1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Энг моҳир табиблар

17:34 / 06.03.2021 3703 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Европада ўрта асрларда ҳаётнинг бошқа соҳаларидаги каби тиббиёт соҳаси сохта дин черкови касофатидан аянчли ҳолатга келган эди.

Мавзуни кенгроқ ёритиш мақсадида европаликларнинг ўзларидан билиб олсак.

Жумладан, «Ўрта асрлар Оврупосида тиб қай тарзда ривожланган? Мен юқорида келтирган иқтибосимда айтилганидек, «XIV ва XV асрларда энг кучли мутахассислар инсон жисмидаги заҳар кишининг қулоқлари, бурни оғзи ва кўзларидан чиқиб кетиши учун беморни оёғидан осиб қўйишни қўллаш каби касалликка қарши кураш турларини тавсия қилишган» (А.Л.Ястребицкая). Эҳтимол бу амал баъзи чалкаш ишлардан бир кўриниш бўлиб, қолган ишларда ҳаммаси унча ҳам ёмон бўлмагандир? Аммо бошқа манбалар билан танишув хулосалари кўнгилга таскин бўлолмайди — йўқ, қолган барча ишлар ҳам худди шундай бўлган экан! Ўрта асрлардаги Оврупо тиб илми барча ҳолатлар учун умумий бир нечтагина “даво”ларни билган: ҳукна (клизма) лар, қусдирувчилар, қон олдириш, қизиган нарса ила босиб куйдириш, симоб хлоридини ва, албатта, дуо қилишни қўллаган. Мавжуд “дори-дармонлар”нинг борини ташкил этган мазкур “муолажа”лар беморларни даволашдан кўра кўпроқ уларга зарар келтирганини фаҳмлаш унчалик қийин эмас. Барча тарихий манбалар ўрта асрлардаги насоролик тиббиётининг араб тиббиётига нисбатан таназзул ҳолатида эканлигини фақатгина тасдиқлайдилар, холос.

Насоро тибби. Ўрта асрлар даврида қадимги римликлар ва юнонларга хос тиббий урфларни сақлаб қолганлар ва энг моҳир табиблар араблар бўлишган. Насороларда эса табиблик касби аввал бошдан буткул таназзулга кетиб бўлди (“Тиббиёт ва тиббий таълим”, М.Арапов, “Курьер образования”, “Энергия” рукни. http://courier.com.ru/energy/prof_edu/mededu.htm).

Иккинчи минг йиллик давомида Оврупо аҳолисини чечак, ўлат, сил, терлама, захм (сифилис), мохов ва ҳайвонларга хос юқумли касалликлар қириб ташлади. Номи чиққан Нострадамус ўлатга қарши шахсий тозаликка риоя қилиш ила муваффақиятли кураш олиб борарди — ҳар куни чўмилиб турарди (бу иш бевосита ўлатдан қутқармаса-да, озодаликнинг баъзи амалий малакаларидан намуна бўла оларди). Иймонида мустаҳкам турган насоро динидаги киши бу ишни ўзига эп кўра олмасди, чунки унинг учун ювиниш — бу гуноҳ. XI асрнинг ўзидаёқ папа Климент III фармон жорий қилган эди. Унга кўра якшанба кунлари чўмилиш, ҳаттоки юзни ювиш ҳам ман қилинган эди. Амалда эса XI асрга келиб насоро Оврупосида ювинадиганларнинг ўзи ҳам деярли қолмаганди. Кейинчалик, ювинмасликнинг диний сабабларидан ташқари воқеъликдаги сабаблари ҳам пайдо бўлади: ғарбий Оврупода ўрмонлар тугаб битади (ўтин овқат пиширишнинг ўзига ҳам етмай қолади — барчаси фақатгина Муқаддас Инквизиянинг жазо гулханлари учун ишлатила олади), совуқ сувда ювиниш имконсиз бўлиб қолади, ахир ҳамма ҳам “морж” бўла олмасди-да. Оврупо одамлари шу даражада сувдан фойдаланишни тарк этишгандики, XIX (!) асрнинг охирида танилган бир тиб дарслигида доктор Ф.Е. Билц халқни ювинишга кўндиришга мажбур бўлган. “Одамлар борки, ростини айтганда дарё ёки ваннада чўмилишга уларнинг юраклари дов бермайди, чунки улар болаликларидан ҳеч қачон сувга киришмаган. Бу қўрқув асоссиздир, — деб ёзган эди Билц “Янги табиий даволаниш” китобида, — беш ё олти марта ванна қабул қилгандан сўнг бунга кўникиш мумкин...” Докторга камдан кам кишилар ишонишарди...  

Ўрта асрларда юқумли касалликларнинг кенг тарқалишига қарши турлича курашилган. Мисол учун, биринчи салб юришидан кейин Оврупода кўпайиб қолган моховларни шаҳарларга киритмай қўйишар эди, чунки мохов дардига чалинганларни лаънатга учраганлар деб билишар эди. Мохов бўлиб қолганларни ушлаб қолиш учун шаҳар дарвозалари олдида махсус қўриқчилар туришар эди. Қишлоқ жойларида эса моховларни ўзларининг яқинлашаётганларини билдириш учун шақилдоқ, шох ёки қўнғироқчани чалиш ила узоқроқдан хабар беришга мажбур қилишар эди.  Қўшнилар кўзига “бало теккан”дай кўринган ҳар қандай шубҳали шахсни оддийгина шаҳардан ҳайдаб чиқаришган. Бу дардга чалинган ўлимга маҳкум деб ҳисобланар эди. Моховликнинг биринчи белгилари кўзга ташланиши билан ўликка жаноза ўқигандек дардманни черковда ўқиб қўйишарди. Шундан кейин соғлом кишиларни огоҳлантириш учун унга махсус кийим ва зикр қилинган шақилдоқ ёки қўнғироқча берилар эди. Бу касаликка чалинганлардан “омади чопганлар” муқаддас Лазар номидаги (“лазарет” истилоҳи шундан олинган)  навбатдаги насоро жамоаси (ордени) қарамоғига ўтиб қолар эди. Лазар жамоаси моховга чалинганлар учун моховхоналар (лепрозорийлар) ташкиллаштириб, унга жойлаштирганлар ўлим жазоси таҳдиди ила ҳеч қачон ташқарига чиқарилмас эдилар. Фақатгина маркази Оврупонинг ўзида милодий 1250 санага келиб бундай моховхоналарнинг адади 19000 тага етди. Барча одамлар улардаги “тириклайин чириётганлар”дан даҳшатга тушишарди.  

Францияда моховларни махсус уйларда — лепрозорийларда яшашга мажбур қилишар эди. Милодий 503 йилги фармонга асосан бутун ўрта асрлар давомида моховга чалинган ва уларнинг қариндошлари учун махсус ўзини тутиш “қоида”лари таълиф қилиб келинган. Улардан бирида шундай дейилган: “Касаллик аниқланиши билан дардманни диний маҳкама (трибунал) га олиб боришар эди. Диний маҳкама эса... уни ўлимга маҳкум қилар эди”. Бу нимани билдирарди? Бу дегани, бечора касални дафн маросими учун барча нарса тайёр қилинган черковга олиб боришар эди. Касални тобутга ётқизишиб, ўликка қилинадиган маросимни қилишар, шу ҳолда тобути билан қабрга қўйиб, устидан бир неча бел тупроқ ташлашар эди. Бунда “Сен тирик эмассан, сен бизларнинг барчамиз учун ўликсан” деган сўзларни айтишар эди.     

Шундан сўнг мазкур беморни қабрдан чиқариб олишиб, уни моховхонага олиб боришар эди. Бемор умрининг охиригача ўша ерда қолиб кетарди, бундан буён у ўз уйига, ўз оиласига ҳеч қачон қайтиб бормас эди. Барча учун у ўликка айланиб бўлган эди. (РМЖ, 9-жилд, № 23, 2001, Л.Е. Горелова. “Лепру лечили смертью” (“Мохов ўлим билан даволанарди”))

Шу жойда жуда ўринли савол пайдо бўлади: “Хўш, касалликларнинг ташхиси қанчалик аниқ бўлган?”, “Қандай қилиб саводсиз монахлар ва табиблар ташхисни тўғри қўя олишар эди?” Одатда ташхис ишлари айнан Инжилда кўрсатилганидай “кийим ва соқолда мохов аломатлари”ни қидириб топиш каби кўрикдангина иборат бўлар эди. Шунинг учун ҳам воқеаларни тартиблаштирувчи саначилар  ўлат тарқалиши ҳақида ёзишганда, ушбу касалликнинг турини ҳам аниқлаш керак бўлар эди: қайси ўлат назарда тутилмоқда — “оловли ўлат” (ўсимлик донидаги қоракосовдан заҳарланиш) ми ёки бевосита ўлатми. Ўларнинг аломатлари жуда ўхшаш.    

Черков ва аҳоли юқумлик касалликларнинг кенг тарқалиш сабабларини табибларга қараганда яхшироқ “тушунишар” эди. Юқумлик кассаллик кенг тарқалмоқдами, демак бу гуноҳлар учундир. Кейинги босқич ташхис ишларига черков ходимлари чуқурлашиб кетмас эдилар ва “шайтоннинг кирдикорлари” ила ўзлари учун ягона мантиқли услуб орқали курашишар эди — ўрта асрлар Оврупосида юқумли касалликлар кенг тарқалиши пайтида тинмай қўнғироқлар чалинар эди ва одамларга каксалликни енгиш учун шу тарзда ёрдам кўрсатилар эди. Баъзи ҳолларда “шайтон амаллари”дан ташқари бу кўргиликнинг бошқа ғайбиёт сабаблари ҳам  келтириларди. Мисол учун, черков ходимларининг тушунтиришига кўра, “қора ўлим” ҳисобланмиш ўлат касалининг кенг тарқалиши яҳудийлар қудуқларни заҳарлашган. Албатта, шу важдан худобезор яҳудийларнинг анчасини оловда куйдириб ҳам кўришди, аммо кассалликнинг тарқалиб боришига бу ҳеч қандай таъсир кўрсатмади. Афтидан насороларни заҳарлаш ишида уларга Иблиснинг ўзи кўмаклашарди. Қирғин келтирувчи таёқчасимон бактерияларнинг мавжудлиги (мисол учун, ўлатни қўзғатувчи бациллалар фақатгина ХIХ асрнинг охирига келиб Гонконгда француз табиби Александр Йерсен томонидан кашф этилди) ва шахсий тозаликка риоя қилиш зарурлиги ҳали ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаганди. “Нега Сенинг шогирдларинг кексаларнинг нақлларини бузмоқдалар, зеро ўз қўлларини ювмайдилар?”, — деб сўрашди Ийсодан фарисейлар (Маттоҳ, 15:2). “Ювилмаган қўлда ейиш — инсонни таҳқирламайди”, дея жавоб қайтарди Халоскор [Масийҳ] (Маттоҳ, 15:20). Итоаткор насоролар қўл ювишдан воз кечишди. Ва нафақат овқатдан олдин.           

Яқиндаги ўтмишдан тиб “маҳорати”нинг яна бир “ажиб” ва, тан олмасдан илож йўқ, шармандали ҳодиса мана будир: венгер гинекологи Игнатс Семмелвейс аёлларни туғдириш пайтида қўл ювилиши лозимлигини омма ичида талаб қилгани учун милодий 1848 санада ушбу соҳада ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Ўз табиб касбдошлари томонидан масхара қилинган, қораланган ва ишлаш рухсатномасидан айрилган Семмелвейс ақлдан озди ва нисбатан ёш вафот этди. Айни пайтда ўн минглаб эндигина туғган аёллар ва янги туғилган чақалоқлар табиблар ва доялар томонидан киритилган инфекциялар туфайли ўлишда давом этарди. (доктор Константин Монастирский http://agelessnutrition.com/qanda/q121103.html).

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу илм ажнабий тилда .астрономия, дейилади. Дунё халқларининг кўплари осмон жисмларига .Худо ёки унга тегишли аскарлар,, деган назар билан қараб турган бир пайтда давоми...

3070 19:06 / 27.03.2020
Мусулмонлар ўз динларини маҳкам тутган пайтларида, Қуръон ва Суннатга амал қилган пайтларида, ушбу ва шунга ўхшаш ҳадисларга ҳам яхши амал қилганлар. Бунинг давоми...

2361 22:00 / 24.04.2020
Мунтазам равишда хорижий хабарларни, хусусан Оврўпага оид янгиликларни кузатиб бораётган одам, динга оид янгиликлар асосан икки ҳолатда ёритилаётганига гувоҳ давоми...

7990 18:45 / 02.02.2019
Ўрта аср Оврупосида полизлар мавжуд эди, аммо айнан мусулмонлар боғларни хордиқ чиқариш ва осойишталик маскани сифатида қабул қилганлар. Ва бундай турдаги илк давоми...

1760 11:37 / 13.07.2020