1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Раддия

Дин насиҳатдир (китоб)

05:00 / 03.03.2017 8031 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозирги пайтда бутун дунё бўйлаб кўнгилсиз ҳолатлар, ихтилофлар ва уруш-жанжаллар бўлиб тургани ҳеч кимга сир эмас. Мазкур нохушликларда мусулмонларга тегишли томонлар борлигини ҳам яхши биламиз.


БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Аллоҳга ҳамду санолар, Расулуллоҳга саловоту саломлар бўлсин!
Азиз китобхон! Ҳозирги пайтда бутун дунё бўйлаб кўнгилсиз ҳолатлар, ихтилофлар ва уруш-жанжаллар бўлиб тургани ҳеч кимга сир эмас. Мазкур нохушликларда мусулмонларга тегишли томонлар борлигини ҳам яхши биламиз. Шунингдек, бундай ҳолатларни бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича кенг кўламда фаолият олиб борилмоқда. Бу мақсадга эришиш йўлида динлар, сивилизасиялар, маданиятлар минтақа ҳамда давлатлар орасида мулоқотлар олиб борилмоқда ва мазкур мулоқотлардан фойдали чораларга ўтилмоқда.
Дунё ҳамжамиятининг ажралмас қисми ва мазкур нохушликлардан энг кўп жафо чеккан Ислом оламида ҳам мазкур ишда фаоллик борган сари ортиб бормоқда. Динда ҳаддан ошишлик, жангарилик, қуролли чиқишлар каби ҳолатлар қаттиқ қораланмоқда. Йўл қўйилган хатоларни тўғрилаш бўйича кенг кўламдаги ишлар олиб борилмоқда. Ўша фаолият ва ишлар ичида бошқалар билан мулоқот қилиш билан бирга мусулмонлар ўзаро мулоқот қилишлари, ораларидаги ихтилофларни йўқотишлари ва биргаликда муаммоларнинг тўғри ечимларини топишлари лозим деган чақириқлар ҳам баралла янграмоқда.
Табиийки, бизда ҳам бу маънода ўзига яраша ишлар олиб борилмоқда. Мазкур ишлар ўз самарасини беради, деган умиддамиз. Бу савобли ишда кўпроқ кишилар янада серкўлам иш олиб боришлари зарурдир.
Ушбу сатрлар муаллифи бошқа ишлар билан машғул бўлгани ва бу ишнинг ўз мутахассислари борлиги эътиборидан ўзини бир четда тутган эди. Аммо турли муносабат ва эътиборлардан ўзи истамаган ҳолда саволларга жавоб бериш ва бирор мавзуъни баён қилиш каби ҳолатларда мазкур муаммога аралашиб қолар эди. Аста-секин саволлар, илтимослар ва таклифлар кўпая борди. Баъзи бир ота-оналар, қариндошлар, оддий мусулмонлар, уламолар ва мутахассислар ушбу мавзуъга атаб китоб ёзишни таклиф қила бошладилар. Ҳозирги вақтга келиб бу таклифлар талаб ва илтимосларга айланди. Албатта, талабларда Аллоҳ таолонинг олдидаги масъулият ва жавобгарлик борлиги ҳам таъкидланди.
Айнан ушбу нарса, Аллоҳ таолонинг олдидаги масъулият ва жавобгарлик ҳисси, охиратдаги савол-жавоб сезгиси камина ходимингизни қуйидаги сатрларни қоралашга ундади.
Бинобарин, ушбу китобда келган фикрларни мусулмон банданинг ўз диндошларига айтган маслаҳат ва насиҳати сифатида қабул қилиниши умид қилинади.
Зотан, имом Бухорий ва бошқа муҳаддисларимиз Тамийм ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дин насиҳатдир», дедилар»...

Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам комил иймон учун зарур нарсалар ҳақида саҳобалар ҳузурида сўзлаб туриб: «Дин насиҳатдир», дедилар.
«Насиҳат» луғатда холис, покиза, содиқ маъноларни билдиради. Урфда эса, бир кишининг бошқасига холис ният, содиқлик билан яхши йўл-йўриқларни айтишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Дин насиҳатдир» деганлари, диннинг асосий мадори, насиҳатдан иборатдир, деганларидир.
Қолаверса, билган илмини яшириш ўта оғир гуноҳлардан бўлиши ҳам бизни бу ишни амалга оширишга чорлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир илмдан сўралса-ю, бас, у ўшани яширса, қиёмат куни Аллоҳ уни оловдан бўлган юган билан юганлайди», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида илмни яширишнинг оқибати нима бўлишини баён қилиш билан бирга уни тарқатишга тарғиб қилмоқдалар.
Демак, ким илмни беркитса, уни кишиларга етказмаса, қиёмат куни алоҳида услуб билан азобланиши муқаррар экан. Ундай одамни Аллоҳ таоло оловдан бўлган юган билан юганлаш азобига дучор қилар экан. Бу жаҳаннамга солади ва унда яна алоҳида махсус азоб беради, деганидир.
Исломда илм уни билган олимнинг эмас, балки ўша олим яшаётган жамиятнинг мулки ҳисобланади. Олим эса, уни ўзида омонат сақлаб турган ишончли одам ҳисобланади. Жамият қачон муҳтож бўлиб қолса, олим ўша омонатдаги илмдан бериши лозим. Бўлмаса, мазкур олим ўз жамиятига хиёнат қилган бўлади. Бу дунёда қутулиб кетса ҳам, охиратда, албатта, жазосини олади.
Келажак сатрларда баён этиладиган фикрларни ана ўша масъулиятни чуқур англаб етган одамнинг ўз жавобгарлигини адо этиш учун Аллоҳ таолонинг розилигини истаб қилган иши сифатида қабул қилинишига умид билдирамиз.

Муаллиф


БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
ДИННИ ҚАБУЛ ҚИЛИШДАГИ ИЛОҲИЙ ТАРТИБ

Аллоҳ таолога У зотнинг улуғлигига яраша ҳамду санолар бўлсин!
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом саловоту дурудлар бўлсин!
Аллоҳ таоло борлиқни яратди. У зот борлиқда Унга ўринбосар бўлиши учун одамни тупроқдан лой қилиб яратди. Ундан Ҳаввони яратди. Одам ва Ҳавводан кўплаб эркак ва аёлларни таратди.
Аллоҳ таоло бу борлиқда Ўзи яратган одам қандоқ яшамоғини ўргатиб туриш учун дин деб аталмиш илоҳий таълимотлар тўпламини вақти-вақти билан юбориб туришни ирода қилди.
Мазкур илоҳий динни одам зотига Аллоҳ таолонинг Ўзи бевосита етказмай уни Жаброил деб аталмиш фариштаси орқали бўлишини ирода қилди. Аллоҳ таоло бу ишни Жаброилсиз бевосита Ўзи қилиши жуда ҳам осон эди. Аммо бандаларига раҳм қилиб воситачиликка Жаброил алайҳиссаломни танлади. Чунки ҳар бир таълимотни Аллоҳ таолонинг бевосита Ўзидан қабул қилиб олишга инсон зоти чидай олмас эди.
Аллоҳ таоло Жаброил фариштадан диний таълимотларни бандаларининг ҳар бири шахсан ўзи қабул қилиб олишини таъминлаши жуда ҳам осон эди. Аммо У зот бу ишни қилмади. Диний таълимотларни Жаброилдан бандалар ичидан энг етуги, энг доноси, энг ишончлиси, энг ақллиси, энг омонатлиси ва энг зеҳинлиси қабул қилишини ирода қилди. Мазкур банда пайғамбар деб аталди.
Пайғамбар Аллоҳ таолонинг элчиси бўлиб у ўз қавмига ўзи қабул қилиб олган диний таълимотларни етказиб, уларга амал қилишни ўз шахсида ўрнак учун кўргазиб турар эди. Пайғамбар ўз уммати учун бамисоли устоз бўлар эди. У ҳар бир катта-ю кичик нарсани умматларига ўргатар ва диний таълимотларга қандоқ амал қилишни ўзи намуна бўлиб кўрсатар эди. Уммат эса пайғамбардан ўзи учун керак бўлган ҳар бир нарсани сўраб ўрганар эди.
Шу билан бирга, ҳар бир пайғамбарнинг ёнида яқин кишилари бўлиб, улар ўз пайғамбарларининг фидокор ёрдамчилари эдилар. Мазкур кишилар диний таълимотларни бошқалардан кўра яхши ўрганишар ва пайғамбарга доимий равишда ёрдамчи бўлишар эдилар.

ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИСАЛОМ ДАВРЛАРИДА

Вақти соати етганда Аллоҳ таоло бандаларига Ўзининг охирги ва мукаммал дини Исломни жорий қилишни ирода қилди. Бу динга пайғамбар бўлиш учун Ўз бандаларининг афзали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни танлаб олди. Аллоҳ таоло ваҳийнинг амини бўлган фариштаси Жаброил алайҳиссалом орқали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўзининг қиёмат қоим бўлгунча мўъжизакор сифатида қолувчи китоби Қуръони Каримни нозил қила бошлади.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Карим оятларини қабул қилиб олиб омонат билан ўз умматларига етказиб турдилар. Мусулмонларнинг дастлабки авлоди бўлмиш саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан чиқадиган ҳар бир сўзни катта эҳтимом билан қабул қилиб олар эдилар. Улар ўз пайғамбарларидан ўрганган ҳар бир оятга яхшилаб амал қилмай туриб бошқасини олмас эдилар.
Дастлаб иймон-эътиқод, тавҳид ва ширкдан йироқ бўлиш ҳақидаги таълимотларни ифода этувчи оятлар нозил бўлди. Кейин мўмин-мусулмоннинг ахлоқ-одоби ҳақидаги оятлар нозил бўлди. Шу билан бирга, куфр ва ширкнинг ёмонлиги ҳамда кофир ва мушрикларнинг кирдикорларини баён қилувчи оятлар ҳам нозил бўлиб турди.
Мусулмон бўлган кишилар қалбидан ширк ва куфрнинг таъсири ювиб ташлангандан ва тавҳид ақийдаси жой олгандан кейингина намознинг фарзлиги ҳақидаги оятлар нозил бўлди. Бу улкан ҳодиса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига қарийб ўн йил тўлгандан сўнг содир бўлди. Оятларнинг мана шундай тартибда нозил бўлишининг ўзи аввало ақийдани тўғрилаб олиш муҳим эканини англатади. Чунки исломда ҳамма нарса соф ва мустаҳкам ақийда асосида бўлади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобалар Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларидан кейингина рўза, закот ва ҳаж каби ибодатлар фарз эканлигини ифода этувчи оятлар нозил бўлди.
Ўша пайтларда исломнинг барча таълимотларини мусулмонлар фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан ўрганар эдилар. Бирор кишида маълум савол пайдо бўлса, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб ўша нарсанинг диний ҳукмини сўрар эдилар.
Бундан мусулмон одам доимий равишда ўз замонининг етук устозидан билмаган нарсасини сўраб ўрганиб бориши зарурлиги келиб чиқади.
Шунинг учун, ҳар ким ўзбошичалик билан ислом ҳукмларини талқин қилишига рухсат берилмас эди. Ким бу борада ўзбошимчалик қилса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари мазкур шахсларни қаттиқ қоралар эдилар.
Имом Абу Довуд Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Бир сафарга чиқдик. Биздан бир кишига тош тегиб, бошини ёриб қўйди. Сўнгра ўша одам эҳтилом бўлиб қолиб, ўз шерикларига «Менга таяммумга рухсат топасизларми?» - деди. Улар «Сен сув ишлатишга қодир бўлиб турганингда, биз сенга рухсат топа олмаймиз», дейишди. Бас, у ғусл қилди ва ўлиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганимизда у зотга бу ҳақда хабар берилди. Бас, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни қатл қилишибди. Аллоҳ уларни қатл қилсин! Агар билмасалар, сўрасалар бўлмасмиди?! Албатта, жоҳилликнинг шифоси саволдир. Унга фақатгина таяммум қилмоғи, жароҳатга латта боғламоғи, сўнгра унинг устидан масҳ тортмоғи ва баданининг қолганини ювмоғи кифоя қилар эди», дедилар».
Бу ҳодисадан кейин барча мусулмонлар билиб-билмай фатво бериш, диний ҳукмларга ўзбошимчалик билан ёндошиш ҳалокатга олиб бориши мумкинлигини яна ҳам яхши тарзда англаб олдилар.
Агар ўзбошимчалик ибодатни шариат кўрсатмасидан кўпроқ қилишга уринишда бўлса ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кечирмас эдилар. Балки бундоқ уринишни қаттиқ қоралар эдилар.
Бир куни саҳобалардан уч киши Оиша онамиз ҳузурларига келиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафл ибодатлари ҳақида сўради. Оиша онамиз учовларига бор нарсани айтдилар. Шунда, уларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафл(қўшимча) амаллари оз кўринди. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдинги ва кейинги гуноҳларини Аллоҳ таоло мағфират қилиб қўйган. У киши қўшимча амал қилмасалар ҳам бўлаверади. Аммо, биз кўпроқ қўшимча амал қилишимиз керак, дедилар.
Улардан бири, мен доимо рўза тутаман, ҳеч оғзим очиқ юрмайман, деди.
Иккинчиси, мен кечаси ухламай намоз ўқийман, деди.
Учинчиси, мен аёлларга уйланмайман, деди.
Уларнинг бу гаплари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қаттиқ аччиқландилар. Сўнгра масжидга чиқиб, намоздан кейин ваъз қилдилар. Одамларга нима бўлди?! Бундоқ-бундоқ, дептилар, дедилар. Охирида эса қуйидаги ҳадисни айтдилар: Имом Бухорий, Муслим ва Насаийлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Огоҳ бўлинг! Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингизман, Унга энг кўп тақво қиладиганингизман. Аммо, ҳам рўза тутаман, ҳам оғзим очиқ бўлади. Ҳам намоз ўқийман, ҳам ухлайман. Аёлларни никоҳимга ҳам оламан. Ким менинг Суннатимга рағбат қилмаса, мендан эмас», дедилар».
Бу ҳодисадан кейин саҳобалар ўзларича рухсатсиз ибодатда ҳам бирор ортиқча нарса қилмайдиган бўлдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари бўлмаган жойларда ислом таълимотини фақат энг ишонган кишиларгагина топширар эдилар. Мазкур кишилар пухта илмли шахслар бўлар эди.
Мадиналик баъзи кишилар ҳажга келиб Ақабада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб байъат қилдилар ва ўзларига бир устоз беришни у зотдан сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Мисъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни қўшиб бердилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганган нарсаларини аҳли Мадинага ўргата бошладилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа юртларга таълим бериш учун юборадиган саҳобалари катта олимлар бўлса ҳам уларни олдин имтиҳон қилиб кўрар ва уларга кўрсатмалар берар эдилар.
Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда айтилишича: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга ўз вакиллари қилиб юбораётиб у кишига: «Агар сенга бир ҳукм чиқариш керак бўлиб қолса, қандоқ қилиб ҳукм чиқарасан?» - дедилар. У киши:
«Аллоҳнинг Китоби ила ҳукм чиқараман», деб жавоб берди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг китобида бўлмасачи?» - дедилар.
«Расулуллоҳнинг суннати ила», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Расулуллоҳнинг суннатида ҳам, Аллоҳнинг китобида ҳам бўлмасачи?» - дедилар.
«Ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан. Бўш келмайман», деди у.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг кўксига уриб:
«Расулуллоҳнинг расулини Расулуллоҳни рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», дедилар».
Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий равишда ўз саҳобаларига одамларни динга чақиришда эҳтиёт бўлишни тайинлар эдилар.
Эндигина иймонга келаётган одамларни қўрқитиб, диндан бездириб қўймаслик учун дин асосларини осон қилиб тушунтириш, ҳар бир одамнинг ёки маълум бир жамоанинг эътиқод даражасини, руҳий-жисмоний имкониятларини эътиборга олиб, уларни тоқатлари етадиган амалларга тарғиб қилиш, зинҳор ҳеч кимни имконидан ташқари амалга буюрмаслик лозимлигини уқтирар эдилар. Бу ҳақда Ул Зот муборакдан қуйидаги ҳадис ҳам ворид бўлган:
Имом Бухорий ва имом Муслимлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар, хушхабарлар беринглар, нафрат қилдирманглар», дедилар».
Шундоқ қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак умрларининг охирига келиб исломни кишиларга тушунтириш ва унга амал қилишнинг йўллари ва услублари тўла-тўкис аниқ ҳолга келган эди.

ИСЛОМДА ИТОАТ

Бу борада мусулмон умматига Қуръони Каримда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида кўплаб тавсиялар келган эди.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагиларни айтади: «Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Расулга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Расулга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир» (59-оят).
Мусулмонлар бир ишга қўл уришдан олдин шу иш ҳақида шариати исломиянинг ҳукми нима эканини билишга киришадилар. Ҳукмни аввало Қуръони Каримдан излайдилар. Агар у ишнинг ҳукми Қуръонда мавжуд бўлса, унга амал қиладилар. Чунки, оятда аввало:
«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг», дейилган. Аллоҳга итоат қилиш Қуръони Каримга амал қилиш билан бўлади.
Мазкур ишнинг ҳукми Қуръони Каримда зикр қилинмаган бўлса, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига мурожат этилади.
Чунки ояти каримада иккинчи манба сифатида Пайғамбарга итоат қилишга амр этилгандир.
«...Расулга...», итоат қилинг.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш у зотнинг ҳаётлик чоғларида шахсларига итоат этиш билан бўлган, кейин эса суннатларига итоат қилиш билан бўлади.
Агар Қуръонда ҳам, суннатда ҳам зикри келмаган масала кўндаланг бўлиб қолса, бу масаланинг ечилиши мусулмонларнинг ишбошиларига ҳавола қилинади. Ижтиҳод мақомига етган ишбошилар мазкур масалани Қуръон ва суннат қоидалари асосида ҳал этадилар.
Мусулмон умматининг эътироф этган мужтаҳидлари бирликда ҳал этган ечим-қарор фиқҳда «ижмоъ» деб номланади. Бунга амал қилиш ҳар бир мусулмон учун вожибдир. Чунки ушбу оятда: «...Расулга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг», деган амр бор. Аллоҳнинг амрига бўйсуниш эса, вожибдир. Аммо ишбошиларга бўйсунишда бир неча шартлар бор. Аввало, оятда «ўзингиздан бўлган» дейиляпти. Кўпчилик «ишбоши» деганда ҳокимнигина тушунади. Бу хато. Аслида, оятда ҳамма ишбоши назарда тутилган. Фиқҳ илми уламоларимиз бу оятдаги «ишбоши»ларни фиқҳда ижтиҳод даражасига етган уламоларнинг жамланиб, бирор масала бўйича иттифоқ бўлиб қарор қилишлари, ишбошиликдир, деб тушунтирганлар.
Ояти каримада: «Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Расулга қайтаринг», деган жумла шариатда ҳукм чиқариш учун Қуръон, суннат ва ижмоъдан кейинги тўртинчи масдар қиёсга асос бўлган.
Демак, мусулмонлар ҳаётида янги бир масала пайдо бўлди. Айнан шу муаммо Қуръонда ҳам, суннатда ҳам зикр қилинмаган, аммо шунга ўхшаш бошқа бир масала бор. Уламолар ана ўша ўхшаш масала билан янги пайдо бўлган масалани таққослаб бир ҳукм чиқарадилар. Бунинг номи «қиёс» бўлади.
«Ана ўшандай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир».
Эътибор билан ўйлаб кўрадиган бўлсак, учинчи ва тўртинчи манбалар – ижмоъ ва қиёсда асосан мусулмонларнинг етук уламолари фаолият кўрсатадилар. Бундан исломда Қуръон ва суннатни яхши билган етук уламоларнинг тутадиган ўрни қанчалар улуғ эканини билиб олинади.
Худди шунга ўхшаш маънони қуйидаги ояти каримадан ҳам билиб оламиз.
«Қачонки уларга эминлик ёки ҳақ тўғрисида бир иш–хабар етса, уни тарқатурлар. Агар уни Пайғамбарга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан иш негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар» (Нисо: 83).
Ушбу ояти каримада васф этилаётган ҳолат ҳам ҳар бир жамиятни ичидан заифлаштирадиган ишдир. Хусусан, мусулмонларнинг ичига ғулғула солиш, уларнинг орасида ихтилоф чиқариш, уларнинг сафини бузиш ва заифлаштириш учун душманлар томонидан қўллаб келинаётган услубдир. Душманларнинг бу услубни қўллашларига бош сабаб ва имконият мусулмонлардаги мавжуд камчиликдир. Чунки улар: «Қачонки уларга эминлик ёки ҳақ тўғрисида бир иш–хабар етса, уни тарқатурлар».
Баъзи кишилар бирор хабарни эшитишлари билан ҳамма ёққа тарқатишга шошиладилар. Бундан мусулмонларга фойда борми, зарар борми - ўйлаб ўтирмайдилар. Мазкур хабарни тарқатиш мусулмонлар учун яхшими ёки тарқатмаслик яхшими - ўйлаб кўрмайдилар. Оқибатда, мусулмонлар ичида ғулғула, келишмовчилик тарқатадилар. Руҳий - маънавий қувватларини синдирадилар.
Агар мусулмонлар ўз динларига амал қилсалар, бундай лақмалик, нодонлик қилмас эдилар. Эшитган гапларини дарҳол ёймас эдилар. Чунки, Ислом ҳукми бўйича, эшитган гапини тарқатавериш мумкин эмас.
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз: «Кишининг ёлғончилигига ҳар эшитган нарсасини гапиравериши кифоя қилади», деганлар.
Мусулмонлар бирор муҳим хабарни эшитсалар, дарҳол атрофга тарқатишга ҳаракат қилмасдан, бошқача иш тутишлари лозим. Яъни,
«Агар уни Пайғамбарга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан иш негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар».
Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тирикликларида, у зот бор жойларида, ҳалигига ўхшаш хабарларни у кишининг ўзларидан сўрашгани маъқул. Шунда у зот нима қилиш кераклигини англатар эдилар.
Бошқа ҳолатларда эса ўзларидан бўлган ишбошиларга, яъни, уламоларига ҳавола қилишлари лозим. Албатта, мазкур ишбошилар бунга нисбатан чора қўллайдилар. Чунки уларнинг ичида турли соҳанинг мутахассислари бўлиб улар ёрдамида ҳар бир ишнинг асл негизига етиб бориш, ҳақиқатни аниқлаш имконлари бор. Ана ўшалар мазкур хабарнинг ҳам негизига етадилар, ҳам тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқадилар. Натижада, беҳуда миш-мишлар тарқаб мусулмонлар ичида турли тушунмовчиликлар пайдо бўлмайди. Уларнинг ичларида ихтилофлар чиқмайди. Сафлари бузилмайди ва жамиятлари заифлашмайди.
Демак, ҳар бир соҳада, жумладан, диний соҳада ҳам қай бир масала пайдо бўлса ўшани биладиган уламолардан сўраб тўғри ёки нотўғрилигини билиб олиш лозим. Кейин эса ўша билим асосида иш юритиш керак.
Чунки диний илми бўлмаган ёки чала мулла бўлган одамларнинг ишга аралашиши катта фалокатларга олиб келади. Шунинг учун ҳам, махсус тайёргарлик кўрган, катта уламоларнинг ижозатини олган етук шахсгина ислом ҳукмлари ва таълимотлари ҳақида кишиларга сўз айтиши мумкин. Бошқалар бу ишга аралашса иш расво бўлиши турган гап.
Бу борада имом Абу Довуд ва имом Аҳмад ривоят қилишган ҳадисни ўрганиб чиқайлик.
Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга фақат амир ёки маъмур ёки риёкор томонидангина гапирилади», дедилар».
Бу ҳадиси шарифда мусулмон жамиятида, мусулмонлар оммасига диний таълим, ваъз-насиҳат, илмий суҳбат қилиш ҳуқуқига эга бўлган ва бўлмаган кишилар ҳақида сўз кетмоқда.
Диний таълимотлар бўйича мусулмонларга ичларида Исломни яхши билган, тақводор, илмли, ақл-фаросатли ва бир қанча етук сифатларга эга бўлган чин киши раҳбар бўлади.
Биринчи навбатда мусулмонларга амри-маъруф, наҳий мункар, ваъзу насиҳат қилиш ҳуқуқига ана ўша раҳбар ҳақлидир.
Иккинчи ўринда эса маъмур-масъул киши тарафидан шу ишга вакил қилинган шахс ҳақлидир. Бундоқ шахслар шаръий илмларни тўлиқ ўрганиб, расмий ижозат-шаҳодатнома ёки маълум ва машҳур уламоларнинг рухсатини олган киши бўлади. Ана ўшандай кишиларгина мусулмонларга ваъз-насиҳат, иршод, амри маъруф ва наҳий мункар қилишлари мумкин.
Мазкур сифатларга эга бўлмаган кишилар бу ишни қилсалар риёкорлик учун қилган бўладилар. Улар ўзларини билимдон қилиб кўрсатиш учун риёкорлик қилаётган бўладилар. Улар риёкорлик йўли билан мусулмонлар ичида обрў қозонмоқчи, уларнинг ишончига, ҳурматига сазовор бўлмоқчи бўладилар. Аслида эса алдамчилик қиладилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир неча ҳадисларида уламоларнинг оз бўлиши ёки қолмаслиги мусулмонлар учун жуда ҳам қимматга тушишини қатъият билан таъкидлаганлар.
Имом Бухорий, Муслим ва Термизийлар Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ илмни одамлардан бир суғуриш ила суғуриб олмайди. Лекин илмни уламоларнинг (жонини) қабз қилиш ила чангаллаб олади. Токи олим қолмаганда, одамлар жоҳил бошлиқларни тутадилар. Бас, ўшалардан сўралади. Улар эса илмсиз равишда фатво берадилар. Шу билан ўзлари ҳам залолатга кетадилар, ўзгаларни ҳам залолатга кетказадилар», дедилар».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида шаръий илмларни пухта билган уламолар ўрнига жоҳил кишилар иш юритадиган бўлишининг оқибатлари ҳақида баён бермоқдалар.
Бу жуда ҳам хатарли ҳолат.
Билмаган нарсасини гапиришнинг ўзи залолат, адашув ва улкан гуноҳ. Шариат ҳукмини билмасдан туриб, бошқа бир кишига нотўғри нарсани «шу шариат ҳукми», деб айтиш эса умуман тенги йўқ залолатдир. Чунки шариатдан бошқа ишларда билмасдан гапириб йўл қўйилган хато туфайли бу дунёнинг баъзи бир ишларига зарар етиши мумкин. Аммо шариат бўйича жоҳиллик билан гапиришда эса ҳам бу дунё, ҳам охират куяди. Чунки шариат масаласи ҳалол-ҳаром, савоб-гуноҳ, жаннат-дўзах орасида айланадиган масаладир. Бу ишда билмасдан фатво бериш фатво берувчининг ўзини залолатга кетказади.
Шу билан бирга, ўша илмсиз равишда фатво берган одам ўзгаларни ҳам залолатга кетказади. Унинг хато фатвоси ҳаммаёқни бузади.
Имом Абу Довуд ва Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимга илмсиз равишда фатво берилса, бунинг гуноҳи унга фатво берган кимсага бўлади. Кимки ўз биродарига тўғрилик бошқа тарафда эканлигини билиб туриб бошқа бир ишни кўрсатса, батаҳқиқ унга хиёнат қилган бўлади», дедилар».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифда ўта муҳим масалани, илмсиз кишининг фатво бериши мумкин эмаслигини баён қилмоқдалар.
Ҳа, махсус илмларни пухта эгалламаган, бу борада ҳамма нарсани чуқур тушунмаган ва махсус рухсатларни олмасдан туриб ислом ҳукмлари ҳақида сўз юритган ёки фатво айтган одам катта гуноҳ қилган бўлишини мусулмонлар ушбу ҳадисдан яхши билиб олганлар.
Билмасдан туриб ислом ҳукмлари ҳақида лоф уриш ва фатво айтишга уриниш ўта хатарли иш эканини қуйидаги ҳадисдан ҳам билиб олинади.
Убайдуллоҳ ибн Абу Жаъфардан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фатвога журъатли бўлганингиз дўзахга журъатли бўлганингиздир», дедилар».
Доримий ривоят қилган.
Ким дўзахга тушишдан қўрқмаса, парво қилмасдан тўғри келган фатвони айтаверади.
Ушбу таълимотлар мусулмонларнинг аввалги авлодлари томонидан яхши ўрганиб чиқилган, уларга амал қилинган ва улар асосида махсус қоидалар ишлаб чиқилган эди.
Абдурроҳман ибн Абу Лайло бир масалани сўраб билиб олиш учун бир юз йигирмата саҳобийга мурожат қилганини, уларнинг ҳаммаси ўзидан бошқадан сўрашни тавсия қилганларини ривоят қилган.
Ўзидан илмлироқ кишининг борлигини билган олим ҳам ўзи фатво бермай мазкур билмилироқ кишидан сўрашни маслаҳат бериши қоидага киритилган.
Мусулмонлар ушбу қоидага қарши чиққанларга нисбатан муросасиз кураш олиб борганлар ва шунинг учун ҳам, турли ихтилофлар ҳамда бало офатлардан сақланганлар.

ҲАЗРАТИ АБУ БАКР ДАВРЛАРИДА

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёни тарк этганларидан кейин ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу бошлиқ бўлдилар. Шу пайт кўпгина араб қабилалари, биз закотни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга берар эдик, энди у кишидан бошқага бермаймиз, дедилар. Бу дин ҳукмларини ўзбошимчалик билан талқин қилиш ва ўта нотўғри тасарруф эди.
Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу мазкур закот беришдан бош тортганлар шаҳодатни айтиб, намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳаж қилиб турсалар ҳам уларни диндан қайтган муртадлар деб эълон қилдилар ва уларга қарши қўшин тортиб бордилар.
Ислом тарихида ридда урушлари номини олган машҳур уруш бошланди. Мазкур закотни ман қилувчилар таг-томирлари билан қўпориб ташландилар. Ислом аҳкомларини ўзича талқин қиладиганларнинг жазоси шу эканини ҳамма билиб олди. Шу сабабдан, ҳеч ким ўзбошимчалик қилишга журъат эта олмай қолди. Жамият Аллоҳнинг динига амал қилиб саодатли ҳаёт кечириш бахтида бардавом бўлди.

УМАРИ ОДИЛ ДАВРЛАРИДА

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу олим зот сифатида ўзлари билмаган нарсани гапиришдан қаттиқ қўрқар эдилар. У киши илмни даъво қилиб одамлар ичида турли масалаларни ўринсиз қўзғайдиганларга қарши эдилар. Уларни доимо таъқиб қилар эдилар.
Имом Доримий ва бошқалар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мавлосидан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Субайғ ал-Ироқий мусулмон жангчилар ичида Қуръондаги турли нарсалардан сўрай бошлади. У Мисрга келганда Амр ибн Осс уни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга юборди.
Чопар мактубни олиб кирганда Умар уни ўқиб бўлиб:
«Бу одам қани?» - деди.
«Юклар билан», деди у.
«Тез топ! Агар кетиб қолган бўлса, сенга аламли уқубат етади!» - деди.
Уни олиб келди. Умар унга, нималар ҳақида сўрайсан, деди. У айтиб берди. Умар менга хурмо шохи сўраб одам юборди. Уни ўша билан уриб орқасини яра қилди. Кейин уни шу ҳолда қўйиб, тузалгандан кейин яна урди. Сўнгра уни тек қўйиб, тузалгандан кейин яна урди. Кейин уни яна уриш учун олдириб келди. Шунда у, эй мўминларнинг амири, агар мени ўлдирмоқчи бўлсангиз, чиройли қилиб ўлдиринг. Агар даволамоқчи бўлсангиз, Аллоҳга қасамки, тузалдим, деди. У киши унга ўз юртига кетишга изн берди ва Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга, мусулмонлардан ҳеч ким у билан ўтирмасин, деб мактуб ёзди. Бу иш ҳалиги одамга жуда ҳам оғир бўлди. Абу Мусо Умарга, унинг ҳоли яхши бўлди, деб ёзди. У ҳам ўз навбатида, одамларга у билан ўтиришга изн беравер, деб ёзди».
Бу одам Бани Тамимлик Субайғ ибн Асал бўлиб Қуръондаги баъзи оятлардан ихтилофли масала чиқаришга уринар эди. Ҳазрати Умар кўрган чорадан кейин у юз кишининг олдига келса ҳам ҳаммаси тарқалиб кетар эди. Авваллари у ўз қавмида саййид эди. Бундан кейин ҳақир бўлди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг фитначиларга қарши кўрган бу чоралари ҳозиргача иш беради.
Ибн Жарир Тобарий Ҳасандан ривоят қилади:
«Мисрда бир гуруҳ кишилар Абдуллоҳ ибн Амрга учраб, Аллоҳнинг китобида амал қилишга амр қилинган аммо амал қилинмаётган нарсаларни кўрмоқдамиз, бу ҳақида амирул мўминин билан бир учрашмоқчи эдик, дедилар. У ўзи билан уларни олиб келди. Кейин Умарга учраб, эй мўминларнинг амири, Мисрда менга бир гуруҳ одамлар учраб, Аллоҳнинг китобида амал қилишга амр қилинган аммо амал қилинмаётган нарсаларни кўрмоқдамиз, дедилар ва сиз билан бу ҳақда учрашмоқчи бўлдилар, деди. У киши унга, уларни менга жамла, деди. У жамлади. У уларнинг ўзига энг яқин ўтирганидан:
«Аллоҳ ҳаққи ва Исломнинг сенда бўлган ҳаққи ила сўрайман, Қуръоннинг ҳаммасини ўқидингми?!» - деб сўрадилар.
«Ҳа», деди.
«Уни ўз нафсингга сингдирдингми?!» - дедилар.
«Йўқ», деди.
«Уни ўз кўришингга сингдирдингми?!» - дедилар.
«Йўқ», деди.
«Уни ўз лафзингга сингдирдингми?!» - дедилар.
Сўнгра уларнинг ҳаммасидан шунга ўхшатиб сўраб чиқди ва:
«Умарнинг онаси азасини тутсин! Унга сизлар одамларни Аллоҳнинг китобида қоим қилишни таклиф қиласизлар! Батаҳқиқ, Роббимиз гуноҳларимиз бўлишини билган», деди ва: «Агар қайтарилган нарсаларнинг катталаридан четда бўлсангиз, гуноҳларингизни кечирамиз ва сизни яхши жойга киритамиз»ни тиловат қилди. Сўнгра улардан:
«Аҳли Мадина нимага келганингизни билдими?» - деб сўради.
«Йўқ», дейишди.
«Агар билганларида, сизнинг ҳақингизда ваъз қилар эдим», деди».
Бундан йўқ ердаги нарсаларни титкилаб топиб, одамларни динга амал қилмасликда айблаб юрадиганларга ҳам ҳушёр бўлиш кераклиги ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврида яхшилаб йўлга қўйилганини билиб оламиз.
Кўрилган кескин чоралар туфайли бу даврда кўнгилсиз ҳолатлар пайдо бўлмади. Баъзи бир пайдо бўлганлари эса ўз ватқида муолажа қилиниб, дарҳол зарарсизлантирилди.

ҲАЗРАТИ УСМОН ДАВРЛАРИДА

Учинчи рошид халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўзларидан олдин ўтган раҳбарларнинг ишларини ихлос билан давом эттирдилар. У киши ўз даврларида Қуръони Карим қироатида чиққан ихтилофларга чек қўйиш бўйича кўрган чора асрлар оша мусулмонлар учун катта илмий қоидага айланиб қолди. Турли халқларнинг исломга кириши, саҳобаларнинг турли ўлкаларга тарқаб кетишлари ва бошқа омилларга кўра одамлар Қуръони Карим қироатида ихтилоф қилиш бошлагани хабарини эшитишлари билан ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу маслаҳат қилиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврида жамланган мусҳафдан бир неча нусха кўчиртирдилар ва уларни катта ва марказий шаҳарларга биттадан қори билан юбордилар. Ҳамма ўша мусҳафлардан нусха кўчириши ва мусҳаф билан бирга борган қоридан қироат ўрганиши мажбурий ишга айланди. Қуръондан ёзилган бошқа ҳамма нарсаларни куйдириб юборишга амр бўлди. Ҳозирги соатгача ўша усмоний мусҳафдан нусха кўчирилмоқда ва шаҳодатномаси бор қорилардан қироат ўрганилмоқда. Бошқа илмларда ҳам шу қоида йўлга қўйилган.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврининг охирига келиб мулойим сиёсат туфайли ислом таълимотлари ҳақида ўзича сўз юритадиганлар пайдо бўлди.
Ўша даврда бутун Ислом оламига катта фитна тарқалишига бош сабабчи бўладиган нобакор шахс зоҳир бўлди. Бу ҳақда тарихчиларимиз қуйидагиларни ёзадилар:
«Ибн Омирнинг амирлигига уч йил ўтганда Басрага бир одам келиб Ҳаким ибн Жабала ал-Абдийникига тушди. Унинг номақбул фикрлари бор эди. Ибн Омир уни чақиртириб:
«Сен кимсан», деди.
«Аҳли китобдан бир одамман. Исломда ва сенинг ҳимоянгда яшашга рағбат қилдим», деди у.
«Менга бунинг кераги йўқ. Бу ердан чиқиб кет!» - деди Ибн Омир. У чиқиб Кўфага борди. У ердан ҳам ҳайдалди. Ҳижозга, Шомга борди. У ерлардан ҳам қувилди. Кейин Мисрга борди. У ерда уя қурди, тухум қўйди, жўжа очди.
Бу одамнинг исми Абдуллоҳ ибн Саба эди. Онасининг исми ас-Савдаа эди. У яҳудий эди. У ёмон ният билан ўзини мусулмон қилиб кўрсатган эди. Унинг кўпгина фосид фикрлари бор эди. Жумладан у, «Ийсонинг қайтишини тасдиқлаб, Муҳаммаднинг қайтишини тасдиқламаганлардан ажабланаман», дер эди. Бу қайтиш ҳақидаги гапнинг бошланиши эди.
У яна, Али Муҳаммаднинг васийси, ундан олдин халифа бўлган одам, унинг ҳақини поймол қилди. Ҳақни ўз аҳлига қайтариш учун ҳаракат қилиш мусулмонларга вожибдир», дер эди. Унинг мазҳабига кўпгина фикри бузуқлар эргашдилар. Мана шу Ислом умматининг тафриқага тушишига, тоат ўрнига исён қилишига сабаб бўлган нарсалардан бири эди. Бу умматга бирлик ва жамланишдан бошқа нарса фойда бермайди, ихтилоф ва тафриқадан бошқа нарса зарар бермайди».
Сабачилар тинмай юбориб турган хабарлар ва хатлар Мадинадаги баъзи кишиларга ҳам ўз таъсирини кўрсата бошлади. Чукни бу ерда ҳам ўз мақсадига ета олмаган, ҳиқду ҳасадга тўлган аламзадалар бор эди. Улар кундан кунга кучайиб ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга озор беришга ўтдилар. Аммо у киши буларнинг ҳаммасига сабр қилар эдилар.
Бу фитначи тўпдаги одамлар кимлар эди. Ўзлари даъво қилаётганларидек, дину диёнат равнақи учун курашчиларми ёки бошқами? Уламолар уларнинг кимлигини илмий асосда жуда синчиклаб ўрганиб чиққанлар. Уларнинг бу ҳақдаги хулосаларини яхшилаб ўрганиш бугунги кунимиздаги ҳолат ва шахсларни англаб етишимизда ҳам катта ёрдам беради.
Ана шундоқ уламолардан энг машҳурларидан бири Абу Бакр ибн Арабий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «Ал-Авосим минал-Қавосим» номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар:
«Явмуддор куни (Ҳазрати Усмонни ўз ҳовлисида фитначилар томонидан қамал қилинган куни) Исломга қарши жиноятда иштирок этганлар бир неча даражадаги тоифалардир;
1. Динда ғулувга кетганлар-ҳаддидан ошганлар. Улар арзимаган нарсаларни бировга катта айб қилиб қўйдилар. Ўзлари эса уларни инкор қиламан деб ҳалокатга олиб борувчи гуноҳларни қилдилар.
2. Қурайшлик катта саҳобийларга қарши Яманликларга мутаассибчилик қилганлар. Уларнинг Исломда ўзиб кетган ерлари йўқ эди. Улар қурайшликлар Исломда ўзиб, қилган жиҳодлари ва фатҳлари учун мукофот олганларига ҳасад қилдилар. Ўзларининг ўзишлари ва жиҳодлари бўлмаса ҳам улар олган нарсани олишни хоҳладилар.
3. Ўзларининг баъзи қариндошларига шаръий жазо қўлланганидан аччиғи чиққанлар. Ўшанинг сабабидан уларнинг қалблари ҳиқду ҳасадга тўлган эди.
4. Сабачилар ақлларининг пастлигидан фойдаланиб фисқу фасод, фитна ва бузуқ эътиқодларга бошлаган фитначилар.
5. Усмоннинг яхшилигини, одамгарчилигини кўтара олмай босар-тусарини билмай ҳовлиққанлар. Улар ўзларининг ҳақлари йўқ раҳбарлик лавозмларга тама қилиб Усмоннинг яхшиликларига нонкўрлик қилдилар.
6. Ислом одобларига қарши ишлар содир этганлари учун Усмон томонидан таъзир берилганлар. Усмон жорий этган шаръий таъзир уларнинг ғазабини қўзғатди. Умардан ундан кўра шиддатлироқ таъзир еганларида ҳам жимгина бўйинларини эгиб юрган эдилар.
7. Ўзлари етишмай туриб раҳбарлик лавозимларга эришишга шошилганлар. Ўзларида ҳикмат бўлмаса ҳам зеҳнларининг ўткирлиги ва фасоҳатлари уларни ғурурга кетказган эди.
Явмуддор ҳодисаси ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг фитначилар томонидан қатл қилинишлари билан тугади.

ҲАЗРАТИ АЛИНИНГ ДАВРЛАРИДА

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ўз даврларида ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуниг ўлимига сабаб бўлган мазкур фитнани бостириш билан машғул бўлдилар. Аммо у кишининг даврида яна ҳам хатарли ишлар ва гуруҳлар пайдо бўлди.
Воқеъалар ривожлана бориб Сиффийн деган жойда ҳазрати Али ва Муовия розияллоҳу анҳумоларнинг тарафдорлари иштирокида қуролли тўқнашув бўлди.
Жанг давомида ишлари чатоқлигига кўзи етган Муовия ва Амр ибн Осслар ўзаро маслаҳат қилдилар. Амр ибн Осс, қарши томонни Аллоҳнинг китобини орада ҳакам қилишга чақириш керак, деди. Муовия ўз одамларига найзалар учига мусҳафларни боғлаб кўтаришга амр қилди. Унинг одамлари найзалар учига қуръон саҳифаларини боғлаб кўтардилар.
Икки тараф биттадан ҳакам сайлаб ўшалар орқали иш битиришга келишди. Шомликлар ўзларидан Амр ибн Оссни ҳакам қилдилар. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг одамлари Ашъас ибн Қайснинг таклифи ва қайсарлик ила қаттиқ туриб олиши оқибатида Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуни ҳакам қилдилар. Икки томон шартнома ёзди. Унга биноан ҳакамлар Рамазон ойида Давматул Жандал номли жойда учрашиб масалани узил-кесил ҳал қиладилган бўлдилар.
Ашъас ибн Қайс ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг одамлари орасида айланиб юриб ҳакамлик ҳақидаги васийқани ўқиб эшиттира бошлади. Шунда баъзи гуруҳлар, ҳакамликни қабул қилиб хато қилибмиз! Энди хатони тузатишимиз керак! Аллоҳнинг ҳукмидан бошқа ҳукм йўқ!» - деб бақира бошладилар.
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу буни эшитиб:
«Аҳди паймонни бериб бўлганимиздан кейинми!?» - дедилар.
Ишни ҳакамлар орқали ҳал қилишга келишилганидан кейин ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Сиффийндан Кўфага қайтдилар. Аммо у пайтда у кишининг одамлари орасида катта ва хатарли ёрилиш бўлган эди. Ишни ҳакамларга ошириш нотўғри ва залолат бўлди деган фикрни маҳкам ушлаб олганлар алоҳида хатарли кучга айланган эдилар. Ўша қарши чиққанлар Ҳаруро номли қишлоқда тўпланиб йиғин ўтказдилар. Уларнинг сони ўн икки минг атрофида эди.
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу уларнинг йиғинига Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни гаплашиб кўриш ва насиҳат қилиш учун юбордилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу қайтиб келганларида ҳазрати Али ундан, улар нима дейишмоқда, деб сўрадилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу, «Аллоҳнинг ҳукмидан бошқа ҳукм йўқ», дейишмоқда, дедилар. Шунда Али розияллоҳу анҳу, «Ҳақ сўз билан ботил ирода қилинибди!» - дедилар.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ўзларининг бу гаплари ила иш фақат олиймақом шиорни айтиш билан битмаслиги, балки унинг ортида кўпгина гап ва ишлар бўлишини кўрсатган эдилар.
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу ва бир қисм одамларни ҳакамлик иши бўйича Давматул Жандалга юборганларидан кейин хаворижларнинг қиёмати қоим бўлди.
Аслида хавориж сўзи «хуруж» - қарши чиқишдан олинган бўлиб, улар ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши чиққанлари учун шу ном билан аталган эдилар. Энди эса уларнинг фикрий хуружлари яна ҳам зиёда бўлди. Улар ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳакамлик ишини қабул қилганлари учун кофир бўлди деб фатво чиқаришди. Ҳолбуки, улар у кишининг энг ашаддий тарафдорлари эдилар.
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу улар билан турли йўлларни ишга солиб гаплашиб кўрдилар, насиҳат қилдилар, аммо фойдаси бўлмади. Охири уларни йўлга солишдан умидларини уздилар.
Хавориж аслида «хуруж қилувчи»-мусулмонлар жамоасига қарши чиқувчи деганидир. Уларнинг тарихи яхшилаб ўрганилган. Аслида хаворижлар таълим-тарбия кўрмаган, аммо диндорликнинг чўққисига чиққанлик даъвосини қилувчи шахслар бўлади. Уларнинг илми бўлмагани учун ўзининг камчилигини озгина билган нарсасини маҳкаб тутиб ҳаддан ошиш ва бошқаларни нуқсонда айблаш ила ҳаспўшлашга ўтадилар. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу даврларида бош кўтарган биринчи хаворижлар асосан саҳролик тарбиясиз дайдилар ва қалби қасоватли аъробийлардан иборат эди.
Уларда одоб-ахлоқ, ҳилм ва босиқлик каби нарсалардан асорат ҳам йўқ эди. Илмлари бўлмагани учун кўпроқ ўзларига ёқиб қолган нарсага маҳкам ёпишишга ўтар эдилар. Худди ана ўша омиллар хаворижларни ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу энг ашаддий тарафдорлигидан энг ашаддий душманларига айлантирган эди.
Ислом ақийда бобида ҳам, ибодат бобида ҳам, ўзини тутиш ва бошқа бобларда ҳам мўътадилликка асосланган. Бундоқ мўътадилликнинг чегарасини билиш учун эса асосли илмий мезон керак. Ана ўша асосли мезонга эга бўлиш учун эса исломий илмларнинг барчасини асл масдарлардан, етук ва тақводор уламолардан тўлиқ ўрганиш керак. Бу нарсаларга одоб-ахлоқ, ҳилм ва босиқлик ва ҳамда ҳар бир нарсани ўз ўрнида тўғри баҳолай билиш омиллари қўшилгандагина ўнг ёки сўлга бурилиб ҳалокат жари ёқасига келиб қолиш хавфининг олди олинган бўлади.
Икки ўтнинг орасида қолган ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу хаворижларни тинчитиш учун орқага қайтишга қарор қилдилар. Чунки улар одамларнинг йўқлигини қулай фурсат билиб лашкарга кетганларнинг бола-чақалари ва аҳли аёлларини ҳам нобуд қилишлари ҳеч гап эмас эди.
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ўз одамлари билан хаворижлар томон юрдилар. Мадоинга етиб борганларида Наҳравонга жойлашиб олган хаворижларга одам юбориб, ичингиздаги бизнинг одамларимизни ўлдирганларни беринглар, биз уларга жазосини берайлик, кейин сизларни тарк қиламиз ва Шомга юрамиз, шояд Аллоҳ сизни ҳозирги ҳолингиздан яхшироқ ҳолга қайтарса, дедилар. Улар бўлса, одамларингизни биз ҳаммамиз ўлдирганмиз. Биз уларнинг қонини ҳам, сизларнинг қонингизни ҳам ўзимиз учун ҳалол биламиз, дедилар.
Ана ўшанда ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўзлари бориб уларга ваъз-насиҳат қилдилар ва огоҳлантирдилар. Аммо буларнинг ҳаммаси хаворижларга таъсир қилмади. Улар сулҳни истамай бир-бирларини жангга ҳозирлик кўришга тарғиб қила бошладилар.
Иш бу даражага етгандан кейин ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳуга омонлик байроғи тикиб: «Ким ушбу байроққа келса омондадир, ким Кўфага кетса омондадир. Ким Мадоинга қайтса омондадир!» - деб жар солишга амр қилдилар. Бу иш ўз фойдасини берди. Хаворижларнинг кўплари омонликни танладилар. Абдуллоҳ ибн Ваҳб ар-Росий бошлиқ мингтачагина хавориж урушни ихтиёр қилдилар.
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ўз одамларига зинҳор урушни аввал бошламасликни қаттиқ тайинлаб қўйган эдилар. Хаворижлар биринчи бўлиб уруш бошладилар. Урушда уларнинг деярли барчалари қирилиб битди. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг одамларидан етти киши шаҳид бўлдилар, холос.
Хаворижларнинг чиқишлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиндан ўз ҳадиси шарифларида хабар айтиб қўйган эдилар.
У ҳадиси шарифни имом Муслим ва имом Абу Довудлар ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар.
Унда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар: «Менинг умматимдан Қуръон ўқийдиган бир қавм чиқадир. Сизнинг қироатингиз уларнинг қироати олдида ҳеч нарса эмас. Намозингиз ҳам уларнинг намози олдида ҳеч нарса эмас. Рўзангиз ҳам уларнинг рўзаси олдида ҳеч нарса эмас. Улар Исломдан ўқ камондан тескари чиққандек чиқурлар. Ўзларича буни ўз фойдаларига ҳисоблайдилар. Ҳолбуки, у уларнинг зараригадир. Агар уларга мусийбат етказадиган лашкарлар ўзларига набийлари тили ила ҳукм қилинган нарсани билсалар, амалдан тўхтаб қолурлар. Ўша нарсанинг белгиси, уларнинг ичида бир одам бўлур. Унинг билагида чиғаноғи йўқ бўлур. Унинг билагининг учида сийнанинг тугмачасига ўхшаш тугмача бўлур. Унинг устида оқ туклар бўлур», деган эдилар.
Хаворижлар билан бўлган жанг тамом бўлиши ила ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ўз одамларига мазкур сифатга эга одамни ахтаришни топширдилар. Улар уни топа олмадилар. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг ўзлари унинг топилмаётганидан маҳзун бўлиб турдилар ва ахтара бошладилар. Охири ўликлар уюлиб ётган жойга бориб бирма-бир қаратдилар. Ўша ердан унинг жасади чиқди. Шунда ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу:
«Аллоҳу Акбар! Мен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғончи бўлмадим! Ана у! Қўли қисқа! Унда суяги йўқ! Учида аёл киши сийнаси тугмачасига ўхшаш нарса бор! Унинг устида бешта, еттита туки ҳам бор!» - дедилар.
Юқорида зикр қилинган ҳадисга ўхшаш яна бир неча ривоятлар бор. Ўша ривоятларни уламолар батафсил ўрганиб, асосли хулосалар чиқарганлар. Бу ҳадислар ва уларнинг шарҳларини ўрганиш ислом оламида бўлиб ўтган ва бўлаётган кўпгина кўнгилсизликларнинг сабабини тушуниб олишга ёрдам беради. Уламоларнинг хулосаси шу.
Келинг, биз ўша ривоятларни диққат билан ўрганиб чиқайлик. Шояд ўзимиз учун фойдали хулосалар чиқариб олишимизга ёрдамчи бўлса.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳозир нима бўляпти Бир одам пайдо бўладида, .Фалон оятнинг маъноси ундай эмас, мана бундай,, дейди. .Нима учун бу оятни бундай тушундингиз, биродар, дейсиз. .Фалон давоми...

1341 17:07 / 29 ноябрь
Ушбу боб аввалида бир нарсани эслатиб ўтмоғимиз лозим. Бу меьзон қоидаларининг барчаси ҳам ушбу соҳа уламолари тарафидан бирдек қабул қилинган эмас. Ушбу соҳа давоми...

3204 05:00 / 13.03.2017
...Бугунги кунда ислом олами гувоҳ бўлиб турган нарса ўша янги ислом .элчи,ларининг тинимсиз ҳаракатларидан келиб чиққан нарсалардир. Биз уни аввал билмаган эдик. давоми...

3417 05:00 / 03.03.2017
Уламолар масалаларни диққат билан ўрганиб, таҳқиқ қилишади. Шунинг учун бир масалада турли ўлкаларда авлоддан авлодга маълум бир фатвога кўра амал қилиб давоми...

572 13:52 / 20 ноябрь