1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

КИЙИМЛАРНИНГ РАНГИ

05:00 / 02.03.2017 10273 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «…шойи ипаклардан яхши либослар киярлар. Улар у ерда сўриларда ёнбошлаган ҳолда бўлурлар. Нақадар яхши савоб ва нақадар яхши жой», деган.

Шарҳ: Аллоҳ таолонинг ушбу сўзлари «Каҳф» сурасидаги бир оятнинг яримидир. Ўша ояти каримада мўмин-мусулмон бандаларнинг жаннатдаги ҳоллари ажойиб услуб ила баён қилинади.
Бу дунёда иймон келтириб, яхши амалларни қилиб ўтган бандаларнинг у дунёдаги ажри жаннатдир.
«Ана ўшаларга адн жаннатлар бордир».
«Адн» сўзи истиқомат маъносини билдиради. Шунингдек, таржимасиз жаннатга ном ҳам бўлиб қолган. У жаннатлардаги дарахтларнинг:
«Остиларидан анҳорлар оқиб турадир».
Кофирлар бир томчи сувга зор бўлиб, ёрдам сўрасалар ҳам сув берилмаслигига муқобил бу ёқда ичмасалар ҳам зийнат учун сув тўла анҳорлар оқиб туриши ажиб бир манзарани ифода этади. Шунингдек, уларга бошқа хурсандчиликлар ҳам берилади. Жумладан, аҳли жаннатлар:
«У ерда олтиндан бўлган билакузуклар ила безанурлар, шойи ипаклардан яхши либослар киярлар».
Яъни, бу дунёда кўрмаган зебу зийнатлардан у дунёда хоҳлаганларича берилиши ҳам аҳли жаннатларга қанчалик ажрлар бўлишини кўрсатиб турибди.
«Улар у ерда сўриларда ёнбошлаган ҳолда бўлурлар».
Бу манзара уларнинг баркамол роҳат-фароғат олишларини билдиради. Аҳли жаннатларга:
«Нақадар яхши савоб ва нақадар яхши жой».
Охиратда мўминлар билан кофирлар орасида шундай улкан фарқ бўлади. Мўминлар иймонлари ва яхши амаллари ажри сифатида жаннатда роҳат-фароғатга эришсалар, кофирлар куфрлари ва исёнлари туфайли дўзахга тушиб, юқорида васф қилинганидек, азоб-уқубатга йўлиқадилар. Уларнинг бу ҳолга тушишларининг яна бир сабаби дунё зебу зийнатларига берилишлари, ўша зебу зийнатни деб охиратни унутишларидир.
Бу ояти каримадан олинган иқтибосни бу ерда келтиришдан мақсад аҳли жаннатнинг кийими яшил рангда бўлишини, бинобарин яшил рангли кийим марғуб эканига ишора қилишдир.

Абу Римса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Отам билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юриб бордим. У зотнинг устиларида икки яшил рангли бурдни кўрдим». Сунан соҳиблари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиснинг ровийси Абу Римса Ҳабиб ибн Ваҳб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устиларидаги кўрган кийимнинг рангига эътибор берган эканлар. Яшил ранг чиройли бўлиш билан бирга кўзга ҳам фойда берар экан. Аҳли жаннатнинг кийим яшил рангда бўлиши ҳам бежиз эмас.
«Бурд» қандоқ кийим эканлигини аввал келган ҳадиси шарифларни ўрганиш давомида билдик.

Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Уҳуд куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чап томонларида икки оппоқ кийимли кишини кўрдим. Уларни бундан аввал ҳам кўрмаган эдим, кейин ҳам кўрмадим». Бухорий ва Муслим ривоят қилган. Муслим: «Яъни, Жиброил ва Микоил алайҳиссаломларни»ни зиёда қилган.
Шарҳ: Бу ривоятдан Уҳуд урушида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни фаришталардан Жиброил ва Микоил алайҳиссаломлар оппоқ кийим кийиб олиб қўриб турганлари чиқади. Фаришталарнинг кийимлари оқ рангли бўлганидан мусулмонлар оқ рангли кийимни доимо яхши кўриб келганлар.
Қуйида келадиган ҳадиси шарифлар ҳам худди шу маънони таъкидлайди.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келсам, ухлаб ётган эканлар. Устиларида оқ кийим бор экан. Кейин яна келсам, уйғонган эканлар. У зот: «Қайси бир банда «лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтиб, унда собит туриб вафот этса, албатта, жаннатга киргай», дедилар». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳу ривоят қилаётган ушбу ҳадиси шарифдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам оқ рангли кийим кийганларини билиб оламиз.
Ҳадиснинг иккинчи яримидаги «Қайси бир банда «лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтиб, унда собит туриб вафот этса, албатта, жаннатга киргай», деган маънонинг ва унга тегишли маълумотларни «Иймон китоби»да ўрганиб ўтганмиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кийимларингиздан оқини кийинг. Албатта, улар кийимларингизнинг хайрлисидир. Ҳамда уларла ўликларингизни кафанланглар. Албатта, сурмаларингизнинг яхшиси исмиддир. У кўзни равшанлаштиради ва киприкни ўстиради», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оқ ранги кийим кийишни тавсия қилиш билан бирга у хилдаги кийимлар У зот хитоб қилаётган кишиларнинг яхши кийимлари эканлигини ҳам таъкидламоқдалар.
Шу билан бирга мусулмонлардан вафот этган шахсларни оқ мато ила кафанлашни ҳам тавсия қилмоқдалар. Ушбу маънога амал қилароқ, мусумонлар қадимдан вафот этган шахсларни оқ матога кафанлашга одатланганлар. Бу иш кўп такрорланганидан бошқа рангдаги кафан бўлишини, гар шариат рухсат берган бўлса ҳам, хаёлларига сиғдира олмайдиган даражага етганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифнинг давомидаги «Албатта, сурмаларингизнинг яхшиси исмиддир. У кўзни равшанлаштиради ва киприкни ўстиради», деган гаплари «Тиб китоби»да, иншааллоҳ алоҳида ўганилади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан икки қизил кийим кийиб олган бир одам ўтаётиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга алик қайтармадилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Кийими икки парчадан иборат, мисол учун қизил рангдаги шалвор ва кўйлак кийиб олган одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан ўтиб кетаётиб У зотга салом берган экан унинг саломига жавоб қайтармабдилар. Албатта, бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ўша одамнинг шариатга тўғри келмайдиган иш қилганидан ёқмаганлиги сабабли бўлади.
Ривоятнинг сиртидан қараладиган бўлса, ўша одамнинг қизил рангли кийим кийиб олгани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аччиқларини чиқаргану унинг саломига жавоб бермаган бўлиб чиқадилар. Баъзи уламоларимиз ана шу мулоҳазани ҳам айтганлар.
Лекин гап қизил кийимга боғлиқ бўлса, келаси ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қизил рангли кийим кийганлари ҳақида сўз кетади. Шунинг учун ҳам, ўша Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан икки қизил кийим кийиб ўтаётиб салом берган одам кийими билан фахрланиб, мутакаббирлик қилиб кетаётган бўлса керак, дейилади.

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрта қоматли эдилар. Батаҳқиқ, мен у зотни қизил сарпода кўрдим. Ундан кўра гўзалроқ нарсани ҳеч кўрмаганман». Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Биз «сарпо» деб тажима қилган сўз арабчада «ҳуллатун» деб келган. Уларда икки парча кийимдан иборат кийимни «ҳуллатун» дейилади. Ажнабийларда пиджак ва шимдан иборат кийимлар тўпламини кастюм дейилагни каби. Биздаги «сарпо» сўзи асли форсча бўлиб сар-бош, по-оёқ, иккиси қўшилиб, сарпо-бошдан оёқ маъносини билдиради. Шунинг учун айнан ушбу бирикмани ихтиёр қилдик.
Бу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ташқи кўринишлари васф қилинмоқда.
1. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрта қоматли эдилар».
Яъни, бўйлари паст ҳам эмас, ўта баланд ҳам эмас эди.
2. «Батаҳқиқ, мен у зотни қизил сарпода кўрдим».
Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошдан оёқ қизил рангдаги кийим кийган ҳолатлари ҳам бўлган.
3. «Ундан кўра гўзалроқ нарсани ҳеч кўрмаганман».
Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни қизил сарпо кийиб турганларидаги гўзал ҳолатга ўхшаш ҳолатни умримда ҳеч кўрмаганман.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қора бурда қилиб берилди. Бас, у зот уни кийдилар. Терлаган вақтларида жун ҳиди чиққанини сезиб, ечиб ташладилар. У зотга хушбўй ҳид ёқар эди». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: «Бурда» қандоқ кийим эканлигини аввал ўрганиб ўтганмиз.
Ушбу ривоятдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қора рангли кийим ҳам кийганларини билиб оламиз.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Қора рангли кийим кийиш жоизлиги.
2. Кийимдан нохуш ҳид чиққанда ечиб ташлаш кераклиги.
3. Доимо хушбўй ҳиднинг ёқтириш кераклиги.
Кийимларнинг ранги ҳақида келган ривоятларга тааммул ила разм соладиган бўлсак Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, саҳобалар ҳам турли рангли кийимларни кийганларини кўрамиз. Фақат аввал баён қилинганидек шуҳрат учун бўлмаса бўлгани. Шу билан бирга яшил ва оқ рангли кийимлар афзал кўрилгани ҳам ҳақиқат. Ким ўша рангларни ихтиёр қилса яхши бўлади. Лекин бошқа рангдаги кийим соҳибларини маломат қилмаслик керак.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аллоҳнинг набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак киши заъфарон чаплаб олишидан наҳий қилдилар». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятдаги заъфарон чаплашдан мурод баданга ва кийимга ёки иккисидан бирига чаплашдир. Заъфарон сариқ рангли бўлиб, у ранг бошқа диндагиларнинг шиори, аломат-белгиси бўлганидан шундоқ наҳий бўлган, дейдилар уламоларимиз.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени тилло узук тақишдан, шойи кийишдан, рукуъ ва саждада қироат қилишдан ва сариқ ранг чапланган кийим кийишдан наҳий қилдилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан қилинган ушбу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини ва шу орқали бошқа эркак мусулмонларни ҳам тўрт нарсадан қайтармоқдалар.
1. Тилло узук тақишдан.
Мусулмон эркак нафақат тилло узук балки тиллодан бўлган бошқа нарсаларни ҳам тақиши мумкин эмаслигини аввал ўрганиб ўтдик. Кумуш узук ҳақида иншааллоҳ келажакда сўз юритилади.
2. Шойи кийишдан.
Мусулмон эркакларга шойи-ипак кийиш ҳаром эканлигини ҳам аввал батафсил ўрганганмиз.
3. Рукуъ ва саждада қироат қилишдан.
Намоз ўқиётган одам рукуъга ёки саждага борганда Қуръон қироат қилиши мумкин эмас. У ҳолатларда тасбиҳ айтилади. Бу нарса ҳаммага маълум.
4. Сариқ ранг чапланган кийим кийишдан.
Худди мана шу жумла туфайли ушбу ҳадиси шариф бу ерда келтирилган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам устимда икки сариқ ранг чапланган кийимни кўриб: «Албатта, мана шулар, кофирларнинг кийимларидандир», дедилар». Бошқа бир ривоятда:
«Онанг шунга амр қилдими!?» дедилар.
«Уларни ювиб ташлайми?» дедим.
«Балки, куйдириб ташла!» дедилар».
Шарҳ: Ушбу заъфарон ва сап-сариқ ранг чапланган кийим кийиш ҳақидаги наҳийлар фақат эркакларга хосдир. Аёлларга тааллуқли эмас.
Нима учун эркакларга бундоқ наҳий келди, дейилса, бу ранглар маълум кофир тоифаларнинг шиори бўлгани, эътиборни жалб қиладиган бўлгани, ҳиди кучли бўлгани, аёлларга хос бўлгани учун, деган жавобни айганлар уламоларимиз.
Усули фиқҳ илмида наҳий-бирор нарсадан қайтариш ҳақида келган шаръий буюруқлар учга бўлинади; ҳаром, макруҳ ва танзийҳ. Ушбу масаладаги наҳий мазкур уч қисмдан қайси бирига хос? деб савол қўядиган бўлсак, кўпчилик уламоларимиз, бу ердаги наҳий танзийҳ учун, дейдилар. Яъни, макруҳдан ҳам кучсизроқ бўлиб, ўта тозаликнинг ирода қилиш учундир. Чунки, машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу соқолларига ва кийимларига хушбўй сариқ нарса суртиб юрар, нимага бундоқ қиласиз, деб сўралса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундоқ қилганларини кўрганман, дер эканлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пешкулик тадбиркор, .Мироншоҳ Мираҳмад медсервис, МЧЖ раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Эркин Болтаев буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино туғилиб ўсган қадимий Афшона давоми...

1391 12:00 / 08.06.2021
Уламоларимиз барча табиблар давоси йўқ деб қарор қилган дардга ҳам даво излаш кераклигига ушбу ҳадиси шарифни далил қилиб келтирганлар.Шундоқ қилиб Ислом давоми...

4209 05:00 / 01.03.2017
Цемент сотувчи йигитнинг айтганлари...Тўғрисини айтсам, мен илгари ўғри бола эдим. Ўрганиб қолган эканман, ов илинжида бош тиқмаган тешигим қолмаган. Бировнинг давоми...

3071 17:00 / 06.02.2021
Фусайла деган аёлдан ривоят қилинади .Отамнинг қуйидагиларни айтаётганини эшитдим.Эй Аллоҳнинг Расули Бир одам қавмига зулмда ёрдам берса, тарафкашлик бўладими, давоми...

2571 05:00 / 03.03.2017