1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Азиз авлиёлар ҳаётига назар (иккинчи мақола)

14:00 / 28.09.2021 1586 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Илмий – адабий мероси

Шоир Мажзуб ўзбек ва форс тилларда қалам тебратган мутасаввиф шоир бўлиб, асарлари алоҳида тўплам ҳолида чоп этилган. Ундан бизга илмий – адабий мерос бўлиб қуйидаги асарлар колган:

1. «Тазкират ул – авлиё» ёки «Тазкираи Мажзуби Намангоний».

Ушбу илмий – тарихий асарда 18-19 - асрларда яшаб ўтган Бухоро ва Қўқон хонлари ҳамда Эроннинг шоҳ ва амирлари ҳаётида содир бўлган муҳим тарихий воқеалар қаламга олинган. Шунингдек, асарда ўша даврнинг ижтимоий ва диний ҳаётида ўзига хос ўрин тутган шайх, мударрис ва муршидлар ҳамда суфий шоирлар, авлиёлар ва фозиллар ҳакида қимматли маълумотлар берилган.  Ҳозирги кунда Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида Мажзуб Намангонийнинг «Тазкират ул-авлиё» асарининг 4 та нусхаси сақланмокда.

2. «Девони Мажзуб» девони.

Ушбу девон шеърий тўплам ҳолидаги китоб бўлиб, асарда Аллоҳ таолога хамдлар ва муножотлар, Пайғамбар алайҳиссалом ва у кишининг оила аъзоларига ва асҳобларига наътлар, ҳамда азиз авлиёлар зикри, шунингдек Яссавиёна ҳикматлар, Машрабона шеър ва ғазаллар ҳамда мухаммас, маснавий ва соқийнома жанрлари етакчилик қилади. Шоирнинг ғазал ва мухаммаслари асосан инсонни Аллоҳга бўлган буюк ишқини тараннум этади. Инсоннинг ўзлиги ва Аллоҳнинг маърифатини танишда қувонч ва ташвишларини шеър руҳига сингдиради. Аллоҳнинг қудрати бениёзлиги-ю, банданинг ожиз ва нотавонлигини доим ёдидан чиқармаслик кераклигини таъкидлайди.

Ушбу девон устозларимиз Аҳмад Убайдуллоҳ (Ошиқ манам…девон) ва Ҳабибуллоҳ Акмалхон Махдум ўғли томонларидан “Муҳаббат сарчашмаси девон шарҳи” номи остида нашр этилди. Девоннинг асл 10 та нусхаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланади.

3. «Ғазалиёти Мажзуб» номли тўплам

Ушбу тўплам шоирнинг туркий ва форсий тилларда битган шеър ва ғазалларидан иборат. Бундаги шеър ва ғазаллар асосан Ҳақни таниш ва улуғлаш, инсон қалбини поклаш, юксак маънавий камолот мавзуларига бағишланган.

Ушбу асар ҳам Ўз. РФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланади. «Тазкираи Қаюмий» асари муаллифининг маълумотларига қараганда, шоир Мажзуб адабиёт жанри қоидасига риоя этмайди. Ғазаллари ҳамма вақт қасида ва поэма шаклидадир. Бу тўғрида ўзи қуйидагича дейди:

Ҳар вилоят шоири бир тарз иншо этар,

Меъёри номарбут Мажзуби Намангон ўзгача.

«Ўзгача» радифли ғазали 15 байтдан иборат бўлиб, қоида буйича 7 ёки 9 байт бўлиши лозим. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, унинг ғазалларига бирор шоир мухаммас боғлашга журъат эта олмаган.

Толибо сўзлар эсанг, албатта Аллоҳдан гапир,

Оламинга ҳақ юборган Ҳидоятуллоҳдан гапир.

Яхши сўзла, яхши сўзла, яхши кўзла яхшига,

Яхшиларни мадҳ этиб, шавқи Аллоҳдан гапир.

Яхшиларни килади пайдо, ҳам ёмонларни бино,

Деманг мундиғ, нега килади, Ҳикматуллоҳдин гапир.

Мажзуб инсонни Аллоҳ ёдидан ғофил бўлмасликка даъват этади, манманлик ва ғофилликни қоралайди. Мажзубнинг ҳар бир байтлари маънолари замирида Қуръони карим оятлари ва Пайғамбар алайҳиссалом ҳадислари ётади. Бундан, уни ўз даврининг етук ва иқтидорли тасаввуфий шоир эканлигини биламиз.

Маънавий мероси

Мажзуб Намангоний билан боғлик иршодларда, тарихий китобларда ва илмий маълумотларда унинг исмини Абдулазиз, Муҳаммад Азиз, Азизхўжа Эшон исмлари билан учратишимиз мумкин. Демак, Мажзубни халқ орасида юқоридаги исмлар билан машҳур бўлишининг илмий асослари иршодларида, ўзи қурдирган мадрасага берган номларида ва тарих китобларида илмий ўз ифодасини топган. Мажзуб келажак авлод учун нафақат маънавий мерос, балки умумхалқ фойдаланиши учун кўплаб манфаатли ишлар қолдирган. Қўқон хони Шералихон (1842–1845) ҳукмронлиги даврида Сирдарё устига кўприк солди  ва яна ўзи туғилиб ўсган Дегрезлик маҳалласида масжид ва мадраса яъни, «Азизхўжа Эшон» мадрасаси номи билан машҳур бўлган ўқув даргоҳини қурди.

Маълумки, хонлик даврида Наманган шаҳрида бир неча ўқув юртлари – мадрасалар, мактаблар ва қорихоналар мавжуд эди. Мактаблар масжидлар қошида ва хусусий уйларда ташкил этилган. Одатда, мактабларда асосан араб ёзуви ўргатилган, арабий, туркий ва форсий китоблар ўқитилган, ҳуснихат, ҳисоб-китоб (арифметика) ва адабиётдан сабоқлар берилган. Қорихоналарда эса илм толиблари Қуръон, достон, шеър ва ғазалларни ёдлаганлар. Мадрасаларда талабаларга сарф-наҳв, Қуръон ва ҳадис илми, фиқҳ ва балоғатдан ташқари, тариқат одобидан хам сабоқ берилган. Азизхўжа Эшон мадрасаси кейинчалик, содир бўлган ёнғин туфайли мазкур мадраса ва масжид вайронага айланган. Ниҳоят, 1910 –1912 йиллар орасида Мажзубнинг набираси Атоуллохон тўранинг васиятларига мувофиқ, муридларидан бири Ҳожи Муҳаммад Эшон ёниб вайронага айланган масжид ва мадраса ўрнига катта гумбазли масжид қурдирган. Ушбу масжид халқ орасида «Гумбаз масжиди» номи билан машҳур бўлган. Шу ўринда Гумбаз масжидининг тарихи билан қисқача танишиб ўтсак.

Маълумотларга кўра, Атоуллохон тўра вафотларидан кейин Ҳожи Муҳаммад Эшон пири муршидларини васиятларига кўра Гумбаз масжиди қурилишига киришадилар. Кунларнинг бирида Ҳожи Муҳаммад Эшон жума намози адо этилгандан сўнг муридларига масжид курилиши учун ҳар тарафлардан келган усталарни бир жойга тўплашни буюради. Ҳамма тўплангач, усталарни қуйидаги 3 та шарт ва танлов асосида қабул килишларини айтадилар:

1. Усталар аввало мўмин – мусулмон бўлиши.

2. Бирон-бир пирга қўл берган бўлиши.

3. Уйланган, аҳли аёлидан бошқа номаҳрамларга назар солмаган киши бўлиши лозим.

Шу тариқа усталар танлаб олиниб, қурилиш бошланади. Ҳожи Муҳаммад Эшон кўзларига ёш олиб, жидду жахд билан енгларини шимариб, кавланган пойдеворга илк ғиштни қўядилар. Ортларидан дарвешлар ва усталар «Лаа илаҳа иллаллоҳ» ни зикр килиб, қурилишни бошлашган. Гумбаз масжиди қурилишида асосан аҳли тариқат, суфийлар иштирок этишган.

Бир маълумотда келтирилишича, масжид пойдеворини мустаҳкамлигини ошириш мақсадида пойдевор ўрнини сув билан тўлдириб, яхшилаб шиббаламоқчи бўлишади. Чуқурни сувга тўлдиришади, эртасига усталар келиб қарашса, ҳалиги кавланган пойдевор ичига бир ит тушиб кетиб, чиқолмай ўлиб қолганини кўришибди. Бўлган воқеани Ҳожи Муҳаммад Эшонга айтибдилар. Ҳожи: – Бу ерга Аллоҳнинг маҳлуқи бехислат кириб қолиб ўлмаган. Бир кун келиб, масжид бунданда ифлос нарсалар турадиган жой бўлиб қолмаса эди – деган эканлар. Масжид битгандан сўнг Ҳожи Муҳаммад Эшон гумбаз устига олтин ҳилол ва хонақоҳ ичига қимматбахо гиламлар тўшатганлар. Бироқ, буларнинг бари чор ҳукумати томонидан талон-тарож қилинган. Ҳожи Муҳаммад Эшон айтганларидек, масжидни эса вино заводининг омбори қилиб қўйилган. Ҳозирги кунда мазкур бино давлат рўйхатига олиниб, атрофлари обод килинган, музей сифатида фаолият юритмоқда. Гумбаз масжиди халқ орасида Атоуллохон тўрага нисбат берилсада, унинг қурилишида Ҳожи Муҳаммад Эшон  бош бўлиб турганлар дейилади.

Эшон Мажзубнинг оиласи ва фарзандлари

Ўз бобокалонимиз тарихини излаб жуда кўп суриштирув ишларини олиб бордик. Натижада, у кишининг оила аъзолари ва авлодлари тўғрисида ушбу қимматли маълумотларни тўплашга муяссар булдик.

Эшон Мажзубдан 2 та ўғил, 1 қиз фарзанд қолган.

Фарзандлари: Абул Қосим эшон, Ботирхон эшон ва Муйрахон ойим.

Ботирхон эшон Наманганда колганлар. Фарзандлари 1 ўғил, 1 қиз.

Абул Қосим эшон тариқат аҳлидан бўлиб, Маккаи Мукаррамага кетиб, ўша ерда дафн этилган.

Фарзандлари 3 ўғил, 2 қиз. Ўғиллари: Атоуллахон тўра, Файзуллахон тўра ва Қодирхон тўралар. Қизлари: Фотимахон ва Робияхон ойимлар.

Атоуллахон тўра уч аёлга уйланиб, 4 ўғил, 3 қиз фарзанд кўрган.

Биринчи аёли Қўқонлик бўлиб, ундан 1 ўғил, Ҳамидхон тўра қолган.

Иккинчи аёли Андижонлик бўлиб, ундан 2 та ўғил, Шамсиддин ва Нажмиддинхон тўралар қолган.

Учинчи аёли тўғрисида маълумот йўқ. Бироқ у аёлидан 1 ўғил, 3 қиз фарзанд қолган. Улар, Мадаминхон тўра ҳамда Обидхон, Сожидахон ва Иноятхон ойимлар.

Ҳамидхон (1882-1912) тўра Чустлик Масъуд Махзумнинг қизлари Шарофат ойимга уйланган. Улардан 1 ўғил ва 1 қиз қолган. Ўғиллари Муҳаммадхон тўра (1981й. ваф.) фарзанд кўрмаган. Қизлари Зайнабхон (тах. 1912-1935й) ойим Исмоил Махдум Мулла Сатти Охунд ўғли (1908-1976)га турмушга чиққан. Уларнинг авлодлари давомчиси бўлиб, ёлғизгина қизлари Мамнунахон (1930-1986) (Маймуна) ойим қолган. Мамнунахон ойим Муҳаммад қори Мулла Турсун ўғиллари билан турмуш қурган. Уларнинг фарзандлари 5 ўғил 3 қиз.

Ўғиллари: Аҳмад Муҳаммад Турсун (1949-2021), Абдулҳамид Муҳаммад Турсун (1951), Абдумутал (1960), Нуруллоҳ (1964), Жаҳонгир (1969).

Қизлари: Саидахон (1953), Латифахон (1955) ва Назирахон (1958).

Эшон Мажзуб авлодлари ҳақида тўпланган маълумотлар шулардан иборат. Абдулазиз Мажзубнинг хаёти ва ижодий меросини атрофлича ўрганиш, маънавий меросимизни бойитиш, унинг узвийлигини ва мукаммалигини янада оширишда хизмат килади.

Мажзуб Намангонийнинг вафот этган йили тўғрисида икки хил маълумотлар бор. Мажзубий аҳли илмлар «муршиди халқ» иборасини абжад ҳисоби билан ҳисоблаб, 1853 йил деб айтадилар. Бошка бирлари Мажзуб 1857-йил Қашқар сафарига чиқишидан 1 кун олдин Уйчи туманидаги халифаси Мулла Йўлдош Сиримтой хонадонида бўлиб, халифасини фарзанд кўргани билан қутлаб, унга Мажзуб, Баҳодир деб исм қўйганини келтирадилар. Эртаси куни Мажзуб Учкўрғондаги муриди Хўжа Саййид Аҳмад хонақосида бўлади. Жазба чоғида бир «ҳув» деб Аллоҳга омонатини топширади.

Бундан ташқари, Тазкираи Қайюмий асарида ҳам Мажзуб 1857 йили оламдан ўтган деб келтирилади. Хуллас, Мажзубнинг Қашғар сафари амалга ошмайди. Уни Дегрезликдаги хонақоҳларига дафн килинади. Кейинчалик, Мажзубнинг қабрлари Мавлавий қабристонига кўчирилади.

Ниҳоят, 2004 йил Наманган шаҳридаги Абдулазиз Мажзубнинг оилавий хилхоналари мухлислар ташаббуси билан у зотнинг мақбараси тикланади. Унинг ён-атрофи ободонлаштирилиб, зиёратчилар учун руҳий – маънавий куч адо этадиган қадамжойга айлантирилди.
(Тамом)

Акрам Шарипов, тадқиқотчи.


Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Карим ходими, фазилатли шайх, доктор Аҳмад Исо Ҳасан Маъсаровий ҳазратлари 1953 йил 1 март куни Миср Араб Республикасининг Дақаҳлия вилояти Фотиҳ Морис давоми...

848 22:00 / 28 август
биринчи мақола Таваллудлари ва оилалари Шайх Ёрқинжон қори Фозилов 1978 йил 6 ноябрь куни Қўқон шаҳридаги Дегрезлик маҳалласида хизматчи оиласида таваллуд давоми...

6015 19:01 / 04.09.2023
Муҳаддис, садуқ Абу Имрон Исо ибн Умар ибн Аббос ибн Ҳамза ибн Амр ибн Аъян Самарқандий. Абу Муҳаммад Доримийнинг шогирдлари. Доримийдан .Муснадrdquoларини ривоят давоми...

1602 18:00 / 11.04.2021
XIX асрнинг охири XX асрнинг 90йилларида яшаб ўтган ҳофизи Қуръон, олим ва шоир Насимхон тўра Надимий 1892 йил Наманган шаҳри Сардоба даҳаси собиқ .Тўра, маҳалласи давоми...

1443 12:09 / 07.12.2023
Аудиолар

137648 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57717 14:35 / 11.08.2021