1447 йил 22 шаъбон | 2026 йил 10 февраль, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

47-боб. Фарзанд – кўзнинг қорачиғи

20:06 / 22.06.2019 2550 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

87. Абдурраҳмон ибн Жубайр ибн Нуфайр отасидан ривоят қилади:

«Бир куни Миқдод ибн Асваднинг олдида ўтирган эдик, бир киши ўтиб қолди ва:

«Бу кўзлар қандай яхши кўзлар-а! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган кўзлар бу!… Аллоҳга қасамки, сен кўрган нарсани биз ҳам кўрган бўлсайдик. Сен ҳозир бўлган нарсаларга биз ҳам ҳозир бўлган бўлсайдик», деди.

Бу гапдан у (Миқдод ибн Асвад) ғазабланди.

Мен ҳайрон бўлдим, чунки яхши гаплар айтилаётган эди. У ҳалиги одамга қараб шундай деди:

«Киши ўзини Аллоҳ таоло унда ҳозир қилмаган ишни орзулаб нима қилади? Агар у ерда ҳозир бўлса, киши ўзининг қай ҳолатда бўлишини билмайди-ку!

Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайтларида у зотнинг даъватига ижобат қилмай, тасдиқламай, Аллоҳ таоло тумшуғидан тортиб, жаҳаннамга улоқтирган одамлар ҳам бўлган.

Ундан кўра Ўзини танитгани учун, Набийингиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсани тасдиқлайдиган қилиб қўйгани учун Аллоҳ азза ва жаллага ҳамд айтмайсизларми?! Бошқалар туфайли балодан қутулиб қолдингиз-ку.

Аллоҳга қасамки, ҳеч бир пайғамбар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар қилиб юборилган вақтларидагидек оғир пайтда келмаган. Пайғамбарлик узилган, жоҳилият даври эди. Одамлар «бутларга чўқинишдан афзал ибодат йўқ», деган тасаввурда эди. Ана шу вақтда у зот фурқон билан келиб, у билан ҳақ ва ботилнинг орасини ажратдилар. У ила ота билан бола орасини (иймон туфайли) ажратдилар. Ҳатто Аллоҳ таоло қалб қулфини иймон билан очиб қўйган киши отаси, боласи, ака-укасини кофир ҳолда кўрарди, агар улар ҳалок бўлса, дўзахга тушишини билар, шунинг учун кўзи қувонмас эди. Чунки у ўзи яхши кўрганларнинг дўзахдалигини биларди. У: «Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўз қувончи ҳадя эт», дегани шу эканини ҳам биларди».

Шарҳ: Демак, жуфти ҳалоли ўзига мос бўлса, иймон-Исломда бўлса, тоат-ибодатли бўлса, бундай жуфти ҳалол мусулмон одамнинг кўз қувончи бўлади.

Зурриётлар ҳам иймонли, ибодатли бўлса, тақволи бўлса, уларни кўриб, мусулмон ота-онанинг кўзи қувнайди. Акс ҳолда бу аҳволида дўзахга тушади, деб қайғураётган ота-она ҳеч қачон қувонмайди. Демак, бола кўзнинг қувончи бўлиши учун иймонда, Исломда бўлиши, шариатда бўлиши керак экан.

Мазкур ривоятдаги ушбу бобга боғлиқ жойи – боланинг кўз қорачиғи экани ҳақидаги ояти каримадан келтирилган иқтибосдир.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Ўзи яшаб турган вақтдан олдинги даврда бўлишни орзу қилиш яхши эмаслиги. Чунки унда ҳоли нима бўлиши номаълум.

2. Аллоҳ таоло бандани Ўзини танийдиган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсаларни тасдиқлайдиганлардан қилиб қўйгани учун Унга ҳамд айтиб туриш лозимлиги.

3. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам энг қийин ва мураккаб даврда Набий этиб юборилганлари.

4. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақни ботилдан ажратадиган фурқон – «фарқловчи» билан келганлари.

5. Исломдан олдин мушриклар «бутларга ибодат қилишдан афзал ибодат йўқ», деб юрганлари.

6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янги Набий бўлганларида бир оилада биров мўмин бўлса, унинг отаси, боласи, ака-укаси кофир бўлгани.

7. Аллоҳ таоло қалбининг қулфини иймонга очган кишилар ўз яқинининг дўзахга тушишини билгани учун ташвишда бўлганлари.

8. Жуфти ҳалоллар кўз қорачиғи – қувончи бўлиши.

9. Зурриётлар кўз қорачиғи – қувончи бўлиши.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саудиялик бир йигит кекса отаси билан кичик бир уйда яшар эди. Йигит корхонада оддий ходим бўлиб ишлар, уйланиш учун маошидан йиғиб борар, ота ва ўғилнинг ҳаёти давоми...

2232 17:00 / 07.07.2022
Аёл зоти турмуш қургунича отаси, акаукаси ёки бошқа бирор эркак қариндошининг нафақасида бўлиши маълум. У оила қуриши билан эрнинг нафақасига ўтади. Энди оиласи давоми...

1389 14:43 / 11.07.2025
Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қул хожасига сидқидилдан хизмат қилса ва Роббига ибодатни гўзал адо этса, унга икки давоми...

2569 17:00 / 15.12.2020
Бадиий китоб мутолааси ўқувчисини ўз оламига олиб кириб кетади. Бир юқори савияли асар, қаҳрамон ёки ҳодиса борасида алоҳида тасаввур ҳосил қилмаган, шу орқали давоми...

2678 18:13 / 22.09.2024
Аудиолар

229635 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148239 14:35 / 11.08.2021