга яқин бўлган ҳолатда эслаб ўтириб олса, ҳеч нарса бўлмайди, намозини давом этдираверади.

Зиёд ибн Илоқа розияллоҳу анҳудан ривоят: «Муғийра бизга намозга ўтди. Икки ракъат ўқигандан кейин, ўтирмай туриб кетди. Бас, орқасида турганлар тасбиҳ айтдилар. У эса уларга, туринглар, деб ишора қилди. Намоздан фориғ бўлганида, салом берди ва икки саҳв саждасини қилди ва:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар», деди». 
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало ҳадиси шарифнинг ровийcи Зайд ибн Илоқа розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Зайд ибн Илоқа ибн Молик ас-Саълабий, кунялари Абу Молик Куфий, ҳижратнинг 36-йилида таваллуд топдилар.
Ҳадис илмида ишончли бўлиб, ҳадис олимлари бу зот ривоят қилган ҳадисларни, саҳиҳ деб тан олишган. Бу зот тобеинлардан бўлиб, ҳадисларни амакиларидан, Усома ибн Шарик, Жарир ибн Абдуллоҳ, Муғийра ибн Самуралардан ривоят қилдилар. Бу кишидан Суфён, Аъмаш, Симок ибн Ҳарб, Шайбонийлар ривоят қилишади.
Зайд ибн Илоқа ҳижратнинг 135-йили вафот этдилар.
Имом адашиб намозда хато қилса унга эслатиш учун ортида иқтидо қилиб турган қавмлар «Субҳаналлоҳ!» деб тасбиҳ айтиб огоҳлантирадилар. Ана шунда имом ўз хатосини тўғрилаб олади. Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳу қавм тасбиҳ айтган пайтда ғоз туриб қайта ўтирса бўлмайдиган ҳолга етиб бўлганлари учун ўтирмадилар. Қавм эса, у кишини ўтиришларини кутиб, ўтириб қолдилар. Шунда Муғийра розияллоҳу анҳу уларга, туринглар, деб ишора қилдилар. Намозни давом этдириб салом бердилар ва кейин саҳв саждасини қилдилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Имом адашса қавм тасбиҳ айтиб уни огоҳлантириши.
2. Тик туриб олгандан кейин биринчи ташаҳҳудга қайтиб ўтириш мумкин эмаслиги.
3. Имом қавмга, туринглар, деб ишора қилиши мумкин.
4. Саҳв саждасини саломдан кейин қилиниши.
5. Имом қавм тушунмай қолган нарсани уларга баён қилиб бериши зарурлиги.
6. Муғийра розияллоҳу анҳунинг қилган ишлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишларига мос эканлиги.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Аср намозини ўқиб бердилар. Икки ракъатдан кейин салом бердилар. Бас, Зул Ядайни туриб: «Эй, Аллоҳнинг Расули, намоз қисқардими ёки ёддан чиқардингизми?» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бири ҳам бўлгани йўқ» дедилар.
«Батаҳқиқ, ўшанинг баъзиси бўлди, эй, Аллоҳнинг Расули», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга юзланиб: «Зул Ядайни рост айтаяптими?» дедилар.
«Ҳа! Эй, Аллоҳнинг Расули», дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намознинг қолганини тамом қилдилар. Сўнгра, саломдан кейин ўтирган ҳолларида икки марта сажда қилдилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: «Зул Ядайни» ал-Ҳирбоқ исмли икки қўли узун, саҳобий, зотан «Зул Ядайни»нинг луғавий маъноси ҳам, икки қўлли, деганидир. У киши, гапга журъатлиликлари билан ҳам машҳур бўлганлар. Ушбу ҳадисда ҳам, ҳамма ҳайрон бўлиб, бир нарса дея олмай турганида айнан шу киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга гапиришга журъат этганлар.
Ҳанафий мазҳабида ушбу ҳадисни саждаи саҳвни саломдан кейин қилишликка энг асосий ҳужжат қилиб олинган. Чунки, бу жуда ҳам машҳур ҳодиса. Уни жамоатда намоз ўқиган кишилар ҳаммалари кўрганлар, ривоят қилганлар ва ҳаммага бир зумда тарқаган. Бошқа ҳодисалар эса, кўпинча бир киши иштироки ёки ривояти ила бўлган.
Уламолар яна ушбу ҳадисдан намозни тамом бўлди, деб гумон қилиб салом бериб туриб кетсаю, кейин тамом бўлмагани маълум бўлса, келган жойидан ўқиб кетилади, деган ҳукмни олганлар.
Ҳанафий мазҳабида эса, Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳунинг, намозда гап бўлмаслиги тўғрисидаги ҳадисини далил қилиб, агар гап аралашса, намоз ботил бўлади, уни янгитдан ўқиш керак, дейдилар.

Ушбу ҳадисидан бошқа фойдалар ҳам олинади:

1. Имом ким бўлишидан қатъий назар, ундан унитиш содир бўлганда эслатиш кераклиги.
Баъзи бир амалдорлар намозда саҳвга йўл қўйса, унинг амалидан қўрқиб эслатмаган қавмлар бўлган. Бу нотўғридир. Ким бўлишидан қатъий назар ҳамма Аллоҳнинг олдида тенг, ҳамма У зотнинг қули намозда хато қилса тузатиши керак.
2. Имом ўз хатосини эслатган одамдан аччиқланмаслиги кераклиги.
3. Огоҳлантирувчининг гапи тўғри ёки тўғри эмаслиги ҳақида қавмдан сўраш мумкинлиги.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аср намозида уч ракъатдан кейин салом бердилар. Сўнгра туриб, ҳужрага кирдилар. Бас, қўли узун одам туриб: «Намоз қисқа қилиндими, эй, Аллоҳнинг Расули?» деди. Сўнг у зот аччиқланган ҳолда чиқиб, тарк қилган ракъатларни ўқидилар, сўнгра салом бердилар. Кейин икки саҳв саждасини қилдилар. Кейин яна салом бердилар». Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳодиса аввалги ҳадисдагидан бошқа ҳодиса. Аммо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳв бўлганини эслатишга журъат этган одам, бир киши, Зул Ядайни розияллоҳу анҳу.
Ушбу ривоятда саждаи саҳвдан олдин ҳам, кейин ҳам салом бериш зикр қилинмоқда. Бизда айнан шу ривоятга амал қилинади. Яъни, унитиш содир бўлганда намоз охирида салом бериб туриб кейин, саждаи саҳв қилинади, ундан кейин яна салом берилади.
Имом саҳв қилса, саждаи саҳвдан олдинги саломни бир томонга қилади, холос. Шунда намозга кейин келиб қўшилган одам ҳам саждаи саҳв бўлишини англаб олади. Икки томонга салом берса, намозга кейин қўшилган одам намозни давом этдириш учун ўрнидан туриб кетиш ҳоллари бўлади.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешинни беш ракъат ўқидилир. Бас, у зотга:
«Намозда зиёда бўлдими?» дейилди.
«Нима учун?» дедилар.
«Беш ракъат ўқидингиз», деди. У зот салом берганларидан кейин икки саҳв саждасини қилдилар».
Бошқа бир ривоятда келишича:
«Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман. Сизлар эслагандек, эслайман ва сизлар унутгандек, унутаман», дедилар ва сўнгра икки саҳв саждасини қилдилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан унитишлик ила Пешинни беш ракъат ўқиш содир бўлгани.
2. Саҳобаи киромларнинг юксак одоблари. Намозда адашдингиз демасдан, намозда зиёда бўлдими? дейишлари.
3. Саждаи саҳвнинг саломдан кейин бўлиши.
4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламниг бошқаларга ўхшаш башарликлари.
5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарликлари.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқидик. У зот зиёда ёки камликка йўл қўйдилар. Иброҳим: Аллоҳга қасамки, бу фақат мен томонимдан келган, деди. Бас, биз: «Эй, Аллоҳнинг Расули, намозда бирор янгилик бўлдими?» дедик. У зот: «Йўқ!» дедилар. Биз у кишига қилган нарсаларини айтдик. Бас, У зот: «Қачон одам зиёда ва нуқсон қилса, икки марта сажда қилсин», дедилар ва сўнгра икки марта сажда қилдилар». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Ривоятдаги «Иброҳим, Аллоҳга қасамки, бу фақат мен томонимдан келган», деди» жумласи бир оз шарҳга муқтождир.
Иброҳимдан мурод ушбу ҳадиси шарифни Алқамадан ривоят қилган ровий Иброҳим ибн Сувайддир.
Ўша Иброҳим ибн Сувайд, зиёда ёки камчиликка йўл қўйдилар, деб ноаниқликка йўл қўйилишига мен айбдорман, деб эътироф қилмоқдалар. Демак, у киши Алқама розияллоҳу анҳудан эшитган нарсаларининг шу жойида шакка йўл қўйганлар. Шу билан бирга бу камчиликни айтмасдан ривоят қилишни ўзларига эп кўрмаганлар.
Демак, намозда зиёдага йўл қўйилса ҳам, камчиликка йўл қўйилса ҳам саждаи саҳв қилиш керак бўлади. Фақат ўша амал намознинг фарз амали бўлмаслиги керак. Агар фарз амалда адашиш содир бўлса, намоз бошқа ўқилади.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга намоз ўқиб, саҳвга йўл қўйдилар. Бас, икки марта саждаи саҳв қилдилар. Кейин ташаҳҳуд ўқиб, сўнг салом бердилар». «Сунан» эгалари ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги янгилик саждаи саҳвдан кейин ташаҳҳуд ўқишликдир. Бунга амал қиладиганлар бор.

ХУЛОСА

Ўрганиб ўтган ҳадислардан саҳв саждаси турли вақтда, гоҳида саломдан олдин гоҳида саломдан кейин гоҳида икки саломнинг орасида қилинганини билдик. Бошқа шунга ўхшаш нарсалардаги каби, бу масалада ҳам динимиз турлилик орқали кенглик ва осонликни олган. Фиқҳий мазҳабларининг ушбу кенгликдан тўлалигича фойдаланганликларини гувоҳи бўламиз.
Шофеъий мазҳаби саҳв саждаси саломдан олдин қилинади, деган.
Ҳанафий мазҳаби эса, саҳв саждаси саломдан кейин қилинади, деган.
Моликий мазҳаби эса, зиёда учун бўлган саҳв саждаси саломдан кейин, қолгани саломдан олдин бўлади, деган.
Ҳанбалий мазҳаби эса, саҳв шак ёки тарк қилиш учун бўлса, саломдан олдин саждаи саҳв қилади, зиёда учун бўлса, саломдан кейин қилади, деган.
Бу хилма-хиллик қайсиниси афзал? деган саволга жавоб излаш учун бўлган, холос. Аслда эса, ҳеч қандай хилоф йўқ. Ҳаммалари саҳв саждаси қилиш зарурлигини таъкидлайдилар. Саждаи саҳвни саломдан один қилса ҳам бўлади, кейин қилса ҳам бўлади, дейдилар. Фақат, қайсиниси афзал? деган саволга жавоб беришда ҳар ким ўз далили ва фалсафасига қараб турли фикр айтадилар. Бу эса, яхшиликдан бошқа нарса эмас. Бошқа масалаларда ҳам асосан шу ҳолни мулоҳаза қилинади.
Саждаи саҳв ҳақидаги барча далил ва ҳужжатларни атрофлича ўрганиб чиққан ҳанафий уламолар бу масалани намозхонларга осонлаштириш учун ҳаракат қилиб қуйидаги хулосавий ҳукмларни ўз китобларида ёзиб қолдирганлар.
«Саҳиҳ киши учун лозим бўлганда саждаи саҳв қилмоқ вожибдир. Лозим бўлганда саждаи саҳвни қилмаган намозхон гуноҳкор бўлади. Аммо намози ботил бўлмайди.
Саждаи саҳв имомга ҳам, ёлғиз намозхонга ҳам вожиб бўлади. Аммо муқтадий ўз намозида саҳвга йўл қўйса, унга саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Чунки у ўзича саждаи саҳв қилса имомига хилоф қилган бўлади.
Агар имом саҳвга йўл қўйса, муқтадий ҳам, иқтидони қачон бошлаганидан қатъий назар, унга қўшилиб саждаи саҳв қилади. Агар имом саждаи саҳвни қилмаса, у муқтадийдан соқит бўлади.
Саждаи саҳвнинг вожиблиги вақтнинг намоз учун солиҳ бўлишига боғлиқдир. Агар Бомдод намозининг саломини бергандан сўнг қуёш чиқиб қолса, Аср намозидан сўнг ботиб қолса, саждаи саҳв қилинмайди.
Агар саждаи саҳв қилишдан олдин намозни улаб кетишга монеъ бўладиган амал қилса; гапирса, кулса, қасддан таҳоратини кетказса, масжиддан чиқса, юзини қибладан ўгирса саждаи саҳв соқит бўлади.
Баъзи уламолар, жамоати катта бўлгани ва одамларни мушавваш қилмаслик учун жума ва ийд намозларида саждаи саҳвни тарк қилмоқ маъқулдир, деганлар.
Саждаи саҳвга сабаб бўладиган нарсалар;
Бир нарсани қасддан ёки унутиб тарк қилса ёки бир нарсани эсдан чиқиб зиёда қилса ёхуд бир нарсанинг жойини унутиб ўзгартса саждаи саҳв қилади. Булар эса қуйидаги ҳолатларда бўлади;

1. Қасддан қилинган хатода уч нарсада саҳв саждаси қилади; биринчи қаъдани тарк қилганда, биринчи ракъат саждасидан бирортасини намознинг охирига қолдирганда ва қасддан тафаккур қилиб туриб бир рукн миқдорича вақтни ўтказиб юборганда.
2. Намознинг вожибларидан бирини унутиб тарк қилганда, олдин кейин қилиб қўйганда ва зиёда ёки нуқсон қилиб қўйганда саҳв саждаси қилади. У ўн бир вожибдир.

Биринчиси; фарзнинг биринчи икки ракъатида Фотиҳани ёки унинг кўп қисмини қироатини тарк қилиш.
Иккинчиси; фарзнинг биринчи икки ракъатида Фотиҳадан сўнг сура ўқишни ёки уч қисқа, бир узун оят ўқишни тарк қилиш.
Учинчиси; жаҳрий ёки сиррий қироат қилиш қоидасига хилоф қилиш; пешин ва аср намозларида овоз чиқариб, бошқа намозларда овоз чиқармай қироат қилиш. Албатта, имом учун.
Тўртинчиси; уч ёки тўрт ракъатли намозда биринчи қаъдани қилмаслик.
Бешинчиси: охирги қаъдада ташаҳҳудни тарк қилиш.
Олтинчиси; бир ракъатда такрорланадиган амалда тартибга риоя қилмаслик. Бунда саждани бир марта қилиб иккинчисини унутиш ҳақида сўз кетмоқда. Ўшани намоз охирида қилиб, кейин саҳв саждаси қилинади.
Еттинчиси; рукуъ ва сужуддаги вожиб хотиржамликни унутиб тарк қилиш. Баъзи уламолар наздида.
Саккизинчи; фарзда қироат жойини ўзгартириш. Зам сурасни олдин, Фотиҳани кейин, тўрт ракъатли намознинг охирги икки ракъатида Фотиҳадан бошқа сура ўқиш ёки иккинчи ва учинчисида ўқиш каби.
Тўққизинчиси; Витрнинг қунут дуосини тарк қилиш. Ким дои қунутни ўқимай рукуъга кетган бўлса, саҳв саждаси қилади.
Ўнинчиси; қунутнинг такбирини тарк қилиш.
Ўн биринчиси; икки ийд намозининг барча такбирларини ёки баъзи такбирларини ёхуд иккинчи ракъат рукуъи такбирини тарк қилган киши саждаи саҳв қилади.

3. Намознинг жинсидан бўлмаган ва намоздан бўлмаган амални зиёда қилса, саждаи саҳв қилади. Мисол учун икки марта рукуъ қилса.
Унутган нарсасига қайтиш.

Биров биринчи қаъдани эсдан чиқариб туриб кетаётгандан эслаб қолди. Агар унинг ҳолати ўтришга яқин бўлса, қайтиб ўтиради ва ташаҳҳуд ўқиб салом беради. Агар ҳоли туришга яқин бўлса, қайтмайди. Намозни давом этдириб охирида саждаи саҳв қилади.
Биров охирги қаъдани унитиб, бешинчи ракъатга туриб кетса, бешинчининг саждасини қилмаган бўлса, қайтиб ўтиради ва саждаи саҳв қилади. Агар бешинчининг саждасини қилган бўлса, фарзи бузилиб, намози нафлга айланади. Чунки у тарки фарз қилди. У олтинчи ракъатни ҳам қўшиб қўяди. Агар тўрт ракъатдан сўнг ташаҳҳуд миқдорича ўтириб, уни биринчи қаъда деб ўйлаб туриб кетган бўлса, бешинчининг саждасини қилмаган бўлса, қайтиб ўтиради ва салом беради. Агар бешинчининг саждасини қилган бўлса, бир ракъат қўшиб қўяди. Унинг намози тўғри бўлади. Чунки у қаъдаи охирни ўз ўрнида қилган. Ортиқча икки ракъат унинг учун нафл бўлади.
Намозда шак қилиш.
Намозда неча ракъат ўқиганини билмай шак қилиб қолди. Учми, тўртми билмайди. Агар бу унинг умридаги биринчи унутиши бўлса, намозни янгитдан бошлайди.
Агар унутиши кўп бўлса, ғолиб гумонга бино қилади. Агар ғолиб гумони бўлмаса, озини олади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Намоз ўқиш олдидан кийимларни, намоз ўқиш жойларини нажосатифлосликлардан тозалаш, баданни ғусл, таҳорат ёки таяммум кабилар билан поклаш намознинг асосий давоми...

18355 05:00 / 09.01.2017
Зафар Аҳмад алУсмонийнинг quotЭъло ассунанquot асаридан٦٦٩. quot quot. . 1 Абу Ҳозимдан, у Саҳл ибн Саъддан разийаллоҳу анҳу ривоят қилади, у Одамлар давоми...

7611 05:00 / 09.01.2017
.Сутра,, деганда намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтмаслиги учун қўйилган тўсиқ тушунилади. .Сутра,ни Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари мандуб, Шофеъий ва Ҳанбалий давоми...

7804 05:00 / 04.01.2017
Солиҳлардан бири хуфтон намозидан сўнг уйига кирса, болалари ухлаб ётишган экан. Аёлидан .Болалар намоз ўқишдими, деб сўради. .Уйда таом йўқ эди. Овунтириб давоми...

8819 09:00 / 10.12.2023