1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Устозларни ҳурмат қилиш

05:00 / 03.03.2017 5367 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Устозларни ҳурмат қилиш диннинг шиорларидан биридири. Зеро олимларни эъзозлаш ва ҳурмат қилиш динимиз кўрсатмаси ҳисобланади.

 

عَنْ أنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ : «العلماءُ أمناءُ اللهِ على خلقِهِ». رواه السيوطي

 

«Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олимлар Аллоҳнинг ишончли ва омонатдор бандаларидирлар», дедилар». (Суютий ривояти)

Бежизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга таълим берадиган олимларни бу қадар олий мақомга кўтармаяптилар. Ахир улар инсониятни яхшилик сари етакловчи йўлбошчи ҳисобланадилар.

Муқаддас динимизда инсонни икки дунё саодатига эриштирувчи барча кўрсатмалар баён қилинган. Мана шу кўрсатмалардан бири бу таълим ва тарбия берган устозларни ҳурмат қилиш ва уларга чексиз ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш ҳисобланади.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда устозни ҳурмат қилиш ва уларни эъзозлаш ҳақида жуда кўп кўрсатмалар берилган.

Мусо алайҳиссалом пайғамбар бўлишларига қарамай, Аллоҳ томонидан илм ато қилинган Хизр алайҳиссаломга эҳтиром кўрсатиб, мулойимлик ва хокисорлик билан: «Сезга билдирилган билимдан, менга ҳам тўғри йўлни таълим беришингиз учун сизга эргашсам майлими?», деганлар.

Аллоҳ Мужодала сурасининг 11‑оятида олимларнинг даражаларини кўтариб қўйганини баён қилиб шундай дейди:

«Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтаради. Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордир». (Мужодала сураси, 11‑оят)

Ушбу оятнинг тафсирида Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деганлар: «Олимларнинг даражаси илмсиз мўминларнинг даражасидан 700 даража юқоридир. Ҳар даражанинг ораси 500 йиллик масофага тенг».

Ҳадисларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олимларни ўзларига, авомларни эса оддий умматларига ўхшатиб, олимларнинг даражаси нақадар улуғлигини баён қилганлар.

Ҳатто уларни қиёмат кунида бошқаларни шафоат қилувчи инсонлар қаторига қўшиб қўйдилар. Имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилган:

 

عَنْ عُثْمَانَ بْنِ عَفَّان رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «يَشفعُ يومَ القيامةِ ثلاثةٌ الأنبياءُ ثُمَّ العُلَماءُ ثُمَّ الشُّهداءُ».

 

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат кунида уч тоифа инсонлар шафоат қиладилар. Улар: Пайғамбарлар, олимлар ва шаҳидлар», дедилар».

Шундай экан ҳар бир талаба ва шогирд устозини ҳурмат қилмоғи лозим.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан илм олар эдилар. У киши устозлари Зайд розияллоҳу анҳунинг эшиги олдига келиб, устозларини чақирар, агар чиқмасалар эшиклари олдида кутиб турар эдилар. Бир куни устозлари чиқишини кутиб эшиклари олдида ухлаб қолдилар. Шамол кўтарилиб чанг тўзон бўлди. Ибн Аббос эса уйларига қайтмасдан устозларини чиқишларини кутиб турдилар. Кўп кутганларидан шамол кўтарган қумлар у кишининг қулоқларига кириб кетди. Лекин илмга чанқоқ Ибн Аббос жойларидан силжимадилар. Маълум вақт ўтгач Зайд ибн Собит уйларидан бир юмуш учун кўчага чиқмоқчи бўлдилар. Қарасалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли жиянлари Ибн Аббос сочлири тўзиган чанга беланган ҳолда эшик олдида турибдилар. Келганларининг сабабини сўрадилар. Ибн Аббос: «Илм олиш учун келган эдим», дедилар. Шунда Зайд ибн Собит хижолат бўлиб, « Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жиянлари, агар одам жўнатганингизда ўзим уйингизга борар эдим. Сиздек улуғ зотларга биз бориб дарс беришимиз керак», дедилар. Шунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Йўқ. Илм олиш учун устозлар эшиги олдига келишга буюрилганмиз», деб жавоб бердилар.

Динимиз шогирдларни фақат диний таълим берган муаллимларга яхшилик қилишга чегаралаб қўймади. Инсон манфаати учун хизмат қиладиган барча илм ва ҳунарларни ўргатган устозларни эҳтиром қилишга буюрди. Бир куни Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ эски кийимларни кийган оддий бир одамни кўрганда ўрниларидан туриб унга иззат икром кўрсатган эканлар. Буни кўрган атрофларидаги шогирдлари бунинг боисини сўраганда, у зот: «Мен бу кишидан ҳайвонларнинг ёшига тааллуқли илмни ўрганганман. Шунга эҳтиром кўрсатиб ўрнимдан турдим», деган эканлар.

Шундай экан ҳар бир шогирд илм берган ўқитувчисини, касб ва ҳунар ўргатган устозини ҳурмат қилиши ва уларни ҳаққига дуойи хайрлар қилиб яхшиликлар тилаши лозим бўлади.

Бежизга Али розияллоҳу анҳу менга битта ҳарф ўргатган кишини қулиман. Хоҳласа мени бозорга чиқариб қул қилиб сотсин, демаганлар. У киши устознинг ҳаққи шу даражада улуғки, битта ҳарф ўргатгани учун, унинг олдида қолиб бутун умр хизматини қилсанг арзийди, демоқдалар.

Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ Али розияллоҳу анҳунинг ушбу сўзларини шарҳлаб  “Маҳбуб-ул-қулуб”  асарида шундай деганлар:

«Устознинг иши одам тугул, ҳатто девнинг ҳам қўлидан келмайди. Бир кучли киши бир ёш болани сақлашга ожизлик қилар эди, у эса бир тўда болага илм ва одоб ўргатади. Лекин шуниси ҳам борки, болалар орасида фаҳми идроки озлари бўлади. Муаллим бу каби ҳолларда юзлаб машаққат чекади. Шу жиҳатдан олганда, болаларда унинг ҳақи кўп, агар шогирд улғайгач, подшоҳлик мартабасига эришса ҳам муаллимга қуллуқ қилса арзийди».

Аллоҳ бизларга таълим берган ва ксб ҳунар ўргатган барча устоз ва мураббийларимиздан Ўзи рози бўлсин!

 

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.

 

«Боли ҳавуз» жоме масжиди имом хатиби Элов Жобир

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ким айбдорАллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб дуруду саловотларимиз бўлсинСарлавҳадаги давоми...

3314 05:00 / 06.03.2017
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бирбирингизни ёмон кўрманг Бирбирингизга ҳасад қилманг Эй, Аллоҳнинг бандалари, биродар давоми...

2650 05:00 / 03.03.2017
Исломда мусулмон киши ўзи тўғри йўлдан юриб, зарарли нарсалардан четда туриб, фақат ўзиниўзи тузатиш билан овора бўлиб қолишга яхшилик деб қаралмайди. Балки давоми...

3161 05:00 / 02.03.2017
Илм ўрганар экан, инсон маърифат билан Яратган зотнинг розилигини топишни, охиратда саодат эгаларидан бўлишни мақсад қилади. Бунинг учун унинг илми ўзига ҳам, давоми...

6963 05:00 / 04.03.2017