Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Нақлиёт (транспорт) воситалари Аллоҳ таолонинг банадаларига берган неъматларидан ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ва шариатимиз таълимотларида бу мавзуга оид бир қанча маълумотлар келгани динимизда бу воситаларга қанчалар эътибор берилганининг далилидир.
Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:
«Батаҳқиқ, Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (70-оят).
Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Инсон қуруқликда турли ҳайвонлар ва нақлиёт воситаларида юриб, оғир ишларини енгиллик билан бажаради. Одамларни кўтариб, уларга улов сифатида хизмат қиладиган маркаблар Аллоҳ таолонинг махлуқлари бўлиб, улар Жаноби Ҳақ жорий этган қонун-қоида асосида ўз вазифасини бажаради. Бу эса Аллоҳ таоло Одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.
Шунингдек, Аллоҳ таоло инсон учун сувда чўкмайдиган турли воситалаларни яратиб, уларга маълум шаклларни беришни одамларга илҳом этиб, денгизларда сузиб юрадиган кемаларни Ўзи жорий қилган қонун-қоидалар асосида ҳаракатланадиган этиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳнинг Одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.
Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:
«Роббингиз Унинг фазлидан талаб қилишингиз учун денгизда кемани юргизиб қўйган Зотдир. Албатта, У сизга ўта раҳмлидир» (66-оят).
Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон, раҳмли бўлгани учун ҳам уларга турмуш ўтказишни осонлаштириб беради. Масалан, денгизда кемаларни юргизиб қўяди. Бу иш ҳам Аллоҳнинг бандаларига меҳрибонлик ила ато қилган улкан неъматларидандир.
Аллоҳ таоло Зухруф сурасида марҳамат қилади:
«У барча жуфтларни яратган ва сизга кемалар ҳамда чорва ҳайвонларидан минадиган нарсаларингизни қилган Зотдир» (12-оят).
Қадимги замонлардан буён одамлар улов сифатида ушбу икки хил нақлиёт воситасидан фойдаланиб келадилар. Бу нарса Аллоҳ таоло томонидан берилган улкан неъмат эди. Инсофли, ўзини билган инсон ўзига миниш уловини бериб, хизмат қилдириб қўйган Зотни доимо яхшилик билан эслаб, Унга шукр этиши керак.
Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади:
«У Зот чорва ҳайвонларини ҳам яратди. Уларда сиз учун иссиқлик, манфаатлар бор ва улардан ейсизлар ҳам» (5-оят).
Чорва ҳайвонлари инсоният учун катта неъмат. Албатта, уларни инсонларнинг ўзлари яратишмаган, ярата олмайдилар ҳам. Ҳайвонларнинг ўз-ўзидан дунёга келиб қолишини ақли бор одам тасдиқламайди. Демак, уларни фақат Аллоҳ таоло инсонларнинг фойдаси учун яратган. Инсон бу ҳайвонларнинг жуни ва териларидан ўзига иссиқ кийимлар тикиб кияди. Шунингдек, яна энг катта фойдаларидан бири – инсонлар уларнинг гўштидан таом пишириб, истеъмол қилишади.
«Ва сиз учун уларда кечки пайт (ўтлоқдан) қайтаётганларида ва эрталаб (ўтлоққа) кетаётганларида, чирой бор» (6-оят).
Бу жамолни, бу чиройни чорвачилик билан машғул бўлганлар яхши ҳис этадилар. Айниқса, ушбу ояти карималар нозил бўлган жойда ва вақтда бу гўзалликнинг ўзига яраша аҳамияти бор эди. Мазкур ояти каримадан чорва ҳайвонларида нафақат моддий, балки маънавий манфаатлар ҳам борлигига ишора қилинаётганини тушуниб оламиз.
«Ва улар юкларингизни сиз жон машаққатисиз ета олмайдиган юртларга кўтариб боради. Албатта, Роббингиз ўта шафқатлидир, ўта раҳмлидир» (7-оят).
Бу оятда мол ва туя каби баъзи чорва ҳайвонларининг яна бир хусусияти, яъни юк ташиш манфаати ҳақида гап кетмоқда. Асрлар давомида бу ҳам катта неъмат эди. Узоқ-яқин жойларга юк ташишда инсоннинг оғирини енгил қиладиган асосий восита, улов ўша даврларда туя эди. Унинг ёрдамида одамлар оғирдан-оғир юкларини узоқ-узоқларга осонлик билан етказишар эди. Бу ишларни инсон ўзи яратиб қўйган ёки ўзидан-ўзи пайдо бўлиб қолган нарса билан эмас, балки Аллоҳ яратиб берган туя воситасида амалга оширар эди. Бу ҳолат Аллоҳнинг бандаларига ниҳоятда меҳрибонлиги ва раҳмлилигидандир.
«Отлар, хачирлар ва эшакларни минишингиз ва зийнат учун (яратди) ва сиз билмайдиган нарсаларни яратур» (8-оят).
Ўша пайтларда улов, яъни нақлиёт (транспорт) воситаси сифатида туядан ташқари ушбу оятда зикр қилинган от, хачир ва эшаклардан ҳам фойдаланилар эди. Шу билан бирга, бу ҳайвонлар эгалари учун зийнат ҳам ҳисобланган. Яъни уларни миниб юрган кишиларга бошқалар ҳавас билан қарашар эди. Мазкур уловга эга бўлиш жамият ичида ўзига яраша обрў ва зийнат саналарди. Булар ҳам Аллоҳнинг инсонга яратиб берган ўзига хос неъматларидир. Инсоф билан тафаккур қилган одам мазкур неъматларни ато этган Зотга шукр қилиши, Унга доимо ҳамду санолар айтиб, иймон келтириши, ибодат қилиб ўтиши лозим.
Ояти кариманинг сўнгида:
«...ва сиз билмайдиган нарсаларни яратур», дейилмоқда. Яъни Аллоҳ таоло келажакда сизлар учун туя, от, хачир ва эшакдан бошқа сиз билмайдиган нақлиёт (транспорт) воситаларини яратади. Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди. Ушбу оятлар нозил бўлган даврда мавжуд бўлмаган, ҳавода учадиган, сувда сузадиган ва ерда юрадиган кўплаб нақлиёт воситалари вужудга келди.
Бу эса ўз навбатида Қуръони карим мазкур «ва сиз билмайдиган нарсаларни яратур» жумласи ила мўмин-мусулмонларни келажак янгиликларидан хабардор қилаётганига далилдир.
Нофеъ ибн Абдулҳорисдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши маркаб мусулмон кишининг саодатидандир», дедилар».
Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифдан яхши маркаб (улов) инсон саодатига омил бўладиган энг муҳим нарсалардан бири эканини билиб оламиз. Исломда ҳаётнинг барча жабҳаларидаги каби, улов ва ундан фойдаланишга боғлиқ тартиб-қоидалар ва одоб-ахлоқлар ҳам жорий этилган.
Авваллари улов асосан туя, от, хачир, эшак каби ҳайвонлардан иборат бўлган. Шунингдек, елканли кемалар ҳам бўлган. Вақт ўтиши билан уловлар тури кўпайиб, ҳайвонлар, гоҳида инсонлар тортиб юрғизадиган аравалар пайдо бўлди. Кейинроқ эса буғ ва турли ёнилғи қуввати ила ўзи юрадиган маркаблар ихтиро қилинди. Замон ўтиши билан нафақат ерда юрадиган, балки сувда сузадиган ва осмонда учадиган турли-туман улов турлари пайдо бўлди. Аммо бу маркаблар қанчалик кўпайиб, такомиллашмасин, уларни инсон бошқариши шарт. Мазкур янги турдаги маркабларни асосан мусулмонларнинг илмий изланишларидан таъсирланган ва фойдаланган ғарблик номусулмон халқларнинг вакиллари ихтиро қилишди ва қилмоқдалар. Улар турли нақлиёт воситаларини ихтиро қилиш, ишлаб чиқариш билан бирга уларга оид йўл ҳаракати тартиб ва қоидаларини ҳам йўлга қўйишди.
Аммо кўпинча қонун шаклида бўладиган мазкур кўрсатмаларда масаланинг моддий томони, кишиларга етиши эҳтимоли бўлган жисмоний ва молиявий талофатларнинг олдини олиш кўзлангандир. Мусулмонларда эса биринчи ўринга маънавий ва ахлоқий масалалар қўйилади. Маркаблар, улардан фойдаланиш каби ишларга оид одоблар мажмуаси уламолар томонидан тақдим қилинганига анча бўлган. Аммо улар тарқоқ ҳолда бўлган. Бунинг устига, техникавий тараққиёт самараси бўлган нақлиёт воситаларига оид одоблар ҳақида тафсилотлар бўлмаган. Бу борада эндигина ҳаракат бошланмоқда.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
(Ижтимоий одоблар китобидан)