1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

«Аллоҳ таолонинг қиличи» мағлуб бўлмайди!

11:00 / 25.01.2021 3564 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу машҳур саҳобийлардан ва забардаст қўмондонлардан бўлиб, Қурайшнинг Бану Махзум уруғида таваллуд топдилар. Болаликдан чавандозлик, жанг санъатини пухта ўрганиб, моҳир чавандоз бўлиб етишадилар.

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу юзга яқин жангда иштирок этганлар ва бирор марта мағлубиятга учрамаганлар.

У киши икки қўлида қилич билан жанг қиладиган икки кишининг бири эдилар. Иккинчилари Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу эдилар. Холид розияллоҳу анҳу икки қўлдаги қилич билан жанг қилар эканлар, отларини оёқлари билан бошқарар эдилар.

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Қурайшнинг чавандозларидан ва саноқли пахлавонларидан эдилар.

Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ «Сияру аъламин нубала» китобларида шундай деганлар: «Холид ибн Валид ибн Муғийра ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Махзум ибн Яқза ибн Каъб, «Аллоҳ таолонинг қиличи», Ислом чавандози, «жанг майдонларининг арслони», саййид, имом, улуғ амир, мужоҳидлар қўмондони, Абу Сулаймон».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у киши ҳақларида «Аллоҳнинг нақадар яхши бандаси! Холид ибн Валид Аллоҳнинг қиличларидан бир қиличдир» деганлар.

Имом Термизий ривоятлари.

Бир ривоятда «Холид ибн Валид Аллоҳнинг қиличларидан бир қиличдир. Аллоҳ уни мушрикларга қарши кўтаргандир» дейилган.

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу ҳижрий 8-йилнинг сафар ойида, Ҳудайбия сулҳидан кейин, Макка фатҳидан олдин Ислом динига кирдилар. Бу ҳодиса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам умранинг қазосини адо этиш учун Маккага келганларида, у киши ҳақларида сўраганларидан кейин юз берди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу ҳақларида сўраганларини у киши тақдир ва икром қилиш деб ҳис қилдилар, бундан жуда хурсанд бўлиб, Исломга рағбатлари зиёда бўлиб, ўзларида куч топиб, Исломни қабул қилдилар.

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умранинг қазосини адо этиш учун Маккага кирганларида, (Маккада) йўқ эдим, у зотнинг киришларини кўрмадим. Укам Валид ибн Валид Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Умранинг қазосини бажариш учун Маккага кирганди. Мени қидириб, тополмай, менга мактуб қолдирибди. Унда шундай дейилганди «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аммо баъд. Шундай ақлинг бўла туриб, фикрингнинг Исломдан бошқа тарафга кетишидан кўра ажабланарлироқ нарсани кўрмадим. Исломга ўхшаган нарсани бирор киши билмаслиги мумкинми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан сен ҳақингда сўраб, «Холид қаерда?» дедилар. Мен «Аллоҳ уни келтиради» дедим. Шунда у зот «Унга ўхшаган киши Исломни билмаслиги мумкин эмас. Агар ўзининг босим ва маҳоратини мушрикларга қарши мусулмонларнинг фойдаси учун ишлатганда, ўзи учун яхши бўларди ва уни бошқалардан устун қўярдик» дедилар. Эй акам, йўқотганларингни энди қозониб қол! Чунки сен фойдали ўринларни қўлдан бой бердинг». Унинг мактуби менга келганда, (Мадина сари йўлга) чиқишга ўзимда куч топдим ва Исломга нисбатан рағбатим ошди».

Имом Байҳақий ривоятлари.

Ибн Касир «Ал-Бидоя ван ниҳоя»да, Суютий «Хасоисул кубро»да Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг мусулмон бўлиш қиссаларини зикр қилишган. Холид айтадилар: «Аллоҳ таоло менга яхшиликни ирода қилиб, қалбига Ислом ҳақидаги фикрни солганда ва эс-ҳушимни йиғиштириб олганимда, дедим: «Мана шу барча жангларда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши бўлиб қатнашдим. Ҳар сафар ўзим иштирок этган жангдан қайтар эканман, ичимда «Мен беҳудага урушиб юрган эканман. Албатта, Муҳаммад ғолиб бўлади» деб ўйлардим. У зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ҳудайбияда Қурайш билан сулҳ тузганларида ва Қурайш у зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни қайтиб кетишга мажбур қилганда, ичимда ўйладим: «Нима қолди? Қаерга бораман? Нажошийнинг олдигами? Ахир унинг ўзи ҳам Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га эргашган-ку, (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг) асҳоблари у (Нажоший)нинг юртида тинч яшаяптилар-ку! Ёки Ҳирақлнинг олдига бориб, динимдан чиқиб, насронийлик ёки яҳудийлик динига ўтаманми?! Ёки ажамлар билан уларга тобе ҳолда яшайманми?! Ёки қолган (юртдош)лар билан ўз юртимда яшайманми?!» Мана шундай ўй-хаёллар гирдобида турганимда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умранинг қазосини адо этиш учун Маккага кирдилар. (Маккада) йўқ эдим, у зотнинг киришларини кўрмадим. Укам Валид ибн Валид Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Умранинг қазосини бажариш учун Маккага кирганди. Мени қидириб, тополмай, менга мактуб қолдирибди. Унда шундай дейилганди: «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аммо баъд. Шундай ақлинг бўла туриб, фикрингнинг Исломдан бошқа тарафга кетишидан кўра ажабланарлироқ нарсани кўрмадим. Исломга ўхшаган нарсани бирор киши билмаслиги мумкинми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан сен ҳақингда сўраб, «Холид қаерда?» дедилар. Мен «Аллоҳ уни келтиради» дедим. Шунда у зот «Унга ўхшаган киши Исломни билмаслиги мумкинми?! Агар ўзининг босим ва маҳоратини мушрикларга қарши мусулмонларнинг фойдаси учун ишлатганда, ўзи учун яхши бўларди ва уни бошқалардан устун қўярдик» дедилар. Эй акам, фойдали ўринларда (жангларда) йўқотганларингни энди қозониб қол!»

Унинг мактуби менга келганда, (Мадина сари йўлга) чиқишга ўзимда куч топдим ва Исломга нисбатан рағбатим ошди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мен ҳақимда сўрашлари мени хурсанд этди. Холид айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига йўлга чиқмоқчи бўлганимда, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришимда менга ким ҳамроҳ бўларкин?» дедим. Сафвон ибн Умайяга йўлиқдим ва «Эй Абу Ваҳб, қандай аҳволдалигимизни кўрмаяпсанми? Саноқли тишлардек бир нечта қолдик. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг арабу ажам устидан қўли баланд келди. Агар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг олдига бориб, унга эргашсак, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га шараф келтирган нарса биз учун ҳам шараф бўларди» дедим. У менинг гапларимни жон-жаҳди билан рад этиб, «Мендан бошқа ҳеч ким қолмаса ҳам, ҳеч қачон унга эргашмайман» деди. У билан хайрлашдик. Мен «Бу одамнинг акаси ва отаси Бадрда ўлдирилган» дедим. Икрима ибн Абу Жаҳлга йўлиқдим. Унга ҳам Сафвон ибн Умайяга айтган гапларимни гапирдим. У ҳам менга Сафвон ибн Умайя айтган гапларни айтди. Мен унга «Айтган гапларимни беркит!» дедим. У «Гапларингни эсламайман, айтмайман» деди. Шундай қилиб, (хизматкорларимга) юкларимни ҳозирлашни буюрдим ва йўлга чиқдим. Йўлда борар эканман, Усмон ибн Талҳани учратдим. Иккимиз юриб кетдик ва Ҳада (Макка билан Усфон орасидаги жой) деган жойга етганимизда, Амр ибн Осни топиб олдик. У бизга «Марҳабо, эй қавм» деди. Биз ҳам унга «Сенга ҳам» дедик. У биздан «Йўл бўлсин?» деб сўради. Биз «Ўзинг нима сабабли йўлга чиқдинг?» деб сўрадик. У ҳам биздан «Сизлар нима мақсадда йўлга чиқдингиз?» деди. Биз «Исломга кириш ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш мақсадида» дедик. Шунда у «Мен ҳам шу мақсадда кетяпман» деди. Шу тарзда ҳаммамиз ҳамроҳликда йўл юриб, Мадинага кириб бордик. Ҳарра ерида уловларимизни чўктирдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биз ҳақимизда хабар берилганда, у зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бизнинг келганимиздан хурсанд бўлдилар. Яхши либосларимни кийиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юриб кетдим. Йўлда укам менга йўлиқиб, «Тезроқ юр! Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сен ҳақингда хабар топдилар ва сенинг келганингдан севиндилар, у зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сизларни кутмоқдалар» деди. Биз тезроқ юриб, у зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га кўзим тушганда, менга табассум қилдилар. Ҳузурларига бориб тўхтадим ва у зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нубувватни қўшиб салом бердим. (Яъни, Ассалому алайкум эй Аллоҳнинг Набийси дебдилар) У (соллаллоҳу алайҳи васаллам) очиқ чеҳра билан менинг саломимга алик олдилар. Мен «Албатта, мен гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва албатта, сиз Аллоҳнинг Расулисиз» дедим. У зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) «Бери кел!» дедилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Сени ҳидоят қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин! Сенда ақл борлигини, ақлинг сени яхшиликка бошлашини билардим» дедилар. Мен «Эй Аллоҳнинг Расули, ўша жангларда сизга қарши бўлиб, ҳаққа терс бўлганимни кўрдингиз. Аллоҳга, менинг ўша ишларимни мағфират қилишини сўраб дуо қилинг!» дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ислом ўзидан олдинги нарсаларни ўчиради» дедилар. Мен «Эй Аллоҳнинг Расули, шундай бўлса ҳам дуо қилаверинг!» дедим. У зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) «Эй Аллоҳ, Холид ибн Валиднинг Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун қилган ҳар бир ҳаракатларини мағфират этгин!» деб дуо қилдилар. Холид айтдилар: «Усмон ва Амр олдинга ўтдилар ва икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилдилар». Холид айтдилар: «Бизнинг Мадинага келишимиз (ҳижрий) саккизинчи йилнинг сафар ойида бўлган эди». Холид айтдилар: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳим, аҳамиятли ишларида мени саҳобалардан бирорталарига тенг қилмас эдилар».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга шу даражада гўзал муомала қилардиларки, ҳар бир саҳобий «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени бошқалардан кўра кўпроқ яхши кўрсалар керак» деб ўйларди.

(Давоми бор)

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Мавзуга оид мақолалар
Макка фатҳи Саъд ибн Абу Ваққос Макка фатҳи чоғида оғир хаста бўлиб қолдилар ва ушбу ривоятда зикр қилинган гаплар бўлиб ўтди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу давоми...

591 09:11 / 18 май
Саъд ибн Абу Ваққос Исломга биринчилардан бўлиб кирганларидек, бошқа исломий ишларда ҳам биринчилардан бўлиш у кишига насиб этди. Жумладан, ҳижратга изн давоми...

1287 16:59 / 21.11.2023
Масруқ ибн Абдураҳмон тобеиннинг улуғларидан бўлиб, Ҳамадон шаҳрида дунёга келганлар, кунияси ndash Абу Оиша. Амирул мўминин Умар розияллоҳу анҳу Масруқ ибн давоми...

1204 09:00 / 23.03.2023
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар ҚУРЪОННИНГ ЖАМЛАНИШИ 21қисмМуртадларга, сохта пайғамбарларга қарши давоми...

4864 16:51 / 20.04.2017