1446 йил 11 жумадис сони | 2024 йил 13 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Зинога яқинлашманг! (йигирма саккизинчи мақола)

15:00 / 04.01.2021 3428 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хулоса:

Зикр қилинган ва ушбу мавзуга оид ҳаётда учрайдиган бошқа ҳолатларга теран назар солсак фаҳшга, зинога сабаб бўлаётган бир қанча нарсаларни кўришимиз мумкин. Ушбу воқеалар билан аввалда санаб ўтилган зинога олиб борувчи йўлларни солиштириб чиқсак зинога йўлиққанларнинг муаммолари янада яққол кўринади. Биз кўпчиликнинг кўзи илғамаган қўшимча баъзи муаммоларни ҳам мулоҳаза қилдик.

-Эр-хотинлар орасида жинсий маданиятнинг йўқлиги.

Юқорида келтирилган воқеалардан бирида зинога қўл урган эр ўз аёлидан қониқмай қолганини айтган. Бунга сабаб нима? Гоҳида аёллар ҳам эрларидан жинсий жиҳатдан қониқмаётганликларининг сабаби нима? Балки бунинг сабаби ўша эркак ва аёллар ҳаддан ошган одам бўлиши мумкин. Аммо деярли барча ҳолларда жинсий қониқишнинг бўлмаслиги эр-хотин орасида жинсий маданиятнинг йўқлигидандир. Баъзи ҳолатларда эр, баъзи ҳолатларда аёл, баъзи ҳолатларда икковлари бир-бирларини кўнгилларини олишни билмайдилар, руҳий ҳолатларини сезмайдилар, бир-бирлари учун зийнатланмайдилар, эр-хотин сифатида очиқроқ гаплашиб, ўзаро кўнгилларини олмайдилар ва бир-бирларини қониқтиришга ҳаракат қилмайдилар. Биз «жинсий маданият» деб айтаётганимизда фақатгина динимиз Исломда кўрсатилган жинсий кўрсатмаларни назарда тутмоқдамиз. Ғарб жинсий маданияти, бошқа дин ёки тузумга тааллуқли жинсий маданиятни назарда тутаётганимиз йўқ. Уларга ҳаёт йўлида, хусусан жинсий маданиятда тақлид қилишдан Аллоҳ асрасин!

Айтиб ўтганимиздек, Ислом инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасида ўзининг беқиёс кўрсатмаларини берган. Зеро, Ислом инсон ҳаётининг бир бўлаги эмас, балки инсон ҳаёти Исломнинг бир бўлагидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Албатта Аллоҳ эр-хотин бир-бирлари билан ўйнашганларидан ажабланади ва бунинг сабабидан уларга савоб ёзиб, уларга ҳалол ризқ беради».

Ибн Адий ривояти.

Эр-хотин бир-бирлари билан ўйнашиб ҳазиллашишлари - Аллоҳ рози бўладиган, савоб ва ҳалол ризқ жалб қиладиган ишлардан экан. Асосан бу иш жинсий яқинлик олдидан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз аёллари билан ҳазиллашганлари, ўйнашганлари ривоят қилинган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга насиҳат қила туриб қуйидагича марҳамат қилганлар: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, эр ўз аёлини тўшакка чақирганда аёли бош тортса, осмондаги Зот ўша аёлга токи унинг эри ундан рози бўлмагунча ғазаб қилади».

Муслим ривояти.

Эр ҳам ўз аёлини қондирмаса, уни эътиборсиз ташлаб қўйса гуноҳкор бўлиши, қиёматда итобга учраши баён қилинган. Ҳадисда: «Аҳли аёлига нисбатан яхши бўлганингиз энг яхшингиздир» деб эрларни ўз аёлларига яхши муносабатда бўлишга буюрилган. Аллоҳ ҳам бежизга эрларга аёллари ҳақида хитоб қилиб: «…Улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса» (Нисо сураси, 19-оят) демаган.

Оятдаги «…Улар ила яхшиликда яшанг» жумласидан «аёлларнинг ҳақларини адо қилинг, уларни ҳар томонлама, ҳам руҳий, ҳам жисмоний томондан қониқтиринг» маъноларини тушуниш мумкин. Жинсий қўшилиш одобларидан бирини зикр қилиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Бирортангиз ўз аёлига яқинлик қилганда, эр ўзининг ҳожати қонишини хоҳлагани каби аёлининг ҳожати қонмагунча тўхтаб олмасин».

Ибн Адий ривояти.

Улуғ саҳобалардан бўлган Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Мен ўз аёлим учун у мен учун қандай зийнатланиб, хушбўйланса, шундай зийнатланиб хушбўйланаман» деган эканлар.

Чинакам мўмин ва мўмина ўз жуфти ҳалолини ҳурмат қилади, камчилиги бўлса ўша камчиликни биргалашиб тўғрилашга киришади. Жуфти ҳалолидан қонмагани учун зино ва фаҳш кўчасига кирмайди. Бунинг ўрнига у ўз жуфтига маслаҳат солади, очиғини айтади. Ахир улар эр-хотинку! Бир-бирлари билан сирлашмасалар яна ким билан сирлашадилар, бир-бирларига эркак ва аёл орасида бўладиган муҳаббат каби муҳаббат қилмасалар яна кимга бундай муҳаббат қиладилар.

Яна бир нарсани қаттиқ таъкидлаш керак: Кимнинг эри ё хотини яхши бўла туриб фаҳшга, зинога яқинлашса, у ўта ҳаддан ошган одамдир. Ундайлар соф инсоний табиатдан мутлақо четда бўлган одамлардир.

- Ота-оналар фарзандларига диний таълим-тарбия бермасликлари.

Фаҳш ва зинога қўл урганларнинг ҳикояларини эшитиш чоғида уларнинг деярли барчасида диний таълим-тарбия йўқлиги ва уларнинг аксар қисми ёш эканлиги мулоҳаза қилинади. Демак зинодан сақланишда ёшларга диний таълим-тарбия бериш ва уларни доимо назорат қилиб туриш ота-оналарга ҳам фарз, ҳам қарз.

Аллоҳ мўминларни ўз қўл остидагиларга жавобгар эканликларини маълум қилиб бундай марҳамат қилган: «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар» (Таҳрим сураси, 6-оят).

«…Ўтдан сақланг» ибораси «уларга динни ўргатинг, тергаб туринг. Улар Аллоҳга исён қилиб дўзах эгаларидан бўлиб қолмасинлар» деганидир. Оятдан кўриниб турибдики, бу ишда оталар етакчи ўринда бўлишлари лозим. Ота ўз фарзандига гўзал тарбиядан кўра яхшироқ нарса бера олмаслиги ривоятларда келган. Диний таълим-тарбия фарзандлар учун ҳар қандай мол-дунё, яхши иш жойи, ва хотиржам ҳаётдан ҳам кераклироқ эканини воқелик исботлаб турган ҳақиқатдир. Мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларининг ўқувчилари фаҳш ва зино кўчасига кириб қолаётганлиги, ундайларнинг сони кундан кунга ортиб бораётгани уларни янада кўпроқ назорат қилишни ота-оналардан талаб қилади. Ота-оналар фарзандаларининг ҳафталик дарс жадвалларини билишлари, ўқишдаги устозларини танишлари ва улар билан доимо алоқада бўлишлари, фарзандларининг кимлар билан дўстлашаётгани ила қизиқишлари, уларнинг телефон ва компьютерларини текшириб туришлари зарурдир. Шунингдек ёшлар ўзлари ҳам бу нарсаларга огоҳ бўлишлари, динларини ўрганиб унга амал қилишлари ва номаҳрамлар билан мулоқотга фақатгина Ислом рухсат берган ҳоллардагина киришлари шарт.

- Интернет ва ижтимоий тармоқ орқали одамлар орасида фаҳш ва зино тарқалиши.

Фаҳш ва зинога йўлиққанларнинг кўпчилик қисми мана шу нарсалар орқали ёмон ишга қўл урганлар. Албатта интернет ва ижтимоий тармоқлар яхшиликка кўп ҳизмат қилади ва одамларнинг оғирини енгил қилади. Аммо ҳар бир нарсадан яхшилик ёки ёмонлик йўлида фойдаланиш мумкин.

Интернетда турли хил фаҳшга оид веб саҳифалар кўпайиб кетган. Ижтимоий тармоқларда ҳам турли ғаразли мақсадларни кўзлаган одамлар бор. Ҳозирда компьютер ёки замонавий телефони бор ҳар қандай инсоннинг бу нарсаларга қўли етадиган бўлиб қолган. Фаҳш бор видео ва фотосуратларни кўриш кўпчиликка одат бўлиб қолган. Бу нарсаларга одатланиш эса одамларни бевосита зинога ҳам олиб бориб қўймоқда. Бу гапимизга юқоридаги воқеалардан бири далилдир. Асли бизда фаҳш ва зино йўқ эди. Бир вақтлар ғарб олами бизнинг ота-боболаримиздан уларни жаҳолатдан илм-маърифатга олиб чиқувчи фикрлар, ишларни ўрганган бўлсалар, ҳозирда биз ғарб оламидан бизларни жаҳолат ботқоғига ботирадиган, инсон зотини қадрини пасайтирадиган фикр ва ишларни ўрганиб, тақлид қилиб юрибмиз. Шундай нарсалардан бири фаҳш ва зинонинг кенг ёйилиши. Афсуски, ҳозирда фаҳшга, зинога қўл урмоқчи бўлган инсон қийинчиликсиз ўз мақсадига эришади. Бу нарсалар билан илму маърифат, ҳақиқатни етказиш йўли билан, шунингдек гапига қулоқ солинадиган инсонлар орқали курашиш керак.

(Тамом)

Афзал Аброр таржимаси

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳга қасамки, мўмин эмас. Аллоҳга қасамки, мўмин эмас. Аллоҳга қасамки, мўмин эмас,, дедилар. .Ким, ё Расулуллоҳ, деб давоми...

4312 18:10 / 18.02.2019
Кимки юлдузлар Аллоҳнинг иродасидан ташқари ҳам таъсир қилади ёки фаолият кўрсатади, деб эътиқод қилса, у мушрик бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

2329 21:00 / 05.08.2019
Аллоҳ таоло бандаларини зинога яқинлашишдан ва зинога сабаб бўладиган ишлардан қайтариб шундай дейди.Зинога яқинлашманглар Чунки бу бузуқликдир ва энг ёмон давоми...

19095 19:10 / 17.05.2019
Али розияллоҳу анҳу айтадилар .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени, Зубайрни ва Миқдод ибн Асвадни юбора туриб .Хох номли боққа боринглар. У ерда бир чўрини давоми...

2426 15:02 / 17.06.2019
Аудиолар

136829 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

56924 14:35 / 11.08.2021