1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: «Ислом – инсонийликка даъват» (биринчи мақола)

17:25 / 26 апрель 1159 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

– Муҳтарам муфтий ҳазратлари! Турғунлик йилларининг жамиятимизга етказган иқтисодий ва маънавий зарарлари тобора кўпроқ ойдинлашмоқда. Бу зарарларнинг сабаблари ҳам аниқланмоқда. Лекин бутун бир жамиятнинг таназзулга юз тутиши энг аввало Шахс тарбиясидаги нуқсонларга бориб тақалади. Бинобарин, суҳбатимизни умуман тарбия, хусусан Шахс тарбияси мавзуига бағишласак, деган ниятда эдим.

– Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Жуда яхши мавзуда суҳбат бошладингиз. Бу муҳим масала ҳозирда бутун жамиятимизни, хусусан жумҳуриямиздаги кишиларни чуқур ҳаяжонга солиб турибди. Агар шу суҳбатдан халқимиз учун бир фойдали фикрлар чиқса, биз ўзимизни бахтиёр деб ҳис қилар эдик.


– Саволни оиладан бошласак. Ота-она ўғил ё қизли бўлди дейлик. Чақалоқ ҳадемай йўргакдан чиқади, эмаклайди, қадам босади. Хўш, тарбия қачон бошланмоғи керак? Ота-она ўз қарамоғидаги бўлажак Инсон қалбига даставвал қанақанги фазилат уруғларини қадамоғи лозим?


– Оила ўғил ё қизлик бўлганидан кейин эмас, балки ўғил-қиз кўришга тайёргарлик кўрилаётган, яъники оила қуриш вақтидан бошланади. Бизнинг Ислом динимизда ўғил ё қизнинг ташвиши она танлаш вақтидан бошланади. Ёки ота танлаш вақтидан бошланади. Чунки отанинг ахлоқи, одоби, унинг ўзини тутиши ва инсонийлиги, шунингдек, онадаги фазилатлар болага ўтиши бу – исбот бўлган ҳақиқат. Шунинг учун оила қурмоқчи бўлган ҳар бир йигит қиз ўзига умр йўлдоши танлашда бўлажак фарзандларининг отаси ё онасининг шахсий фазилатларига катта эътибор бериши керак. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ўйламай-нетмай қандоқдир бир камчиликлари бўлган ё аҳлоқи бузуқ киши билан турмуш қурган инсон ўзидан туғилган фарзандни тарбиялаши қандай оғир кечади. Шунинг учун суннатда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам келин ёки куёв танлаш вақтида уларнинг ахлоқига, динига, одобига катта эътибор беришни насиҳат қилиб ўтганлар. Уларнинг пулига, молига ёки ҳасабу мансабига эмас, балки шахсий фазилатларига, аҳлоқ-одобию, динига катта эътибор бериш, шундан рози бўлса ана шундагина оила қуришга уринишни буюрганлар. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг: «Сизлар ўз уруғлигингизни қўядиган жойни танланглар, чунки ирқ биридан бирига ўтадиган бўлади», мазмунидаги ҳадислари бор. Ёки бошқа бир Ҳадиси шарифни келтирайлик: «Келин танлаш вақтида тўртта нарсага албатта қизиқилади: молига, жамолига, ҳасабию мансабига, тўртинчиси – динига. «Сен диндорини танлагин», дейилади ҳадисда. Чунки мол, жамол вақтинчалик нарса, ҳасаб-мансаб эса келин билан бирга келмайди, отасининг уйида қолади, лекин дин, аҳлоқ, одоб кишига умрбод ҳамроҳ. Ана шундоқ онадан туғилган фарзандни тарбиялаш нақадар осон.


– Демак, ўғил-қиз тарбиялайдиган одам аввало ўзи тарбияланган бўлмоғи керак.
– Ҳа, тарбияланган бўлиши ва ўғил-қизнинг, онасининг, отасининг жуда бир ажойибини танлаган бўлиши керак. Ундан кейин масалан, ҳомиладорлик вақтида ҳам шундоқ. Ҳомилага кирган аёлнинг руҳий кечмишлари, унда кечадиган ҳолатлар ҳомилага ўтиши исбот бўлган. Бу ҳам бизнинг динимизда эътиборга олинган, шунинг учун ҳомиладор аёлга нисбатан муомала жуда эҳтиётлик билан – у кишини авайлаш, ўйлаш билан бўлади.


Ана энди бола туғилгач, биринчи кундан тарбияга киришилади. Аввало унинг соғлиги, жисмонан етук бўлиши ва бошқа талаблар эътиборга олинади. Фарзанд хоҳ ўғил бўлсин, хоҳ қиз бўлсин – ота-она учун Аллоҳ таоло томонидан берилган улкан бир неъмат. Бу неъматни авайлаб-асраб вояга етказиш ота-онанинг бурчи. Унинг тарбиясини нотўғри йўлга бошлаган ота-она Худонинг олдида ҳам, банданинг олдида ҳам, жамиятнинг олдида ҳам жавобгардир.


Маънавий тарбия, яъники, бола ўзини ўнглаб олиб бир нарсаларни талқин қила бошлашидан аввал бир нарсани айтмоқ керак. Ота-онанинг фарзанд олдидаги яна бир бурчи – у фарзандни ҳалол таом билан таомлантирмоғи керак. Яъни, ҳалол йўл билан топган нарсадан, ҳалол нарсани едирсин. Бу – ота-онанинг энг катта бурчларидан бири. Чунки ҳаром еб ўсган боладан яхшилик кутиш қийин.


Бизнинг исломий китобларимизда айтилишича, бола ўнг қўли билан чап қўлини ажратадиган бўлганда уни жиддий тарбиялаш бошланади. Унинг кўнглини қолдирмасдан, қўполлик қилмасдан, болалигини эътиборга олиб, руҳлантириб тарбияланаверади. Биз диндорларда аввало диний тарбиядан бошланади. Бола тушунадими-тушунмайдими, бундан қатъий назар Аллоҳ ҳамда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам шаҳодатлари талқин қилинади.


– Ўғил ва қиз тарбияси неча ёшдан ўзига хос тус олмоғи лозим?
– Уғил болага ва қиз болага алоҳида хос тарбияни ёш билан ўлчайдиган бўлсак, уламоларимиз етти ёшни белгилашган. Қизларга – аёлларга хос тарбия, ўғилларга – эркакларга хос тарбия берилади… «Инсон қалбига даставвал қанақанги фазилат уруғларини қадамоқ лозим?» – қабиладаги саволга албатта инсоний фазилатлар, инсонни улуғлайдиган фазилатлар деб жавоб бермоқ керак. Инсоннинг шу дунёда Аллоҳ яратган нарсалар орасида энг мукаррами эканлигини биладиган ва ўзини шу улуғворликка яраша тута биладиган, ўзи ва унинг атрофидаги кишиларга муносабатини чуқур англаган киши бўлиб етишини таъминлайдиган инсоний фазилатларнинг барчаси фарзандда мужассам бўлишига ҳаракат қилиш ҳар бир ота-онанинг бурчи. Ота-онани ҳурматлаш, уларни эъзозлаш тўғрисидаги тарбияни аввалдан бошлаш керак. Чунки ўғил боланинг онасига бўлган муҳаббати унинг келгусида аёл зотига бўлган муҳаббатига ва ўз умр йўлдошига бўлган муҳаббатига айланади. Қиз боланинг отасига бўлган муҳаббати эса кейинчалик бутун эркак зотига ва ўзининг умр йўлдошига бўлган муҳаббатига айланади.


Оила аъзоларига муносабат ҳам шу қабилда, яъники катталарга – ҳурмат, кичикларга – раҳмат маъносида бўлади.


Теварак-атрофдаги нарсалар инсоннинг бахт-саодати учун ва инсоннинг бу дунёда яхши яшаб ўтиши учун берилган Аллоҳнинг неъмати эканлигини ҳис қилиш ва шу боис уларни бекордан-бекорга исроф қилмаслик маъносидаги туйғу ҳар бир болага ёшлигидан уқтириб борилади.


Ўғил-қизларимизни илму урфонга ташналик руҳида тарбиялаш «Илм талаб қилиши ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарздир», деган ҳадис мазмунидан келиб чиқади.


Китоб, санъат боланинг руҳий оламига таъсир этадиган нарсалар албатта. Табиийки Ислом дини бунга қизиқтиради. Китобга бўлган муҳаббат, ундаги ҳикматларни қадрлаш бу – бизнинг динимиз тарихида ҳар қанча фахрланса арзигулик даражада катта эътиборга сазовор бир ҳол!


– Турмушимизда икки хил тушунча туради. Айримлар: «Бола ёшлигида меҳнатга кўниксин, ўзи пул топсин, тирикчилик ташвишларига кўниксин», дейишади. Айримлар эса: «Болалигида пулга ўрганмагани маъқул, аввал ўқисин, қолгани кейин бўлаверади» дейишади. Бундай тушунчанинг қай бири комил инсон тарбиясига кўпроқ хизмат қилади?
– Ўғил-қизни ёшлигидан ўзига хос ҳунарга ўргатиш Ислом оилаларида аввалдан бўлиб келган. Ҳалиги айтганимиздек, болалигига зарар етказмаган, унинг рағбатини синдирмаган ҳолда шундоқ қилинган. Демак, бола ёшлигидан ҳунар ўрганаверсин. Лекин пулпараст бўлиб қолмасин. Ҳунар ҳаёт учун зарурлигини билсин. Тушунсин. Ҳаттоинки пул топиш меҳнат эвазига ҳалол бўлишини англасин. Лекин зинҳор ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиган бўлиб қолмасин.


– Маънавий тарбия эвазига бўлмасин.
– Шундоқ. Маънавий тарбия доим устун турсин! Баъзан «илм олсин, илм олсин» дейдилар. Бола бошланғич мактабни, ўрта мактабни, олий мактабни битиради ва… ҳунарсиз бўлиб қолади. Натижада йигит-қизлар мушкул аҳволга тушиб қолишади.


– Ўғил ва қизларимиз неча ёшдан оила қуриш сирларидан воқиф этилгани маъқул?
– Ўғил-қиз фалон ёшда вояга етади деб қатъий чегара белгилаш қийин. Чунки вояга етиш турли минтақаларда турлича кечади. Иссиқ ўлкаларда – тезроқ, совуқ ўлкаларда – кечроқ бўлади. Оила қуриш сирларидан воқиф қилишлик эртароқ бошлангани маъқул. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Болаларингизни етти ёшдан бошлаб номоз ўқишга буюринг, ўн ёшидан уринг ва ораларини ажратиб ётқизинг» деган ҳадислари бор. Яъни, ўн ёшида жинсий ҳис-туйғулар пайдо бўлади болада, шунинг учун улар бирга, бир кўрпада (ҳатто бир хонада) ётиш тарбияга салбий таъсир кўрсатади. Шундан келиб чиқиб 10 ёшидан шу нарсаларни, масалан, ўғил бола нима, қиз бола нима, оила қуриш нима, унда қандоқ ҳолатларга дуч келинади – шулар аста-секин уларнинг ёшига мослаб тушунтирила боради.


– Бизда ўрта мактабни битираётган, ҳатто ҳарбий хизматни ўтаб қайтган йигитларга ҳам ёш бола деб қаралади. Ислом нуқтаи назаридан йигит ва қиз неча ёшдан балоғат палласига етади? Ва неча ёшидан уни мустақил инсон сифатида эътироф этмоқ керак?


– Бу жуда ўринли савол. Исломда йигитнинг ҳам, қизнинг ҳам балоғат ёшига етишини ёш билан эмас, балки уларнинг ўзларидаги жисмоний ўсиш эътиборга олинган ҳолда белгиланади. Ўғил болаларнинг балоғатга етиши эҳтилом бўлиш – уйқусида булғаниш палласидан бошланади. Бу, боя айтганимиздек, баъзи болаларда эрта, баъзиларида кеч бўлиши мумкин. Лекин шу ҳолат пайдо бўлганда болани йигит бўлди дейилади. Бу дегани – вояга етди, бундан кейинги содир қиладиган ишларига унинг ўзи жавобгар деганидир.


Қиз болалар эса ҳайз кўргандан балоғатга етган ҳисобланади. Улар ҳам ўша вақтдан бошлаб ўзларидан содир бўладиган тасодифларга ўзлари жавобгарлик даражасига етади. Авваллари вояга етмаганликлари сабабли ота-оналари жавобгар бўлса, энди бу вақтдан бошлаб жавобгарликни ўзлари зиммаларига оладилар. Вояга етганликлари шундан билинади.


Тўғри, баъзи бир вақтларда ўша белгилар сезилмай қолиши мумкин. Бунда уламоларимиз бизнинг диёрларимизда (масалан, ўғил бола эҳтилом бўлмай, қиз бола ҳайз кўрмай юрган бўлса) ўн икки ёшни вояга етиш ёши деб тайинлайдилар.


– «Ёш куч» саҳифаларида қалин бериш жуда кўпчиликка малол келаётгани, лекин унга чек қўйиш қийин кўчаётгани ҳақидаги мактублар босилди. Исломда маҳр ва қалин қандай изоҳланади? Айримларнинг қалин исломий талаб деган қарашига нима дейсиз?


– Бу жуда нотўғри фикр, қалиннинг Исломга алоқаси йўқ. Бу – бир бидъат, хурофот нарса.
Ҳақиқатдан ҳам қалин масаласи халқимизни жуда чуқур ўйлантириб, иқтисодий жиҳатдан жуда оғир аҳволга солиб қўйган бир дард. Ҳаммамизнинг қалбимиздаги дард! Хусусан, Туркманистон жумҳуриятида ёки Хоразм тарафларда ёки бошқа вилоятларимизда шу нарса ҳаддан ташқари ошиб кетди. Қирқ минг сўмгача пул, ўнлаб қўй, мол, кийим-кечак ва бошқа нарсалар берилади қалин учун. Унинг устига шунча нарсани топиб келин олган одам келиндан шу нарсаларни ундириб олишга уринади. Бy – қизларимизни олди-сотди қилиш демакдир! Уларнинг қизлигини, латофатини поймол қилишдир. Уларни қулликка махкум қилиш деб тушунамиз биз мусулмонлар бу хурофотни! Жуда номаъқул иш!


Исломда маҳр бор. Маҳр қалиндан тубдан фарқ қилади. Маҳр – ўша рози бўлиб оила қуришга ихтиёр қилган қизга куёв кўнглидан чиқариб берадиган совға. Бу совғани келин билан куёвнинг ўзлари белгилашади. “Бу – келиннинг шахсий ҳаққи. Нима сўрайди, қайси миқдорда сўрайди, қандоқ қилиб сўрайди – ўзи билади. Унга ота-онаси ҳам, қариндош-уруғлари ҳам ҳақдор эмас, балки яна қайтариб айтамиз – келиннинг ўз шахсий ҳаққи. Олган маҳрини қаерга сарфлашни ҳам ўзи билади. Ихтиёри ўзида. Маҳр – келинларимизни ҳурматлаш, эъзозлаш, уларнинг кўнглини кўтариш, улар шундай бир совғаларга, хурсандчиликка сазовор шахслар эканлигини амалий равишда тушунтириш учун қилинадиган нарса. Лекин афсуски, буни кўпчилик нотўғри тушунади, маҳрни қалин билан аралаштириб юборади.


Маҳр ҳам ҳаддан ошиб кетмаслиги керак. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг: «Маҳри оз келиннинг барокоти кўп бўлади», деган ҳадислари бор. Афсуски, булардан халқимизнинг хабари йўқ, мана сизлар журналларда, газеталарда чиқарсангиз, ўқиб, тушуниб, жамиятимиз, халқимиз шундай бир оғир мусибатдан халос бўлади, деган умидимиз бор.


– Сиз сўзингизнинг бошидаёқ оила эркак аёлни ҳурмат қилишдан бошланади, деган ҳақиқатни баён қилдингиз. Яъни, оила қуриш аёлга бўлган ҳурмат асосида қурилар экан.
– Шундоқ.


– Лекин, мана, оилада эркак киши бўлиши, ҳал қилувчи сўзни эркак айтиши керак, деган тушунчаларимиз бор. Айни вақтда аёл кишига зулм ўтказиш, унинг ҳуқуқларини чеклаш, ҳаттоки келишмовчиликлар авж олиб кетса, талоқ эълон қилиш ҳуқуқи ҳам эркакка берилади. Ҳозир аёлларимиз билан эркакларимиз ҳуқуки тенг деяпмиз. Шу нарсани айрим аёлларимиз, қизларимиз бошқачароқ тушуниб оилада «икки ҳокимиятчилик» келиб чиқаяпти. Кўпгина оилалар ажрашиб кетаётганлигининг сабабларидан бири шунга бориб тақалмасмикан?


– Шундоқ. Хў-ўш, оиланинг мустаҳкамлиги, эр ва аёлнинг ўзига хос вазифалари Исломда аниқ, очиқ-ойдин белгилаб қўйилган. Оиланинг раҳбари – эр, буни ҳеч ким инкор қилмайди. Чунки ҳар бир жамиятнинг ўз бошлиғи бўлиши керак. Оила эса жамиятимизнинг кичик бир ғишти. Ғиштлар қўшилиб катта бир жамият пайдо бўлади. Демак, ҳар бир нарсанинг раҳбари бўлмаса, йўлда яхши юролмайди. Парчаланиб кетади. Эркак киши оиланинг бошлиғи мусулмончиликда. Лекин бу – ҳукмронлик маъносида эмас, балки масъулият маъносида: ўз ҳукмини ўтказиш, хаёлига нима келса шуни қилиш маъносида эмас, балки масъулият, жавобгарлик маъносидаги раҳбарликдир.


Исломда аёлларга зулм ўтказиш, уларнинг ҳуқуқларини чеклаш деган тушунча йўқ. «Қизингизни диндор кишига беринг, диндош киши яхши кўрса – ҳурмат қилади, ёмон кўрса – зулм қилмайди, чунки зулм қилишни дин таъқиқлайди», дейилади Ислом ҳикматида. Чунки хорлашни дин ман қилган. Хотинни хорлаган одам гуноҳкор бўлади, гуноҳкор бўлишдан қўрқиб аёлига зулм ўтказмайди.


Эркакларнинг раҳбарлиги, ҳали айтганимиздек, жавобгарлик маъносида – оиланинг ҳурматини сақлаш, унинг жамиятдаги мавқеини кўтариш ва эркакларга хос бўлган ишлар билан оилани таъминлаш. Бундоқ қилиб айтганда – кўча ишларини ўзи қилиш.


Ҳозирги вақтда «тенг ҳуқуқли» деймизу, бозор-ўчарни аёллар қилишяпти, оғир-оғир юкларни кўтариб келаётган аёлларни кўрамиз. Ҳақиқий мусулмон оилада эса бунга йўл қўйилмайди. Оиланинг ташқарисида бўладиган ишлар эркак кишининг табиатига тўғри келади. Оилада, рўзғор ишида эса аёллар ҳукмрон. Уларнинг ҳуқуқи эркакларникидан устун. Масалан, фалон нарсани олиб келинг, пистон нарсани қилинг, озиқ-овқат, энгил-бошлар билан таъминланг дейиш – уларнинг ҳаққи. Эрнинг эса – бурчи.
Демак, Ислом динида оиладаги вазифалар эркакларнинг эркаклигига, аёлларнинг аёллигига қараб адолат билан тақсимланган.


Талоқ бериш ҳуқуқи эркакларда бўлиши кўпроқ зулм маъносида тушунилади. Лекин чуқурроқ ўйлаб кўрилса бу ҳеч қандай зулм маъносини англатмайди, хўп, оила қуриш учун қайғурган ким – эркак, келин ахтарган ким – эркак, оиланинг яшаш жойини тайёрлаган – эркак, оила қуриш сарфиётини зиммасига олган – эркак, оиланинг бошлиғи – эркак. Шундай экан, нима учун энди талоқ ҳуқуқи эркакларнинг ихтиёрида бўлмаслиги керак? Бу ҳам эркакнинг табиатидан келиб чиқиб унга берилган ҳақ. Лекин бу ҳақни тўғри йўлга ишлатиш таълимоти ҳам борки, уни унутмаслик керак. Исломда кўринган ерда талоқ қўявер деган таълимот йуқ. Ноилож қолганда, яшаш имкони умуман кўзга кўринмай қолганда рухсат берилади бунга. Шунда ҳам учга бўлиб айтилади: бир марта айтдими, кейин афсус қилса ярашиш мумкин. Иккинчи марта таъбир бўлдими, яна афсус қилса – яна ярашиш мумкин. Учинчи марта айтилса…


Мана шу сабабларни эътиборга олиб Исломда талоқ эркак кишининг ҳаққи қилиб берилган. Талоқ қилиш аёлларнинг аёллик табиатига тўғри келмайди. Чунки аёлларимизнинг ўзлари латиф, ҳис-ҳаяжонлари жуда нозик, эҳтиросга бой, аччиқлари тез чиқади. Агар Худо кўрсатмасин, талоқ ҳаққи уларга берилса, арзимас зиддиятли дақиқаларда ҳам эҳтирос устун келиши ҳеч гап эмас.


Фавқулодда учинчи бир ҳолатлар бўладики, унда ҳаммасини қози ҳал қилади. Тўғри, қозининг олдида ҳар ким оилавий сирини очиқ айтиш имконига эга эмас. Эр-хотин ўз сирларини учинчи шахс билишини хоҳламайди. Шу боис ҳам талоқ ҳалол ҳисобланса-да, жуда ёмон мумкин нарса деб аталади.


«Ҳалолларнинг ичида худо энг ёмон кўрган ҳалол, бу – талоқ» дейдилар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам. Яъники: «Агар бирор ерда талоқ содир бўлса, Аллоҳнинг арши ларзага келади». Ана шундай Худо хуш кўрмаган иш бу!


Бу ақидани ўйламай-нетмай хотинларини талоқ қилаётган эрларга етказишимиз керак. Токи, улар аччиқланибми, гоҳида ҳаром-хариш нарсаларни ичиб маст бўлиб олибми, гоҳида арзимас жанжал-можаро оқибатидами оғизларига «талоқ» сўзини олавермасинлар.
– «Талоқ» сўзини оғизга олишнинг ўзи масъулиятли денг?


– Жуда! Бу – аёлларга зулм ўтказиш учун эркакларга берилган ҳуқуқ эмас, балки ноилож қолганда, зарурат туғилиб, бундан бошқа илож қолмаганда – охирги чора маъносида берилган чора. Шунда ҳам Худонинг ғазабини келтирадиган чора. Аршини ларзага соладиган чора. Буни чуқур тушунмоқ керак.


– Муфтий ҳазратлари, матбуот хабарларига кўра, ҳозир мамлакатимизда бир миллиондан ортиқ етим бола бор экан. Бунинг нақадар аянчли эканини тасвирлашга тил ожиз. Шу баҳонада мавзуни меҳр-шафқат баҳсига бурсак дегандим. Сиз юқорида айтганларингиздан келиб чиқсак, Ислом ҳамма вақт инсонни меҳр-шафқатга даъват қилади. Бизда эса тирик етимлар кўпайиб кетяпти. Ахир ўз пушти камаридан бўлган мурғакка, тўққиз ой кўтариб юрган ва ёруғ дунёга келтирган қора кўзига меҳр-шафқат кўрсатолмаган одам ўзгаларга қандоқ қилиб меҳр-шафқатли бўла олади.


– Ҳеч, ҳеч кутиш мумкин эмас. Ўзидан бўлган боланики, инкор қилиб, уни тирик етимга айлантирган шахс бу инсонийлик чегарасидан чиққан, инсонийликни унутган шахс бўлади. Ўзгаларни эмас, балки ўзини ҳурмат қилолмайдиган шахс. Боласини инкор қилгани – ўзини инкор қилгани. Шунинг учун биз халқимиз ичида тарбиявий ишларни кўплаб олиб боришимиз керак, тушунтиришимиз керак, бу аянчли ҳолатдан тезроқ қутилишимиз зарур. Мурғак гўдакларнинг айби нима? Ота-онанинг меҳридан узоқ жойда тарбияланиш орзусида туғилганмиди улар, ахир?! Бу нарсаларни ўйлашимиз керак. Шунинг учун оила қураётган, фарзанд кўриш арафасидаги ёшларимизга бу нарсаларнинг масъулиятини чуқур тушунтирмоғимиз керак. Аввал ҳам айтиб ўтдик – фарзанд бу Аллоҳнинг неъмати. Бу неъматни авайлаш керак, эъзозлаш керак. Тарбиялаб халқимиз, ватанимиз учун манфаат келтирадиган шахслар сифатида вояга етказишимиз керак.


Энди ҳозирги кунда хоҳлаймизми-хоҳламаймизми, жамиятимизда ҳаттоинки иккинчи жаҳон уруши йилларидагидан ҳам кўпайиб кетибди етимлар. Уларнинг бошини силаш, уларни тарбиялаш, уларни жамиятимизга манфаат келтирадиган кишилар қилиб вояга етказиш сиз билан бизнинг, барчанинг бурчига айланиб қолди. Етимпарварлик – Ислом динидаги инсоний фазилатларнинг энг улуғ кўринишларидан бири. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: «Бир етимни боқаётган, бошини силаётган хонадон мусулмон оилалари орасидаги энг яхши хонадондир».


Шунинг учун етимларга меҳр-шафқат кўрсатиш уларнинг мурғак қалбидаги ота-она ҳижронининг ўрнини тўлдириш, ҳар бир мусулмоннинг бурчи ҳисобланади. Токи, бундай болалар меҳр-шафқат кўрмай – жамиятимизга нафрат, кўнглида номаъқул бир туйғу билан ўсмасинлар. Балки муҳаббат, жамиятимиздан доимо рози бўлган ҳолда вояга етсаларгина келажакда халқимизга, ватанимизга фойда келтирадиган шахслар бўлишади.


– Турли хил жиноятлар кўпайиб кетаётгани, чунончи қандайдир арзимас буюм – матоҳни қўлга киритиш учун одамни ҳақорат қилиш, жабрлаш, зўрлаш, ўлдиришгача бориб етиш ҳоллари кескин ортаётгани раҳм-шафқат ҳисси йўқолаётганидан, тақчиллашаётганидан далолат беради. Бу иллатнинг илдизи нималарга бориб тақалади? Қуръонда: «Инсон мукаррам зот», деган оят бор деб эшитганман…


– Турли жиноятларнинг кўпайиб кетаётгани ва шу жиноятларни содир қилувчилар орасида ёшлар, ўспиринларнинг сони ортиб бораётгани бутун халқимиз қатори биз мусулмонларни ҳам чуқур изтиробга солиб турибди. Ўйлаб кўрсак, ҳақиқатдан ҳам содир бўлаётган жиноятлар моддапарастлик, яъники моддий манфаатни кўзлаб содир қилиняпти. Баъзан бировни чўнтагида пул бормикан-йўқмикан деган тахминда уриб, майиб қилиш, ҳатто ўлдириш ҳолларига ҳам борилмоқда. Жабрдийданинг ёнидан 3 сўм чиқса чиқади, чиқмайдиган ҳоллари ҳам бор. Бу нарсалар ҳаммаси ҳалигидай – моддий маифаатни, ишламасдан, меҳнат қилмасдан осонликча топиш руҳида тарбияланган кишилар тарафидан содир бўляпти. Бу иллатнинг бош сабаби, фикримизча, руҳий тарбиянинг – маънавий тарбиянинг етишмаслигидир. Биз диндорларнинг тили билан айтганда – диний тарбиянинг етишмаслигидан келиб чиқмоқда!.. Ҳозирги кишилар бировнинг ҳаққи нима, бировга озор бериш нима, бировни уриш, сўкиш нима – ҳеч эътиборга олишмай қўйди. Биз эса бировнинг ҳаққи ҳаром, бировни сўкиш гуноҳ, бировни уриш ундан катта гуноҳ деб ўргатамиз. Мана шуни ҳис қилган, шу тарбияда ўсган одам ҳеч кимни урмайдиям, туртмайдиям, сўкмайдиям, ўлдирмайдиям – ҳаттоинки, кўчада тушиб ётган молини олмайдиям бировнинг ҳаққи деб.


Лекин қувончлиси шуки, жамиятимиз бу борадаги хатони тушуниб етди. Ҳозирги кунда шу ҳақда қайғурмоқда, ўйлаймизки, ҳамма ҳамжиҳат бўлиб, шу иллатни жамиятимиздан чиқариб ташлашга ўз ҳиссасини қўшса, иншоаллоҳ яқин келажакда шу ижтимоий иллатдан қутиламиз деган умид бор. Қуръонда: «Инсон мукаррам зот», деган оят бор. Тўғри, бу оятнинг бир қисми, холос. Ўзи аслида оятни тўлалигича келтирсак «Биз инсон зотини мукаррам қилиб яратдик ва уни ер юзида, сувда пок нарсалардан ризқлантирдик, ерда, сувда юрадиган қилиб, вақтларини яратиб бердик ва ўзимиз ҳам қилган кўпгина нарсаларимиздан афзал қилиб қўйдик». Шу оятга биноан инсон Аллоҳ таоло яратган нарсаларнинг орасида энг афзалидир. Энг афзали бўлиши яна Аллоҳ таолонинг ердаги халифаси бўлиш, яъники, ўринбосари бўлиш маъноси билан мукаммаллашади. Қуръон таълимотига биноан инсон Аллоҳнинг ер юзидаги халифаси. Бу инсонни жуда улуғлайдиган мартаба. Инсон ҳамма махлуқотлардан улуғи, бошқа нарсалар инсоннинг бахти-саодати учун, хайри учун Аллоҳ томонидан яратилган деган Исломий тушунчани келтириб чиқаради.


Энди инсоннинг вазифаси эса мана шу ўзининг улуғ мартабасига яраша бўлишдир. Уни шундай мартабага кўтариб қўйибдими, барча нарсаларни унинг хайри учун, бахт-саодати учун яратиб қўйибдими, мана шу нарсалардан тўғри фойдаланмоғи керак.

(Давоми бор)

Иккинчи мақола:
https://islom.uz/maqola/22089


Хуршид Дўстмуҳаммад суҳбатлашди.
«Ёш куч» журнали, 1989 йил, 8-сон.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўғиллари Абдурраҳим Шаъровий ҳикоя қилади.Отам шифохонада эдилар. Биз олдиларига кирдик. Бироз вақт ўтиб, отамнинг аҳволлари ўзгара бошлади. Кейин .Аллоҳ Аллоҳ, давоми...

2323 11:30 / 01.04.2021
Буюк вазир, салтанат устуни Абу Наср Муҳаммад ибн Мансур ибн Муҳаммад Кундурий. Султон Туғрулбекнинг вазири.Улуғлик, саховатпешалик, паҳлавонлик, китобатда давоми...

1681 18:00 / 25.07.2021
Маълумотларга кўра, Собитхон тўра камолот ҳосил қилиш учун нақшбандия тариқатининг етти пири муршидидан таълимтарбия олиб, илму ирфонда камол топади. Устозлари давоми...

2211 15:30 / 18.12.2021
Мавлоно Абдулваҳҳоб қори 1907 йил, Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, Оғлуқ маҳалласи ҳозирги Қўқон кўчасида Баҳодир қори хонадонларида таваллуд топди.Отаси давоми...

2507 17:00 / 28.03.2022
Аудиолар

135081 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7485 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55358 14:35 / 11.08.2021