1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Фаришта ҳам ҳурмат қилган Зот!

05:00 / 06.03.2017 4353 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(Устоз ва мураббийлар кунига)
Ҳадис китобларида “Жаброил ҳадиси” деган бир машҳур ҳадис бор. Тўғри, барча оятларни ҳам Жаброил алайҳиссалом олиб тушганлар. Ундан ташқари, Пайғамбаримизнинг ҳадислари ҳам илоҳий илҳом бўлгани аниқ. Лекин бирорта оятни ёки мазкур ҳадисдан бошқа бирор ҳадисни “Жаброил ояти ёки Жаброил ҳадиси” дейилмайди. Бу ҳадисда Ҳазрат Жаброил алайҳиссалом буюк бир исломий одоб ва маданиятни ўзлари амалий намуна бўлиб кўрсатиб берганлар. Унда устозни қандай ҳурмат қилиш кераклиги амалий баён қилинган:
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Кутилмаганда, олдимизга оппоқ кийимли, қоп-қора соқолли, уст бошида сафарнинг ҳеч бир  аломати йўқ, бирортамиз ҳам танимайдиган бир киши кириб келиб, Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига ўтирди-да, икки тиззасини У зотнинг тиззаларига суяди (теккизиб ўтирди), икки кафтини эса У зотнинг икки сонларига қўйди ва: “ Эй Муҳаммад, менга “Ислом” ҳақида хабар беринг! (Нима ўзи у?)”, деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом – Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир, деб гувоҳлик бериб, намозни тўла-тўкис адо этишинг, закотни беришинг, рамазон рўзасини тутишинг ҳамда йўлга (борди-келдига моддий ва жисмонан) қодир бўлсанг Байт (Каъба)ни зиёрат қилмоғингдир”, дедилар. Ҳалиги одам: “Тўғри айтдингиз”, деди. (Умар ибн Хаттоб) Бу кишининг ўзи сўраб, яна ўзи тасдиқлашидан таажжубландик (ҳайрон қолдик). У: “Энди менга “Иймон” ҳақида хабар беринг! (Нима у?)”, деди. У зот: “Иймон – Аллоҳга, фаришталарига, (пайғамбарларига туширган) китобларига ва пайғамбарларига ишонишинг ҳамда қадар (тақдир)га, унинг яхшилик ва ёмонлигига ишонишингдир”, дедилар. У: “Тўғри айтдингиз”, деди-да: “Энди менга “Эҳсон” ҳақида хабар беринг! (Нима дегани у?)”, деди. У зот: “Эҳсон – Аллоҳга Уни кўриб турганингдек, гарчи сен (ожизлигингдан) кўролмаётган бўлсангда, У сени аниқ кўриб турганини ҳис қилиб (ҳаёт кечириб, бандалик) ибодат қилишингдир”, дедилар. У: “Менга “Қиёмат” ҳақида хабар беринг! (У қачон бўлади?)”, деди. У зот: “Бу масалада сўралувчи (яъни мен) сўровчидан (сендан)да билимдон эмас (яъни сен билмаганингдек, бу масалани мен ҳам билмайман”, дедилар. У: “(Ундай бўлса), Қиёматнинг белгилари ҳақида хабар беринг”, деди. У зот: (Биринчиси) “Она ўзининг қиз (бир ривоятда ўғил) хўжайинини туғмоғи яъни ҳали қиёматга яқин ота-оналарни фарзандлар бошқарадиган бўлиб қолганини кўрасан. (Иккинчиси эса) Ялангоёқ, яланғоч, камбағал қўйбоқарларнинг бино қуришда мусобақа (ким ўзар) қилаётганларини кўрмоғинг”, дедилар. Ҳазрат Умар: “Саволлари тугагач, ҳалиги киши кетди-ю, мен эса анча вақт (ҳайрон бўлиб) жойимда туриб қолдим. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Эй Умар, ана у савол сўровчи кимлигини биласанми?”, дедилар. “Аллоҳ ва расули билур”, дедим. У зот: “У Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келган эди”, дедилар.
(Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
“У Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келган эди...”.
Юқоридаги ҳадиси шарифни теран мулоҳаза қилсак, Жаброил алайҳиссаломнинг бу сафар ҳар доимгидан бошқача тарзда, одам суратида келишларидан мақсад – бизга динимиз аҳкомлари, одоб-ахлоқларини, Ислом маданиятини ўргатиш экан! Унинг кўрсатмасига кўра, Ислом, иймон ва эҳсон (тасаввуф) деган муқаддас амал, эътиқод ва шахсий ахлоқлар дин деб аталар экан. Булар У зотнинг мазкур саволларида оғзаки ҳолда ўз аксини топган.
Яна бир мантиқий томони шундаки, Жаброил алайҳиссалом бизга динимизни ўргатгани келганларида ўзларини қандай тутмоқдалар? Устоз билан шогирд орасидаги муносабат қандай бўлишини  оғзаки эмас, балки ўзлари намуна бўлиб, амалий тарзда кўрсатиб бермоқдалар!
У зот саҳобаларнинг кўз ўнгида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: "Эй Муҳаммад! Саҳоба-шогирдларингизни масжидга менинг ҳузуримга жамлаб беринг! Мен уларга динларининг таълимотларини ўргатиб қўяйин", десалар ҳам бўлар эдими? Мантиқан тўғри бўлаверар эди ҳам...
Йўқ! У зот бошқача йўл тутдилар: Тўғри Жаброил алайҳиссалом бизга динимиз аҳкомларини ўргатгани келдилар. Лекин У зот ўша таълимотларни кимнинг воситасида ўргатмоқдалар? У зот ер юзидаги энг буюк муаллим – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам воситаларида ўргатмоқдалар! У муаллимга қандай одоб ва маданият билан муомала қилиш керак эканини ҳам амалий кўрсатмоқдалар! Шунинг учун Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг элчиси, дин кўрсатмаларини ўргатгани келган илоҳий элчи ва муаллим ўлароқ, Аллоҳ таолонинг чексиз ҳикматли буйруғига биноан, таълимни қай йўсинда олиб бориш фойдали экани ҳамда шогирд устознинг ҳузурида ўзини қандай хокисор, қандай гўзал одоб билан тутиши лозим эканини амалда кўрсатиб бердилар!
 ...Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига ўтирди-да, икки тиззасини У зотнинг тиззаларига суяди (теккизиб ўтирди), икки кафтини эса У зотнинг икки сонларига қўйди...
Бу ишлари билан шогирд устознинг ҳузурида одоб билан, тиз чўкиб, устоздан фойда олиш пайида бўлиши лозим эканини ўргатаётган бўлсалар ажаб эмас!
...“ Эй Муҳаммад! Менга “Ислом” ҳақида хабар беринг! (Нима ўзи у?)”...
Бу жойда эса бугунги замонавий пед технологиялари ривожланаётган кунда аниқланиб, татбиқ қилинаётган педогогик усулларнинг энг фойдалиси ва талабаларни ўзига жалб этишга энг қулай усулни неча аср илгари қўллаб, буни ҳам биз педогок-ўқитувчиларга ўргатмоқдалар!
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, ўзи тўғри йўлда бўлиб, ўқувчи ва талабаларга, халққа тўғри йўлни ўргатувчи-муаллимлар ҳадиси шарифда айтилганидек, қуруқликлиг-у денгиздаги бутун мавжудотларнинг, ҳатто самодаги фаришталарнинг ҳам таҳсин ва эҳтиромига сазовор зотлар экан...
Байрамингиз муборак Азиз Устозлар!

Манба: islom.uz 

Андижон "Саййид Муҳйиддин махдум" ислом ўрта махсус билим юрти мударриси Баҳодир Баҳромжон ўғли.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Турли маиший исрофлар Жамиятимизда умрини исроф қилаётганлар ниҳоятда кўп. Уларнинг ичида мактаб ёшидаги болалардан тортиб, катта ёшдаги боболар ва момолар ҳам давоми...

2970 05:00 / 06.03.2017
.Ёлғон, сўзи араб тилида .кизб, дейилади ва луғатда ростнинг тескарисини англатади. Уламолар ёлғонни қуйидагича таърифлайдилар Журжоний .Ёлғон ndash хабарнинг давоми...

5527 09:00 / 18.07.2022
.Салим, Ислом сўзи билан ўзакдош бўлиб, .касаллик ва нуқсонлардан ҳоли, деган маънони англатади.Салим қалб соҳиби бўлиш учун, аввало, Қуръони каримда баён қилинган давоми...

3866 05:00 / 03.03.2017
Бир талабанинг сўзлаганлари Оиламизда, эсимни танибманки, китоб ўқилади. Ҳамма адабиётга меҳр қўйган. Янги, фойдали китоб нашрдан чиқса, албатта сотиб оламиз, давоми...

1733 17:00 / 29.08.2022