1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

94-боб. Қулнинг қасос олиши

18:03 / 20.08.2020 2169 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аммор ибн Ёсирдан ривоят қилинади:

«Ким қулини зулм қилган ҳолда урса, ундан қиёмат куни албатта қасос олинади», деди.

Шарҳ: Албатта, юқоридаги ҳадисларда келганидек, одоб бериш маъносида эмас, балки зулм қилган ҳолда қулини урган кишидан қиёмат куни қасос олинар экан.

Бу ҳадисда ҳам қулларга зулм қилмаслик, уларни урмаслик, балки эҳтиром кўрсатиш тарғиб қилинмоқда. Қулини урган хожа бу дунёда жазодан қутулиб қолса ҳам, у дунёда қутула олмас экан, кўрсатган зулми учун ундан албатта қасос олинар экан.

Абу Лайлодан ривоят қилинади:

«Салмон ташқарига чиқди. Қараса, уловининг еми охурдан сочилиб ётибди. Шунда ходимига: «Қасосдан қўрқмаганимда, боплаб адабингни берардим», деди».

Шарҳ: Машҳур саҳобий Салмон Форсий розияллоҳу анҳу бир куни ҳовлига чиқсалар, ҳайвонларига бериладиган ем ёки ўтлар сочилиб ётган экан. Кўрибдиларки, буни ходими қаровсиз қолдирган, эътиборсизлик қилган.

Шунда ходимларига: «Агар қиёмат куни олинадиган қасосдан қўрқмаганимда, кунингни кўрсатардим», деган эканлар.

Ходим айб иш қилиб қўйган – молни зое қилган, олиб келинган ўт-ўланларни сочилиб ётган жойида ташлаб қўйган, калтакласа арзийдиган иш қилган. Шундай бўлса ҳам, Салмон розияллоҳу анҳу жазолайман деб, ҳаддимдан ошиб кетсам, мендан қиёматда қасос олинади, деб қулни уришдан ўзларини тийиб қолган эканлар.

Шаръий таълимотларнинг ана шундай беодоблик, зулм ва бошқа нотўғри ишларни қилишдан тўсадиган фазилати бор. Қиёмат куни қасос олинишига иймон келтирган одам ҳар бир қадамини ўйлаб босади, хусусан, айб иш қилиб қўйган ходимини ҳеч қачон урмайди.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир ҳақ албатта эгасига қайтарилади. Ҳатто шохсиз қўйга шохли қўйдан қасос олиб берилади», дедилар».

Шарҳ: Демак, икки қўйдан бири шохли, бири шохсиз бўлса, шохли қўй шохсиз қўйни сузган, озор ёки жароҳат етказган бўлса, қиёмат куни шунинг ҳам қасоси олиб берилар, ҳисобсиз қолдирилмас экан.

Қўйдан қўйга қасос олиб бериладиган бўлса, демак, одамдан одамга қасос олиб берилиши турган гап. Шунинг учун бирорта одамга зулм ўтказиш мумкин эмас. Бирорта одамни уриш, унга нисбатан ноҳақлик қилиш мумкин эмас. Чунки қиёмат куни ҳар бир одамдан қасос олиб берилади. Айниқса қўл остида бўлган, қўл кўтариш осонроқ туюлган қулларга, ходимларга зулм қилиш, қўл кўтаришдан эҳтиёт бўлиш керак. Акс ҳолда қиёмат куни улар учун қасос, ўч олиниши турган гап.

Умму Саламадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг уйида эдилар. Ўша ердаги бир хизматчи қизчани чақирдилар. Қизча келавермади. Шунда у зотнинг юзларида ғазаб аломатлари кўринди. Умму Салама туриб, пардадан ташқарига қаради. Қизчанинг ўйнаётганини кўрди.

Ул зотнинг қўлларида мисвок бор эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар қиёмат куни ўч олинишидан қўрқмаганимда, сени шу мисвок билан урар эдим»,  дедилар».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ходимага нисбатан қилинган ишдан қиёмат куни қасос олинишидан қўрқиб, итоатсизлик қилган ходима қизни ҳатто мисвок билан туртиб қўйишни ҳам раво кўрмаган эканлар.

Ҳадисдан кўриниб турибдики, мўмин-мусулмон одам қўл остидагиларни ҳатто мисвок билан ҳам туртмаслиги керак экан.

Муҳаммад ибн Ҳайсам ҳадиснинг давомига бир жумлани зиёда қилган эканлар. Унга кўра, хизматкор қиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чақирган пайтларида бир уй ҳайвонини ўйнатаётган экан.

Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо кейин ўша қизчани чақириб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Бу қизча қасам ичяптики, чақирганингизни эшитмаган экан», деб айтган эканлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу амалларидан биз яна бир нарсани, яъни айтганимиз бўлмай қолса, сабабини билмай, дарров жаҳл қилмасликни ҳам ўрганиб олишимиз мумкин.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир зарба урса ҳам, ундан қиёмат куни қасос олинади», дедилар».

Шарҳ: «Бир мартагина урдим, бир мушт, бир шапалоқ билан осмон узилиб, ерга тушармиди», деган фикрда бўлиш мумкин эмас экан. Қиёмат куни шу биргина зарбанинг ҳам қасоси олинар экан.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким зулм ила бир зарба урса ҳам, ундан қиёмат куни қасос олинади», дедилар».

Шарҳ: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадис аввалги ҳадиснинг такрори бўлиб, унда биргина «зулм ила» деган қўшимча бўлган. Яъни, зулм қилган ҳолда бир зарба урган одамдан ҳам қиёмат куни қасос олиниши таъкидланган.

Мўмин-мусулмон одам ходимларга, қўл остидагиларга зулм қилган ҳолда ҳеч қачон қўл кўтармаслиги керак.

«Одоблар хазинаси» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,.100. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим.Аллоҳ азза ва жалла раҳматни юз давоми...

2248 09:05 / 06.08.2019
Миқдод ибн Асваддан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан зино ҳақида сўрадилар..У ҳаромдир. Уни Аллоҳ ва Унинг Расули ҳаром давоми...

2735 20:00 / 23.08.2019
95. Абу Саъиддан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди,, дедилар,.Шарҳ Бу ҳадис юқорида ҳам шарҳлаб ўтилди. Албатта, ушбу давоми...

2198 13:30 / 30.07.2019
21. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин,, дедилар..Эй Аллоҳнинг Расули, давоми...

3607 13:03 / 12.11.2018