1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Илоҳий адолат

05:00 / 04.03.2017 3988 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳга ҳамдлар, Унинг расулига, оли- асҳобларига ҳамда Қиёмат кунига қадар У зотнинг йўлидан юрганларга салоту саломлар бўлсин. Ва баъд:

Баъзан мўмин одам васвасаларга учраб қолади, қандайдир ички овоз унга нималарнидир шивирлаб туради: «Нимага ҳамма бир хил эмас? Нима учун бировлар бадавлату бошқалар камбағал? Аллоҳнинг ҳикмати қаерда қолди? Адолати қани?»...

Аммо, агар у иймон- эътиқодли бўлса, Аллоҳ азза ва жалла тарафидан унга тавфиқ ато этилган бўлса, ана шу васвасалар тезда барҳам топади ва ички овози ўчиб иймонга қайтади, мустаҳкам эътиқод нури ва хотиржамликка қайтади. 

Мўмин одамга ана шундай васвасаларнинг пайдо бўлиши иккита катта хатога асосланган бўлади:

Биринчиси: у моддий бойликни ушбу ҳаётдаги ҳамма нарса ёки энг буюк нарса ана шудир, аслида Аллоҳнинг одиллиги бойлик ва камбағалликда, молу давлатда одамларнинг ўртасини бир хилда қилиши керак эди, деган эътиқоддалиги. Бу унинг биринчи хатосидир. Ана ўша мўмин молу дунёнинг бу ҳаётдаги ҳамма нарса эмас эканлигини билсин. Асло! Зотан қанча- қанча бадавлат инсонларга заковат ёки донишмандлик, саломатлик ёки офият, тинч ва осойишта оила ёхуд фарзанд етишмайди. Фарзанди борлари ҳам солиҳ фарзандга муҳтож, солиҳа хотинга муҳтож. Уларга кўп нарса етишмайди... Миллион- миллион маблағлари бор бўлган қанча- қанча бойлар борки бор йўғи бир неча дирҳами бор бўлган камбағалларга ўхшаб овқатланишни истайдилар. Уларга шифокорлар ёғли овқатларни ёки ширинликларни ёхуд бошқа нарсаларни истеъмол қилишни таъқиқлаб қўйган.  Ваҳоланки унинг тилло ва кумушлар билан тўлиб тошган хазиналари бор. Шунча хазинаси билан нима ҳам қилсин? Келинг у саломат бўлсин, битта қорнидан ортиқчасини ея оладими? Ошқозон нимаю қорин нимаси? Бир қаричгина ёки ундан ҳам майдароқ бир нарсада... Келинг бир одамнинг бир қанча соф олтини бор бўлсин дейлик. У ўша олтинларини ея олармиди? Ўзи билан қабрга олиб кетармиди? Йўқ! Молу давлат унинг кўпини эгаллаб ётган, уни кўпайтиришлик билан янада каттароқ масъулиятни ўз зиммасига юклаб оладиган инсоннинг воситаси холос. Унинг Қиёмат кунидаги ҳисоб – китоби янада каттароқ бўлади. «У кунда на мол манфаат берар ва на болалар. Магар ким Аллоҳ ҳузурига тоза қалб ила келар, (ўша манфаат топар)». (Шуаро: 88-89). «У кунда банданинг икки қадами токи ундан тўрт нарса ҳақида сўралмагунига қадар ўрнидан жилмайди: умрини нимага сарф қилгани, ёшлигини нима билан ўтказгани, молини қаердан топиб қаерга сарфлагани, илми билан нимага амал қилгани». (Тобароний саҳиҳ иснод билан Муоз ибн Жабалдан ривоят қилган). Молу дунё эгаси бўлишлик демак, ҳамма нарса дегани эмас экан. Инсоннинг молу дунёдан бошқа яна ундан кўра бебаҳороқ ва қимматроқ кўпгина нарсалари бўлиши ҳам мумкин. Шошқалоқ, ҳовлиқма, енгил- елпи одам Аллоҳнинг ўзига берган неъматларини эсидан чиқариб қўяди. Агар инсон нималарга эга эканлигини ҳисоблаб кўрадиган бўлса, бундан ожиз қолган, унинг саноғига етиш қўлидан келмаган бўлар эди. Кўзнинг баҳосини қанчага баҳолайсиз? Агар биров сизга: «Фалон минг ёки фалон миллионни ол-да, кўзингни менга бер» деса рози бўлармидингиз?! Заковат, нутқ, сўзлаш, ишлаш ва тасарруф этишга қодирликдан ташқари эшитиш, ҳид билиш, тотиб кўриш, бармоқлар, тишлар, жисмнинг ичидаги қанча- қанча аъзолару бошқалар. Агар инсон фақатгина ўз жисмида олиб юрган, ҳисоблаш ва санаш имкони бор бўлган ана шу нарсалар ва неъматларни ҳисоблайдиган бўлса, юз миллионларга етади. Аслида ўша неъматларнинг баҳоси ва ҳисоби йўқдир: «Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар. Албатта, инсон ўта золим ва ўта ношукрдир.» (Иброҳим: 34). 

Аммо фақатгина моддага қарашлик инсонни катта хатога йўл қўйишига сабаб бўлади. Натижада оғриқли ички овозлар ва васвасалар унинг кўнглини ғаш қилади. Сўнгра, ўша мўмин ҳикмат - бу одамларнинг ҳаммалари бир хил савияда бўлишлиги, одамларнинг барчалари баробар бўлишларидир, дея ишончи комилми?  Аллоҳга қасамки, йўқ!  Бу ҳикмат эмас. Одамларнинг ҳаммалари баробар бўлишларининг ҳикматга умуман алоқаси йўқ. Ҳикмат ана шу тафовутда холос. Чунки бунда имтиҳон бор. Шукр қиладиган одам ношукур одамдан ажралиб қолади. Сабрсиз одам сабрли одамдан фарқланади. Кимнинг яхши амал қилиши ва кимнинг яхши амал қилмаслиги аниқ бўлади. Бу – инсоннинг нафси пишитиладиган бир қозондир. Бу – ҳаёт, кураш ва меҳнат майдони. Агар Аллоҳ хоҳлаганида эди одамларни ҳеч нарса емайдиган, ичмайдиган, молу давлатга эҳтиёжи бўлмаган қилиб яратган бўлар эди. Бироқ Аллоҳ инсоннинг ичида ғаризалар ва омилларни яратиб қўйганки улар кишини таом емакка, ичимлик ичмакка, уйланиб насл қолдирмакка ва бошқаларга муҳтож қилиб қўяди. Инсонни ана шундай кайфиятда яратган Аллоҳ нуқсонлардан покдир. Агар одамларнинг ҳаммалари бир хил ҳолатда бўлганларида эди ҳаётнинг таъми ҳам ҳикмати ҳам бўлмас эди. Сабр нималигини билишлик учун сабр қилинадиган нарса бўлиши керак, ғамхўрлик ва яхшилик билиниши учун ғамхўрлик ва яхшилик қилинадиган зотлар бўлиши керак.

Инсондаги ана шу фазилатлар юзага чиқиши учун ҳаётда ўзаро тафовут ва ўзаро афзаллик бўлмоғи керак. Ҳаётнинг ҳаммаси ёруғ ва кундузи бўладиган бўлса одамлар роҳат топадиган тун бўлмас эди.  Аллоҳ тунни либос қилиб яратган. Нур ҳам зулмат ҳам бўлиши керак. Тун ҳам кун ҳам бўлиши лозим. Ана шуларнинг барчаси бўлиши шарт.

Иккинчи хатосига келадиган бўлсак, у Аллоҳнинг ҳикматини хато деб ўйламоқда. Аллоҳнинг адолатини хато деб тасаввур қилмоқда. У адолат ва ҳикматни ўзининг ақли қосирига мувофиқ тасаввур қилмоқда. Биз башар Аллоҳнинг ҳакимлик тушунчасини тўлиқ англаб ета олармидик? Унинг ҳикматини ўзимизнинг ҳавои нафсимизга юргиза олармидик: «Агар ҳақ уларнинг ҳавойи нафсларига эргашса, албатта, осмонлару ер ва улардаги кимсалар фасодга учрар эди». (Муминун: 71). Ҳар ким ҳикмат ўзининг ҳавои нафсига тўғри келиши керак деб гумон қилади. Агар амалда шундай бўладиган бўлса, ҳаёт асло тўғри давом этмаган бўлар эди. Масалан, никоҳнинг илк оқшомида ўз келинчаги билан бўлган йигит: «Эй Роббим! Бу кечани узоқ қилгин!!» деб турган бир вақтда бемор одам: «Эй Роббим! Қачон тонг отар экан!!» деб оҳу фарёд қилиб турган бўлади. Ана шунда Аллоҳ кимнинг дуосини ижобат этсин? Албатта Аллоҳ на унинг ва на бунинг хоҳиши билан иш қилмайди. Унинг биз билиб – билмайдиган Ўз ҳикмати борлиги шубҳасиздир. Аллоҳнинг оқил ва зийрак одамларнинг онги етмай турган қанча – қанча яширин сирлари бордир!



Бир мисол келтирсам: ҳикоя қилишларича бир одам ўз ўғли билан боғдаги хурмо дарахтининг соясида ўтирган экан. Шунда боласи ўз отаси билан тортишмоқчи бўлиб: «Эй отажон, биз кўриб турган мана бу тафовутга бир қаранг-а. Сиз менга айтаётган Аллоҳнинг ҳикмати қаёқда қолди? Аллоҳни ўта ҳикматли ва ўта илмли демаган эдингизми? Мана бу кичкина ўсимлик- қовунга бир қаранг. Катта – катта ҳосил беради. Мана бу хурмо дарахти эса узун ва катта бўлишига қарамасдан кичкина- кичкина мева беради. У билан қовуннинг ўртасида мутаносиблик йўқ. Хурмо қовуннинг катталигида бўлиши ақлга ҳам фаразга ҳам тўғри келар эди. Ана шунда дарахтнинг ҳажмига муносиб бўлар эди. Қовуннинг меваси эса хурмонинг ҳажмида бўлар эди » дебди. Шунда отаси унга қараб: «Эй ўғилчам, бу ишда Аллоҳнинг бизга номаълум бўлган ҳикмати бўлса ажаб эмас» дебди. Сўнг йигитча дам олиш учун осмонга қараб узала тушиб ётиб олибди. Отаси эса унинг яқинига чўзилибди. Йигитчанинг кўзи илинар илинмас хурмонинг тепасидан бир мева унинг пешонасига узилиб тушибди ва оғритибди. Бундан у бақириб юборибди. Шунда отаси унга: «Нима бўлди сенга?» дебди. Бола: «Хурмо дарахтининг тепасидан бир мева юзимга келиб урилди» дебди. Отаси: «Эй ўғлим, шукр қилгинки у қовуннинг катталигида эмас эди» дебди.

Бу Аллоҳ азза ва жалланинг ҳикмати учун бир тушунтириш эди. Инсон ана шу ҳикматни идрок этиш ва ундан батамом бохабар бўлишга ожизлик қилади. Унинг бирдан- бир иши малоикаларга ўхшаб: «Эй пок Парвардигор! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сенинг Ўзинг билувчисан ва ҳикматли зотсан» ёки Аллоҳни ҳамма вақт – тик турган ва ўтирган ҳолда, ёнбошлаб олганларича зикр қиладиган, Ер ва осмонларнинг яратилишида тафаккур юритадиган ақл эгалари сингари: «Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни ўт азобидан сақлагин», дейишдан бошқа нарса эмасдир.

Ана шундай васвасаларга дучор бўлиб қолган мўмин Аллоҳга истиғфор айтиши, Унга тавбалар қилиши, Аллоҳга бўлган иймон ва ишончини янгилаб олиши, намозга қайтиши, илм ва дин аҳли билан алоқада бўлишга уриниши керак. Ажаб эмас Аллоҳ уни қабул этса ва солиҳ бандалар қаторига қўшиб қўйса. Аллоҳ тавфиқ эгасидир!



Шайх Юсуф Қаразовий
Алоуддин Хофий таржимаси



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу воқеадан бери қанча вақт ўтганини аниқ эслолмайман. Ўшанда навбатдаги ўтиришимизда бир дўстимиз битта шеърни қўйиб эшиттирди. Шеър ҳақиқат жуда таъсирли эди. давоми...

4397 20:00 / 01.03.2022
Инсон мураккаб ndash руҳ ва жисмдан таркиб топган улуғ мавжудотдир. Шундай экан, у баркамол бўлиши учун ҳам руҳан, ҳам жисман етук бўлиши лозим. Агарчи инсоннинг давоми...

4347 05:00 / 02.03.2017
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон янги кийим киядиган бўлсалар, кўйлак ёки салла, деб унинг номини айтиб туриб, давоми...

2697 05:00 / 03.03.2017
Аллоҳ ароқ ва қиморнинг ҳаромлигини баён қилиб, шундай дейди .Эй иймон келтирганлар Албатта, хамр, қимор, бутлар ва фол очадиган чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. давоми...

3496 05:00 / 02.03.2017