1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Жаҳолатга қарши маърифат – динимиз шиори

11:30 / 21.06.2019 4039 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жаҳолат ва жоҳилликнинг давоси – бир қанча бўлиб, улардан энг асосийси  китоб ўқишдир. Дарҳақиқат, китоб ўқиш қалб чигалликларини ёзади, кўнгилга ҳузур бағишлайди, жаҳолатга барҳам беради, турли-туман васвасаларни киши онгидан қувиб чиқаради. Китоб  ҳаётнинг қоронғу йўлларини ёритиб борувчи чироқдир! Кўп китоб ўқийдиган инсон ҳаётда улкан муваффақиятларга эришади. Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ! Шунингдек, жаҳолатдан кўра зарарлироқ нарса ҳам йўқ!

Машҳур саҳоба ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу шундай деганлар:

яъни: “Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир”.

Илмсизлик, жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсонлар илм орқали Парвардигорларини танийдилар. Дунё ва охиратларини илм билан обод қиладилар.

Шафиқ ибн Иброҳим Ал-Балхий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:

«Биз Абдуллоҳ Ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳдан: «Нима учун намоз ўқиб бўлганимиздан сўнг биз билан бирга ўтирмайсиз?», – деб сўрадик. У киши: «Саҳобалар ва тобеинлар билан бирга ўтиришга кетаман», – дедилар. Биз: «Саҳобалар ва тобеинлар қаерда экан?», – деб, ҳайрон бўлиб яна сўрадик. Шунда у зот: «Китоб ўқийман, шунда улар ҳақида, қилган ишлари ҳақида билиб оламан. Сизлар билан ўтириб нима қиламан? Сизлар бекорчиликдан одамларни ғийбатини қилиб ўтирасизлар», – деб жавоб бердилар».

Буюк аждодимиз Амир Темур «Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл идрокнинг, илму-донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир»,  деганлар.

Ўтган машҳур уламолардан Абул Фараж Ибн Жавзий китоб мутолаасига бўлган муҳаббати ҳақида шундай дейди: «Мен ўз ҳолим ҳақида айтадиган бўлсам, китоб мутолаасидан ҳеч тўймаганман. Агар ўзим ўқиб кўрмаган бирор китобни кўриб қолсам, гўё хазинанинг ичига тушгандек бўлиб қолардим. Агар мен: «йигирма минг мужаллад китоб ўқиб чиққанман» десам ҳам, муболаға қилган бўлмайман, лекин китоб ўқишда давом этяпман».

Маълумки, динимиз  илм ва маърифат дини. Илм талаб қилишни фазилати ҳақида кўплаб оят ва ҳадислар мавжуд.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

«Илм излаш  ҳар бир мусулмонга фарздир» (Имом Ибн Можа ривояти).

Бу ҳадиси шарифни пухта ўрганган уламоларимиз ундан қуйидагиларни чиқарганлар:

Илм икки қисмга бўлинади: Фарзи аъйн ва фарзи кифоя.

Фарзи айн. Ҳар бир балоғат ёшига етиб, ақли расо бўлган инсон қайси соҳа ёки касб соҳиби бўлса ҳам, ўз соҳасининг илмини пухта ўрганиши фарзи айндир. Шунингдек, ҳар бир мусулмон киши зиммасига фарз бўлган ибодатларни шариатга мувофиқ даражада бажариши учун зарур бўладиган илмларни ўрганиши ҳам фарзи айн бўлади. Масалан, намоз ибодати ичида фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, ҳаром ва макруҳ амаллари бор. Мана шу амалларни бир-биридан ажрата оладиган киши намозни тўғри адо қилади. Акс ҳолда намоз ўқиш асносида камчиликка йўл қўйиши мумкин.

Шунингдек, масалан, киши савдогар бўлса, унга қачон олди-соттиси шариатга мувофиқ бўлади ва қачон мувофиқ бўлмайди каби савдо-сотиққа тегишли илмларни билиши фарз бўлади. Агар киши зиммасидаги фарзи айн бўлган илмларни ўрганмаса бажараётган иши ёки адо этаётган ибодати тўғри бўлмай, хатога йўл қўяди. Натижада гуноҳкор бўлади.

Фарзи кифоя. Мусулмонлар жамиятининг эҳтиёжи учун зарур бўлган илм – фарзи кифоядир. Мусулмонларнинг бир қисми уни ўрганиши билан бошқаларнинг зиммасидан соқит бўлади. Агар ҳеч ким ўрганмаса, ҳамма бирдек гуноҳкор бўлади.

Уламоларнинг фикрларича, жамиятда қайси соҳага эҳтиёж сезилса, ўша соҳага бўлган эҳтиёжни қондирадиган даражада илмларни ўрганиш фарзи кифоя ҳисобланади. Агар жамиятда бир соҳада ёки бирор фан бўйича мутахассис олим етишмаса ва бунга ҳаракат қилинмаса, шу жамият одамларининг барчаси гуноҳкор бўладилар. Сабаби  ҳар бир соҳада мутахассислар бўлиши шарт.

Киши жаҳолатдан қутилиш мақсадида илм талаб қилиши учун албатта ёш бўлиши шарт эмас, балки қайси ёшда бўлишидан қатъий назар, илмли бўлишга ҳаракат қилиш керак.

Илмсизлик ва жаҳолат – жамиятимизнинг энг катта душмани, айни пайтда жамият учун – катта офатдир. Ислом дини илм-марифатга тарғиб этиб, оламни нурга тўлдиришидан олдинги даврни бежизга жоҳилият даври деб аталмаган. Йиллаб давом этадиган урушлар, қон тўкишлар, бой-бадавлат кишилар томонидан фақиру муҳтожларнинг мудом эзилиши, судхўрлик, зинокорлик, ҳаромхўрликнинг авжига чиқиши, будпарастлик, оташпарастликнинг муқаддаслаштирилиши айни жоҳилият даврининг энг кўзга кўринган жиҳатлари эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай ҳаёт кечираётган кишиларни илму маърифат билан бир ота-онадан туғилган биродарлардек аҳил ва иноқ кишиларга айланишларига сабаб бўлдилар. Натижада, илм-фан ва маданиятда бутун дунёга ўрнак ва устоз бўладиган авлодлар етишиб чиқди. Хусусан, Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан илм-фаннинг барча соҳасида пешқадам бўлган улуғ алломалар ҳозирги замон авлодлари бўлмиш – бизларнинг фахру ифтихоримиз саналадилар.

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунимизда ҳам илм-марифатни қўйиб, жаҳолат йўлини тутган кимсалар ҳам йўқ эмас. Маърифат дини бўлмиш Ислом динидан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланаётган кучлар илмсиз ёшларни йўлдан уриб, жаҳолат гирдобига тортаётгани сир эмас. Минглаб ёшлар турли оқимларнинг таъсирига тушиб, ана шундай жаҳолат қурбонига айлангани ҳам барчага маълум. Шунинг учун ёшларни илм олишга ундаш, китоб ўқишга тарғиб этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бўлиб қолмоқда.

ИЛОВА: Гиёҳвандликдан сақланайлик

Бугунги кунда дунёда бир қанча глобал муаммолар юзага чиқди. Шулардан бири гиёҳвандликдир. Ҳозирда бутун дунё ҳамжамияти томонидан 26 июнь  «Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни» деб белгилангани ҳам бежиз эмас. Зеро, гиёҳвандлик  инсоният умри заволидир. Уни истеъмол қилиш инсоннинг динига, ақлига, хулқига, табиатига зарар бўлади. Тананинг фаолияти сусайиб, қарамлик ҳолати юзага келади. Гиёҳвандлик инсон фикрини ўтмаслаштиради, хотирани сусайтиради, ибодатдан тўсади, шарму-ҳаёни кеткизади, меҳр-муҳаббатни йўқотади. Гиёҳвандликка ружу қўйган одам бора-бора оиласидан ҳам ажралади. Чунки уни кўзига на оиласи, на ота-онаси, на фарзандлари кўринади. Молини ҳам, уйини ҳам ва охирида ғурурини ҳам сотади. Гиёҳванд кишилар ўзини оридан, шаън-ҳурматидан, касб-ҳунаридан айрилади. Оиласи бузилади, фарзандлари тирик етимдек бўлиб қолади.

Тўрт мазҳаб уламолари ўзларининг фатволарида гиёҳвандликнинг ҳаром экани, уни ҳалол санайдиган киши кофир бўлиб қолишини қайта-қайта таъкидлайдилар. Шунингдек, гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишнинг барча турлари – ичиш, ҳидлаш, суртиш ва игна орқали қабул қилиш кабилар мутлақо ҳаромдир. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, ишлаб чикариш, уларнинг тижорати билан шуғулланиш ва у орқали қилинган касб ҳам ҳаромдир.

Шунинг учун инсон соғлиғини кетишига ёки унинг ҳалокатига сабаб бўлувчи воситалардан сақланиши лозимдир. Ҳадиси шарифда шундай дейилади:

«Ҳар бир маст қилувчи нарса – хамрдир ва ҳар қандай хамр – ҳаромдир» (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривояти).

Гиёҳвандлик кишини секин-секин, гоҳида эса тезда ўлимга олиб боради. Бу нарсаларни истеъмол қилиш билан ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади. Бу эса  гуноҳи кабирадир!

Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари беш нарсани муҳофазасини мақсад қилган бўлиб, улар дин, нафс (жон), мол, ақл ва наслдир. Шариат олимлари уни «Беш зарурат» деб номлаганлар. Гиёҳванд моддалари шариат кўзда тутган беш заруратга бир вақтни ўзида бирдек зарар келтиради. У одамни диндан чиқаради, нафсига (жонига) завол бўлади, молини беҳудага совуради, ақлини заифлаштиради ва наслини йўқ қилади.

Islom.uz портали таҳририяти

Манба
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Рамазон рўзасини иймон ила савоб умидида тутса, унинг аввалги гуноҳлари давоми...

2339 19:00 / 01.05.2020
Ҳорис Ғанавийдан ривоят қилинади .Рубаий ибн Ҳаррош охиратда борар жойини билмагунча кулмасликка қасам ичди. Вафот этганидан кейин уни ювган ғассол шундай деди давоми...

1555 08:00 / 11.04.2020
I боб Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтадилар .Билгилки, ҳар бир муслим ва муслимага дин ишларида муҳтож бўладиган таҳорат, намоз ва шариатнинг бошқа давоми...

7082 17:35 / 06.03.2019
Суҳайл ибн Абу Осим айтади Салам алХаввосдан Сизга Али ибн Фузайлнинг қандай вафот этгани ҳақидаги хабар келганмиrdquo деб сўрасам, у киши Ҳа, келган. Бир куни Али давоми...

2775 12:58 / 16.12.2018