1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Қийматни олдин бериш савдоси

21:20 / 10.04.2018 6196 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одамларнинг шароитлари турли бўлади. Мисол учун боғбон ва деҳқонлар ҳар йили ишларини йўлга қўйиш учун сармояга муҳтож бўладилар. Бу мақсадда қарз олишларига тўғри келади. Аммо қарз олмасдан қийматни олдиндан олиш савдоси орқали сармоя топсалар ҳам бўлади. Бунинг учун улар шариатда рухсат берилган салам ёки салаф савдоси қилсалар тўғри бўлади.

«Салам» луғатда «таслим қилиш», «бериш» маъносини англатади.

Шариатда эса, зиммадаги сифати баён қилинган молнинг қийматини олдиндан беришга айтилади.

Бундай савдони «салаф» ҳам дейилади, бу «қиймати олдин берилган» деган маънони англатади.

Бу савдо ҳожат тушганда, рибо аралашмаслиги шарти ила жоиз. Яъни олди-сотди қилинаётган нарса бир хил бўлмаслиги ва рибонинг бошқа кўринишлари ҳам аралашмаслиги лозим.

«Салам»да олувчи сотувчига: «Мен сенга бу маблағни фалон нарсани менга сотишинг учун, фалон вақтда ва фалон жойда беришинг учун топширдим», дейди.

«Салам» – «Салаф» савдоси ҳақида уламоларимиз чуқур ва кенг кўламли баҳслар қилганлар. Бу масалани атрофлича ўрганиб чиққанлар. Қуйида ўша муборак илмий изланишларнинг самараларидан баъзилари билан қисқача танишиб чиқамиз.

1. «Салаф» савдоси жоизлигига Қуръони Каримдан ҳам далил бор:

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида марҳамат қилади:

«Эй, иймон келтирганлар, қачон маълум муддатга қарз олди-берди қилсангиз, уни ёзинг» (282-оят).

«Салаф»да ҳам шу маъно бор. «Ислом умматининг илм денгизи», Қуръон таржимони дея улуғланган буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Шоҳидлик бераманки, зиммадаги васф қилинган, маълум муддатга келишилган «салаф»ни Аллоҳ Ўз китобида ҳалол қилиб изн берган», деб туриб юқоридаги оятни қироат қилар эканлар.

2. «Салаф» савдосига Суннатдан ҳам далил бор:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнага келганларида улар мевани бир йил, икки йилга «салаф» савдо қилар эдилар. Бас, у зот:

«Ким хурмони (бошқа ривоятда: бир нарсани) салаф савдо қилса, маълум ўлчов, маълум вазн билан маълум муддатга салаф қилсин», – дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Аҳли Мадийнанинг «салаф» савдоси жоҳилият қоидаси бўйича бўлар эди. Меванинг қанча берилиши, қачон ва қаерда берилиши тайин қилинмас эди. Шунинг учун ҳам, ораларидан турли келишмовчиликлар, уриш-жанжаллар келиб чиқар эди.

Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «салаф» савдосининг исломий сифатини айтдилар: Салаф савдода қуйидагилар бўлиши шарт:

1. «Маълум ўлчов».

Килоси ёки бошқа ўлчовлар аниқ айтилиши керак. «Мен сенга бу динорларни бунча кило хурмо учун бердим», деб, сотиб олинаётган нарсанинг ўлчови аниқ айтилиши керак.

2. «Маълум вазн».

Нархи олдиндан берилаётган савдо молининг вазни, агар унинг миқдори вазн билан ўлчанадиган бўлса, аниқ айтилиши керак. Мисол учун, «Мен сенга ушбу динорларини менга бунча мисқол тиллони сотишинг учун таслим қилдим», дейиши лозим.

3. «Маълум муддат».

Яъни нархи олдиндан берилган савдо моли харидорга қачон берилиши ҳам аниқ келишиб олиниши керак. Ана шунда турли келишмовчиликларнинг олди олинган бўлади.

Муҳаммад ибн Абу Мужолид розияллоҳу анҳу айтадиларки:

«Мени Абдуллоҳ ибн Шаддод ва Абу Бурда Абдуллоҳ ибн Абу Авфонинг олдига юбориб:

«Сўра-чи, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари у зотнинг даврларида буғдойда салаф савдо қилишар эканми?» – дедилар. Бас у:

«Аҳли Шом набийтлари билан буғдойда, арпада ва ўсимлик ёғида маълум ўлчов ва маълум вақтга салаф қилар эдик», – деди.

«Ҳузурида (молнинг) таги борлар биланми?» – дедим.

«У ҳақида улардан сўрамас эдик», – деди.

Сўнгра икковлари мени Ибн Абза ҳузурига юбордилар, ундан ҳам сўрадим. Бас у:

«Ҳа, улардан экинлари борми, йўқми эканини сўрамас эдик», деди».

Бухорий, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Абу Довуд ва Ибн Можа келтирган ривоятда:

«Ким бир нарсада салаф қилса, бошқасига буриб юбормасин», дейилган.

«Набийт» сўзи «ер остидан сув чиқаришга уста одам» деган маънони билдиради.

Ҳадисда, «аҳли Шом набийтлари» дейилганда деҳқонлари назарда тутилган. Чунки, улар экинларини суғориш учун ер остидаги сув чиқарар эдилар.

Бу ҳадисдан қуйидаги фойдалар олинади:

– Буғдой, арпа ва ўсимлик мойида салаф савдоси жоизлиги;

– Салаф маълум ўлчов ила бўлиши шартлиги;

– Салаф маълум муддатга бўлиши шартлиги;

– Салаф савдосидаги иккинчи томонда айтиладиган молнинг асли бўлиши шарт эмаслиги;

– Салаф савдосида сотиладиган молни нарх берган одам ўзи олмасдан бошқа молни талаб қилиши ёки бошқа бировга ўтказиб юбориши жоиз эмаслиги.

3. Ислом умматининг ҳаммаси салаф, яъни салам савдосининг жоиз эканига доимо иттифоқ қилиб келган.

Бу ҳақда Имом Ибн Мунзир қуйидагиларни айтадилар:

«Биз билган ҳар бир аҳли илм саламнинг жоиз эканига ижмоъ қилган. Чунки, одамлар бунга муҳтождирлар. Улар зироат, мол ва тижорат эгалари маҳсулотларини бозорга чиқаргунча бунга муҳтож бўлиб турадилар. Шунинг учун ҳам, ҳожатни ҳисобга олиб «Салам»га изн берилган».

«Йўқ нарсани сотиб бўлмайди» деган умумий қоидадан истисно тариқасида иқтисодий фойдани кўзлаб, одамларга енгиллик яратиш учун жорий қилинган «Салам» савдосининг худди бошқа савдолар каби учта рукни бор: савдо қилувчи, савдо моли ҳамда ийжоб ва қабул.

Савдо қилувчи – олувчи ва сотувчи икки тарафдир.

Савдо моли – нарх ва унинг эвазига кейин бериладиган мол.

Ийжоб – нарх берувчининг нархни бериб, мол эгасидан розилигини сўраши.

Қабул – мол эгасининг нархни ва шартларни қабул қилиши.

«Салам» савдосининг тўғри бўлиши учун бир неча тоифа шартлар мавжуд бўлиши керак.

– Нарх учун берилаётган сармояда бўлиши лозим шартлар тоифаси.

– Олдиндан нархи тайинланаётган молда бўлиши лозим шартлар тоифаси

– «Салам» савдосининг умумий сифатлари тоифаси.

Шу шартлар билан қисқача танишиб чиқайлик:

I. «Салаф»нинг умумий шартлари:

1. Маълум жинсда бўлиши шарт.

«Салам» – «Салаф» савдоси қилинаётган нарсанинг жинси номаълум бўлмаслиги даркор. Акс ҳолда кейин жанжал чиқади.

2. Миқдори маълум бўлиши керак.

Олаётган одам: «Ушбу пулимга фалон миқдор нарса берасан», деб аниқ миқдорни айтиши, сотаётган ўшанга рози бўлиши керак. «Хоҳлаганингча берарсан, одамлар нима бўлса, биз ҳам шу-да», каби умумий, ноаниқ гаплар бўлмаслиги керак.

3. Маълум муддатга бўлиши керак.

Нарх тайинлаб, сотиб олаётган одам: «Фалон куни молни берасан», деб аниқ айтиши, сотаётган киши ўша муддатга рози бўлиши керак. «Пишганда берарсан», «керак бўлганда берарсан» каби гаплар бўлмайди. Кейин жанжал чиқади.

4. Раъсулмолнинг миқдорини билиш керак.

Яъни олдиндан топширилаётган нархнинг аниқ миқдорини икки томон ҳам билиши керак.

5. Нархи берилган молни топшириш жойи тайин бўлиши керак. Чунки уни олиб келишга кетадиган харажат туфайли ҳам кейинчалик хилоф чиқиши мумкин.

II. Нарх учун берилаётган раъсулмолда бўлиши лозим шартлар тоифаси:

1. Жинси баён этилиши керак.

Пул бўлса динорми, дирҳамми ёки бошқами. Бошқа нарса бўлса ҳам, нималиги очиқ-ойдин баён қилиниши лозим.

2. Тури баён қилиниш керак.

Мадинанинг динорими, Боғдодникими, Макканинг дирҳамими ёки Шомникими аниқ айтилиши шарт. Шунингдек, бошқа нарсаларнинг ҳам тури аниқ айтилиши керак.

3. Сифати баён қилиниши керак.

Бу гап нақд пулдан бошқа нарсаларга тегишли. Ўша бериладиган нарса янгими, эскими, аъло сифатлими, ўртачами ёки паст сифатлими – бари айтилиши лозим.

Мазкур уч шарт савдодаги ноаниқликни йўқотишга хизмат қилади. Ушбу нарсалар олдиндан аниқ қилиб олинмаса, кейин ўртада низо чиқади. Бу нарсалар тайин қилинмаса савдо фосид бўлади (бузилади).

4. Нархи олдиндан берилаётган мол учун ажратилган молнинг миқдори аниқ кўрсатилиши керак. Бир тўп пулни кўрсатиб: «Сенга ушбу пулни бераман, сен менга бунча буғдой берасан», деса, бўлмайди. Бу ҳам ноаниқлик, бу ҳам низога сабаб бўладиган иш.

5. Берилаётган пул текширилган бўлиши керак.

Чунки қалбаки пул бўлса, жанжал чиқади. Ёки пулни олган одам бир муддатдан кейин: «Берган пулинг қалбаки экан», деб қолиши ҳам мумкин. Кейинчалик низога сабаб бўладиган ҳар бир ноаниқлик савдони бузади.

6. Савдо тугаб, икки томон ажрашишидан олдин келишилган нархдаги пул қўлга тутқазилиши лозим.

III. Олдиндан нархи олинаётган молда бўлиши лозим шартлар:

1. Жинси маълум бўлиши шарт.

Буғдойми, арпами, хурмоми, олмами ёки бошқами.

2. Нави маълум бўлиши керак.

Ажфа хурмосими, Тобуний хурмосими ёки бошқами. Тоифий узумми, Ҳусайнийми ёки бошқами.

3. Сифати маълум бўлиши керак.

Олий навлими, ўртачами ёки пастми ва ҳоказо.

4. Миқдори маълум бўлиши керак.

Неча соъ, ботмон, кило, метр, адад ёки бошқа ўлчови аниқ бўлиши керак.

Ушбу тўрт шарт ҳам ноаниқликни кўтариш учун киритилган. Агар бу шартлар мавжуд бўлмаса, низо чиқиш эҳтимоли бор.

5. Сармоя ва нархи олдиндан олинадиган молда рибонинг иллатлари бирлашмаслиги керак. Аввало, иккиси бир жинсдан бўлмаслиги лозим. Тилло билан кумуш орасида салаф савдоси бўлмайди. Шунингдек, таомларда ҳам бўлмайди. Пулга таом, тижорат молларини салаф қилса бўлади. Тижорат молларини бир-бирига салаф қилса бўлади. Умуман, рибо бўлиб қолмаслигининг риояси бўлиши керак.

6. Нархи олдиндан олинаётган мол савдо пайтида ҳозир бўлмаслиги керак. Ҳозир бўлса, ўша вақтнинг ўзида сотиб олинарди.

7. Нархи олдиндан олинган молнинг сифатланган нави ва сифати салаф савдоси қилинган вақтидан токи, уни бериш вақтигача бозордан топиладиган нарса бўлиши керак. Маълум вақт бўлиб кейин бозордан йўқолиб қоладиган нарса бўлиши керак эмас. Масалан, қулупнайга салаф қилса, ўша салаф қилган вақтда ҳам, уни, харидорга берадиган вақтда ҳам, оралиқ вақтда ҳам бозорда қулупнай бўлиши керак. Чунки, ўзининг кўзлаган ҳосили битмай қолса, бозордан олиб бериш имкони бўлсин.

8. Савдо аҳдномаси қатъий бўлиши керак. Яъни икки тарафда ҳам айниш ихтиёри бўлмайди. Чунки айниш ихтиёри молни синаб кўриш, айби бўлса аниқлаш мақсадида шариатга киритилган. «Салам» савдосида бу ҳолат умуман йўқ.

9. Нархи олдиндан берилган молни таслим қилиш – топшириш жойи аниқ бўлиши керак.

Кўриниб турибдики, «Салаф» савдоси ҳам бошқа савдолар каби нозик масала. Мусулмон инсон бу ишга киришишдан олдин яхшилаб ўрганиб олиши лозим. Молиявий муомаласида ҳаром аралашиб гуноҳ содир бўлмаслиги, бировнинг ҳақини еб, икки дунёда шарманда бўлмаслиги учун ўта эҳтиёткорлик билан тасарруф қилиши керак.

Молиявий муомалаларнинг ҳаммасидаги каби «Салаф» савдосида ҳам шубҳага ва бировнинг ҳаққи зое бўлмаслигига ўрин қолмайдиган шаклда аниқ иш юритиш керак.

Бу ишларни иккита одил гувоҳ ҳузурида ёзиб-чизиб қўйилса, яна ҳам яхши бўлади. Ҳозирги кунида бу ишни қилиш жуда ҳам зарур. Бунда кейин хиёнат ва хилоф чиқмаслиги учун замин яратилган бўлади.

Энди, «Мухтасарул Виқоя»да бу ҳақда келган матнни ўрганайлик.

Салам миқдори ва сифати маълум, нархга айлантирилган кайлли ва вазнли каби нарсада тўғри бўлади.

Кийимга ўхшаш, зироъ билан ўлчанадиган нарсаларда узунлиги, эни ҳамда юпқа-қалинлиги баён қилинган бўлиши керак.

Сони саналадиган нарсалар бир-бирига яқин сифатли бўлиши керак.

Бунда бир донаси бошқасига ҳажмда яқин бўлган ёнғоқ ва тухумга ўхшаш нарсалар салам савдоси жоиз бўлади. Аммо доналари орасидаги тафовут катта бўладиган қовун ва тарвуз каби нарсаларда салам савдоси жоиз эмас.

Тузланган балиқда салам савдоси дуруст. Ҳайвон, унинг калла-пойчалари ва териларида ҳамда жавоҳирларда дуруст эмас. Миқдорини билиб бўлмайдиган муайян соъ ва зироъда ҳам дуруст эмас.

Тузланган балиқдаги салам сон билан эмас, вазн билан ўлчанади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Бозор ва унга боғлиқ масалалар китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу мавзуда жуда кўп гапирилди, китобу мақолалар эълон қилинди. Биз ҳам маърифат излаган дилларга айрим нарсаларнигина эслатиб ўтишни мақсад қилиб олдик. Бу ерда давоми...

4007 05:00 / 17.02.2017
.Шарикат, ёки ширкат луғатда, аралашиб кетиш маъносини англатади. Шариатда эса ширкат раъсулмол ва фойда хусусида шерик бўлганлар орасидаги ақддан иборатдир. давоми...

4421 05:00 / 17.02.2017
Cавдода ёлғон гапириш ҳаромndash Тожир савдо молини мақташ учун ёлғон гапириш ҳаром эканини зинҳор унутмаслиги зарур.Шунингдек, ваъдага вафо қилмай, сўнг ёлғон давоми...

3604 05:00 / 06.03.2017
Мусулмон савдогар ўзининг ҳамкасблари билан яхши алоқада бўлади. Бу ҳам тижорат одобларининг энг муҳимларидан биридир. Мусулмон савдогар бошқа савдогарлар билан давоми...

2558 11:17 / 06.10.2019