1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Мол исрофи ҳақида

05:00 / 17.02.2017 3295 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта Аллоҳ уч нарсага рози бўлади ва уч нарсага ғазаб қилади:
Унинг Ўзигагина ибодат қилиб, ҳеч нарсани Унга ширк келтирмаслигингизга ва Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутишингизга ҳамда Аллоҳ ишингизга валий – бошлиқ қилиб қўйганларга насийҳатлашишингизга рози бўлади.
Сизлардаги «деди-деди»ни, кўп саволни ва молни зое қилишни ёқтирмайди», – дедилар
».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига Аллоҳ таоло ёқтирган уч нарса ва ёқтирмаган уч нарса ҳақида хабар бермоқдалар.
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларига ёқтирган нарсалар:
1. Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилиб, бирор нарсани Унга ширк келтирмаслик. Булар сиртдан икки нарса–ибодат ва ширк келтирмаслик бўлиб кўриниши мумкин. Аслида эса, иккиси бир нарса. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларига ёқтирган уч нарсанинг бири сифатида келтирилмоқда.
Албатта, калимаи шаҳодатни айтиш билан Аллоҳга ибодат қилиш, унга ширк келтирмаслик орасида фарқ жуда катта.
Хусусан, «ибодат» лафзининг асл ва кенг маъносини оладиган бўлсак, ҳаётда тамомийла Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ яшаш, маъноси чиқади.
Ширк келтирмаслик эса–фақат ақийда бобида эмас, яъни, Аллоҳнинг шериги йўқ, деб эътиқод қилишгина эмас, балки, ибодат, амал бобларида ҳам ширкнинг турли кўринишларидан узоқда бўлишни кўзда тутган бўлади.
Иймон ва Исломнинг асоси шудир. Шунинг учун ҳам, бу нарса ҳамма нарсадан олдин зикр қилинди. Тавҳид бўлмаса, бошқа бирор нарсанинг бўлиши мумкин эмас.
«Ҳеч нарсани» деганлари умумийликни ифода қилади. Баъзи бир одамлар ўйлаганидай, ширк фақат бут ёки санамга чўқинишдан иборат эмас. Ширкнинг турлари жуда кўп.
Хулоса қилиб айтганда, банда Аллоҳнинг ибодати қолиб, бошқанинг ибодатини, Аллоҳнинг айтгани қолиб, бошқанинг айтганини қилганда, Аллоҳга ширк келтирган бўлади.
2. Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутиш.
Ушбу ҳадисдаги, умуман, Қуръон ва суннатда зикри келадиган «Аллоҳнинг арқони»дан мурод Қуръон ва Шариатдир.
Имом Термизий ва Муслим Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:
«Аллоҳнинг китоби осмондан ерга тортилган бир арқондир», дейилган.
Жарга қулаш хавфида турган инсон арқонни маҳкам ушласа, қутулиб қолганидек, дўзах тубига қуламасликнинг ҳам бирдан-бир чораси Қуръони Каримни маҳкам ушлашдир.
Шундагина инсон нажот топади. Мусулмон уммати нажот топиши учун барча бир бўлиб Аллоҳнинг каломи–Қуръони Каримни маҳкам тутиши лозимдир.
Аллоҳ таоло мусулмонларни Аллоҳнинг Китобини ва шариатини маҳкам тутишга, тафриқага тушиб, ихтилоф қилмасликка амр қилган, уларга шу ишни яхши кўрган.
3. Аллоҳ таоло волий–бошлиқ қилиб қўйганларга насийҳат қилиш.
Тамийм ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Дийн насийҳатдир»,–дедилар.
«Ким учун?»–дедик.
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ учун, У зотнинг китоби учун, У зотнинг Расули учун ва мусулмонларнинг имомлари ҳамда оммалари учун»,–дедилар».
«Насийҳат» луғатда «холис», «покиза», «содиқ» маъноларини билдиради. Урфда эса, бир кишининг бошқасига холис ният, содиқлик билан яхши йўл-йўриқларни айтишидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Дийн насийҳатдир» деганлари, дийннинг асосий мадори насийҳатдан иборатдир, деганларидир.
Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу умумий гапни эшитиб, унинг тафсилотини билмоқчи бўлдилар ва:
«Ким учун?» деб сўрадилар.
Яъни, «насийҳат қилсак, ким учун қиламиз?» дедилар.
Шунда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам дийннинг мадори бўлмиш насийҳат беш нарсада эканлигини баён қилиб бердилар:
1. «Аллоҳ учун», яъни, Аллоҳга иймон келтириш, Унга шукр қилиш, амрларини бажариб, қайтарганларидан қайтишга ундаб насийҳат қилишдир.
2. «У зотнинг китоби учун», яъни, Аллоҳнинг китоби–Қуръони Каримни ўрганиш, унга амал қилиш ва одамларни ҳам шу ишга ундаб насийҳат қилиш.
3. «У зотнинг Расули учун», яъни, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, у кишининг шариатига, суннатига тобеъ бўлиш, бошқаларни шунга даъват қилиш.
4. «Мусулмонларнинг имомлари учун.»
«Имом» деганда ишбоши кўзда тутилади. Улар учун насийҳат қилиш уларга итоат қилиш, одамларни ҳам шунга даъват қилиш билан бўлади.
5 «Мусулмонларнинг оммаси учун» деганлари барча мусулмонларга икки дунё саодати, яъни Ислом йўлини кўрсатиб насийҳат қилиш бўлади.
Ушбу вазифаларни қилган одам дийннинг энг муҳим ишини амалга оширган бўлади. Аммо бу осон иш эмас. Шунинг учун ҳам, у дийннинг мадори ҳисобланади.
Аллоҳ таоло мусулмон бандаларига ёқтирмаган нарсалар:
1. «Деди-деди».
Беҳуда гапга, одамларнинг гапини бир-бирига ташишга берилиш–«деди-деди» билан машғул бўлиш ҳар қандай жамиятнинг таназзулига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло бу нарсани мўмин-мусулмон бандаларига хуш кўрмаган. Биз бу нарсадан ҳазир бўлишимиз лозим.
2. Кўп савол бериш.
Беҳуда тарзда, бўлган-бўлмаган нарсани савол қилиб сўрайвериш ҳам яхши нарса эмас. Ўтган умматларнинг ҳалокатига сабаб бўлган нарсалардан бири ҳам шу нарсадир. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло бу бехосият нарсани сиз билан биз мўмин-мусулмон бандаларига хуш кўрмаган.
3. Молни зое қилиш.
Молу мулкни зое қилиш Аллоҳ таоло берган неъматни беҳуда қилишдир. Бу нарсани қилувчилар шайтоннинг биродари бўладилар. Ушбу номаъқул иш инсонларга ва уларнинг жамиятларига катта зарар келтиради. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини бу ишдан қайтарган.
Аллоҳ таоло банданинг қўлига мол берганда, уни исроф қилмаслигини тайинлади. Жойини топиб, Аллоҳ таолонинг йўлида, Аллоҳни рози қиладиган ҳолатда, шариатнинг кўрсатмасига мувофиқ равишда сарф қилиш, ишлатиш, бериш керак бўлади.
Молни зое қилиш, исроф қилиш, беҳуда кетказиш Аллоҳ таолонинг ғазабини чиқарадиган амаллардан ҳисобланади. Буни доимо ёдимизда тутишимиз керак.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади:
«У киши Аллоҳ азза ва жалланинг: «Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир» ояти ҳақида: «исроф ҳам, мумсиклик ҳам қилмасдан», деган».
Шарҳ: Демак, банданинг моли бўла туриб, уни исроф қилиб юборса ҳам, Аллоҳ таоло бунинг ўрнини тўлдириб бермас экан. Шунингдек, хасислик қилиб, маҳкам ушлаб турса ҳам, мол кетса, унинг ўрнига бошқа мол бермас экан.
Ўртача, мўътадил туриб, хасислик ҳам қилмай, исроф ҳам қилмай, молини Аллоҳ таолонинг айтганидек, шариат кўрсатганидек тасарруф қилса, Аллоҳ таоло унинг садақаси, хайр-эҳсонининг ўрнига банда кутмаган томондан яна бошқа неъматлар ато қилар, баракасини бериб қўяр экан.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1696. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир яҳудийдан нархини кейин беришга таом сотиб олдилар ва темир совутни гаровга давоми...

4258 17:46 / 19.09.2017
Ғарбий фикр фойдани мубоҳ дейди. Бу фикрга илмий ва амалий узоқ тортишувлардан сўнг келишган. Гоҳида давлат фойданинг чегараси ёки энг кўп миқдорини белгилашга давоми...

4888 05:00 / 17.02.2017
1. Мева ҳали кўринмай туриб унинг савдосини қилиш жоиз эмас. Чунки, йўқ нарсанинг савдоси дуруст бўлмайди.2. Мева зоҳир бўлгач, у ҳали пишмай туриб, узиб олмай давоми...

4393 05:00 / 17.02.2017
Таърифи Жуола деб луғатда кишининг қилган иши эвазига бериладиган ҳаққа айтилади. Жуолага ижозат берган фуқаҳолар унинг таърифида шундай дейдилар Ишчининг давоми...

3100 05:00 / 17.02.2017