1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Айблар овчиси

05:00 / 03.03.2017 3313 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу ала Росулиллаҳ ва ала олиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн.

Ҳозирги пайтда овчиликнинг бир тури кенг тарқалиб, Аллоҳ раҳм қилганлардан ташқари кўп инсонлар шу овчиликка мубтало бўляпти. Бу – одамларнинг айбларини овлашдир. Айбларни овлаш фақат тортишаётганлар, урушаётганлар, бир-бири билан хусуматлашаётганлар орасида чекланиб қолмай, уйларимизда ҳам, ишхоналаримизда ҳам кенг тарқалмоқда. Ҳатто бу иллат масжидларгача етиб борди. Баъзи кимсалар Аллоҳнинг Уйи одобларига амал қилиш ўрнига имомларимизнинг, уламоларимизнинг айбларини овлашдан тап тортмаяптилар. Уламоларнинг келиб чиқишини, илмини, овозини, юриш-туришини ва ҳоказо жиҳатларини суриштириб, муҳокама қиляптилар.

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган: “Агар сизларга дунё ва охиратда Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаса эди, албатта, ошириб-тошириб сўзлаганингиз сабабли сизларни улкан жазо тутган бўлур эди. Ўшанда сизлар уни тилдан тилга кўчириб, оғизларингиз билан ўзларингиз аниқ билмаган нарсани сўзлар ва буни енгил фаҳмлар эдингиз. Ҳолбуки, у Аллоҳ наздида улкан (гуноҳ)дир” (Нур, 14-15).

Бошқа бир оятда бундай деган: “Ҳар ким бирор хатолик ёки гуноҳ ишга қўл урса-ю, сўнгра унда бегуноҳ одамни айбласа, албатта, бўҳтон ва аниқ гуноҳни (бўйнида) кўтарган бўлур” (Нисо, 112).

Абу Барза Асалмий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Эй тили билан иймон келтирган ва қалбига иймон кирмаганлар жамоаси! Мусулмонларни ғийбат қилманглар! Уларнинг авратларини пойламанглар! Чунки, ким уларнинг авратларини пойласа, Аллоҳ унинг авратини пойлайди. Аллоҳ кимнинг авратини пойласа, уни уйи ичида шарманда қилади”. Абу Довуд ривоят қилган.  

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Албатта, агар сен одамларнинг авратларини пойласанг, уларни бузасан ёки уларни бузишингга яқин борасан” деяётганларини эшитдим”. Абу Довуд ривоят қилган.

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган: “(Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой!” (Ҳумаза, 1).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Меърожга чиқарилганимда бир қавмнинг ёнидан ўтдим. Уларнинг мисдан бўлган тирноқлари бўлиб, улар (ўша тирноқлар ила) юзларини ва кўкракларини тирнар эдилар. Мен: “Эй Жаброил, булар ким?” деб сўрадим. У: “Улар одамларнинг гўштларини ейдиган (ғийбат қиладиган) ва уларнинг обрўларига тил теккизадиган кишилардир” деб жавоб берди”. Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Баъзи солиҳ вазирлар одамларни яхшиликка чақирувчиларга шундай дейишар экан: “Гуноҳкорларнинг айбларини яширишга ҳаракат қилинглар. Чунки уларнинг айбларининг очилиши Ислом аҳли учун айбдир. Ишларнинг энг авлоси, яхшиси – айбларни беркитишдир”. Бу борада қуйидаги ҳадис келган:

“Хато қилганларнинг тойилишларини кечиринглар”. Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган: (Эй, инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” (Исро, 36).

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Киши чолғу асбобидаги торнинг овозини эшитиш учун бировнинг ҳовлисига ўғринча қулоқ солиши яхши эмас. Хамр ҳидини топиш учун бировнинг ҳовлисини ҳидлашга уриниши яхши эмас. Найнинг шаклини билиш учун кийимга ўраб қўйилган нарсани ушлаб кўриши яхши эмас. Бошқаларга етказиш мақсадида қўшнининг уйида нималар бўлаётганини сўраб-суриштириш яхши эмас. Балки агар унга иккита адолатли киши келиб, “Албатта, фалончи хамр ичади” деса, ўшанда унинг уйига кириб, ўша одамни бу ишдан қайтариши мумкин бўлади”.

Баъзи салафи солиҳлар одамларнинг айбларини излашдан тийилиш ҳақида мана бу гапларни айтганлар: “Биз шундай қавмларни кўрдикки, уларнинг айблари йўқ эди. Улар одамларнинг айбларини гапирдилар. Натижада одамлар ҳам уларни айбларини гапирдилар. Яна шундай қавмларни кўрдикки, уларнинг айблари бор эди. Шунинг учун улар одамларнинг айблари ҳақида гапиришдан тийилдилар. Натижада ўзларининг айблари ҳам унутилди”.  Бу борада қуйидаги мисралар айтилган:

Одамларнинг яширин айбларини излама,

Аллоҳ сенинг ёмонликларингдан пардани очиб қўяди.

Улардаги яхшиликларни зикр қил.

Ҳеч кимни ўзингда ҳам бор бўлган айблар билан айблама.

Аллоҳ билан барча нарсадан беҳожат бўл.

Албатта, У билан бўлганлар учун бошқалардан беҳожатлик бордир.

Аллоҳга ишон, У сенга кифоя қилади.

Ёмон гумон ўлдирувчи офатдир. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган: “Эй, мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир” (Ҳужурот, 12).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу оятдаги Аллоҳ таолонинг “жосуслик қилмангиз” деган сўзи ҳақида шундай деганлар: “Аллоҳ мўминни мўмин биродарининг айбларини пойлашдан қайтарди”.

Инсон сукутни лозим тутсин. У инсонларнинг борликларида ҳам, йўқликларида ҳам, уларнинг айбларидан тилини тийсин. Ўзини билмаганга солсин. Инсон жосусликдан тийилсин, бошқалар ҳақида сўраб-суриштиришдан тўхтасин. Йўлда танишини кўриб қолса, унинг бирор битмаган ҳожати бўлса, ўша нарса ҳақида сўрамасин. Бу савол биродарини ноқулай аҳволга солиб қўйиши ёки ўша одам ёлғон гапиришга мажбур бўлиши мумкин. Биров сенга сирини айтган бўлса, уни ҳам бошқаларга айтишдан тийил. Сукут қил. Энг яқин дўстингга ҳам бировнинг ўша сирини айтма. Сенга сирларини айтган киши билан урушиб қолсанг ҳам, у билан хусуматлашиб қолсанг ҳам, асло унинг сирларини душманлик қилиб бошқаларга ошкор қилма. Чунки бу пасткашлик, ичиқораликдир. Яқинларингни, аҳлингни, фарзандларингни обрўсига футур етказадиган гаплардан тийил. Бошқаларнинг обрўсига, юрагига таъсир қиладиган гаплардан, ҳикоялардан ҳам тийил. Сенга кимдир бировни мақтаса, сен уни ўша мақталган одамга (фалончи сизни мақтади, деб) айтмасдан, яширишинг яхшимас. Хуллас, одамларнинг айблари зикр қилинадиган, уларнинг обрўларига таъсир қиладиган, улар ҳақорат қилинадиган, улар камситиладиган гаплардан тийил. Гапирадиган гапинг фақат яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш бўлсин.

Одамларнинг айбларини гапиришдан тийилиш учун қуйидаги икки ишни бажариш керак:

Биринчиси, нафсингни аҳволига назар солишингдир.

Агар унда ёмонланадиган бирор нарса топсанг, биродарингда кўрган айб ўзингда ҳам борлигини, сен ўзингдаги айбни йўқотиш учун нафсингга сўзингни ўтказолмаганингдек, биродаринг ҳам нафсига сўзини ўтказолмаганини нафсингга тушунтир.

Иккинчиси, агар сен барча айблардан пок бўлган кишини қидирсанг, унақасини тополмай, халқлардан узилиб, орзуйингдагидек бирорта дўст тополмай қолишингни билишинг.

 Ҳар бир инсонда яхшиликлар билан бирга айблари ҳам бўлади. Мўмин одам ҳар доим биродарининг яхшиликларини кўнглига келтиради. Шу орқали қалбида унга нисбатан дўстлик, муҳаббат, эҳтиром пайдо бўлади. Мунофиқ эса доим ёмонликлар, айблар ҳақида ўйлайди. Фузайл раҳимаҳуллоҳ: “Мардлик – биродарларнинг тойилишларини кечиришдир” деганлар.

Худди тилинг билан бошқаларнинг айбларини гапиришдан тийилишинг керак бўлганидек, қалбинг билан ҳам ўша нарсалардан сукут қилишинг керак. Бу эса ёмон гумонни тарк этиш билан бўлади. Ёмон гумон қалбнинг ғийбатидир. Бу ҳам динимизда қайтарилган иллатдир. Ёмон гумон кишини жосусликка, одамларни пойлашга ундайди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислардан бирида: “Бир-бирингизни пойламанглар, жосуслик қилманглар, бир-бирингиз билан узилишиб кетманглар, бир-бирингизга душманлик қилманглар, Аллоҳнинг биродар бандалари бўлинглар” деганлар.

Айбларни яшириш, уни билмаганга, кўрмаганга олиш дин аҳлининг белгисидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Гумондан сақланинглар! Чунки, гумон сўзнинг энг ёлғонидир. Жосуслик қилманглар! Бир-бирингизни пойламанглар! Бир-бирингиз билан рақобатлашманглар! Бир-бирингизга ҳасад қилманглар! Бир-бирингизга ғазаб қилиб, ёмон кўрманглар! Бир-бирингизга душманлик қилманглар! Аллоҳнинг биродар бандалари бўлинглар!” Имом Муслим ривояти.

Билгингки, кишининг иймони то ўзига раво кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунча комил бўлмайди. Биродарчиликнинг энг қуйи даражаси – биродаринг сенга қандай муомала қилшини хоҳласанг, унга ҳам шундай муомала қилишингдир.

Авратни, айбни беркитишда сустакшлик қилиш ёки уни очишга ҳаракат қилишнинг аосий манбаи – ҳасад, гинадир. Кимнинг қалбида мусулмонга нисбатан гина, ҳасад бўлса, унинг иймони заифдир. Бу жуда хатарли нарса. Ундай одамнинг қалби ҳам пок бўлмайди.

Аллоҳ таоло Қуръонда одамларни масхара қилишдан қайтариб шундай деган: “Эй, мўминлар! (Сизлардан) бирор миллат (бошқа) бир миллатни масхара қилмасин! Эҳтимолки, (масхара қилинган миллат) улардан яхшироқ бўлса. Яна (сизлардан) аёллар ҳам (бошқа) аёлларни (масхара қилмасин)! Эҳтимолки, (масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлса. Ўзларингизни (бир-бирларингизни) мазах қилмангиз ва бир-бирларингизни лақаблар билан атамангиз! Имондан кейин фосиқлик номи нақадар ёмондир! Кимки тавба қилмаса, бас, айнан ўшалар (гуноҳ ишлар билан ўзларига нисбатан)  зулм қилувчилардир” (Ҳужурот, 11).

Ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Мўмин узрлар истайди. Мунофиқ айблар истайди”.

Аллоҳ таоло қалбларни титратадиган қуйидаги оятда шундай деган: (Барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган кундан (қиёматдан) қўрқингиз! Сўнгра ҳар бир жон (эгаси)га қилган амалларига яраша нарса (мукофот ёки жазо) берилур ва уларга адолатсизлик қилинмас” (Бақара, 281).

Бошқа бир оятда бундай деган: (У кун) уларнинг қилиб ўтган иш (бўҳтон)лари билан тиллари, қўл ва оёқлари уларга гувоҳлик берадиган кундир” (Нур, 24).

Али розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфларида шундай деганлар: “У зот доим чеҳраси очиқ, хулқи гўзал, мулойим эдилар, қўпол эмасдилар, дағал эмасдилар, бозорларда шовқин-сурон кўтарадиган эмасдилар, айбловчи эмасдилар, мазаҳ қилувчи эмасдилар, ўзлари истамаган нарсага эътибор бермасдилар, у зотдан умидвор бўлинарди, у зотдан ким нимани умид қилса, умиди пучга чиқмасди, нафсларидан учта нарсани тарк қилган эдилар: тортишувни, кўп гапиришни, ўзларига фойдаси йўқ нарсани. Одамлардан ҳам ута нарсани тарк қилган эдилар: ҳеч кимни ёмонламас эдилар, ҳеч кимни айбламас эдилар, ҳеч кимни авратини талаб қилмас, пойламас эдилар, фақат савоби умид қилинадиган ўриндагина гапирардилар”. Абу Наъийм Исфаҳонийнинг “Далоилун нубувва” китобидан.

Мусулмоннинг мусулмон биродари зиммасида қуйидаги ҳақлари бор: айбини беркитиш, тойилишини кечириш, кўзидан ёш оққанда раҳм қилиш, хатосини кечириш, узрини қабул қилиш, ғийбатини рад этиш, унга доим насиҳат қилиш, дўстлигини муҳофаза қилиш, зиммасига риоя қилиш, чақириғига ижобат қилиш, ҳадясини қабул қилиш, бор-келдисига муносиб тарзда борди-келди қилиш, яхшилигига ташаккур айтиш, унга чиройли ёрдам бериш, ҳожатини чиқариш, саволига жавоб бериш, акса урса жавоб қайтариш, йўқотган нарсасини топиб олинса қайтариб бериш, у билан дўстона муносабатда бўлиб, унга душманлик қилмаслик, зулм қилувчиларга қарши унга ёрдам бериш, уни бошқаларнинг зулмидан эҳтиёт қилиш, уни золимлар қўлига топширмаслик, уни хўрламаслик, ўзига раво кўрган нарсани унга ҳам раво кўриш.

Ё Аллоҳ, авратларимизни, айбларимизни яшир! Тойилишларимизни, хатоларимизни кечир! Гуноҳларимизни мағфират эт!

 

 

 

Муҳаммад Ҳалвонийнинг “Шошма, эй айблар овчиси!” мақоласидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб замзамдан ичдилар,.Бухорий ва Термизий ривоят қилишган ва Термизийнинг давоми...

6291 05:00 / 03.03.2017
Абу Мусодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳеч бир кимса ёки ҳеч бир нарса Аллоҳ азза ва жаллачалик ўзи эшитган озорларга сабр қила олмайди. давоми...

2965 05:00 / 03.03.2017
Суратда дунёнинг энг кучли футбол жамоаларидан бирида тўп сурувчи, замонамизнинг машҳур футболчиларидан бири бўлган Садио Мане. Жамоаси Лига кубогини қўлга давоми...

3995 11:30 / 05.08.2022
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Мен тушимда боғни, боғнинг ўртасида устунни, унинг бошида ҳалқани кўрдим. Менга, кўтарил, дейилди. Мен, қодир давоми...

4557 05:00 / 03.03.2017
Аудиолар

135374 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55620 14:35 / 11.08.2021