1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Атмосфера ерга қулаб тушмайдими?

17:00 / 24.11.2020 2484 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сайёрамизни ўраб турган ҳаво қобиғи атмосфера дейилади. Мазкур ҳаво қобиғининг вазни қанчалигини биласизми? У ерга қулаб тушадими? Атмосфера сайёрамиз узра муаллақ туришининг сабабини биласизми?

Ушбу мақолада шу каби саволларга жавоб берилади. Қуръони Каримда «Само» сўзи кўп ўринларда келган. Бу сўзнинг маъносини тушуниб олайлик. Сайёрамизни ўраб турган ҳаво қобиғи ҳам биз учун само, осмон ҳисобланади. Маълумки, ушбу ҳаво қобиғида булутлар шаклланиб, ёмғир ёғади. Луғатшунослар «само» сўзини «сендан юқорида бўлган барча нарса сен учун самодир» деб таърифлашган. Яъни сизнинг устингиздаги барча нарса самодир. Шу боис ҳам атмосфера бизга нисбатан осмон саналади. Унда ёмғирли булутлар шаклланади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَأَنزَلْنَا مِنَ السَّمَاء مَاء بِقَدَرٍ فَأَسْكَنَّاهُ فِي الْأَرْضِ وَإِنَّا عَلَى ذَهَابٍ بِهِ لَقَادِرُونَ۝

«Осмондан ўлчов ила сув тушириб, уни ерга жойлаштирдик. Албатта, Биз уни кетказишга ҳам қодирдирмиз». (Муъминун сураси, 18-оят).

Миллиардлаб ёруғлик йили масофаларга чўзилиб кетган осмоннинг аниқ чегараси, ўлчовини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Биз кўрадиган галактикалар, юлдузлар дунё осмонида жойлашган бўлиб, Аллоҳ таоло бизга яқин осмонни улар билан зийнатлаб қўйган.

Қуръони Карим мантиқий ва илмий масалалардан бирини ўртага ташлаганки, Қуръони Карим нозил бўлган пайтда ҳеч ким бу масалани тасаввур ҳам қилмаган. Бу осмоннинг ерга қулаб тушиши масаласи. Ушбу масала юзасидан ёзилган мақолалар талайгина. Уларда бизга нисбатан осмон ҳисобланган атмосферанинг ерга қулаб тушиш имкониятлари борасида сўз юритилган.

Қуръони Карим нозил бўлган пайтда бирор киши атмосферанинг вазни оғирлиги, унинг йўқ бўлиши ёки қулаб тушишининг хатарлари ҳақида оз бўлса ҳам тасаввурга эга бўлмаган. Лекин Қуръони Каримда ушбу масала ҳақида улуғ оятлар келган. Ўша оятларда Аллоҳ таолонинг Ўзи осмонни ерга қулаб тушишидан сақлаб туриши ҳақида айтилган.

Ҳисоб-китоблардан сўнг маълум бўлдики, атмосферанинг вазни 5 квинтиллион (беш рақамидан кейин ўн саккизта нол) килограм экан. Демак, бизга нисбатан осмон ҳисобланган атмосфера жуда оғир экан. Тасаввур қилинг, оғирлиги 5 квинтиллион килограм бўлган тош ерга қулаб тушса нима бўлади? Албатта, ушбу атмосферани қулаб тушишдан сақловчи Аллоҳ таолонинг Ўзидир! Аллоҳ таоло ҳаво қобиғини муаллақ ҳолда, қулаб тушишидан сақлашда тортишиш ва зичлик қонуниятларини бу ишга хизматкор қилиб қўйган. Мисол учун агар атмосферанинг зичлиги ҳозиргидан камроқ бўлганида, буғланиб, ташқи фазога учиб кетган бўларди. Агар ернинг тортишиш кучи ҳозиргидан заифроқ бўлганида, атмосферани тортиб туролмаган бўларди. Аллоҳ таоло сайёрамизга муносиб ҳажм ва муносиб вазнни бериб қўйган, бунинг натижасида Ер ҳаво қобиғини ўз устида ушлаб туришга эришади.

Атмосферадаги ҳаво ва сув зарралари оғирликка эга ва улар Ернинг тортишиш кучи таъсирида ерга тортилиши керак. Аммо Ердаги ҳарорат бу заррачаларни ҳаракатда ва заррачалар бир-бирини итарган ҳолда ушлаб туради. Шунинг учун улар зичлик қонуни бўйича пастки қисмида энг оғир ва тепада энг енгил моддалар кўринишида жойлаштирилади.

Магнит майдон ер учун муҳимдир. Расмда ўнг томонда кичик кўк рангдаги Ерни кўриб турибсиз. У улкан магнит майдон билан ўралган ва ушбу майдон ўн минглаб километрларга чўзилган. Бу майдоннинг вазифаси Қуёшдан келадиган зарарли нурларни атмосферага киритмасликдир. Бунинг натижасида атмосфера зарарли нурлардан ҳимояланган бўлади ва Ер устида қолиши таъминланади. Аллоҳ таоло осмонни, яъни ҳаво қобиғимизни Ўз қудрати билан ҳалокатли нурлардан сақланган том қилиб қўйган.

Ҳаво босими, ҳарорати, зичлиги ва Ернинг тортишиш кучи – буларнинг барчаси атмосферанинг Ер устида қолиши учун мутаносиб ўлчамдадир. Аллоҳ таолонинг фазли билан атмосфера устимизга қулаб тушмайди ҳам, устимиздан узоққа кетиб қолмайди ҳам. Сайёрамизни ўраб турган магнит майдон ҳам Қуёшнинг ҳалокатли шамолидан Еримиз омонда қолишига, атмосферамиз сақланиб қолишига сабаб бўлади.

Олимлар айтадики, ҳавонинг босими, ҳарорат даражаси, атмосферадаги кислород миқдори шу даражада аниқ ўлчовда бўлиб, ҳаво қобиғининг барқарорлиги таъминланишига хизмат қилади. Агар бундай ўлчовда бўлмаганда, биз ушбу сайёрада яшай олмаган бўлардик. Бу Аллоҳ таолонинг бизга раҳматидир.

Аллоҳ таолонинг мана бу оятига эътибор берайлик:

أَلَمْ تَرَ أَنَّ اللَّهَ سَخَّرَ لَكُم مَّا فِي الْأَرْضِ وَالْفُلْكَ تَجْرِي فِي الْبَحْرِ بِأَمْرِهِ وَيُمْسِكُ السَّمَاء أَن تَقَعَ عَلَى الْأَرْضِ إِلَّا بِإِذْنِهِ إِنَّ اللَّهَ بِالنَّاسِ لَرَؤُوفٌ رَّحِيمٌ۝

«Аллоҳ ердаги нарсаларни, денгизда Ўз изни ила юрадиган кемани сизларга беминнат хизматкор қилиб қўйганини ҳамда осмонни изнисиз ерга тушишдан тутиб туришини кўрмадингизми?! Албатта, Аллоҳ одамларга ўта шафқатлидир, ўта раҳмлидир». (Ҳаж сураси, 65-оят).

Ушбу оятни икки йўл билан тушунишимиз мумкин. Буни қарангки, икки ҳолат орқали тушунганимизда ҳам Қуръони Карим билан илм ўртасида номутаносиблик кўрмаймиз.

1. Агар «само» сўзини ҳаво қобиғи деб тушунсак, бу ҳам тўғри. Атмосферанинг ўз ўрнида турмай, ерга қулаб тушиши ер юзида фалокатларга сабаб бўлади, бу фалокатлар эса ҳаётнинг тугашига сабаб бўлади. Аллоҳ таолонинг бизга улкан раҳмати сабабли ҳаво қобиғи ўз ўрнида вазифасини бажармоқда. Уни Роббимиз қулаб тушишдан тутиб туради.

2. Агар «само» сўзини Ердан ташқаридаги фазо деб тушунсак, бу ҳам тўғри. Ернинг ташқи фазодаги ҳар қандай жисм билан, масалан, комета, астероид, улкан метеорит билан тўқнашиши Ерда фалокат юз беришига сабаб бўлади ва бу фалокат сайёрамизда ҳаёт тугашига сабаб бўлади. Оятга эътибор берсак, Роббимиз бизга улкан неъматларидан бири ҳақида баён қиляпти. Бу неъмат ҳаво қобиғининг устимизга қулаб тушишидан сақлаши ва ташқи фазодаги жисмларнинг Еримизга урилиб кетишидан муҳофаза қилишидир. Роббимиз биз яшаётган Ерни ҳамма томондан сақлаб қўйган. Ичидан ҳам, ташқарисидан ҳам. Роббимиз бизга ўта меҳрибондир. Оятнинг сўнггида «Албатта, Аллоҳ одамларга ўта шафқатлидир, ўта раҳмлидир» деб марҳамат қилган.

Бизларга сон-саноқсиз неъматлар ато этган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин!

Абдуддоим Каҳел мақоласи асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Азҳар шайхи Али Жодулҳақ раҳимаҳуллоҳдан .Нега шайх Шаъровий докторлик даражасини олмаганлар, деб сўрашганда, Азҳар шайхи .Ким у кишининг илмига эга бўлдики, давоми...

1984 10:00 / 01.05.2021
Ҳалол луқма ортиданХалаф ибн Тамим айтади .Иброҳим ибн Адҳамдан .Эй Иброҳим, қанча вақтдан буён Шомдасиз, деб сўрадим. У .Йигирма тўрт йилдан бери. Лекин бу ерга давоми...

1420 08:18 / 27.04.2020
Ҳусайн муаллим раҳимаҳуллоҳ деди .Муҳаммад ибн Сийрин гаплашиб, куларди. Агар ҳадис келиб қолса айтиб қолинса, қўрқиб, хушуъ билан турарди,.Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳ давоми...

1089 15:30 / 03.11.2020
Бир куни фақирона кийинган, маъюс бир аёл сабзавот дўконига кирди. Дўкон соҳибига тортинибгина яқин борди ва эрининг оғир хасталиги туфайли бирор ишга ярамай, давоми...

3998 11:05 / 20.10.2019