1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Рибо ҳақида

05:00 / 07.03.2017 66304 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шу ўринда рибо ҳақида батафсилроқ тўхталиб ўтсак. «Рибо» луғатда «зиёда» деган маънони англатади. Шариатда эса қарз берувчи қарздордан маълум вақт муқобилига асл мол устига оладиган қўшимча маблағдир.

Рибо, яъни судхўрлик бечораларнинг ночорлигидан фойдаланиб, уларнинг меҳнати эвазига бойлик орттиришдан иборатдир. Бир инсон ночор бўлиб, иш юритишга, оила тебратиб, бола-чақа боқишга сармояси қолмай, пулдор кишининг олдига ҳожатини айтиб борса, унга садақа ёки яхши қарз бериш ўрнига судхўрлик юзасидан муомала қилади. Яъни «Мен сенга маълум муддатга, маълум миқдор пул бераман. Сен бу пулни бунча фоизга кўпайтириб берасан», дейди. Агар тайинланган муддатдан кеч қолса, яна устига фоиз қўшилади ва ҳоказо.

Шундай қилиб, бир тоифа одамлар бошқаларнинг ночор ҳолидан меҳнатсиз бойлик орттириш учун фойдаланадилар. Рибохўрлик бор жамиятда ноҳақлик, иқтисодий зулм авжига чиқади. Оқибатда мол-мулк бир гуруҳ судхўрларнинг қўлига ўтиб қолиб, жамият уларнинг хоҳишига биноан яшашга мажбур бўлади.

Ислом жоҳилиятдаги номаъқул ишлардан ҳеч бирига қарши рибога қарши ўт очгандек ўт очмаган. Қуръони Каримда бу ҳақда бир қанча оятлар келган. Жумладан, ҳозир ўрганиладиган оятларимиз ҳам.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида қуйидагиларни айтади:

«Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек турарлар. Бу уларнинг «Тижорат ҳам рибога ўхшаш-да», деганлари учундир. Ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол қилган, рибони эса ҳаром қилган. Бас, кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга ҳаволадир. Кимки яна (рибога) қайтса, ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар» (275-оят).

Рибонинг нақадар ёмон нарса эканини кишилар онгига аввалдан яхшилаб сингдириш мақсадида ояти карима судхўрнинг қиёматдаги ҳолини баён қилиш билан бошланмоқда. Қиёматдаги ҳар бир одамнинг сиртқи ҳолидан иши қандай экани билиб олинади.

Худди ўша куни одамлар қабрларидан тураётганларида судхўрлар албатта, ўзларига хос бир ҳолатда турар эканлар. Уларни ҳеч ким танитмаса ҳам, қабрдан туришларини кўрганлар яхши таниб, «Анавилар судхўрлар», дер экан. Уларнинг бу ҳолини ояти карима қуйидагича васф қилади:

«Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек турарлар».

Яъни уларнинг ўзларини тутишлари соғ-саломат, ақлли кишилар каби бўлмайди.

Одатда жин уриб, ақлдан озган кишилар тартибсиз ва нотўғри ҳаракат қиладилар. Довдираб, ўзини ҳар тарафга уриб, уят ишларни ҳам қилаверадилар. Судхўрларда ҳам ана шу ҳолат бўлар экан.

Баъзи тафсирчиларимиз «Судхўрларнинг бу ҳолатлари фақат қиёмат кунига боғлиқ эмас, балки бу дунёда ҳам шундай бўлади», деганлар. Уларнинг бундай аянчли ҳолатга тушишларининг сабаби келгуси жумлада баён қилинади:

«Бу уларнинг «Тижорат ҳам рибога ўхшаш-да», деганлари учундир».

Судхўрлар рибони ҳалол деб эътиқод қиладилар ва уни тижоратга ўхшатадилар. Улар тижоратда молиявий муомала ортидан фойда келганидек, судхўрликда ҳам фойда келади, деб ўйлайдилар. Боз устига, уларнинг «Тижорат ҳам рибога ўхшаш-да», дейишларидан рибо аслида ҳалол қилинган нарса, тижорат ҳам унга ўхшаб ҳалол қилинган, деган маъно келиб чиқмоқда. Ваҳоланки,

«Аллоҳ тижоратни ҳалол қилган, рибони эса ҳаром қилган».

Чунки тижоратда фойда кўришнинг ҳам, куйиб қолишнинг ҳам эҳтимоли бор. Тижоратда инсоннинг меҳнати, маҳорати, атрофдаги табиий ҳолатларнинг фойда ёки зарар кўришга таъсири бор. Савдогар фойда кўришга умид қилиш билан бир вақтда куйиб қолишни ҳам бўйнига олган ҳолда иш бошлайди. Меҳнат қилиб, одамларга керакли молларни олиб келади, сақлайди ва бошқа хизматларни қилади.

Судхўр-чи? У ҳеч нарса қилмай, жойида ўтиради. Нима бўлишидан қатъи назар, фойда олиши муқаррар. Куйиб қолиш хавфи йўқ.

Мазкур сабабларга ва яна зикр қилинмаган бош­қа сабабларга кўра, инсон ҳаётида тижоратни қўллаш ҳалол, судхўрлик эса ҳаром қилинган.

Ушбу ояти карималар нозил бўлаётган пайтда кўпгина молиявий муомалалар рибо асосида юритилар эди. Шунинг учун ушбу ояти каримадан келиб чиққан ҳукм кучга киргач, бундан аввалги савдо ишлари ўз ҳолича қолдирилди. Акс ҳолда аввалги иқтисодий алоқаларнинг ҳаммасини қайта кўриб чиқишга тўғри келарди.

«Бас, кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга ҳаволадир».

Яъни Аллоҳ рибонинг ҳукмини баён қилганидан кейин рибовий муомалалардан тўхтаса, эски ишлари ўзига, у муомалаларни қайта кўришга ҳожат йўқ. Ўтган даврдаги муомалалар Аллоҳга ҳавола: хоҳласа, кечиб юборади, хоҳласа, иқобига олади.

«Кимки яна (рибога) қайтса, ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар».

Кимки рибонинг ҳаромлиги ҳақида Аллоҳ томонидан оят келганига ҳам қарамай, яна рибога қайтса, ундай одам албатта дўзахи бўлади, дўзахи бўлганда ҳам, ундан ҳеч қачон қайтиб чиқа олмайдиган, ўша ерда абадий қоладиган дўзахи бўлади.

Келаси оятда судхўрликнинг касофати фақат охиратдагина эмас, балки бу дунёда ҳам уриши эслатилади:

«Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратур ва садақаларни зиёда қилур. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни хуш кўрмас» (276-оят).

Бандалар мол-дунёлари зиёда бўлиши учун рибохўрлик қиладилар ва ўзларига келган фойдани санаб юрадилар. Аслини олганда натижа бунинг тескариси бўлади.

«Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратур».

Судхўрнинг пули ҳисоб жиҳатидан кўп бўлса ҳам, Аллоҳ унинг баракасини кўтариб, егани ўзига юқмайдиган қилиб қўяди. Судхўрни турли касалликларга дучор қилади, тинчлигини, хотиржамлигини олади. Яна биз билмайдиган кўп бало-офатларга дучор қилади.

Шунингдек, сиртдан қараганда, садақа қилган кишиларнинг моли камайганга ўхшайди. Аслида эса иш бунинг тескариси бўлади. Аллоҳ таоло

«…садақаларни зиёда қилур».

Агар ҳисобда садақа қилувчининг молининг ҳажми оз бўлса ҳам, Аллоҳ таоло унга барака ато этади, бало-офатлардан сақлайди, ўзини тинч, хотирини жам қилади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ қилган ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

«Рибо гарчи кўпайса ҳам, оқибати албатта оза­йишга қайтади», деганлар.

«Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни хуш кўрмас».

Шундан кўриниб турибдики, рибохўрлар кофир ва гуноҳкор ҳисобланар эканлар.

Аллоҳ таоло Бақара сурасидаги бошқа бир оятда:

«Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам ташланг», деган (278-оят).

Ушбу оятдан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло рибодек нохуш, ҳаром нарсани йўқ қилишда бош­қа ҳолатлардаги каби, аввало мусулмонларнинг руҳий-маънавий тарбиясига алоҳида эътибор берган.

Яна ушбу оят мусулмонлар учун маҳбуб бўлган

«Эй иймон келтирганлар!» деган хитоб билан бошланмоқда. Давомида эса:

«Агар мўмин бўлсангиз», деб яна иймонни орага солмоқда ва ниҳоят:

«Аллоҳга тақво қилинг», деб бандаларни тақводор бўлишга чақирмоқда. Охири келиб, рибонинг сарқитини ҳам тарк қилишга амр этмоқда.

Исломда ҳукм юритишнинг энг таъсирчан йўли ташқи кучларни ишга солиш эмас, балки ҳар бир одамнинг қалбини ўзига кузатувчи қилиб қўйишдир. Бу ҳолатда ҳар бир кишининг виждони ўзига қўриқчи бўлади.

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларни рибонинг ўзи у ёқда турсин, сарқитидан, қолдиғидан ҳам қайтармоқда. Бу маънони алоҳида таъкидлаш учун кейинги оятда бўлажак жазоларни ошкора марҳамат қилади:

«Агар ундай қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан бўладиган урушга ишонаверинг. Агар тавба қилсангиз, сармоянгиз ўзингизга. Зулм қилмассиз ва сизга ҳам зулм қилинмас» (279-оят).

Яъни, агар иқтисодий муомалаларингизда ўртадан рибони кўтариб, унинг сарқитларини тарк этмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари сизга қарши қаттиқ уруш очади. Агар тавба қилиб, рибохўрликдан қайтсангиз, сармоянгизни оласиз. Шунда сиз судхўрлик билан бировга зулм қилмаган бўласиз ва сизга ҳам зулм қилинмаган бўлади.

Ибн Ҳиббон ва бошқа ҳадис олимларининг Зайд ибн Асламдан ривоят қилишларича, жоҳилият даврида Бану Сақиф ва Бану Муғийра қабилалари ўртасида рибо асосида муомала бўлган экан. Исломга кирганларидан сўнг Бану Сақиф қабиласи Бану Муғийрадан рибо олмасликларини илтимос қилибди. Бану Муғийра ўзаро маслаҳатлашиб, «Исломда бўлганимиздаги муомалалардан рибо олмаймиз, ундан аввалгисидан оламиз», дейишибди. Ўша пайтда Маккаи Мукаррамада бошлиқ бўлиб турган Итоб ибн Усайд розияллоҳу анҳу бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломга хат ёзганларида:

«Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам ташланг. Агар ундай қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан бўладиган урушга ишонаверинг...» оятлари нозил бўлди.

Пайғамбар алайҳиссолату вассалом бу ҳақда Итоб ибн Усайдга хабар бердилар ва у кишини агар Бану Муғийра рибохўрликни тарк қилмасалар, уларга қарши уруш қилишга буюрдилар. Хабар етганда Бану Муғийра:

«Тавба қиламиз, рибонинг сарқитини ҳам тарк этамиз», дедилар.

Пайғамбар алайҳиссолату вассалом Маккаи Мукаррамани фатҳ қилган кунларидаги хутбаларида жоҳилиятдаги барча риболарни бекор қилганликларини, биринчи бўлиб амакилари Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳунинг риболарини қарз­дорлар бўйнидан туширганларини эълон қилдилар.

Демак, Исломда рибо асосида молиявий алоқа олиб бориш мутлақо ҳаром қилинган. Ночор ҳолга тушиб, рўзғор тебратиш ёки иш юритиш учун сармояга муҳтож бўлиб қолган киши билан хайр-эҳсон ёки яхши қарз бериш билан молиявий алоқа олиб бориш лозим.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рибохўрни, унинг едирувчисини, котибини ҳамда икки шоҳидини лаънатладилар ва «Улар баробардирлар», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан рибонинг қанчалар ёмон нарса эканини яна ҳам аниқроқ тушуниб оламиз. Унга аралашган ҳар бир киши Аллоҳнинг лаънатига қолиши турган гап. Улар:

1. «Рибохўр»;

Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани еган одам албатта, У Зотнинг лаънатига қолиши табиий бир ҳол.

2. «Унинг едирувчиси»;

Рибо берувчи ҳам Аллоҳнинг лаънатига қолади. Чунки у молиявий муомалани ҳаром қилинган йўл билан амалга оширди. Ҳолбуки, ҳалол йўл билан тасарруф қилиши керак эди.

3. «Котиби»;

Яъни рибо муомаласини ёзиб, ҳужжатлаштирган киши. Чунки у Аллоҳ ҳаром қилган ишга хизмат қилди ва ҳаром ишнинг юришига ҳисса қўшди.

4. «Икки шоҳидни».

Рибо муомаласига шоҳид бўлиб турган одам ҳам гуноҳкордир. Чунки у ҳам ҳаром иш учун хизмат қилди, унинг ривожига ҳисса қўшди. Бу ишга гувоҳ бўлишга рози бўлгани ана шу ҳаром ишни тан олганининг аломатидир.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  

(Қарз ва унга боғлиқ масалалар китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Ижара, сўзи луғатда ажр, берилган ҳақ маъноларини билдиради.Шариатда эса .Маълум эваз бадалига бир нарсани бағишлаш ва мубоҳ қилишга оид қасд қилинган аҳдномага давоми...

5953 14:11 / 22.09.2017
Луғатда .Ижара,, ажр, берилган ҳақ маъносини билдиради. Шариатда эса маълум эваз бадалига бир нарсани бағишлаш ва мубоҳ қилишга оид қасд қилинган аҳдномага ижара, давоми...

5060 05:00 / 17.02.2017
Омонатдорлик чин мўминлик белгиси, мўмин кишининг асосий сифатидир. Аллоҳ таоло бизларни омонатдор бўлишга амр қилиб шундай деган Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз давоми...

7007 05:00 / 17.02.2017
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзининг савдосотиқда алданиб қолишини зикр қилди. Шунда у Зот .Қачон давоми...

3717 05:00 / 17.02.2017