1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

КЕЧАСИ БЕДОР БЎЛИШ

05:00 / 02.03.2017 3746 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кечаси бедор бўлиб уни ибодат ила ўтказишни «Қиёмул лайл» дейилади. Бу иш жуда ҳам фазилатли ҳисобланади. «Қиёмул лайл» ила машғул бўлган кишиларни Аллоҳ таоло ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам мадҳ қилганлар. Аллоҳ таоло «Сажда» сурасида:«Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур», деган (16 – оят). Тақводор мўмин бандалар кечасида бедор бўлиб, иссиқ жойини тарк этиб, ибодат қилурлар. Тунлари уйғониб, намоз ўқишнинг фазилатлари жуда кўп. Бу иш олий мақомга эришган ҳар бир азизнинг ишидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари бу амални қилганлар ва умматларини ҳам тарғиб этганлар.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга кечанинг қиёми лозимдир. Чунки, У сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир. У Роббингизга қурбатдир. У ёмонликларга каффоротдир. У гуноҳларни қайтарувчидир», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «У жисмдан дардни қувувчидир» ҳам деганди. Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ибодатларнинг ичида кечасиги намоз каби кучлисини кўрмадим», деган. У кишидан: «Нима учун одамларнинг ичида таҳажжуд ўқувчиларнинг юзлари энг чиройли бўлади?» деб сўралганда: «Чунки улар Роҳман ила холий қолганлар ва У зот аларга Ўз нуридан кийдирган», деган.

БЕДОРЛИКНИ ЕНГИЛЛАШТИРУВЧИ ОМИЛЛАР

«Қиёмул лайл» осонлаштирувчи омилларни ишга солинмаса жуда ҳам қийин ишдир. Мазкур омилларнинг зоҳирийси ва ботинийси бор.
Зоҳирий омиллар қуйидагилар:
- Кўп емаслик.
Баъзи машойихлар: «Эй муридлар жамоаси! Кўп еманглар. Унда кўп ичиб, кўп ухлаб қоласизлар ва кўп ютқазасизлар», деган.
- Кундузи ўзини оғир ишлар билан чарчатмаслик.
- Кундузи ухлаб олинса «Қиёмул лайл» осон бўлади.
- Гуноҳлардан четда бўлиш. Суфён Саврий, биргина гуноҳ туфайли беш ой «Қиёмул лайл»дан маҳрум бўлдим, деган.
Ботиний омиллар қуйидагилар:
- Аллоҳ таолонинг муҳаббати.
Мурид «Қиёмул лайл»да Роббиси ила муножотда бўлишига ва Унинг ҳузурида бўлишига иймони кучли бўлса иш осонлашади.
Абу Сулаймон раҳматуллоҳи алайҳ: «Қеча аҳли қечаларида, кўнгилхши аҳлининг кўнгилхушидан кўра кўпроқ лаззат топадилар. Агар кеча бўлмаганидан бу дунёда қолишни истамасдим», деган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ ҳар кечаси туннинг аввалги учдан бири ўтганда нозил бўлур ва: «Мен-подшоҳман, Мен-подшоҳман, Менга дуо қиладиган борми, уни қабул қилайин, Мендан сўрайдиган борми, унга берайин, Менга истиғфор айтадиган борми, уни мағфират қилайин», дейди. Токи фажр ёришгунча шундоқ давом этади», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Муслимнинг лафзида: «Кечасида бир соат бордир. Мусулмон одам Аллоҳдан дунё ва охират ишидан яхшилик сўраган ҳолида мувофиқ келиб қолса, албатта, мазкур нарсани унга беради. Ҳар кеча шундоқ», дейилган.
- «Қиёмул лайл»нинг фазлини билиш.
- Қалби мусулмонларга нисбатан саломат ва бидъатлардан холи бўлиши ҳамда ортиқча дунёга қизиқмаслик.

«Қиёмул лайл»нинг даражалари бир нечта:

1. Кечанинг ҳаммасини бедор ўтказиш.
Буни салафлардан бир жамоаси қилганлар.
2. Кечанинг ярмини бедор ўтказиш.
Буни ҳам бир жамоа салафлардан ривоят қилинган. Бунда энг яхшиси кечанинг биринчи учдан бирида ва охирги олтидан бирида ухланади.
3. Кечанинг учдан бирини бедор ўтказиш.
Бу Довуд алайҳиссаломнинг бедорлиги бўлиб, унда кечанинг аввалги ярмида ва охирги олтидан бирида ухланади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга энг маҳбуб намоз Довуд алайҳиссаломнинг намозидир. Аллоҳга энг маҳбуб рўза Довуднинг рўзасидир. У кечанинг ярмини ухлар, учдан бирини қоим бўлиб ўтказар ва олтидан бирида ухлар эди. Бир кун рўза тутиб, бир кун оғзи очиқ бўлар эди», дедилар». Учовлари ривоят қилган.
Кечанинг охирида ухлаш маъқул. Унда эрталаб мудроқнинг асари юздан кетади ва юз сарғаймайди.
4. Кечанинг олти ёки бешдан бирини бедор ўтказиш.
Мазкур «Қиёмул лайл» охирги ярмида бўлгани маъқул деганлар.
5. Ўлчовни риоя қилмасдан «Қиёмул лайл» қилиш. 
Бу жуда ҳам қийин услуб. Бу хилни икки услуб билан амалга оширганлар.
Биринчиси кечанинг аввалида уйқуси келгунча бедор бўлиб, кейин ухлаган. Сўнг уйғонганда турган. Яна уйқуси келса, ухлаган. Албатта, бундай қилиш осон эмас. Аммо салафлардан баъзилари шундай қилганлар.
Заҳҳок раҳматуллоҳи алайҳ: «Кечаси узоқ ётишдан Аллоҳ таолодан ҳаё қилган қавмларни кўрганман», деган.
Иккинчиси кечасининг аввалида ухлаб олиб, қолганида бедор бўлиш.
6. Икки ёки тўрт ракъат намоз ўқигудек муддатда бедор бўлиш. Буни ҳам «Қиёмул лайл» деб айтилади.
Абу Ҳурарйра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон эр кечаси ўз аҳлини уйғотиб, икковлари бир бўлиб икки ракъат намоз ўқисалар зокир ва зокиралар қаторига ёзиладилар», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Толҳа ибн Масриф раҳматуллоҳи алайҳ аҳлини «Қиёмул лайл»га амр қилар ва «Икки ракъат намоз ўқинглар. Кечаси ўқилган намоз гуноҳларни ювади», дер эдилар.
Юқорида кечанинг тақсимлаш бўйича салафларнинг тутган йўлларидан баъзилари зикр қилинди. Мурид улардан ўзига мосини танлаб олса яхши бўлади. Агар унинг учун кечанинг ўртасида туриш қийин бўлса, ҳеч бўлмаса Шом билан Хуфтон орасида ва саҳардаги нафл намозларни ўқисин.
Кечаси таҳорат тутиши, бинобарин намоз ўқиши қийин бўлган шахслар қиблага қарб ўтириб Аллоҳ таолони зикр қилсинлар, қудратлари етганнича дуо қилсинлар. Ўтириш ҳам қийин бўлса, ёнбошлаб олиб ўшандай қилсинлар.
Кимнинг вирди бўлсаю уни ухлаб қолиб бажара олмаса, Зуҳо намозидан кейин қазосини қилсин.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким вазифасидан ёки унинг баъзисидан ухлаб қолса-ю, уни Бамдод билан Пешин орасида ўқиб олса, унга худди кечаси ўқигандек ёзилади», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
«Қиёмул лайл»ни одат қилган одам уни зинҳор тарк қилмасин.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Чорва ҳайвонларида ҳам сиз учун, албатта, ибрат бордир. Биз сизларни уларнинг қорнидан, гўнг ва қон орасидан ичувчилар томоғидан осон ўтувчи соф сут давоми...

3154 05:00 / 03.03.2017
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .Эй иймон келтирганлар Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, Аллоҳга ва охират давоми...

2663 11:34 / 12.03.2021
Аллоҳ таоло .Бу дунё ҳаёти ғурур матоҳидан ўзга нарса эмас,, деган. Бу дунё алдамчи дунё. Ўзига қизиққанларни ва ошиқ бўлганларни алдайди ва ғурурга кетказади. Аммо давоми...

7002 05:00 / 02.03.2017
Аллоҳ таолонинг .Ҳужурот, сурасидаги .Албатта, мўминлар биродардирлар,, деган оятига биноан номи мўмин борки бир бирига биродардир. Аммо бу умумий биродарлик давоми...

4724 05:00 / 02.03.2017