1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумонинг фазилатлари

19:39 / 21.04.2017 10391 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг севикли икки набиралари, ҳазрати Али ва Фотимаи Заҳронинг жигаргўшалари Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайннинг сиймолари бутун мусулмон халқига яхши таниш. Мусулмонлар доимо уларни яхшилик, ҳурмат-эҳтиром ва иззат-икром ила қалбларининг тўрида сақлаб келадилар. Кўпчилик, хусусан, халқ бу икки зот тўғрисида тўлиқ ва батафсил маълумотларга эга бўлмасликлари мумкин, аммо улар Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумога нисбатан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чексиз муҳаббатларини ва ҳар бир мусулмон ҳам иккиларига муҳаббат қилиши лозимлигини яхши биладилар.

Бу икки улуғ зот доимо бирга зикр қилинадилар. Улар барча мусулмонлар тасаввурида ёш болалар сиймосида гавдаланадилар. 

Эҳтимол, шунинг учундир, баъзи мусулмон халқ¬ларда уларни эгизак билиб, туғилган эгизак ўғил болаларни Ҳасан ва Ҳусайн номи билан аташ одат бўлиб қолган. 

Бу икки улуғ зотнинг ёш болалар сиймосида тасаввур қилишга эса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ҳадиси шарифларида улар ёш бола сифатида зикр қилинганидир.

Бизнинг диёримизда Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумо ҳақида бирор илмий тарзда ёзилган маълумот борлигини айтишдан ожизман. Аммо шундоқ нарсанинг бўлиши зарурлигига иймоним комил.

Қуйидаги ожизона сатрларда ана ўша орзуни амалга оширишга Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолимизда ҳаракат қиламиз.

Ушбу мавзуни ёритишга тайёрланиш жараёнида ҳадис ва ҳадис шарҳига оид китобларимизда ҳам Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумо фазилатлари ҳақидаги маълумотлар бир сарлавҳа остида келганини кўрдик. Чунки Пай¬ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўп-гина ҳадиси шарифларида бу икки зотнинг фазилатлари бирга қўшиб зикр қилинган. Шунинг учун биз ҳам аввал ўша Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумо фазилатлари биргаликда зикр қилинган ҳадиси шарифларни ўрганиб чиқамиз. Кейин эса, улардан ҳар бирлари ҳақида келган ҳадиси шарифларни алоҳида-алоҳида ўрганамиз, иншаалллоҳ.

Ҳазрати Али ва Фотима онамиз розияллоҳу анҳумо оила қурганларидан кейин бир йил ўтиб, учинчи ҳижрий сананинг Рамазон ойи ўрталарида Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу туғилганлар.

Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу туғилишлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга суюнчли хабарни етказиш учун одам борган. У зот алайҳиссалом бу ҳодисадан ниҳоятда хурсанд бўлганлар, шошилиб келиб, гўдакни қучоқларига олиб, қулоқларига азон ва иқомат айтганлар.

Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотима розияллоҳу анҳонинг туққан боласи Ҳасан ибн Алининг қулоғига азон айтаётганларини кўрдим».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун Имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг туғилишлари катта қувонч боиси бўлди. Чунки у зот эллик еттига кириб қолган бўлсалар ҳам зурриётларидан ўғил фарзанд турмаган эди. Аллоҳ таоло у зотнинг зуриётининг давоми айнан шу гўдакдан бошланишини ирода қилган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзларининг қувончи бўлиб туғилган бу муборак фарзандга «Ҳасан» деб исм қўйдилар. Ўша кунгача биров ўз боласига бу номни қўймаган эди.

Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу туғилиши Мадинаи Мунавварада тўйга айланиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам халққа ақийқа қилиб бердилар.

Имом Термизий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳа¬санга бир қўй сўйиб ақийқа қилдилар ва:

«Эй Фотима, унинг сочини олиб, сочи вазнида кумуш садақа қилгин», дедилар. 

Бас, тортсак, унинг вазни бир дирҳам ёки дир¬ҳамнинг баъзисича чиқди». Ана ўша кумушни ҳам камбағалларга садақа қилинди.

Имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг туғилишларидан тахминан бир йилу бир ой ўтиб, тўртинчи ҳижрий сананинг шаъбон ойида Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу туғилганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қувончларига қувонч қўшилди. У зот қўш набирали бўлиб, икки набираларини меҳр билан тарбия қила бошладилар. Ана ўша пайт¬да Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумо ҳақида айтилган кўпгина ҳадиси шарифлар ворид бўлди. Келинг, мазкур ҳадиси шарифлардан баъзиларини ўрганиб чиқайлик.

Имом Термизий Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Баъзи ҳожатим ила Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшикларини қоқдим. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ўралган нарсани кўтариб олиб чиқдилар. Мен у нарсанинг нималигини билмадим. Ҳожатимни битирганимдан кейин:

«Эй Аллоҳнинг Расули, ўраб кўтариб олган нарсангиз нима?» дедим.

У зот уни очдилар. Қарасам, Ҳасан билан Ҳу¬сайн экан.

У зот:

«Бу иккиси менинг ўғилларим, менинг қизимнинг ўғиллари. Эй Аллоҳим, мен иккисига муҳаббат қилурман, Сен ҳам иккисига муҳаббат қилгин ва иккисига муҳаббат қилганларга ҳам муҳаббат қилгин», дедилар.

Кўриниб турибдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки маҳбуб набиралари Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумони йўргакдалик чоғларида ҳам яқин тутганлар, ўзлари кўтариб юрганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам севикли набираларини кўтариш, қучоқлаш ёки ўпиш билан кифояланиб қолмас эдилар. Балки уларнинг барча ҳолатларидан хабардор бўлиб, тарбиялари аъло даражада бўлишига алоҳида эътибор берар эдилар.

Бир куни ҳазрати Али ва Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳумонинг кўзлари уйқуга кетиб қолибди. Ҳасаннинг қорни очиб, йиғлай бошлабди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ота-онани уйғотиб, ўзлари ҳовлида турган совлиқни соғиб Имом Ҳасанга ичирибдилар.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўчадан ўтиб кетаётиб Имом Ҳусайннинг йиғисини эшитиб қолдилар. Шошиб ичкарига кириб, Фотима онамизга:

«Бунинг йиғиси менга озор беришини билмайсанми?!» дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам имкон топишлари билан набираларини ўзларига олар эдилар.

Лубоба бинти Ҳорис розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у киши айтадилар: 

«Ҳусайн Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қучоқларида эди. Бас, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устларига сийиб юборди. Мен: 

«Бирор кийим кийиб, менга изорингизни беринг, ювиб берай», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қиз боланинг сийдигидан ювилади, холос, ўғил боланинг сийдигига сув сепилса, бўлди», дедилар.

Абу Довуд, Аҳмад ва Ҳокимлар ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифда Лубоба бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо ўзлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иштирокларида шоҳид бўлган бир ҳодисани ривоят қилмоқдалар: 

«Ҳусайн Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қучоқларида эди». 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жажжи набиралари Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн¬ларни жуда яхши кўрганларидан уларни масжидга ҳам олиб чиқар, ўтирганларида эркалатиб қучоқларида олиб ўтирар эдилар. Лубоба бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо ўша ҳолатлардан бирини ривоят қилмоқда. 

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам қучоқларида набиралари Ҳусайн розияллоҳу анҳу¬ни олиб ўтирар эдилар.

«Бас, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устларига сийиб юборди». 

Яъни, кичик Ҳусайн бобоси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қучоқларида туриб, У зотнинг кийимларига сийиб юборди. 

«Мен: «Бирор кийим кийиб, менга изорингизни беринг, ювиб берай», дедим». 

Лубоба бинти Ҳорис розияллоҳу анҳонинг бу гапларидан у кишининг Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган олий даражадаги ҳурматлари кўриниб турибди. Изор тананинг пастки тарафига кийиладиган кийим. Лубоба бинти Ҳорис розияллоҳу анҳо сийдик нажаслигидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг сийдиги теккан кийимларини ювиш лозим бўлди, деб тушунган эдилар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Лубоба розияллоҳу анҳонинг тахминлари нотўғри эканини баён қилдилар.

«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиз боланинг сийдигидан ювилади, холос, ўғил боланинг сийдигига сув сепилса, бўлди», дедилар».

Кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло муборак қилиб қўйган бу гўдак фарзанд ўзининг гўдаклигидан бошлаб мусулмонларга шариат ҳукми бўлиб қоладиган нарсаларга ҳам сабаб бўлмоқда.

Шу билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам набираларининг ўзларига ҳам исломий тарбияни бериб борар эдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу садақанинг хурмосидан бир дона олиб оғзига солди. Бас, Пай¬ғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиҳ-қиҳ!» деб ташлатмоқчи бўлдилар. Сўнгра: 

«Биз садақа емаслигимизни сезмовдингми?» дедилар. 

Икки Шайх ривоят қилишган.

Муслимнинг ривоятида: 

«Бизга садақа ҳалол эмаслигини билмабмидинг?!» дедилар», дейилган».

Бундан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оли байти садақа емоғи мумкин эмаслиги келиб чиқмоқда. 

Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга Витрнинг қунутида айтадиган калималарни ўргатдилар: «Аллоҳим, мени Ўзинг ҳидоят қилган шахсларинг ичида ҳидоят қилгин, менга Ўзинг офият берган кишиларинг ичида офият бергин. Ўзинг қарамоғингга олган кишилар ичида мени ҳам қарамоғингга олгин. Менга берган нарсаларингни баракали қилгин. Ўзинг қазо қилган нарсалар ёмонлигидан мени сақлагин. Албатта, Сен ҳукм қилурсан, Сенга ҳукм қилинмас. Албатта, Сен дўст тутган шахс хор бўлмас ва Сен душман бўлган иззатли бўлмас. Роббим муқаддас ва олий бўлдинг».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган. 

Насаий: 

«Ва соллаллоҳу алан набиййи Муҳаммад»ни зиё¬да қилган».

Энди ўзимиз шарҳ қилаётган «ат-Тожул Жомеъ» китобида Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумо биргаликда зикр қилинган ҳадиси шарифларни ўрганайлик.

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилаётган эдилар. Бирдан Ҳасан ва Ҳусайн устларида қизил кўйлак ила қоқилиб, йиқилиб кела бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбардан тушиб, икковларини кўтариб олдилар, олдиларга қўйдилар ва:
«Аллоҳ тўғри айтади: «Албатта, молларингиз ва болаларингиз фитнадир». Бу икки гўдакка назар солсам, қоқилиб, йиқилиб келишмоқда, сабр қилолмай гапимни бўлиб, икковини кўтариб олдим», дедилар
».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жума хутбасини тўхтатиб қўйиб, Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумони кўтариб олиб, минбарга ўз олдиларига қўйиб олишларидан у зотнинг бу икки набираларига муҳаббатлари қанчалик улуғ эканини билиб олиш жуда ҳам осон.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Сизга аҳли байтингиздан қай бирлари маҳбуброқ?» деб сўралди. Бас, у зот:
«Ҳасан ва Ҳусайн», дедилар.
У зот Фотимага:
«Менга ўғилларимни чақириб қўй!» дер эдилар ва иккиларини ҳидлаб, бағриларига босар эдилар
».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг аҳли байт¬лари қанчалик улуғ мақомга эга эканини ўтган ҳадиси шарифлардан билиб олдик. Ўша улуғ мақом соҳиблари ичидан у зотга энг маҳбублари Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумо экани уларнинг фазилатлари олий даражада эканига далолатдир. Бу олий даражага иккиларидан бошқа инсон боласи сазовор бўла олмаслигини таъкидлаб ўтиришга ҳожат ҳам бўлмаса керак.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ри¬во¬ят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳасан ва Ҳусайн жаннат аҳли ёшларининг саййидларидир», дедилар
».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Одам ато халқ қилингандан бери қиёмат қоим бўлгунча ўтган кишилардан жаннатга кириш саодатига муяссар бўлган ёшларнинг жаннатдаги улуғи бўлиш бахтига тенг келадиган бахтга лойиқ одам борми ўзи?! Ҳа, бор! Ундоқ бахтга эришган фақатгина икки зот–Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумо бор!

 Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайнни кўриб қолдилар. Бас, у зот:
«Эй Аллоҳим, мен иккисига муҳаббат қилурман. Сен ҳам иккисига муҳаббат қилгин!» дедилар
».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз набиралари–Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумога муҳаббатларини изҳор қилиш билан бирга, икковларига Аллоҳ таолонинг муҳаббатини сўраб, дуо қилишларидир. Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари мақбулдир. У зотнинг бундоқ дуоларига сазовор бўлган Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумо бахтиёр зотлар.


Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳасаннинг кўксидан бошигача Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшайди. Ҳусайн¬нинг ундан паст қисми ўхшайди».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумонинг жисм тузилишларида ҳам Пай¬ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга жуда ҳам ўхшашлик бор эди. Уларни ҳаммадан кўра яхши биладиган шахс–ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг таъкидлашларича, умумий ўхшашликдан таш¬қари ўхшашликнинг алоҳида нозик чизиқлари ҳам бор экан. Имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг кўкракларидан тепа қисмлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳудан кўра кўпроқ ўхшар экан. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг эса, кўкракдан паст қисмлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Имом Ҳасан розияллоҳу анҳудан кўра кўпроқ ўхшар экан.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, ҳар бир набийга еттита нажийб ёки нақийб берилди. Менга эса, ўн тўртта берилди», дедилар.
Биз (Алига):
«Улар кимлар?» дедик.
«Мен, икки ўғлим, Жаъфар, Ҳамза, Абу Бакр, Умар, Мусъаб ибн Умайр, Билол, Салмон, Миқдод, Абу Зарр, Аммор, Абдуллоҳ ибн Масъуд», деди
».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: «Нажийб» – саййид ва фозил шахс дегани. «Нақийб» «танланган ишбоши», «ёрдамчи раҳбар» маъноларини англатади.

Ушбу ривоятда зикрлари келган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нажийб ва нақийб бўлиш мартабасига эришган зотлар улуғ саодат эгаларидир. Ўша улуғ зотлар ичида Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумонинг борлиги икковларини олиймақом зотлар эканига яна бир ёрқин далилдир.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Онам мендан:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги марта қачон кўрган эдинг?» деб сўради.
«Фалон вақтдан бери у зотни кўрганим йўқ», дедим.
У киши мендан нолиди. Шунда мен унга:
«Шошмай туринг, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, у зот билан шом намозини ўқийман ва менга ҳам, сизга ҳам истиғфор айтишларини сўрайман», дедим.
Бас, сўнгра бордим. У зот билан шомни ўқидим. У зот хуфтонни ҳам ўқиганларидан ке¬йин чиқиб юрдилар. Мен ортларидан эргашдим. У зот овозимни эшитдилар ва:
«Бу ким? Ҳузайфами?» дедилар.
«Ҳа», дедим.
«Нима ҳожатинг бор? Аллоҳ сени ҳам, онангни ҳам мағфират қилсин», дедилар. Сўнгра сўзларида давом этиб:
«Мана бу фаришта ер юзига бу кечадан олдин ҳеч ҳам тушмаган эди. У ўз Роббисидан изн олиб, менга салом бергани ва Фотима жаннат аҳли аёлларнинг саййидаси экани ҳамда Ҳасан ва Ҳусайн жаннат аҳли ёшларининг саййидлари экани башоратини бергани келибди», дедилар
».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан бир неча муҳим нарсаларни ўрганамиз.

1. Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг оналари ўта зукко ва оқила аёл эканлари. У киши ўз ўғилларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қачон борганини суриштириб туришлари шуни кўрсатади. Одатда, ота-она сўраб-суриштириб болаларини йўлга солиб турмасалар, болалар кўнгилларига тушган ишни қилиб, ўзларига фойдали ишлардан чалғиб қолишлари мумкин.

2. Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам оналари каби закий ва оқил инсон эканлари. У кишини оналари сўроққа тутиб, койишлари билан дарҳол хатоларини тузатишга ўтдилар. Оналарини тинчлантириб, биринчи келадиган намозни Пай¬ғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўқиб, ҳам ўзига ҳам онасига у зотдан дуо олишни ваъда қилдилар.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўта сезгир эканлари ва ўзларига айтилмаган нарсаларни ҳам билиб олишлари. Ортларидан эргашиб келаётган одам Ҳузайфа эканини, унинг ўзига ва онасига дуо олиш нияти бор эканини билдилар. Шу билан бирга, гапни чўзмасдан унинг ҳожатини чиқардилар.

4. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга фа-ришталар ҳам Аллоҳ таолодан изн олиб келиб, салом бериб туришлари.

5. Фотима онамизнинг жаннат аҳли аёлларининг саййидаси эканликлари.

6. Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумонинг жаннат аҳли ёшларининг саййидлари эканлиги. 

Ушбу ҳадиси шарифни бу ерда келтиришдан асосий мақсад ҳам шу нуқтада, Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумонинг фазилатларини баён қилишдир.


 Иясдан, у киши отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, Ҳасан ва Ҳусайн минган хачирни етаклаб бориб, уларни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраларига киритиб қўйдим. Униси у зотнинг олдиларида, буниси ортларида эди».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумони ўз уловларига миндириб бошқа жойларга олиб борганлари ҳам маълум бўлади. Бу ҳам у зотнинг уларга бўлган муҳаббатларининг бир кўринишидир.

Юқорида Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумонинг фазилатлари бирликда зикр қилинган ҳадиси шарифлардан намуналар ўргандик. Энди уларнинг ҳар бирларининг фазилатлари алоҳида зикр қилинган ҳадиси шарифлардан айримларини ўрганамиз.

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳасанни елкаларига кўтариб олган ҳолларида кўрдим. У зот:
«Эй Аллоҳим, мен унга муҳаббат қилурман, Сен ҳам унга муҳаббат қилгин!» дер эдилар
».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф Имом Ҳасаннинг фазллари жуда ҳам улуғлигига яна бир кучли далилдир. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини доимо қабул қилган. Жумладан, ушбу Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу ҳақларидаги дуоларини қабул қилмоғида ҳам заррача шубҳа йўқ. Шунинг учун Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор зот, деб айтишга тўла ҳақлимиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кундузининг бир бўлагида чиқдим. У зот менга гапирмас эдилар. Мен у зотга гапирмас эдим. У зот Бани Қайнуқоънинг бозоригача бордилар-да, сўнгра қайтиб Фотиманинг уйига келдилар ва:
«Кичкинтой қани? Кичкинтой қани?» дедилар.
У зот Ҳасанни ирода қилган эдилар. Биз уни онаси ювинтириш ва мунчоқ тақиш учун ушлаб турибди, деб ўйладик. Бир оз ўтмай югургилаб келиб қолди. Улар бир-бирларини қучоқладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Аллоҳим, мен унга муҳаббат қилурман. Сен ҳам унга муҳаббат қилгин!» дедилар
».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кичкинтой Ҳасан орасидаги ўзаро муҳаббат ҳар қандай кишининг ҳавасини келтирадиган равишда васф қилинмоқда.

 Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳеч ким Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Ҳасан ибн Аличалик ўхшамас эди».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу ташқи кўриниш жиҳатидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга энг ўхшаш одам эдилар. Ушбу ривоятда ана ўша нарса яна бир бор таъкидланмоқда.

Энди Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг ёлғиз ўзларининг фазилатларига оид ҳадиси шарифлардан намуналар ўрганайлик.

Яъла ибн Мурра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳусайн мендандир, мен Ҳусайндандирман. Ким Ҳусайнга муҳаббат қилса, Аллоҳ унга му¬ҳаббат қилсин. Ҳусайн асботлардан бир сибтдир», дедилар
».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: «Сибт» – «набира» ва «қабийла» маъноларни англатади. Бунда Ҳусайн ўзига хос бир жамоадир, деган маъно бор.

Ушбу ҳадиси шарифда Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг учта фазллари бирданига зикр қилинмоқда.

Биринчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳусайн мендандир, мен Ҳусайндандирман» деган гапларида ўз аксини топган.

Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу бир одам деган маъно чиқади. Бу ҳақиқатни эса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари таъкидламоқдалар.

Иккинчиси, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким Ҳусайнга муҳаббат қилса, Аллоҳ унга муҳаббат қилсин» деган гапларида ўз аксини топган.

Бундан ким Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўламан деса, Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга муҳаббат қилсин, деган маъно келиб чиқади.

Учинчиси, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳусайн асботлардан бир сибтдир» деган гапларида ўз аксини топган.

Бундан Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг Аллоҳ таоло ҳузурларидаги эътиборлари бутун бир бошли уммат эътиборича экани аниқ бўлади.

Албатта, бунчалик фазилатга эга бўлиш ўз-ўзидан бўлаверадиган нарса эмас. Бу мақом Аллоҳ таолонинг берган улуғ мақомидир.

 Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳусайн ибн Алини елкаларига миндириб олган эдилар. Бас, бир киши:
«Қандоқ ҳам яхши маркабга минибсан, эй ғулом!» деди.
«Унинг ўзи қандоқ ҳам яхши минувчи!» дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам
».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ривоятда ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга нисбатан бўлган чексиз муҳаббатлари равшан кўриниб турибди.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан хуфтонни ўқиётган эдик. У зот сажда қилишлари билан Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумо сакраб орқаларига миниб олишар эди. У зот бошларини кўтарганларида икковини мулойимлик ила орқаларидан олиб қўяр эдилар. У зот саждага қайтсалар, улар ҳам ўз қилмишларини қайтаришар эди. Шу тариқа намозни адо қилиб иккисини сонларига ўтқаздилар. Мен ўрнимдан туриб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, икковини қайтариб олиб бориб қўяйми?» дедим.

Шу пайт чақмоқ чақди. У зот уларга:

«Оналарингиз олдига боринглар», дедилар.

Улар оналари олдига етиб олгунларича чақмоқ¬нинг ёруғи сўнмай турди».

ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМДАН СЎНГ

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқи Аълога интиқол қилганларида Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумо олти-етти ёшда эдилар. Уларга халифаларнинг муносабатлари жуда ҳам яхши бўлди. Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумо худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларидек, Ислом жамиятининг эркатойлари бўлиб қолавердилар.

Уқба ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Бакр розияллоҳу анҳуни Ҳасанни кўтариб олиб:
«Отам фидо, бу набийга ўхшашдир.
Отаси Алига ҳеч ўхшашмасдир», деяётганини кўрдим.
Али бўлса, кулиб борар эди
».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бундан биринчи халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу кичкинтой Ҳасанни қанчалик қадрлашларини билсак бўлади.

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Урва розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Бир куни Абу Бакр хутба қилмоқда эди. Ҳасан келиб, унинг олдига–минбарга чиқди ва:

«Менинг бобомнинг минбаридан туш!» деди.

Шунда Али шошиб:

«Бу бизнинг фикримиз ва маслаҳатимиздан эмас», деди».

Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳи Абдурроҳман ибн Асфиҳонийдан ривоят қилади:

«Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарлари устида хутба қилиб турган эди. Унинг олдига Ҳусайн келди-да:

«Бобомнинг ўтирадиган жойидан туш!» деди.

«Тўғри айтдинг, бу бобонгнинг ўтирадиган жойлари!» деди Абу Бакр ва уни қўйнига олиб ўтириб, йиғлаб юборди.

«Аллоҳга қасамки, буни мен айтганим йўқ!» деди Али.

«Тўғри айтасан. Мен сендан кўрганим йўқ», деди Абу Бакр».

Иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумога бўлган муносабатлари ҳам бундан кам бўлмаган.

Ибн Саъд Жаъфар ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳудан, у эса, отасидан ривоят қилади: 

«Умар розияллоҳу анҳуга Ямандан кийимлар келди. Уларни Умар розияллоҳу анҳу одамларга кийгазди. Ҳамма янги кийим кийиб юра бошлади. Умар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қабр¬лари ва минбар орасида ўтирар, одамлар эса, унинг олдига келиб, салом беришар ва ҳаққига дуо қилар эдилар. Шу пайт Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳум кела бошлашди. Икковларининг устиларида ҳалиги кийимлардан ҳеч нарса йўқ эди. Умарнинг қовоқлари осилиб, икки қоши орасида тугун пайдо бўлди. Сўнгра: 

«Аллоҳга қасамки, сизларга кийдирган нарсам менга татимади», деди.

«Эй мўминларнинг амири, қавмингизга кийим кийдирдингиз. Яхши қилдингиз!?» дедилар.

«Ушбу икки бола туфайли. Одамлар орасидан ўтиб келишмоқда, устиларида эса, ҳеч нарса йўқ. Кийимлар уларга катта келди. Улар кийимларга кичик келди», деди. 

Сўнгра Яманга «тезда Ҳасан билан Ҳусайнга кийим-бош юбор» деб ёзди. Унга икки сидра ки¬йим юборди. Икковларига кийгазди».

Ибн Саъд, Ибн Роҳавайҳ ва ал-Хатиб Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг олдига, минбарга чиқдим-да:

«Менинг отамнинг минбаридан туш! Ўзингнинг отангнинг минбарига чиқ!» дедим.

«Менинг отамнинг минбари йўқ-да», деди Умар ва мени ўзи билан ўтқазиб олди. У тушганида уйи¬га борди ва менга:

«Эй ўғилчам, буни сенга ким ўргатди?» деди.

«Буни менга ҳеч ким ўргатгани йўқ!» дедим.

«Эй ўғилчам, тез-тез олдимизга келиб тургин», деди.

Бир куни борсам, у Муовия билан холи гаплашаётган экан. Ибн Умар эшикни олдида турган экан. У қайтувди, мен ҳам қайтиб кетдим. Кейин учрашиб қолувдик:

«Эй ўғилчам, бизнинг олдимизга келганингни кўрмаяпман?» деди.

«Келсам, сиз Муовия билан холи гаплашаётган экансиз. Ибн Умарнинг қайтганини кўриб, мен ҳам қайтиб кетдим», дедим.

«Абдуллоҳ ибн Умардан кўра, изнга сен ҳақлироқсан. Аллоҳ бизнинг бошимизда аввал манави сен кўриб турган нарсани, кейин сизларни ўстирган», деб бошини ушлади».

Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу ан¬ҳумони нафақат халифалар, балки барча саҳобаи киром ҳам эъзозлар эдилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ Умайр ибн Исҳоқдан ривоят қиладилар:

«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу билан учрашиб қолганини кўрдим. У киши унга:

«Қорнингни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўпаётганларини кўрган жойимни оч!» деди.

У қорнини очди. Буниси ўша ердан ўпди».

Имом Тобароний Мақбарийдан ривоят қилдилар:

«Абу Ҳурайра билан ўтирган эдик. Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу келиб, салом берди. Қавм алик олди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу биз билан бўлса ҳам ким келганини билмади. Унга:

«Мана, Ҳасан ибн Али салом бермоқда», де¬йилди.

«Ва алайкассалому, эй саййидим!» деди у.

«Саййидим, дейсизми?!» дейилди.

«Гувоҳлик бераман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, албатта, у саййиддир, деганлар», деди у».


ҲАЗРАТИ УСМОН ДАВРИДА


Учинчи халифа ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу¬нинг даврларига келиб Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн муҳим ишларда оталарининг ёнларига кириб қолган эдилар.

Айниқса, Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумонинг номлари ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуни фитначилар хуружидан ҳимоя қилиш ишларида яққол юзага чиқди.

Фитначилар халифанинг ҳовлиларини қамал қилиб олишди. Дастлаб халифа уларга насиҳат қилишга уриндилар, аммо фойдаси бўлмади. Шунда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу фитначилар билан айтишиб ўтирмадилар. Ҳовлиларига кириб ибодатга юз тутдилар. Мадина аҳли у кишига ёрдам бериш учун ҳовлилари атрофига тўпланишди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу уларни тарқалишга амр қилдилар. Улар ноилож тарқалиб кетдилар. Фақатгина Имом Ҳасан, Ибн Аббос, Ибн Зубайр ва Муҳаммад ибн Толҳа қолдилар.

Фитначилар ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу билан бировни учраштирмай ҳам, гаплаштирмай ҳам қўйдилар. Айниқса, халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни ҳимояси учун лашкарлар йўлга чиққани ҳақидаги хабар тарқалгандан кейин типирчилаб қолишди. Улар дарвозадан ичкарига бостириб киришга урина бошладилар. Дарвозани Имом Ҳасан, Имом Ҳусайн, Абдуллоҳ ибн Умар ва Абдуллоҳ ибн Зубайр бошлиқ ёш саҳобалар қўриқлаб турар эдилар. Ҳимоячиларнинг сони жуда ҳам оз эди.

Халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг аёллари ташқарига чиқиб, мўминларнинг амири қатл этилди, деганида одамларнинг эси чиқиб кетди. Улар югуриб кириб, у кишини жонсиз ҳолатда ётганларини кўрдилар. Ҳаммага машъум хабар етди. Али, Толҳа, Зубайр, Саъд ва бошқа саҳобалар етиб келдилар. Истиржоъ айтдилар. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу икки ўғлига: «Икковинг дарвозанинг олдида туриб, мўминларнинг амири қандай қатл этилди?» деб бақирдилар. Имом Ҳасанга тарсаки туширдилар, Имом Ҳусайн¬ни кўксига урдилар. Муҳаммад ибн Толҳа ва Абдуллоҳ ибн Зубайрни сўкдилар.


ОТАЛАРИНИНГ ХАЛИФАЛИГИДА


Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг фожиали ўлимидан сўнг халифа этиб сайланган Али ибн Абу Толиб қийин ҳолда қолдилар. У киши ўзларига бўйсунмаганларни тартибга чақиришга, уларни йўлга солишга мажбур бўлдилар.

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ўз волийларига Шомга бориш учун тайёргарлик кўриш ҳақида амр юбордилар. У киши ўз ҳузурларидаги кишиларни ҳам тартибга солдилар. Байроқни Ҳанафийя исмли хотинларидан бўлган ўғиллари Муҳаммад ибн Ҳанафийяга бердилар. Ўнг қанотга Абдуллоҳ ибн Аббосни, чап қанотга Амр ибн Абу Саламани қўмондон қилдилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга қарши чиққанларни олмадилар. Қусам ибн Аббосни Мадинада ўз ўринларига та¬йин қилдилар.

Бундоқ тайёргарликни кўрган ҳазрати Али ибн Абу Толибнинг катта ўғиллари Имом Ҳасан фитна бўлишидан қўрқдилар ва отасига:

«Эй отажон, шуни қилманг. Бунда мусулмонларнинг қони тўкилиши, ихтилоф бўлиши бор», деди.

Бунда Имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг ишларни тинч йўл билан ҳал қилишга бўлган рағбатлари яққол намоён бўлди.

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг тасарруфотини кўпчилик тушунолмай хуноб бўлар эдилар. Ҳатто баъзилар бу киши соддалик қилиб, баъзи нарсаларни тўғри тушуна олмаяпти, деган фикрга ҳам борар эди. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг ўзлари эса, босган бирор қадамларига ҳам надомат қилмас эдилар. У кишининг қилаётган ишлари ҳақ эканига иймони комил эди.

Бу фикрнинг далили сифатида ҳазрати Али ибн Абу Толиб билан катта ўғиллари Имом Ҳасан ораларида бўлиб ўтган бир суҳбатни келтиришимиз мумкин.

Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу оталари учун ҳаддан ташқари кўп куйинар, у кишига бирор яхшилик қилиш йўлида бутун вужудлари билан ёнар эдилар. Азиз оталарини ҳар тарафдан ўраб олган хавф-хатарларни ва қийинчиликларни мулоҳаза қилган ҳолда баъзи мулоҳазаларини айтдилар:

«Отажон! Мен сизга Усмон қамал қилинган куни, Мадинадан чиқиб кетинг, агар у қатл қилинса ҳам сиз йўғингизда қатл қилинсин, демабмидим!?

Отажон! Мен сизга Усмон қатл қилинган куни одамлар ҳузурингизга келиб-кетиб бу (халифалик) ишни қабул қилишни сўрашганда, ҳамма тарафлардан байъат келмагунча қабул қилманг, демабмидим!?

Отажон! Сизга Зубайр билан Толҳанинг мўминларнинг онаси Оишани олиб, Басрага юрганлари хабари етганда, Мадинага қайтиб, уйингизда ўтиринг, демабмидим!?

Буларнинг бирортасида ҳам менинг гапимни қабул қилмадингиз», деди.

Имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг ушбу мулоҳазаларини мазкур ҳодисалардан хабардор бўлган ҳар бир киши ҳам бериши мумкин. Ҳақиқатда, агар Имом Ҳасан айтганларидек бўл¬ганда, ҳазрати Али ибн Абу Толибнинг ўзларига яхши бўлмас эдими?

Оддий ўлчов билан ўлчанганда, агар ҳазрати Али ибн Абу Толиб ўғилларининг маслаҳатларини олганларида яхши бўлар эди. Аммо Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг ўлчовлари бошқа эди. У кишининг ўғилларига берган жавобларини эшитиб кўринг:

«Усмон қамал қилинган куни чиқиб кетишим мумкин эмас эди. Одамлар Усмонни ўраб олганларидек мени ҳам ўраб олган эдилар.

Ҳамма тарафдагиларнинг байъатини кутмаганим бўлса, байъат икки ҳарамайнда ҳозир бўлган муҳожир ва ансорлар билан собит бўлади. Улар рози бўлиб, байъат қилсалар, барча мусулмонларга рози бўлиш ва байъат қилиш вожиб бўлади.

Ортга қайтиб, уйимда ўтиришим эса, умматни алдаш ва унга хиёнат қилиш бўлар эди».

Бундан ҳазрати Али ибн Абу Толибнинг бутун умрбўйи ўзлари учун, обрў учун, шуҳрат учун яшамаганлари, балки ҳақ учун, адолат учун ва Ислом уммати учун яшаганлари келиб чиқади.

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу дои¬мо ҳақ йўлни ахтарар ва Аллоҳ таолонинг розилигини топадиган ишни қилишга ўтар эдилар. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу қаёққа бурилсалар, ҳақ ҳам ўша ёққа бурилишини эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилиб Аллоҳ таолодан сўраган эдилар.

Ибн Саъднинг таъкидлашларича, ҳазрати Али ибн Абу Толибни ўғиллари Ҳасан, Ҳусайн ва Абдуллоҳ ибн Жаъфар ювганлар. Имом Ҳасан жанозаларига ўтганлар.

Ибн Саъд Ҳубайрадан ривоят қиладилар:

«Али ибн Абу Толиб вафот қилганда Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу минбарга чиқди ва:

«Эй одамлар! Батаҳқиқ, бу кеча бир киши қабз қилинди. Унга ўхшагани аввал ўтмаган ва кейин ҳам келмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни бир томонга юборсалар, Жаброил унинг ўнг томонидан, Микоил чап томонидан ўраб борар эдилар. Аллоҳ унга фатҳни бермагунча тинчимас эди. У етти юз дирҳам қолдирди, холос. Ўзига ходим сотиб олмоқчи эди. У Ийсо алайҳиссаломнинг руҳини олиб чиқилган кечада, Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасида қабз қилинди», деди».

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг дафнидан сўнг шариат ҳукмига биноан, қотил Абдурраҳмон ибн Мулжамдан қасос олинган. Қасос олишни Имом Ҳасан адо этганлар.


ИМОМ ҲАСАННИНГ ХАЛИФАЛИКЛАРИ


Ҳижратни 40-йили оталари ҳазрати Али ўлдирилгандан кейин, Ироқ аҳли Имом Ҳасан розияллоҳу анҳуга байъат беришди. 

Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу ўзларига байъат қилинганидан кейин олти ой халифалик ишларини олиб бордилар.

Имом Тобароний Абу Жамийладан ривоят қи¬лади:

«Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу Али ибн Абу Толиб қатл қилинганидан кейин ўрнига халифа бўлди. У киши одамларга намозга ўтиб турганда бир киши сакраб уни ханжар билан урди. У киши бунинг сабабидан бир неча ой бемор бўлди. Сўнгра туриб минбарга чиқиб одамларга хутба қилди:

«Эй Ироқ аҳли! Бизнинг ҳақимизда Аллоҳдан қўрқинглар. Биз сизларнинг амирларингиз ва меҳмонларингизмиз! Биз Аллоҳ азза ва жалла ҳақларида, «Албатта, Аллоҳ сизлардан кирликни кетказишни ва яхшилаб поклашни ирода қиладир, эй аҳли байт», деган зотлар бўламиз!» деди ва шун¬доқ гапирдики, масжиддаги ҳамма одам ҳўнграб йиғлади».

Кейин Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу билан бўлган кишилар Муовия билан жанг қилишликни маслаҳат бердилар. Муовия бу хабарни эшитиб, аскарларини уруш ҳолатига тайёрлади. Аскарлар «Маскан» деган жойда тўқнашганларида, Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу бу урушда мусулмонлар қони кўп тўкилишини билгач, Муовияни сулҳга чақирдилар. 

1. Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу Муовиянинг олдига одам юбориб, халифаликни унга топширмоқчи эканини айтдилар ва бир неча шарт қўйдилар.

2. Муовиядан кейин халифалик Имом Ҳасан розияллоҳу анҳуга бўлади.

3. Мадина, Ҳижоз ва Ироқ аҳлида ҳеч кимни ҳазрати Али вақтларида бўлиб ўтган ишлар учун жавобгар қилмаслик.

Имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг қарзларини тўлаш. 

Муовия бу шартларга рози бўлди. Икки орада сулҳ тузилди. 

Имом Ҳоким ва Тобароний Шаъбийдан ривоят қиладилар:

«Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳуни Муовия билан сулҳ тузганда Нахийлада кўрдим. Муовия унга:

«Агар шундоқ бўлса, туриб одамларга айт. Уларга ишни менга топширганинг хабарини бер», деди. У киши минбарга чиқиб, хутба қилди. Аллоҳга ҳамду сано айтди ва:

«Эслиларнинг эслиги тақводор кишидир. Аҳмоқ-ларнинг аҳмоғи фожир кишидир. Мана бу мен Муовия ила ихтилоф қилган иш, агар унда менинг ҳаққим бўлса, мен уни Муовияга, ушбу умматни ислоҳ қилиш учун, унинг қонини тўкмаслик учун, тарк қилдим. Агар мендан кўра ҳақлироқ кишининг ҳаққи бўлса, ўшанга бердим. «Мен бу фитнами ёки маълум муддатли матоҳми, билмасман», деди».

Фитналар барҳам топиб, мусулмонлар сўзи жам бўлганлиги учун бу йилни «Омул жамоа» (жамланиш йили) деб номлашди. Ўша ҳодиса қирқ биринчи ҳижрий сананинг робийъул аввал ойида бўлган эди.

Мана шу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васал-ламнинг мўъжизалари зоҳир бўлди.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарда туриб, ёнларида Ҳасан борлигида, бир одамларга, бир унга назар солиб туриб:
«Мана бу ўғлим, саййиддир! Шоядки, Аллоҳ у ила мусулмонлардан икки тоифанинг орасини ислоҳ қилса», деганларини эшитдим
».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

«Албатта, мана бу ўғлим, саййиддир! Аллоҳ унинг қўли ила икки улуғ тоифанинг орасини ислоҳ қилади», дейилган.

Шарҳ: Дарҳақиқат, бу жуда ҳам улуғ бир иш бўлган эди. Ўшанда Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу уммат фойдаси учун ўз манфаатларидан кечишнинг улкан мисолини кўрсатдилар. Унча-мунча одам кўрсата олмайдиган жасоратни кўрсатдилар.

Имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг ўз одамлари ичидан мансабпарастлар у кишини маломат ҳам қилдилар. Аммо Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу уларга эътибор ҳам бермадилар.

Баъзи мансабпарастлар у кишига, эй мўминларнинг ори, деб маломат қилганда, у зот, ор нордан кўра афзал, деб жавоб берганлар.

Бошқа бири, эй мўминларни хорловчи, деб айтганда, у зот, мен мўминларни хорловчи эмасман, аммо подшоҳликни деб сизларни қатл қилишни истамадим, деганлар.

Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу халифаликдан истеъфо беришларига узр сифатида «Ал¬лоҳ таоло бизнинг оиламизга нубувват билан хилофатни жамлашни истамади», деганлар.

Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида бошланиб ўн йил давом этган улкан фитнанинг қоқ марказида яшадилар. Бу фитна сабабли берилган қурбонларнинг кўпларини, жумладан, ўзларининг азиз оталарини ўз қўллари билан кўмдилар. Шунинг учун ҳам у кишидек улуғ зотлар бундай мушкулотларни ҳал қилмасалар, бошқалар ҳал қила олмас эди. У зот бу ишни Аллоҳдан савоб умидида ва мусулмон умматининг хайрияти йўлида қилдилар.

Имом Ҳоким Жубайр ибн Нуфайр раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қиладилар:

«Мен Ҳасанга:

«Одамлар сени халифаликни ирода қилади, дейдилар?» дедим.

«Арабларнинг бошлари менинг қўлимда эди. Мен уруш қилган ила урушар, мен тинч қўйганни тинч қўяр эдилар. Бас, мен Аллоҳнинг розилиги учун ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларининг қонини тўкмаслик учун халифаликни тарк қилдим», деди». 

Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу халифаликни тарк қилганларидан кейин Куфадан Мадинаи Мунавварага кўчиб кетдилар ва ўша ерда истиқомат қилдилар.

Имом Ҳасан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта ҳадис ривоят қилдилар. 

Шунингдек, у киши оталари Али, инилари Ҳусайндан ҳам ривоят қиладилар. 

Бу зотдан Оиша, Шаъбий, Сувайд ибн Ҳафла, Шақиқ ибн Салама, Ҳубайра ибн Ярим, Мусай¬йиб ибн Нажоба, Муовия ибн Худайж, Исқоқ ибн Башшар, Муҳаммад ибн Сирийн ва бошқалар ривоят қилишди.

Бу киши ривоят қилган ҳадислардан учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.

Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу кўплаб фазлга соҳиб бўлган зот эдилар. У киши саййид, ўта ҳалим, сокин, виқорли, фитна ва уруш-жанжални ёқтирмайдиган зот эдилар. Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу жуда ҳам сахий эдилар, бир одамга юз минг бериб юборган вақтлари ҳам кўп бўлган.

Имом Ҳоким Абдуллоҳ ибн Убайд ибн Умайрдан ривоят қиладилар:

«Ҳасан йигирма беш марта пиёда ҳаж қилган. Ҳолбуки, унинг ёнида минишга энг яхши туялар етаклаб юрилар эди».

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳ Умайр ибн Исҳоқдан ривоят қиладилар:

«Менинг олдимда Ҳасан ибн Алидан бошқа ҳеч ким гапирганда гапидан тўхтамаса эди, деган эмасман. Мен ундан зинҳор фаҳш сўз эшитган эмасман. Фақат бир мартагина эшитганман. Ҳасан билан Амр ибн Усмоннинг ораларида ер талаш бўлган эди. Ҳасан бир гап таклиф қилган эди, Амр унамади. Шунда Ҳасан, бизда унинг бурнини ерга ишқайдиган шу нарсадан бошқаси йўқ, деди. Менинг ундан эшитган энг фаҳш сўзим шу бўлди».

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Ашъас ибн Сивордан, у бир кишидан ривоят қилади:

«Бир киши келиб Ҳасаннинг олдига ўтирди. Шунда у:

«Сен биз тураётганимизда олдимизга ўтириб қолдинг. Бизга изн берсанг?» деди».

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳ Али ибн Зайд ибн Жадъондан ривоят қиладилар:

«Ҳасан Аллоҳ учун молининг ҳаммасини икки марта чиқарган. Аллоҳ учун молини икки марта тақсим қилган. Ҳатто, бир кавушни бериб, иккинчисини олиб қолар, бир махсини бериб иккинчисини олиб қолар эди».

Ибн Саъд Имрон ибн Абдуллоҳ ибн Толҳадан ривоят қиладилар:

«Ҳасан икки кўзининг орасига «қул ҳуваллоҳу аҳад» ёзилганини туш кўрди. Бундан аҳли байти хурсанд бўлдилар. Тушни Саъид ибн Мусаййибга айтган эдилар, «Туши рост бўлса, ажали етиб қолибди», деди. Шундан бир неча кун ўтмай вафот этди.

Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу Мадинаи Мунавварада, эллигинчи ҳижрий санада, қирқ етти ёшларида заҳарланиб вафот этдилар. Укалари Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу у кишидан ичимликни ким берганини шунча ўтиниб сўрасалар ҳам айтмадилар. Тарихчиларнинг айтишларича, Имом Ҳасан розияллоҳу анҳуга заҳарни душманлари иғвосига учган хотини Жаъда бинти Ашъас ибн Қайс берган экан.

Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу Жаннатул Ба¬қийъ қабристонига, оналари Фотимаи Заҳронинг ёнларига дафн қилиндилар.


ИМОМ ҲУСАЙН


Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу акаларининг вафотларидан кейин Мадинада истиқомат қилишни давом этдирдилар. У кишининг обрўлари катта эди. Ҳамма ҳурматларини қилар эди. Ҳатто баъзи оталарига қарши ишларда қатнашган кишилар узр ҳам айтар эди.

Имом Тобароний Ражо ибн Робийъадан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида эдим. Бирдан Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳу ўтиб қолди ва салом берди. Қавм у кишига алик олди. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу сукут сақлади. Ибн Амр қавм жим бўлганидан кейин овозини кўтариб:

«Ва алайкассалому ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳу!» деди-да, олдидагиларга қараб:

«Сизларга ер аҳли ичидан осмон аҳли учун энг маҳбуб зот ҳақида хабар берайми? У манави ўтиб кетган. Аллоҳга қасамки, Сиффийн кечаларидан бери мен унга бир оғиз сўзлаганим йўқ, у менга бир оғиз сўзлагани йўқ. Аллоҳга қасамки, унинг мендан рози бўлмоғи, мен учун Уҳуд тоғи(ча тиллом бўлгани)дан афзал», деди.

Шунда Абу Саъид розияллоҳу анҳу унга:

«Ундоқ бўлса, унинг олдига бормайсанми?!» деди.

«Тўғри айтасан», деди у.

Икковлари боришга аҳдлашишди. Мен ҳам улар билан бирга бордим. Абу Саъид изн сўради. Бас, унга изн берди. Биз ичкарига кирдик. У Ибн Амрга ҳам изн сўради. Изн бермаганига қўймади. Охири Ҳусайн унга ҳам изн берди. У ҳам кирди. Унинг кирганини кўрганда ўтирган ҳолида Ҳусайннинг ёнидан жой бўшатди. Ҳусайн унинг ёнига сурилиб олди. Ибн Амр ўтирмай тик тураверди. Бу ҳолни кўргандан кейин Абу Саъ¬иднинг ёнини бўшатиб унга жой очди. У икковларининг орасига ўтирди. Кейин Абу Саъид бўлиб ўтган гапни айтди. Шунда у:

«Шундоқми, эй Ибн Амр? Менинг ер аҳли ичида осмон аҳли учун энг маҳбуб эканимни биласанми?» деди.

«Шундоқ! Каъбанинг Роббисига қасамки! Албатта, сен ер аҳли ичида осмон аҳли учун энг маҳбуб зотсан!» деди у.

«Сиффийн куни менга ва отамга қарши қитол қилишга сени нима мажбур қилди?! Аллоҳга қасамки, отам мендан яхши эди!» деди.

«Тўғри! Лекин Амр менинг устимдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилиб, Абдуллоҳ кундузи рўза тутиб, кечасини бедор ўтказади, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга, намоз ҳам ўқи, ухлагин ҳам, оғзинг очиқ ҳам юр ва Амрга итоат қил!» дедилар. Сиффийн куни бўлганда у менга қасам ичиб туриб олди. Аллоҳга қасамки, мен уларнинг қорасини кўпайтирмадим, улар учун қилич чопмадим, найза ҳам санчмадим ва ўқ ҳам отмадим», деди.

Шунда Ҳусайн:

«Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилиш йўқлигини билмасмидинг?» деди.

«Билардим», деди у.

Кейин у узрни қабул қилгандек бўлди».

Имом Ҳусайн розиялооҳу анҳу дуоси мақбул зотлардан эдилар. У кишининг дуолари тўсиқсиз қабул бўлганини кўрган зотлар бир қанча ривоятлар қилганлар.

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳ Абу Авндан ривоят қиладилар:

«Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳу Мадинадан Макка сафарига чиққанида Абу Мутийънинг олдидан ўтди. У қудуғини қазитган эди. Ибн Мутийъ унга:

«Ушбу қудуғимни тозаладим. Бугун вақти бўлди, аммо челакка сувдан бирор нарса чиқмаяпти. Аллоҳга биз учун унда барака бўлишини сўраб, бир дуо қилсанг», деди.

«Унинг сувидан олиб кел», деди.

У бир оз сув келтирди. У ундан ичди-да, оғзини чайиб туриб, қудуққа пуфлади. Қудуқдан кўпгина чучук сув чиқа бошлади».

Олтимишинчи ҳижрий санада халифа Муовия ибн Абу Суфён вафот этиб ўрнига ўғли Язидни халифа қилиб қолдирди.

Шом аҳли унга байъат қилдилар. Сўнгра Язид Мадинага ўзига байъат олиш учун одам юборди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ва Абдуллоҳ ибн Зубайр унга байъат қилишдан бош тортдилар ва ўша кечаси Мадинаи Мунавварадан чиқиб Маккаи Мукаррама томон йўл олдилар.

Муовиянинг замонидаёқ Ироқ аҳли Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб, ўзлари томон чорлашар ва халифаликни талаб қилишга ундашар эдилар. Язидга байъат қилинганидан ке¬йин Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг фикрлари бир ерда тўхтамай узоқ ўйладилар, бир жойларида турмоқчи бўлдилар, бир Ироқ аҳли томон юрмоқчи бўлдилар.

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу у кишини Ироққа боришлари тарафдори бўлса, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу уларни рад қилдилар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Сен чиқ¬ма, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни дунё ёки охиратни танлаш ихтиёрини қўйганда охиратни ихтиёр қилганлар. Сен у зотнинг бир бўлагисан. Сен дунёга ноил бўлмайсан», дедилар. У кишини қучоқлаб, йиғлаб хайрлашдилар. Кейинчалик ҳам Ибн Умар розияллоҳу анҳу, Ҳусайн бизга ғолиб чиққан эди, деб юрар эдилар.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу Маккада эканликларини билиб Макка аҳли ҳам, умрачилар ҳам у зотнинг зиёратига келар эдилар. Табиийки, бўлаётган ишлардан гап-сўз ҳам бўлар эди. Баъзилар у кишини Язидга қарши чиқишга ҳам ундар эдилар. Ироқдаги шийъалар бошлиқлари Сулаймон ибн Сорд ал-Хузоъийникида тўпланишиб, Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиб, у кишига байъат қилишга ваъда беришдилар. Улар юз эллик саҳифача мактуб ёздилар.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу уларнинг мактубини олгач, қуйидаги мактубни ёздилар:

«Аммо баъду; Сизлар қасд қилган нарсани фаҳм¬ладим. Мен сизларга ўз иним, амакиваччам ва аҳли байтим ичида ишончли одамим бўлмиш Муслим ибн Ақийлни юбордим. Мен унга сизнинг ишингиз, фикрингиз ва ҳолингиз ҳақида менга мактуб ёзишини амр қилдим. Агар сизнинг кўпчилигингизнинг, ақллиларингизнинг фикри менга юборган элчиларингиз келтирган нарсага жамланган бўлса, иншааллоҳ тезда олдингизга бораман. Умрим ила қасамки, имом фақатгина Китобга амал қилувчи, адолат ила турувчи, ҳақ динни диёнат тутувчи, холос. Вассалом».

Сўнгра Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу Муслим ибн Ақийлни чақириб, Куфа томон юбордилар. Ўша пайтда Куфанинг амири Нуъмон ибн Башир Ансорий эди. Шийъалари унинг олдига келиб ўз гапларини гапира бошладилар. Бундан хабардор бўлганидан кейин Нуъмон минбарга чиқиб хутба қилди:

«Аммо баъду; Фитнага ва тафриқага шошилманглар. Чунки бу икки нарса одамларнинг ҳалок бўлишига, қонларнинг тўкилишига ва молларнинг таланишига сабаб бўлади», деди.

Нуъмон ибн Башир ҳалим, обид ва тинчликни яхши кўрадиган одам эди. У яна қуйидагиларни айтди:

«Мен фақат ўзимга қарши уруш қилганлар билан уруш қиламан, холос. Мен сизнинг уйқудагингизни уйғотмайман, сизларга тегажоқлик қилмайман, гумон ва туҳмат билан олмайман. Аммо ваъдангизда турмасангиз, байъатингизни бузсангиз ва имомингизга хилоф қилсангиз, Аллоҳга қасамки, агар сиздан менга бирорта ёрдам берувчи бўлмаса ҳам, ўзим ҳаммангизни чопаман. Сизларнинг ичингизда ҳақни билувчилар ботилга юрувчилардан кўп бўлса керак деган, умиддаман», деди.

Шунда Бани Умайянинг тарафдори бўлган бир одам ўрнидан туриб:

«Сен айтган нарса билан иш битмайди. Бу заифҳолнинг гапи!» деди.

«Аллоҳнинг тоатида заифҳол бўлганим мен учун Аллоҳнинг маъсиятида азиз бўлганимдан кўра яхшироқ», деди.

Ҳалиги одам Язидга хат ёзиб, Муслим ибн Ақийлни келгани, одамлар унга байъат қилганини билдирди. Ва «Агар Куфа сеники бўлишини истасанг, унга бир кучли кишини юбор. У сенинг амрингни ўтказсин ва душманларингга қарши сен қилган ишни қилсин. Нуъмон заиф ёки ўзини заифликка соладиган одам», деб ёзди.

Язид Нуъмонни бўшатиб, ўрнига Басра амири Убайдуллоҳ ибн Зиёдни юборди. Уни икки вилоятга волий қилди ва Муслим ибн Ақийлни тутиб ўлдиришни ёки сургун қилишни буюрди.

Ибн Зиёд Куфага келиб, одамларга қуйидаги хутбани қилди:

«Аммо баъду; Албатта, мўминларнинг амири мени сизнинг шаҳрингизга, чегарангизга ва ўлжангизга волий қилди. У киши мени мазлумингизга инсоф қилишга, маҳрумингизга ато беришга, қулоқ осиб итоат қиладиганингизга яхшилик қилишга, ишончсиз ва осий бўлганларингизга шиддатли бўлишга амр қилди. Мен сиз ҳақингизда у кишининг амрига итоат қиламан, аҳдини жорий қиламан. Мен сизнинг яхшингизга отадек бўламан. Мен сизнинг итоаткорингизга туғишган акадек бўламан. Ким амримни тарк қилса ва аҳдимга хилоф қилса, қиличим ва қамчим ўшанинг бошида ўйнайди. Ҳар бир одам ўзини билсин», деди.

Сўнгра у бошлиқларни ва одамларни қаттиқ тутди. Уларга: «Менга ғариблар ҳақида, ичингиздаги мўминларнинг амирига қаршилар, хаворижлар ва хилофу тафриқани истайдиган шубҳачилар ҳақида ёзиб беринглар. Ким ёзиб берса, жавобгарликдан холий бўлади. Ким ёзиб бермаса, ўз қарамоғидагиларни ўзи тийиб олсин. Улардан бирор киши бизга хилоф қилмасин, бирортаси қарши чиқмасин. Ким буни қилмаса, бизнинг зиммамизда эмас, унинг қони ва моли ҳалол. Қайси бошлиқнинг одамлари ичида мўминларнинг амирига қарши одам бўла туриб бизга билдирмаса, ўз ҳовлисининг дарвозасига осилади, унинг минтақаси атодан маҳрум бўлади», деди.

Муслим ибн Ақийл Ибн Зиёднинг бу гапларини эшитди ва Ҳонеъ ибн Урва ал-Муродийнинг ҳимоясини сўради. У уни ўз ҳимоясига олди. Ши¬йъалар унинг олдига бориб турдилар.

Ибн Зиёдга бунинг хабари етганда Ҳонеъ ибн Урва ал-Муродийни чақириб:

«Эй Ҳонеъ, ҳовлингда мўминларнинг амирига қарши нима ишлар бўлаётир?! Муслимни олиб келиб ҳовлингга киритибсан. Унга силоҳ ва сипоҳ жамлаб берибсан. Булар махфий қолади деб ўйлабсан?!» деди.

Ҳонеъ инкор қила олмади. Ибн Зиёд ундан Муслимни топширишни талаб қилди. У ор-номусдан қўрқиб, бош тортди. Ибн Зиёд уни калтаклатиб, қамаб қўйди.

Бу хабар Муслим ибн Ақийлга етиб борганда ўзлари келишиб олган шиор «Ё Мансур!»ни айтиб нидо қилди. Унга ўн саккиз минг киши байъ¬ат қилган бўлиб, улардан тўрт минги ҳовли атрофида турган эдилар. Нидодан кейин кўп одам тўпланди. Муслим уларни курашга тайёрлади ва қаср томон юриш бошлади. Улар келиб, қасрни ўраб олдилар. Масжид, бозор ва атроф одамларга тўлиб кетди. 

Ибн Зиёд билан ўттизта миршаб, йигирмата қўриқчи, аҳли байти ва хизматчилари бор эди, холос. Одамларнинг обрўлилари унинг олдига кела бошладилар. У Касир ибн Шиҳоб ал-Ҳорисийни чақириб ўзига итоат қиладиганларни тўплаб, Муслимнинг одамларини қўрқитиб, ундан айнитишни топширди. Сўнгра у Муҳаммад ибн Ашъасга ўз қабиладошларини олиб чиқиб, омонлик байроғи тикиб, ким ўшани остига келса, омон қолишини билдирди. Бошқа ашрофларга ҳам худди шундоқ қилишни амр қилди. Ибн Зиёд баъзи ашрофларни ўзи билан бирга туришларини талаб қилди. Шундоқ қилиб, одамларни ташвиқот қилиш бошланди.

Бу тадбирлардан кейин одамлар аста-секин тар¬қала бошладилар. Муслим ибн Ақийл билан масжид ичида ўттиз киши қолди, холос. Сўнгра у беркиниб олди. Ибн Зиёд унинг беркинган жо¬йини аниқлаб, Муҳаммад ибн Ашъасга уни тутиб келишни буюрди. У амрни бажарди. Йўлда келаётиб Муслим Муҳаммад ибн Ашъасга:

«Менга омонлик беришдан ожизлигингни билиб турибман. Ҳусайнга одам юбориб, менинг ҳолимдан хабар беришга, унинг аҳли байти ила қайтаришга, Куфа аҳлининг гапларига учмасликка, улар отасига хиёнат қилган одамлар эканини айтишга имконинг борми?» деди.

Муҳаммад ибн Ашъас унинг айтганларини қилди. 

Муслим келтирилганида, Ибн Зиёд уни қатл қилди. Кейин Ҳонеъ ибн Урва ал-Муродийни ҳам қатл қилди.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу Куфа томон юрмоқчи бўлиб турганларида ҳузурларига Амр ибн Абдурроҳман ибн Ҳорис ибн Ҳишом келиб:

«Менга Ироққа бормоқчи эканинг ҳақида хабар етди. Мени сенинг амирлари, омиллари ва байти моллари бор юртга боришинг хавфга солади. Одамлар дирҳам ва динорнинг бандаларидир. Мен сенга ёрдамни ваъда қилганлар, сенга қарши қитол қилиб қолишларидан қўрқаман», деди.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу унга яхши муомала қилиб қайтардилар.

Сўнгра Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу келиб:

«Одамларни Ироққа бормоқчи эканинг даҳшатга солмоқда, айт-чи, нима қилмоқчисан ўзи?!» деди.

«Ушбу икки кун ичида юришга азму қарор қилдим», дедилар Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу.

«Ундоқ қилишдан сени Аллоҳнинг Ўзи асрасин! Аллоҳ раҳмингни егур, сен менга айт-чи, сен амирларини ўлдириб, юртларини бошини тутиб, душманларини ҳайдаган қавмнинг олдига бормоқ¬чимисан! Мен улар сени алдашларидан, ёл¬ғончи қилишларидан, сенга хилоф қилишларидан, сени ташлаб қочишларидан, сенга қарши чиқишларидан ва ашаддий душман бўлишларидан қўрқаман», деди Абдуллоҳ ибн Аббос.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу бу гапга жавобан:

«Мен Аллоҳга истихора қиламан. Кейин нима бўлишига назар соламан», дедилар.

Эртасига Абдуллоҳ ибн Аббос яна қайтиб келиб:

«Эй амакиваччам! Шунча сабр қилай деб уринсам ҳам сабр қила олмаяпман. Шу йўналишда кетаверсанг ҳалок бўлиб, томиринг қуришидан қўрқмоқдаман. Ахир Ироқ аҳли хиёнаткор қавм. Уларга зинҳор яқинлашма! Ушбу юртда туравер. Ахир сен Ҳижоз аҳлининг саййидисан. Агар Ироқ аҳли ўзлари даъво қилаётганларидек сени хоҳлайдиган бўлсалар, уларга хат ёз, омиларини ва душманларини қувсинлар. Кейин сен уларнинг олдига бор. Жуда чиқмасанг бўлмайдиган бўлса, Яманга бор. Унда қўрғонлар, даралар бор. Унинг ери кенг. У ерда отангнинг шийъалари бор. Ўзинг одамлардан четроқда бўласан. Одамларга хат ёзиб юборасан, тарғиботчиларингни тарқатасан. Ана шунда менимча, сенга ўзинг офиятда бўлган ҳолингда сен яхши кўрган нарса келади», деди.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу у кишининг бу гапларини қабул қилмадилар.

Шунда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Агар борадиган бўлсанг, аёлларингни ва кичик болаларингни олиб борма, мен сенинг ҳам Усмон қатл қилинганидек аёлларинг ва болаларинг кўз ўнгида қатл қилинишингдан қўрқаман», деди.

У кишининг бу гаплари ҳам фойда бермади. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу аёллари ва бола-чақалари билан йўлга тушдилар. Йўлда у кишига машҳур шоир Фараздақ дуч келди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу унга:

«Одамларнинг хабари қандоқ?» дедилар.

«Одамларнинг қалблари сен билан, қиличлари Бани Умайя билан. Қазо осмондан нозил бўлур. Аллоҳ хоҳлаганини қилур», деди Фараздақ.

Сўнгра Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳудан мактуб келди. Унда у киши Аллоҳ номи билан қасам ичиб, зинҳор кетмасликни сўраган эдилар. У кишининг мактуби ила Мадинанинг амири Амр ибн Саъиднинг омонлик хати ҳам бўлиб, қайтишни сўраган эди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу йўлларида давом этавердилар.

Йўлда у кишига Абдуллоҳ ибн Мутийъ дуч келди. У Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қаёққа кетаётганларини билгандан сўнг:

«Аллоҳнинг номи ила эслатаман, эй Расулуллоҳнинг қизининг ўғли, Ислом ҳурмати ўтиниб сўрайман, араблар ҳурмати, Аллоҳнинг номи ила ўтиниб сўрайман, ундоқ қилма! Аллоҳга қасамки, агар Бани Умайянинг қўлидаги нарсани талаб қиладиган бўлсанг, улар, албатта, сени ўлдирадилар. Сендан кейин эса, ҳеч кимдан тап тортмай қўядилар. Аллоҳга қасамки, Ислом ҳурмати, Қурайш ҳурмати, араб ҳурмати бундоқ қилма! Ўзинг¬ни Бани Умайяга тутма!» деди.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу бу гапларга ҳам эътибор бермай йўлда давом этдилар. У киши ўз одамлари билан Саълабийя деган жойга етганларида Муслим ибн Ақийлнинг қатл қилингани хабари келди. Баъзи кишилари:

«Аллоҳ номи ила илтимос қиламиз, шу ердан қайт!» дедилар.

Аммо Муслимнинг яқинлари бунга қарши чиқиб:

«Аллоҳга қасамки, ўчимизни олмагунча қўймаймиз. Ёки Муслим татиган нарсани биз ҳам татиймиз!» дедилар.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу одамлари билан юриб бориб, Ботни Ақаба номли ерга тушдилар. Ўша ерда у кишига араблардан бир киши учраб:

«Аллоҳнинг номи ила илтимос қиламан, ортингга қайт! Аллоҳга қасамки, фақатгина найзалар учига ва қиличлар тиғига қараб кетмоқдасан! Анави сени чақирганлар сени жангга керакли нарсалар билан таъминлаганларида ва ҳамма нарсани тайёрлаб қўйганларида борсанг, бўлар эди. Аммо ҳозир сен васф қилган ҳолатда зинҳор бориб бўлмайди! Ортингга қайт!» деди.

У кетгандан кейин Ҳар ибн Язийд ат-Тамимий бошлиқ минг отлиқ келди. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу уларга:

«Эй одамлар, Аллоҳга ҳам, сизга ҳам узр! Мен сизлардан кўплаб мактублар олганим, элчилар кўрганим учун улар, бизнинг олдимизга кел, бизнинг имомимиз йўқ, шояд, Аллоҳ сен ила бизни ҳидоятга бошласа, деганлари учун келдим. Агар сизлар менга кўнглимни тўлдирадиган ваъда берсангиз, шаҳрингизга бораман, бўлмаса, келган еримга қайтиб кетаман», дедилар.

Улар индашмади. Бир оздан кейин ал-Ҳар:

«Бизга сенга йўлиқсак, Куфага–Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг олдига олиб боргунимизча сизлардан ажрамаслик амр қилинган», деди.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу унга:

«Бундан кўра ўлганинг яхшимасми!» дедилар.

Сўнгра у киши ўз одамларига отланиб ортга қайтишга амр қилдилар. Ал-Ҳар уларнинг йўлини тўсди. Шунда Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу унга:

«Онанг кўкингни кийгур, нимани истайсан!?» дедилар.

«Аллоҳга қасамки, сендан бошқа араб бу гапни айтганда, ким бўлишидан қатъи назар, онасини зикр қилмай қўймас эдим. Аллоҳга қасамки, сенинг онангни яхшиликдан бошқа билан зикр қила олмайман», деди ва у кишини Мадинага қайтиб кетмасликлари учун ҳамма чораларни кўрди.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу шимол томон юриб Найнавога бордилар. Ўша ерда уларга қарши Ибн Зиёд юборган аскар етиб келди. Ўша аскарнинг бошлиғи Умар ибн Саъд одам юбориб:

«Нима учун келдинг?» деб сўради.

«Юртингизнинг одамлари мактуб ёзиб келишимни сўрашди. Агар мени ёқтирмасалар, қайтиб кетаман», дедилар.

Умар бу ҳақда Ибн Зиёдга хат юборди. Шеърий услуб ила ёзилган хатда, чангалимизга тушганда нажот топмоқчи, энди иложи бормикан, деган маъно бор эди. Ибн Зиёд, Ҳусайнга Язидга байъат қилишни таклиф қил. Агар қабул қилса ўйлаб кўрамиз, ундан ва одамларидан сувни тўсиб қўй, деган амрни қилди.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу: «Менга имкон беринглар, келган жойимга қайтиб кетаман», дедилар. Улар: «Ибн Зиёднинг ҳукмига туш», дедилар. У киши бу гапни қабул қилишлари мумкин эмас эди. Урушдан бошқа илож қолмади.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг одамлари ичидаги эркаклар саксон кишидан ортмас эди. Жанг бошланди. Кўп ўтмай Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ва у кишининг барча эркак яқинлари қатл қилиндилар. Ироқликлардан саксон саккиз киши ўлди. Бу нобакорлик Карбалода бўлди.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуни Синан ибн Авс ибн Амр ан-Нахаъий найза санчиб ўлдирган эди. У от устида туриб, одамларидан Хавлий деганига, унинг калласини уз, деди. Хавлий Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг каллаларни таналаридан узмоқчи бўлиб ҳаракат қилган эди, ҳолсиз бўлиб қила олмади. Синан ўзи отдан тушиб каллани танадан узди. Бу мислсиз жиноят олтмиш биринчи ҳижрий сана, жума куни бўлди. Ўша куни Ошуро кунига тўғри келган эди.

Жиноятчилар гуруҳи қолган шаҳидларнинг ҳам каллаларини таналаридан кесиб олдилар. Сўнгра каллаларни кўтариб, қизлар ва аёлларни ҳайдаб Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг олдига шошилишди. Мусибат ўтида ёнаётган қиз-аёллар Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг тирик қолган ягона ўғли Али ибн Ҳусайнни кўтариб, фиғонлари дунёни тўлдириб боришар эдилар.

Нобакорлар ўз хўжайинларига яхши кўриниш мақсадида етмиш икки дона бошни бўлиб олиб кўтариб боришар эди.

1. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг бошларини Хувлий ибн Язид олиб борарди.

2. Киндаликларга ўн учта бош теккан эди.

3. Ҳавозонликлар йигирмата бошни олиб боришарди.

4. Бану Тамимлар ҳам йигирмата бошга эга бўлганди.

5. Бану Асад еттита бошни олишганди.

6. Мазҳажликлар ўн битта бошни олишган эди.

Уларнинг раҳбарлари Шаммар ибн Зилжўвшан, Қайм ибн Ашъас, Амр ибн Ҳажжаж ва Урва ибн Қайс эди. Улар ана шундоқ ҳолда ўз бошлиқлари Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг олдига кириб боришди.

 Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ибн Зиёднинг олдида эдим. Шунда Ҳусайннинг боши келтирилди. Бас, у қўлидаги чўп билан унинг бурнига ишора қилиб:
«Бунга ўхшаган чиройлини кўрмаганман», деди.
«Бу уларнинг ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг ўхшагани эди», дедим
».

Термизий ва Бухорий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ўша ерда бошқа бир саҳобий Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар. У киши қонхўр Убайдуллоҳ ибн Зиёдга:

«Кўтар чўпингни! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунинг ўша сенинг чўпинг тегиб турган жойидан ўпганларини кўрганман!» деб бақирдилар. Сўнгра улуғ саҳобий бор овозлари билан ҳўнграб йиғлаб юбордилар.

Ибн Зиёд у кишига:

«Икки кўзингни Аллоҳ йиғига тўлдирсин! Агар мункайиб ақли кетиб қолган чол бўлмаганингда бўйнингдан чопар эдим», деди.

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу кетганларидан кейин одамлар ичида шивир-шивир гап бошланди. Улар:

«Аллоҳга қасамки, Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу бир гап айтдики, Ибн Зиёд эшитганда уни ўлдирар эди», дейишди.

«Нима деди?» деб сўради бирови.

«Эй араблар, сизлар бугундан бошлаб қулсизлар! Фотиманинг ўғлини ўлдирдингиз! Маржонанинг ўғлини ўзингизга амир қилдингиз! У бўлса, сизнинг яхшингизни ўлдириб, ёмонингизни қул қилмоқда. Йўқолсин хорликка ва орга рози бўлганлар!» деди», дейишди.

Ҳар бир золим жазосини тортмай қолмайди. Кўп ўтмасдан золим ва фосиқ Убайдуллоҳ ибн Зиёд ҳам қилмишига яраша жазосини тортди. Олтмиш олтинчи ҳижрий сана зулҳижжа ойида Мухтор ас-Сақафийнинг амрига биноан Ибро¬ҳим исмли аскарбоши Ибн Зиёд ва унинг одамларини Жозир деган жойда ўлдириб, каллаларини узиб ўз бошлиғининг олдига табоққа солиб олиб борди. Уларнинг бошлари Мухтор ас-Сақафийнинг олдига ташланди. Шунда бир кичик илон келиб, Ибн Зиёднинг оғзига кирди. Бир оз ўтиб илон унинг бурнидан чиқди. Кейин бурнидан кириб оғзидан чиқди. Ўша илон мазкур ҳаракатини тўхтамай давом этдирди. Сўнгра жиноятчиларнинг бошларини Маккага Ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга юборилди. Уларни ўша ерда кўчага осиб қўйилди. Ибн Зиёд ва унинг шерикларининг жуссаларини эса, ал-Аштар куйдириб ташлади.

Шуниндек, Имом Ҳусайн розиялоҳу анҳунинг қатлларида ҳозир бўлганларнинг барчалари ҳам бу дунёдан хору зор бўлиб ўтганлар. Ҳатто уларнинг зурриётлари ҳам доимий равишда хорликда ўтганини тасдиқловчи ривоятлар тарих китобларимизда кўп.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг ва у зотнинг яқинларининг ваҳшиёна ўлдирилишлари бутун Ислом оламини даҳшатга солди. Бани Умайяликлардан нафрат қилиш, ироқликларни сўкиш оддий бир ҳолга айланиб қолди. Ҳатто раҳбарлар ўзларини оқлаш учун гумашталарини жазолашга ҳам ўтдилар. Мусулмон оламининг Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуга нисбатан бўлган чексиз му¬ҳаббати уларни хавф-хатар остида қолдирган эди.

Бу улкан жиноят содир бўлганда дунё мусулмонларнинг кўзига бошқача кўриниб қолди. Бу ҳақда ҳар хил ривоятлар жуда ҳам кўп. Айниқса, Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишлари тафсилоти кишининг юрагини қон қилмай қўймайди.

Эҳтимол, шунинг учундир, буюк аллома Жалолиддин Суютий «Тарихи Хулафо» номли китоб¬ларида:

«Унинг (Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг) қатл этилиши узоқдир. Уни зикр қилишни қалб кўтара олмайди», деб ёзганлар.

Камина ходимингизнинг қалби ҳам бу мусибатни кўтара олмади. Ислом оламининг бу улкан мусибатини иложи борича юмшатиб ёзишга уринди. Шу билан бирга, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуга қарши фитнадан бошлаб, ушбу фожиани ёзиб бўлгунича соч-соқолидаги оқларни сезиларли кўпайганини мулоҳаза қилди.

Машҳур тарихчиларимиздан бирлари таъкидлаганларидек, бу мусибатларга Ислом умматидан бошқа уммат дуч келганида титилиб кетган бўлар эди. Аммо Аллоҳ таолонинг инояти бу умматни сақлаб қолди.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг шаҳидликлари муносабати ила табиат муҳитида ҳам одатдан ташқари ҳолатлар вужудга келгани ҳақида ривоятлар кўп. Биз саҳиҳ ривоятлардан келган бир тушни ўрганамиз, холос.

Салмаа розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Умму Саламанинг олдига кирсам, йиғлаб ўтирган экан. Мен унга:
«Сизни нима йиғлатмоқда?» дедим.
«Тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрибман. У зотнинг бошлари ва соқолларида тупроқ. Сизга нима бўлди, эй Аллоҳнинг Расули, десам, ҳозиргина Ҳусайннинг қатл этилганини кўрдим, дедилар», деди
».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ҳа, инсоният тарихидаги улкан жиноят– суюкли набиралари Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг ваҳшиёна қатл қилинишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам тинчларини бузган эди.

Мусулмон умматининг Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қотилларига бўлган нафрати чексиздир. Ўша вақтнинг ўзидаёқ жумҳури уммат ироқликларни кўргани кўзи йўқ жамоатга айланган эди.

Ироқ аҳлидан бир киши Абдуллоҳ ибн Умардан эҳромдаги одам пашшани ўлдириши ҳақида сўради. Шунда Ибн Умар:

«Ироқ аҳли пашшани ўлдириш ҳақида сўрайдиларми!? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларининг ўғлини ўлдиришиб бўлиб-а?! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, икковлари менинг дунёдаги райҳонларим, деган эдилар!» деди».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

«Ироқ аҳлидан бир киши Ибн Умардан ки¬йимга теккан чивиннинг қони ҳақида сўради. Шунда Ибн Умар:

«Манавуни қаранглар!!! Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғилларини ўлдириб қўйишиб, чивиннинг қони ҳақида сўраб юрибди! Мен у зотнинг:

«Ҳасан ва Ҳусайн икковлари дунёдаги рай-ҳонларим», деганларини эшитганман», дедилар», дейилган.

Шарҳ: Салтанат учун интилиш, банданинг розилигини Аллоҳнинг розилигидан устун билиш каби иллатларга дучор бўлган нобакорлар Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳудек зотни қатл қилишга қўл урган эдилар. Бу ишлари ўзларига икки дунё¬да тавқилаънат бўлиб қолишини хаёлларига келтирмаган эдилар. Айни вақтда ўша нобакорлар бу номардликлари Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу учун икки дунёда шараф бўлиб қолишини ҳам ўйламаган эдилар.

Ҳа, ҳар бир ўлдирувчи ғолиб эмас. Ҳар бир ўлувчи мағлуб эмас. Балки кўпгина золим ўлдирувчилар борки, уларнинг қотиллиги мағлублигидир. Шунингдек, кўпгина ўлдирилганлар борки, уларнинг мақтуллиги мансурлигидир. Улар ўзларининг ўлими ила кўплаб золимларни икки дунёда мағлубу малъун бўлишига сабаб бўладилар. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ана шундоқ мақтул мансурларнинг имоми ҳамдирлар.

Аллоҳ таоло у зотдан Ўзи рози бўлсин!


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларФАДАҚ ВОҚЕАСИ 22қисм Фадақ воқеаси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу давоми...

4408 16:49 / 20.04.2017
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларСЎНГСИЗ МУСИБАТ16қисм Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

4560 21:50 / 20.04.2017
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужраларига келиб киришга рухсат сўрадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшикларида ўша давоми...

2606 11:30 / 29.12.2021
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу ансорийларнинг улуғларидан, Ясрибда катта эътибор ва обрў топган кишилардан эди. У Ақаба куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

2840 11:00 / 24.05.2021