1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Илм одоблари ҳақида

18:25 / 26.07.2017 3804 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

118. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор ка­лима айтадиган бўлсалар, тушунарли бўлиши учун уни уч марта қайтарар эдилар. Агар бирор қавмнинг олдига келиб, салом берсалар, уч марта салом берар эдилар».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган­лар.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг ровийси Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишмиз.

Муаллифнинг ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу­нинг бу ривоятларини ушбу бобда келтиришдан мақ­садлари, олим одам дарс бераётганида ёхуд би­рор маълумотни етказаётганида эшитувчига тушунарли қилиб гапириши лозимлигини англатишдир. Чунки иккала ҳолатда ҳам у илм етказаётган бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳим нарсаларни эшитувчиларга очиқ-ойдин, тушунарли бўлиши учун уч марта қайта-қайта так­рорлаб гапирганлар.

Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор қавмнинг олдидан ўтсалар ёки олдига борсалар, салом берар эдилар. Агар улар саломни эшитмасалар, икки ёки уч мартагача такрорлар эдилар.

Шунинг учун биз ҳам дарс берадиган ёхуд бирор маълумотни етказадиган бўлсак, ўша нарса эшитувчига тушунарли бўлиши учун ҳаракат қилиши­миз лозим бўлса, икки-уч марта такрорлашимиз ке­рак. Салом берганимизда ҳам биринчи мартада эши­тилмай қолса, иккинчи ва учинчи марта такрор салом беришимиз лозим. 

119. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар,  хуш-хабар­ беринглар, нафрат қилдирманглар», де­ди­лар».

Икки шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга, улар орқали барча умматла­рига мурожаат этиб: «Осонлаштиринглар, қийин­лаштирманглар», демоқдалар. 

Яъни, Ислом ҳақида гапирадиган, баъзи бир масалани ечадиган ёки бирор нарсада ҳукм чиқа­радиган бўлсангиз, умуман, ҳар бир нарсада осон тарафини олинг, қийинини олманг, демоқдалар. Мо­домики, иш шариат чегарасидан чиқмаса, осон то­монини олиш Ислом динининг асосий қои­дасидир. Бошқа ҳадиси шарифларда келишича, Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон икки нарса орасидан бирини танлаб олиш ихтиёрига эга бўлсалар, албатта осон томонини олганлар. Ки­шиларни Исломга даъват қилиш учун атрофга юбораётиб, мана шу ҳадисни ҳар бир саҳобийга, албатта, қайта-қайта тайинлаганлар.

«Хушхабар беринглар, нафрат қилдирманг­лар». 

Ислом ҳақида, шариат ҳақида кишиларга гапирилганда доимо яхшиликларни, улар учун хушхабар бўладиган, икки дунё саодатига сабаб бўладиган нарсаларни гапириш лозим. Кишиларнинг нафратини келтирадиган, уларни чўчитадиган, кўнглини қолдирадиган гап-сўз ва тасарруфларни қилмаслик керак.

Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бунга айниқса, Исломга даъват қилиш билан машғул кишилар алоҳида эътибор беришлари лозим. Афсуски, баъзи бир биродарлар бу ҳадиси шарифдан бехабар, тескари маънода гап-сўз ва ҳаракатлар қиладилар.

Авваллари билмаган бўлсак, энди билдик. Бун­дан буён Ислом дини ҳақида гапирадиган, бирон иш қиладиган, ҳукм чиқарадиган бўлсак, осон тарафини олайлик. Кишиларга динимизнинг осонлиги, икки дунё бахт-саодатига етказиши башоратини бериб, гапирайлик. Ўзимизча шариатни қийинлаштирмайлик! Кишиларни турли гап-сўз, бўлмағур хатти-ҳаракатларимиз билан Исломдан нафратлантирмайлик. Мўътабар ҳадиси шарифга доимо амал қилишга интилайлик!

 120. Абу Воил розияллоҳу анҳудан ривоят қили­нади: 

«Абдуллоҳ одамларга ҳар пайшанба куни ­мавъиза қилар эди. Бир киши унга: «Эй Абу Абдур­роҳман, бизга ҳар куни мавъиза қилишин­гни истар эдим», деди. 

«Ўшандай қилишдан мени ман қилган нарса сизларга малол келтириб қўйишимни ёқтир­маслигимдир. Албатта, мен сизларга мавъизани вақти-вақти билан қиламан. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бизларга худди шундай – безиб қолишимиздан қўрқиб, вақти-вақти билан мавъиза қилар эдилар», деди».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилган­лар.

Шарҳ: Аввало ҳадиси шарифнинг ровийси Абу Воил розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:

Абу Воил куняси билан машҳур бўлган бу саҳо­банинг исмлари Шақиқ ибн Саламадир.

Абу Воил розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Мас­ъуд розияллоҳу анҳунинг асҳобларидан эдилар. Бу зот тафаккури, ёдлаш қобилияти кучли, Қуръони Каримни икки ойда ёд олган, тақволи, дунёда зоҳид бўлган саҳобалардан эдилар. Сиффийн жангида Али розияллоҳу анҳу билан иштирок этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳамда Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Саъд, Ибн Аббос, Ибн Масъуд, Оиша розияллоҳу анҳумодан ҳадислар ривоят қилдилар. Бу кишидан Шаъбий, Мансур ибн Мўътамир, Аъмаш ва бошқалар ривоят қилганлар.

Бу зот ҳижратнинг 79-санасида вафот этганлар.

Ушбу ҳадисда исмлари Абдуллоҳ деб тилга олинаётган зот машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудирлар. У киши ўта илмли саҳо­бийлардан эканликлари маълумдир. Абу Воил рози­яллоҳу анҳунинг хабар беришларича, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳар пайшанба куни одам­лар билан илмий суҳбат қуриб, уларга ваъз-насиҳат қилар эканлар. Ана ўша илмий мажлисда иштирок этиб юрган кишилардан бирига ҳафтада бир кунгина мажлис ва ваъз бўлиши оз кўринибди. У киши илм, ваъз-насиҳат қанча кўп бўлса, шунча яхши, деб ўйлабди. Бу фикрни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга билдириб:

«Эй Абу Абдурроҳман, бизга ҳар куни мавъиза қилишингни истар эдим», деди». 

Абу Абдурроҳман Абдуллоҳ ибн Масъуд рози­яллоҳу анҳунинг куняларидир. Арабларда эркакларга ўзининг бош фарзанди исмининг олдига «Абу», аёлларга «Умму» сўзини қўшиб мурожаат қилинади. Бу куня дейилади. У «фалончининг отаси» ёки «онаси» деган маънони билдириб, ҳурмат юзасидан ишлатилади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудек улуғ кишига «Эй Абдуллоҳ», деб эмас, «Эй Абу Абдур­роҳман» (яъни, Абдурроҳманнинг отаси), деб мурожаат қилиш ҳурматлироқ-да, албатта.

Ўша киши Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга ҳурмат билан, у кишининг куняларини ай­тиб мурожаат қилар экан, илмий мажлислари, ваъзлари ҳар куни бўлиши истагини билдиради. Шунда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳар куни эмас, ҳафтада бир кун илмий суҳбат ва ваъз қилишларининг ҳикматини баён қилиб:

«Ўшандай қилишдан мени ман қилган нарса сизларга малол келтириб қўйишимни ёқтир­мас­лигимдир», дедилар. 

Демак, устоз шогирдлари ва тингловчиларга малол келтирмаслик чораларини кўриши керак экан. Чунки малол келган нарса фойдали бўл­майди. Шунинг учун ҳам ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳар куни эмас, ҳафтада бир кун илмий мажлис қуриб, одамларга ваъз-насиҳат қилар эканлар. Бу аслида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг эмас, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари экан. Буни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўз сўзлари давомида айтмоқдалар:

«Мен сизларга мавъизани вақти-вақти билан қиламан. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бизларга худди шундай – безиб қолишимиздан қўрқиб, вақти-вақти билан мавъиза қилар эдилар», деди».

Гап ҳар қанча яхши, ҳар қанча фойдали бўлса ҳам, ҳадеб қайтарилаверганидан кейин кишиларнинг жонига тегади. Баъзи тузумлар ва улар олиб бораётган ташвиқот ишларидан одамларнинг бе­зиб қолиши ҳам беҳуда такрорнинг кўплигидан бўлади. Шунинг учун ҳам инсон табиатининг ва қалбининг моҳир табиби бўлмиш Муҳаммад сол­лаллоҳу алайҳи васаллам улар билан жуда чиройли муомалада бўлганлар, ҳатто мавъизалари малол келиб қолмаслиги учун вақти-вақти билан ваъз қилганлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Иложи бўлса, ҳар ҳафтада бир кун илмий мажлис ўтказиб туриш яхшилиги.

2. Олим ва воъиз кишилар шогирд ва тингловчиларига дарс ва ваъзларнинг малол келиб қолмаслиги чораларини кўришлари лозимлиги. 

3. Олимларга ҳурмат билан, одоб билан муомалада бўлиш зарурлиги.

4. Илмий мажлис ва ваъзларни кишиларни бездириб қўядиган даражада кўпайтирмаслик лозимлиги.

Ушбу ҳадиси шарифни бугунги ҳаётимизга тат­биқ қилишимиз ниҳоятда зарур. Илмли кишиларимиз худди Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу каби, ҳафтада бир кун илм ёхуд ваъз-насиҳат мажлислари қуришлари керак. Бу иш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари бўлиб, у зотдан кейин саҳобаи киромлар бу муборак иш­ни худди Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу­га ўхшаб давом эттирганлар. Шу тариқа бу иш авлоддан-авлодга ўтиб келган. Ҳозирда ҳам мусулмон ўлкаларда давом этмоқда. Мусулмонлар бировнинг амр-фармонисиз бўш вақт, жой топиб, уламолардан илтимос қилиб, ўз динларининг аҳкомларини ўрганадилар. Худосиз тузум истибдоди остида қолган мусулмон жамоаларнинг ўз динларини маълум даражада тутиб қолишларига ҳам айни шу тартибдаги дарслар, илмий суҳбатлар, ваъз-насиҳатлар хизмат қилган. Бу ҳаракатни мусулмонларнинг илмий жасорати, маънавий қаҳ­рамонлиги деб атасак бўлади.

Бу тарзда илмий суҳбатлар қуриш нафақат оғир вақтларда, балки оддий ҳолатларда ҳам фойдалидир. Касб-кори ва дунёқарашлари яқин кишиларнинг доимий равишда маълум вақтда тўпланиб, бир илмли кишидан таълим олишларининг ўзгача манфаати ва файзи бор. Бундай ҳолатда ҳеч кимдан тортинмай, билмаган нарсани бемалол сўраш, баҳслашиш мумкин. Шу билан бирга, биродарлик ришталари ҳам қувватланади. Кишилар бир-бирларига янада яқинлашадилар ва кўпгина фойдалар ҳосил бўлади.

Ҳозирда бундай йиғилишларни Кувайтда «девонийя», Маккаи мукаррамада «даврийя» дейишади. Туркистон шароитида «гап», «гаштак», «суҳбат» каби истилоҳлар ишлатилади. Бу жуда ҳам фойда­ли тадбир бўлиб, уни ҳамма жойда йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом соғлиқни сақлаш борасида катта аҳамият берган нарсалардан бири тозаликка риоя қилишдир. Дунё тарихида ҳеч ким, ҳеч қандай тузум ва дин тозаликка риоя давоми...

8325 14:30 / 08.07.2022
Араб тилида муомала қилиувчиларга хатари бор ҳар бир муомалага қимор дейилади. Бошқача қилиб айтганда ғолиб мағлубдан бирор нарса оладиган ҳар бир ўйинга қимор давоми...

8224 05:00 / 02.03.2017
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Енгиллаштиринглар, оғирлаштирманглар, сокинлаштиринг, нафрат давоми...

3413 05:00 / 03.03.2017
Лекин баъзи кишилар зоҳирда золимларга ҳеч нарса бўлмай, ўйнабкулиб юрганларини кўрганда турли хаёлларга бориши мумкин. Баъзилар, фалончилар шунча золимлик давоми...

4513 05:00 / 02.03.2017