1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Шайх Саъид Фуда (таржимаи ҳол)

10:47 / 29.02.2020 3283 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайх Саъид ибн Абдуллатиф Фуда – ақоид (калом), мантиқ ва усулул-фиқҳ илмлари соҳасидаги етук олимдир. 

Шайх Саъид 1967 йили Фаластиннинг Ҳайфа шаҳрида туғилган, ёшлигида ота-онаси билан Аммон (Урдун) шаҳрига кўчиб ўтган.

Шайх Саъид илм таҳсилини жуда ёшлигидан бошлаган. Дастлаб шофеъий фиқҳини, араб тилини чуқур ўрганиб, Қуръони Каримнинг кўпроқ қисмини шайх Ҳусайн Зуҳайрик роҳимаҳуллоҳдан, қолган қисмини у зотнинг ўғилларидан ўрганган.

Шундан сўнг устози шайх Фудани Қуръон қироатлари бўйича машҳур мударрис шайх Саъид Анбатовий роҳимаҳуллоҳнинг ҳузурларига ўқишга юборган. Шайх Фуда устози Анбатовийнинг ҳузурида таҳсил олиб юрган йиллари давомида тажвид илми бўйича энг машҳур матнлар бўлмиш «Туҳфатул-атфол» ҳамда Жазарийяни ёд олган. Шундан сўнг устозларининг қўл остида Қуръоннинг учдан бир қисмини, шунингдек, ақоидга оид «Харидул-Баййина» ва «Жавҳаротут-тавҳид» матнларини ёд олган. Ўша даврда шайх Саъид Анбатовий тавҳид илмидан ҳеч кимга дарс бермас эдилар, бироқ шайх Фуданинг ақийда илмига ниҳоятда ҳарислигини кўриб, у кишига истисно қилганлар. Бир куни шайх Анбатовий у зотга Аҳмад Дардирнинг «Харида» асарига ёзилган шарҳни бериб, талабалар учун бу матн юзасидан қисқача баён ёзишни сўрайдилар, сўнг ушбу матндан дарс бериш бўйича ижоза берадилар. Шайх Саъид Фуда устози шайх Анбатовийнинг раҳбарликлари остида Варш қироати асосларини ҳам ўрганганлар.

Орадан маълум вақт ўтгач, Саъид Фуда ақийда, усулул-фиқҳ ва сарф илмларидан дарс бера бошладилар. Бу пайтга келиб, шайх Фуда шозилий тариқатининг шайхи, Урдунда ва бошқа давлатларда Аҳли сунна ақийдасининг ҳимояси йўлида кўп ишлар қилган Аҳмад Жамолдан ҳам дарс ола бошлаган эдилар. Шайх Аҳмад Жамолнинг қўл остида шайх Саъид устоз Мусилийнинг ҳанафий мазҳабига оид «Китобул-ихтиёр» асарининг тўртдан уч қисмини ўрганиб чиқдилар. Шайх Аҳмад Жамол бугунги кунгача ҳам шайх Саъидга устозлик қилиб келмоқдалар.

Шайх Фуда устозларидан яна бири – Урдун олий муфтийси шайх Нуҳ ал-Қудонинг қўл остида имом Нававийнинг «Минҳож» асарига ёзилган шарҳининг бир қисмини ўрганганлар. Бу икки олим ўртасидаги устоз-шогирдлик риштаси давом этиб келмоқда.  

Шунингдек, шайх Фуда салаф солиҳлар авлоди, тафсир, усул, балоғат ва сарф илмларининг билимдони, муҳаққиқ олим шайх Иброҳим Халифа билан ҳам доимий алоқада бўлиб келадилар. Шайх Иброҳим Халифа бугунги кунда ҳам шайх Саъид Фуданинг устозларидан бири саналадилар. Айнан шу зот шайх Фуда ҳазратларига Аҳли сунна манҳажида тойилган аҳли бидъатларга раддия бериш борасида кўрсатма берганлар. Шайх Иброҳим Халифа шогирди шайх Фудага кўп илмлардан, жумладан, тафсир, ҳадис, тавҳид, усул, мантиқ ва балоғат илмларидан ижоза берганлар. Таъкидлаш жоизки, шайх Иброҳим Халифа бунгача ҳеч кимга бундай ижозалар бермаганлар.

Шайх Саъид Фуда замонамизнинг кўплаб етук алломалари билан, жумладан, суриялик Абдулҳодий Харса, Адиб Каллас, ироқлик Абдулқодир Оний (шайх Абдулкарим Мударриснинг шогирди), Миср муфтийси Али Жума, Абдулбосит Қаттоний ва доктор Умар Комил каби олимлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқдалар. Шайх Фуда туркиялик фазилатли шайх Муҳаммад Солиҳ Қасрий билан учрашган, шайх Ваҳба Гавжий билан хат орқали мулоқот қилиб турган бўлиб, шайх Гавжий у зот олиб бораётган ишларини маъқуллаб, Аҳли сунна мазҳабининг ҳимоясига оид бир неча китоблар ёзишни ва имом Розийга таъна тошлари отаётган кимсаларга раддия беришни маслаҳат берганлар. Бундан ташқари, шайх Фуда бир неча йиллардан буён фазилатли шайх Ҳабиб Умар ибн Ҳофиз, Ҳабиб Алий ал-Жифрий ва бошқа яманлик олимлари билан ҳам дўстона муносабатларда бўлиб келмоқдалар.

Шайх Саъид дунёвий илмлардан ҳам бохабар зот бўлиб, инглиз ва итальян тилларини яхши биладилар, Урдун фан ва техника университетининг Электротехника факультетини «электрон алоқа воситалари» ихтисоси бўйича тамомлаганлар. Ҳозирги кунда шайх Саъид Фуда Аҳли сунна ақийдасининг кенг ёйишга ёрдам берадиган расмий диплом олиш ниятида Урдун университетининг магистратурасида ақийда йўналишида таҳсил олмоқдалар.

Шайх Саъид Фуда қаламига мансуб асарлари:

 

Шайх Саъид Фуда Аҳли сунна вал жамоа ақийдаси баён қилинган кўплаб китоблар муаалифидир. У зотнинг қуйидаги асарлари чоп қилинган:

«Таҳзиб шарҳус-Санусийя Уммул-Барахин» (имом Санусийнинг ақоидга оид матнига  мухтасар шарҳлар).

«Тадъиймул-мантиқ» (мантиқ ҳимояси).

«Ал-Муяссар шарҳ ли матнис-Сулламул-мунаврақ фи илмул-мантиқ ал-Ахдарий» (мантиққа оид «Суллам» асарининг баёни).

«Китоб Мисбаҳул-арвоҳ фи усулид-дин лил-имамил-Байзовий» (имом Байзовийнинг калом илмига оид асарининг таҳқиқи).

Нашрга тайёрланаётган асарлари:

«Шарҳул-Ақийдатит-Таҳовийя» (имом Таҳовийнинг ақоидга оид матнига шарҳлар).

«Ал-Кашифус-сағир ъан мавакил-ғалат фи китабил-файласуф Ибн Рушд» (Ибн Рушднинг «Манаҳижул-адилла» асарига раддия).

Тавҳид илмига оид асарлар.

Ал-Бидоя фи усулил-фиқҳ.

Имом Ғаззолийнинг «Файласуфларнинг ноизчиллиги» асарининг мухтасари

Имом Ғаззолийнинг «Иқтисод фил эътиқод» асарига шарҳлар.

«Муқаддиматул-арбаъа» асарига шарҳлар.

Мулла Абдурраҳмон Жомийнинг «Муҳкамат» асарига Лароийнинг тафсири ва шарҳлар

Таваллий Асфаҳонийнинг «Минҳож» асарига кўплаб шарҳлар

Саъд Тафтазонийнинг «Таҳзибул-мантиқ вал-калом» асарига шарҳлар

Санусийнинг «Муқаддима» асарининг шарҳига изоҳлар

Шиа файласуфи Табатабоийнинг «Бидоятул-ҳикмат» ҳамда «Ниҳоятул-ҳикма» асарларига танқид ва шарҳлар

Шиа Суҳравардий (сўфий Суҳравардий эмас!) қаламига мансуб «Ҳидоятул-ҳикма» ва «Ҳаякал-нур» асарларининг шарҳи ва танқиди

Имом Жувайнийнинг «Шарҳул-варақот» асарининг шарҳи

Имом Нававийнинг «Арбаъин» асарига усулий асосдаги шарҳлар

Ғуморийнинг «Арбаъин» асарига шарҳлар

Шайх Саъид бундан бошқа яна кўплаб Аҳли сунна уламоларининг, масалан, имом Розийнинг «Маолим фи усулиддин» асарига ёзилган мухтасар баёнлар муаллифдирлар. Шунингдек, шайх Фуда жуда кўплаб илмий мақола ва раддиялар ҳам ёзганлар:

Сафар Ҳавалийнинг «Манҳажул-ашоира» асарига раддия.

Али Ҳалабийнинг бир неча мақолаларига раддиялар

«Нақдул-қовим» (Ибн Таймиянинг бир неча асарларига, жумладан, Имрон ибн Ҳусойннинг ҳадиси шарҳланган яратиш силсиласининг ибтидосизлиги ҳақидаги асарига раддиялар)

«Миноҳул-вадуд фи баёни мазҳаби ваҳдатул-вужуд» (ваҳдатул-вужуд масаласининг ашъарийлар нуқтаи назаридан тадқиқи).

Аллоҳнинг сифатлари ўртасидаги алоқаларнинг (тааллуқот) моҳияти баён қилинган асар

Ибн Камол Пошонинг ашъарий ва мотуридийлар ўртасидаги ихтилофларга оид асарига шарҳ

Наср Ҳамид Абу Зайднинг (янги мўътазилийлардан, Миср суди муртад деб эълон қилган) қарашларига раддия

Бир қатор насроний муаллифларнинг асарларига раддиялар

Баъзи файласуфларга (Кант, Гегелга) ва фалсафий таълимотларга (диалектик материализмга) раддиялар

дарульфикр.ру

Манба
darulfikr.ru
Мавзуга оид мақолалар
У кишининг тўлиқ исмлари Муҳаммад Солиҳ ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Солиҳ ибн Саъид ибн Абдуллоҳ ибн Фурфурий адДимашқий алҲанафий бўлиб, Шом диёридаги машҳур Бани давоми...

1868 17:00 / 17.02.2023
Аллоҳ молнинг аҳамиятини ва у динга қувват эканини баён қилиб айтади«...Аллоҳ сизларга ҳаёт тиргаги қилиб қўйган молларингизни эсипастларга берманг...» Нисо давоми...

4177 18:39 / 26.10.2017
ndash Муфтий ҳазратлари Ойномамизнинг биринчи сони саҳифаланаётган ҳаяжонли бир пайтда Сиз билан учрашувимиз биз учун алоҳида қувончли. ndash Бисмиллаҳир роҳманир давоми...

1466 17:01 / 19 апрель
Яъқуб ибн Иброҳим ибн Ҳабиб алАнсорий 113mdash182 ҳ.й. Абу Ҳанифанинг атоқли шогирди, буюк фақиҳ ва мужтаҳид, Аббосийлар давлати Маҳдий, Ҳодий ва Рашид даврларининг давоми...

5252 22:15 / 27.04.2017
Аудиолар

137561 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7542 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57628 14:35 / 11.08.2021