1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Дин қайғусида ўтган умр

16:56 / 30.04.2018 5690 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Зокиржон Исмоилов,

диний бошқарма раисининг 

собиқ ўринбосари, Андижон

 

Шайх ҳазратларининг падари бузрукворлари Ҳожи дада доим фарзандларини кузатиб юрар, гоҳо мендан ҳам суриштириб турар эдилар. Бошқа одам бунчалик назоратга чидамай, сал бўлса-да ўйинқароқлик қилади. Муҳаммад Содиқ эса насиҳатга, назоратга муҳтож эмасди. Масалан, маъҳадимизнинг шундоқ ёнгинасида кинохона бўлар эди. Ҳатто реклама ва фильмларнинг овози дарсхоналарга эшитилиб турарди. Машғулотлардан зерикиб кетилса ёки имтиҳондан қутулиб чиқсак, «фалондақа кино келибди» деб уч-тўрт киши тўпланиб киришлар бўлар эди. Муҳаммад Содиқ ўша фильмларнинг бирортасига кирмас, кинохонанинг яқинига ҳам йўламасди. Доим китоб ўқигани-ўқиган эди. Мен бирор китобни ўқимоқчи бўлсам, «Фалон китобни тугалладим, энди қайсинисини бошлай?» деб ундан маслаҳат сўрардим. Чунки у ўша пайтдаёқ уч юздан ортиқ мўътабар диний китобни ўқиб чиққан ва қай бири маъқул, қай бири маъқул эмаслигини яхши ажрата оларди. Сўрашдан мақсадим эса вақтимни фақат яхши китобларни ўқишга сарфлаш эди. У «Фалон китобни ўқинг» деса, ўшани мутолаа қилардим. Шунинг учун кўпинча фикримиз бир жойдан чиқарди.

Ўша пайтларда мен қишлоқ хўжалик институтининг ёнидаги масжидда имом бўлиб ишлар эдим. Институтга келган араб талабаларидан дўстларим бўлиб, улар ҳам зироат, ҳам диний илмларни эгаллашган эди. Менга Муҳаммад Содиқ фалон-фалон китоблар зарурлигини айтарди, мен дўстларимга тайинлаб, опкелтирардим. Улар олиб келган китобларга бир кеча-кундузда икки-уч соат вақт ажратиб, дарҳол ўқиб чиқар эди.

Муҳаммад Содиқ маъҳадда 1974 йил бошигача ўқиганидан кейин Либияга ўқишга кетди. Олисдалигига қарамай, биз мунтазам гаплашиб турар эдик. Таътилга келди дегунча, дарров топишиб олардик. Ҳаммага айтадиган гаплари ҳам, айтмайдиган гаплари ҳам бўларди. Уларни биз уйда гаплашардик. Гоҳ унинг уйига, гоҳ бизникига келиб, шомдан кейин хонага ҳеч кимни қўймай суҳбатлашардик. Елкамизга бошимизни қўйиб олиб, зекрикиб кетсак бир-биримизга суянган ҳолда, баъзан эса ёнбошлаган кўйимиз ухлаб қолгунча гаплашар эдик. У кўпроқ ўзи ўқиётган жомеъаси (университет) ҳақида ва у ердаги энг катта олимлардан Муҳаммад Аҳмад Шариф ҳақида гапирар, унинг дунё олимларининг энг обрўлиларидан бири эканини кўп такрорлар эди.

Биздан Муҳаммад Содиқдан олдин ҳам бир неча талаба Либияга ўқишга борганди: Қўқондан Салоҳиддин қори ака, улардан кейин яна бир қори акамиз Либия жомеъини битирди, улардан кейин Муҳаммад Содиқ борди. Зоҳиджон Қодиров эса кейинроқ ўқиди. Улардан бошқа талабалар ҳам ўқиш учун борган бўлиши мумкин. Бироқ ким борган бўлса ҳам, бирорталари шайх Муҳаммад Содиқдек бўла олишмади. Унинг бу қадар салоҳиятга етишишига университетнинг дарсларигина кифоя қилмасди. Устози Муҳаммад Аҳмад Шариф дарсдан сўнг уни уйига олиб кетар, иқтидорли талаба учун алоҳида сабоқ берарди. Муҳаммад Содиқнинг айтишича, у киши талабани ётоқхонадан олиб кетиб, умумий кутубхоналарда топилмайдиган алоҳида китобларини бериб, дарс ўтар экан.

Муҳаммад Содиқ илмларни жуда яхши ўзлаштирарди. Бунинг шарофати билан ҳар олти ойда бўладиган имтиҳонларда албатта турли мукофотлар оларди. Бир куни «Бизникига келинг, гап бор», деди. Борсам, ўқишдан олиб келган бир альбомини кўрсатди. Ўзбекистонда ҳам академикларнинг альбоми бўларди, уларнинг фотосуратлари, таржимаи ҳоллари ва илмий фаолиятлари ҳақидаги маълумотлар нақш этиб қўйиларди. Муҳаммад Содиқ ҳам борган жойидаги энг улуғ олимларнинг маълумотлари тўпланган махсус альбомни олиб келган экан.

Тахминан ўтган асрнинг саксонинчи йилларида устози Муҳаммад Аҳмад Шариф иқтидорли шогирди Муҳаммад Содиқни ана шундай катта олимларнинг мажлисига олиб борибди. Ўша мажлисда шайх Аҳмад Шариф: «Бу менинг хос шогирдим, ўзи ажамдан чиққан, лекин арабларни ҳам босиб ўтади», деб айтибди. Мажлиснинг ҳозирги раиси Юсуф Қарзовий бўлса-да, лекин ўша вақтда анжуманни бошқа бир мисрлик олим, адашмасам, Муҳаммад Ғаззолий олиб бораётган экан. Ғаззолий: «Шогирдингга уч дақиқа вақт берайлик, минбардан ҳаммамизга гапирсин-чи!» дебди. Шунда Муҳаммад Содиқ минбарга чиқиб анча гапирган экан, ўша мажлисни олиб бораётган олим: «Буларнинг ҳаммасини ёддан айтдингми?» деб сўрабди. Шунда Муҳаммад Содиқ «ҳа» деб жавоб берса, у мамнунлигини яшира олмай «яхши, яхши» деб алқабди. «Мажлисдан кейин ўша альбомдан менга ҳам қилиб беришди», деган эди. Ўша вақтдаги мажлиснинг аъзолари бўлган олимларнинг кўпроғи Мисрдан экан. Альбомда менинг эсимда қолган суриялик олимлардан Саййид Ҳавво, яқинда шаҳид бўлган Муҳаммад Саййид Рамазон Бутий, яна бир атоқли олим Муҳаммад Қутбларнинг ҳам суратлари бор эди.

 Муҳаммад Содиқ ўқишдан қайтаётган вақтда собиқ Иттифоқ парчаланишига яқин қолган эди. Ҳукумат раҳбарлари махсус анжуманлар ўтказиб, бошқа юртларнинг уламолари келса, улар билан мулоқот қиладиган бўлишди. Ана шундай халқаро конференцияларни улар айтгандек қилиб ўтказишга бирдан-бир лаёқатли одам шайх Муҳаммад Содиқ эканини раҳбарлар ҳам ҳис қила бошлашди. Чунки чет элдан келган олимлар Муҳаммад Содиқни кўришса дарҳол чеҳралари очилиб, гаплари-гапларига қовушиб кетар эди. У Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий этиб сайланиши билан идорада муфтий муовини бўлиб ишлаб турганларни нафақага чиқарди ва тўн кийдирди.

Шайх Муҳаммад Содиқ бир куни олдига чақириб, «Юртимизда биздан аввал қўлга киргудек тафсир бўлганми?» деб қолди. Мен бироз ўйланиб туриб: «Йўқ, агар бўлганида ўқиётган бўлардик», дедим. «Унда бир нарса мияга келяпти, ойнинг янги чиққанини Ҳилол дейишади. Бизнинг ўзбекча тафсиримиз биринчи марта чиқяпти. Шунинг учун унга «Ҳилол» деб ном қўйсак, қандай бўлади?» деди. Мен: «Жуда яхши бўлади-да», дея руҳланиб кетдим. Бутун минтақа мусулмонларининг дарду ҳасрати, ташвиш-муаммолари манзарасида халққа илм бўлиши учун осон тушуниладиган янги тафсир ёзиш осон иш эмасди. Шунга қарамай, у «бизнинг қўлимиздан бу иш келмас экан» деб ҳафсаласи совуйдиган, салгина машаққат олдида ўзини йўқотиб қўядиган кишилар тоифасидан эмасди. Ҳозирда ниҳоятда машҳур бўлиб кетган «Тафсири Ҳилол» шу тариқа рўёбга чиқди.

Асл нияти шу заминнинг халқи Қуръон ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини худди араблар ўқиб тушунгандек ўрганишига эришиш эди. Аммо ҳамманинг арабий саводини чиқариш жуда қийин эди. Қўли тегиб-тегмаса ҳам, сафарларда юриб бўлса-да Муҳаммад Содиқ ҳадислар тўплами таржимасини охирига етказди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари жамланган китобларни одамларга етказамиз, ундан кейин алоҳида-алоҳидасини ҳам таржима қиламиз», деди-да, Маккадами, Ливиядами, Туркиядами, қаерда бўлишидан қатъи назар, ижод қилишни тўхтатмади. Юрган йўлида ҳам, турганида ҳам, ўзи соғми ёки касалми, бундай ҳолатлар билан ҳисоблашиб ўтирмай, қўлига қоғоз-қалам олиб, ҳадис ёзиб тўплайверди. Аввал бошда мен тушунмай унинг диний бошқарма ишларидан бунақа «чалғиши»га хафа ҳам бўлгандим. Кейинчалик кўп жилдли «Ҳадис ва Ҳаёт» қўлма-қўл бўлиб кетганида Шайхнинг узоқни кўра билганидан ҳайратга тушгандим.

Қайси юрт раҳбари шайх Муҳаммад Содиқ билан бир марта гаплашса, унинг илму-ҳикматга тўла суҳбатидан завқ олиб, маҳлиё бўлиб қолиши аниқ эди. Юртимиз энди мустақил бўлганида Саудия подшоҳи Муҳаммад Содиқнинг саъй-ҳаракатлари билан, у кишини қаттиқ ҳурмат қилганидан икки-уч йилгача ўзбек ҳожиларини меҳмон қилиб-эъзозлади, ҳажга борувчилар сонини оширди. Дўстим бошқа давлатларнинг ҳукмдорларига ҳам, хусусан Россия ва Либия раҳбарларига ҳам ёқиб қолганди. Унинг шу даражада Аллоҳ берган қобилияти бор эди. Бундай салоҳиятли, нутқи ҳам, ёзиши ҳам комил инсон кам учрайди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфда бу иккиси мужассам эди. Чунки ўқишга янги келганидаёқ яхшигина мутолааси чиққан ва олим бўлиб қолган экан. Ҳожи дада уни олдиндан тайёр қилиб, кейин ўқишга жўнатган экан.

Шайх ўшанда қайсидир бир олимнинг икки варақли маърузасини араб тилига қойиллатиб таржима қилиб берганини эшитган эдим. Бундай воқеалардан бирига ўзим гувоҳ бўлганман. Саксонинчи йилларнинг ўрталарида араб мамлакатларидан меҳмонлар келадиган бўлиб қолди. Улар мен ишлаётган масжидга ҳам олиб борилишини икки кун аввал айтишди. Бошим қотиб, нима қилишни билмай турганимда, Муҳаммад Содиқ: «Ҳа, нима гап?» деб сўраб қолди. Мен: «Меҳмонларга бир-икки оғиз салом-алик, «Хуш келибсизлар, бу масжид шуро даврида қурилган икки-уч масжиднинг биттаси» деганга ўхшаш нарсаларни гапиргим бор-у, лекин ҳаммасини қовуштириб юборишга ақлим етмаяпти. Гапни бошлаб, охирига яхши етказа олмасам, одам хижолат бўлади, чунки арабча нутқимга ишончим йўқроқ», деган эдим, у кулиб юборди. Сўнг: «Ўзбекча нутқингизга ишончингиз борми?» деб сўради. Мен «бор» дедим. Шунда хотиржам қўлига қоғоз билан ручка олиб: «Айтинг, нима демоқчисиз?» деди. Мен: «Меҳмонлар зиёратининг аҳамияти тўғрисида, улар кўриб турган масжиднинг тарихи ҳақида чиройли жумла тузиб, шундай деб якунлагим бор», дедим. Муҳаммад Содиқ мен айтган жумлаларни тез-тез ёзди-да, «мана» деб, қўлимга қоғозни тутқазди. Қарасам, араб тилида икки варақча жуда гўзал бир маъруза тайёрлаб қўйибди. Ҳатто ўзбекчасидан ҳам чиройлироқ қилиб ёзибди. «Шу ёзилганларни гапирсангиз, кифоя, ўша айтмоқчи бўлган фикрларингиз чиқади», деди. Мен хурсанд бўлиб кетдим. Уни икки-уч марта ўқиган эдим, зеҳнимга ўрнашди-қолди. Меҳмонлар масжидимизга келиб, учрашувдан хурсанд бўлиб кетишди.

 Шайх Муҳаммад Содиқ иттифоқ Олий Кенгашига депутат бўлганидан кейин Кремлда совет депутатларининг халқаро муаммоларни ҳал этишга бағишланган мажлиси бўлди. Ўша вақтда Франция қаергадир босқин қилиб, зулм ўтказаётган, Фаластинда мусулмонларни кимдир қийнаётганди. Мажлисда эса булар қолиб, бошқа майда масалалар ҳақида гапирилаверибди. Лекин мусулмонлар устидан бўлаётган зулмлар ҳақида ҳеч ким оғиз очмасмиш. Бизнинг одамларга навбат етганида, Орол денгизи ҳақида умумий гаплардан нарига ўтишмабди. Шунда Шайх ҳазратлари сўз олиб, рус тилида «Сизлар ўртага ташлаётган масалалардан-да зарур муаммолар бор. Нега буни ҳеч бирингиз гапирмайсиз?» деб ўша зулм кўраётган мусулмонларнинг аҳволи ҳақида ва Орол денгизининг қуриши оқибатида атрофдаги халқнинг жигари хасталанаётгани, агар тезда чора кўрилмаса, қўшни мамлакатларга ҳам ўтиш хавфи борлиги ҳақида айтади. Шайхнинг бу гаплари ўша вақтдаги ҳукумат раҳбарларига жуда ёққан. Шундан кейин улар орасидан юқори лавозимдаги бир одам: «Шайх Муҳаммад Содиқнинг гапларида жон бор. Ўша зулм кўрсатаётганларга қарата бир баёнот эълон қиламиз», дебди.

Яна бир воқеа ҳам анча шов-шувга сабаб бўлган. Шайх Муҳаммад Содиқ Саудия Арабистони подшоҳи ёнида гўзал нутқ сўзлаганидан кейин ўша ердаги ўзбек ватандошларимиз осмонча семириб кетишибди. Чунки бошқа уламолардан кўра шайх Муҳаммад Содиқнинг нутқи подшоҳ Фаҳд ибн Абдулазизга роса ёққан экан. Кейинчалик саудиялик доктор Саййид каби олимлар: «Бунчалик деб ўйламагандик, ҳатто биз шу ерда юрсак-да, бунчалик гапира олмадик. Бунинг нутқи эса подшоҳларнинг қалбига таъсир қиладиган чиқди. Биз асло тасаввур қилмагандик, ўзбек йигитининг араб диёрларида араб тилида шундай чиройли нутқ сўзлашини бизлар асло тасаввур қилмагандик», деб гапириб юришган экан.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф дин учун озгина ҳаракат қилган кишининг ҳам эҳтиромини қилар эди. Ҳатто бир одам ўз боласини яхши тарбия қилиб, ҳеч бўлмаса беш вақт намозни масжидда ўқийдиган қилиб қўйса ҳам, «Бу одам дин учун икки қадам ташлабди, албатта бу бизга ёрдам» деб ўшани ҳам ­беэътибор қолдирмай, ҳурматини жойига қўярди. Буни кўрганлар ҳам: «Бу иш Шайхга жуда ёқди» деб ана шу хизматни адо этишга ҳаракат қилишарди.

Фақат мол-дунё изидан қувиб, дунёвий обрўни ўйлаганлардан Шайх ҳазратларининг ҳафсаласи тез совир эди. Ҳатто бир гал «Мол-дунёга ҳам озроқ эътибор қаратсак, чунки бу ҳам муҳим, баъзи ишларни битиришга сабаб бўлади» деганимизда, «Биз фақат охират иши билан шуғулланиб, дунё ишини Аллоҳ таолога қолдирсак тўғримикин, деб ўйлагандим», деган эди. Яъни масжид, мадраса, нашриёт ва китоблар, имомлар маоши учун маблағ топишга эътибор берсак, деган таклифимиз ёқмай, «буни мусулмон бойларга қолдирсак» деб, таклифга кўнмаганди.

Қадрдон дўстим шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг умри қисқа экан. Унинг ўлими кўпчилик учун оғир мусибат бўлди. Лекин у жуда баракотли умр кўрди. Аллоҳ таоло шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни Ўз раҳмати билан чулғаб олсин, унинг ишларини давом эттираётган шогирдларига тавфиқ ато этсин.


Хотира китобидан.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Убайдуллоҳ ибн Маъмар раҳимаҳуллоҳ араблар орасида сахийлиги, шижоати билан ном чиқарган киши эди. Куняси Абу Ҳафс бўлган бу киши Қурайшнинг давоми...

2657 09:08 / 18.09.2021
Замонавий дунёда дин билан бирбирига қарши, динга эътиқод қилувчилар илмфан соҳасида катта ютуққа эриша олмайди деган тушунча кенг тарқалган. Бу тарихга давоми...

2185 14:00 / 02.02.2023
Ҳофиз улкабир Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуссамад Тамимий Самарқандий адДоримий 182 ҳижрий санада Самарқанд шаҳрида дунёга давоми...

3248 21:58 / 27.04.2017
У зотнинг тўлиқ исмлари, Валиййуддин, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ алХатиб алАмрий атТибрийзий.Тибрийз Озарбайжондаги шаҳарлардан биридир.Муҳаммад давоми...

4324 22:18 / 27.04.2017
Аудиолар

137673 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57732 14:35 / 11.08.2021