1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: «Иймон ва эътиқод инсонга йўлдош»

17:01 / 19 апрель 1460 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

– Муфтий ҳазратлари! Ойномамизнинг биринчи сони саҳифаланаётган ҳаяжонли бир пайтда Сиз билан учрашувимиз биз учун алоҳида қувончли.

– Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Мен учун ҳам. Энг аввало «Мулоқот» ойномаси ижодкорлари ва муштарийларини унинг илк сони чиқиши муносабати ила чин қалбимдан муборакбод этаман ва мен билан мулоқот қилаётганингиздан мамнунлигимни билдираман.

– Ташаккур, тақсирим, рухсатингиз билан мақсадга кўчсак.

– Марҳамат.

– Сиз нафақат жумҳуриятимизда балки дунё мусулмон оламида ҳам маълум даражада кўзга ташланган арбобсиз. Шундай юксак ному лавозимга қачондир эришишингизни ҳеч ўйлаганмидингиз?

– Кутилмаган савол бу. Очиғи, бу ҳақда жиддий ўйламаганман.

– Яқинда Ливия давлатининг олий мукофоти – «Буюк Фотиҳ» нишони билан тақдирландингиз. Ўз юртингиздан анча олисда, ўзга юртда ана шу юксак мукофотни қабул қила туриб хаёлингиздан нималар ўтди?

– Бу мукофот мен учун кутилмаган совға бўлди. Мукофотлаш маросимига келган элчихонанинг биринчи котибидан эшитдим, бу хабарни. Аввалига ўзимни қандайдир ноқулай сездим. Мукофотларни Ливия Жамохириясидаги иккинчи шахс Абдусалам Желлуд топшираётган эди. Менга навбат келганда бирдан четга чиқди-да, раҳбари Муаммар Қаззофийга қараб: «Ҳурматли муфтийга ўзингиз топширинг», деди. Ҳамманинг қарсаклари остида мукофотни топширар экан, Қаззофий ҳол-аҳвол сўраш билан бирга келажак ишларда муваффақиятлар тилади. Шунда хаёлимдан, бу ўтган буюк аждодларимиз ҳурмати, ҳозирги мусулмонларимизга эътибор, ўзимизга эса келажак ишлар учун насия деган фикрлар ўтди.

– Дин оламига кириб келишингиз Сиз учун тасодифми ё анъана? Диний таълимни неча ёшингиздан бошладингиз?

– Отамиз Муҳаммад Юсуф Ҳожи домла бизни кичиклигимиздан диний руҳда тарбиялаганлар. Ўқиш ва ёзишни ўрганганимиздан бошлаб деярли ҳар куни уйда диний дарс олиб турганмиз.

– Сиз ҳам бошқалар қатори Шўро мактабида таълим олдингиз. Материалистик дунёқараш Сизнинг диний дунёқарашларингизга ҳалақит бермадими?

– Тўғри, бошқалар қатори Шўро мактабида таълим олдим. Лекин отамиз барча қатори бўлишимизни ҳеч хоҳламасдилар, доимо ҳаммадан яхши ўқишни, фақат аъло баҳолар олишимизни қаттиқ талаб қилардилар. Шундай ҳам бўлди, Ўрта мактабни аъло баҳолар билан тугатдим. Лекин бундан менинг диний дунёқарашимга путур етмади. Диний олим оиласида ўсганимиз туфайли шундай бўлган бўлса керак, деб ўйлайман.

– Айтингчи, бўш пайтларингизда қандай ишлар билан кўпроқ шуғулланасиз?

– Ҳозир бўш пайтни топишнинг ўзи қийин. Агар расмий иш вақтидан бўш пайтни назарда тутаётган бўлсангиз, уни кўпроқ мусулмонлар билан учрашувлар, китоб ўқиш, ёзиш-чизиш билан ўтказаман.

– Энг сўнгги ўқиган китобларингиз қайси?

– Энг сўнгги ўқиган китобим араб тилида Миср ёзувчиси Аҳмад Баҳжат Имом Тирмизий анжумани пайтида совға қилган «Аллоҳнинг пайғамбарлари» китоби, ўзбекчада Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Лолазор» романи, рус тилида Д. Граниннинг «Зубр» номли китобидир.

– Замон зайли билан аёллар кўчага чиқишди. Балки бу яхшидир, бироқ ўчоқлар совуб қолмадимикин? Маънавият ўчоқлари-чи? Сиз қандай ўйлайсиз?

– Ҳа, аёлларнинг кўчага чиқиши кўп нарсаларни совутди. Албатта, Сиз билан биз «Кўчага чиқишни» шартли равишда ишлатяпмиз. Тағин баъзилар Ислом аёлларни ҳеч қачон кўчага чиқармайди, фақат тўйи куни куёвникига бориш учун-у, ўлган куни қабрга бориш учун деган таъна тошларини отишмасин.

Иорданиялик олим Муҳаммад Иброҳим Шакра қийналиб асфальт ётқизаётган аёлларни кўриб, кўзидан ёш қуйилиб: «Қалбим парчаланиб кетаяпти», деб йиғлаганди. Шу воқеадан сўнг ўзимча: «Ҳар куни кўравериб бизнинг қалбимиз тош бўлиб кетибди» дегандим.

Ўйлаб кўрайлик. Аёллар нима ишларни қиляптилар? Аёлларга ҳеч хос бўлмаган, уларнинг аёллик латофатига тўғри келмайдиган ишларни қилишяпти. Ўзимизнинг Ўрта Осиё – Туркистон аёлларининг аянчли ҳоли жамият бўйнига тавқи лаънат бўла олади. Бунга кўп сабаблар бўлган билан, ўз аёлини, онасини, қизини, опа-синглисини эъзозлай олмаган эркаклар айбдор. Аёлларнинг кўчага чиққани оила бузилишига, фарзандлар тарбиясига, маънавият қашшоқлигига олиб келган асосий омиллардан биридир. Энг ёмони кўчада кўпроқ қолган аёлларнинг бузилиб, ҳаром-хариш йўлларга кириб, зйнога юриб кетганликларидир. Арзон ишчи кучи туфайли эркакларнинг ишсиз қолиши ҳам яхши эмас.

Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Аввал айтганимиздек, аёллар асфальт ётқизишяпти, ғишт қуяяптилар (Хоразмга боринг, кўрасиз), трамвай ҳайдаяптилар, офтобда куйиб кетмон чопиб, пахта териб, оғир юкларни кўтаряптилар, уй ишлари ҳам уларнинг елкасида. Худди шу вақтнинг ўзида туғруқхоналарда эркаклар доялик қиляптилар. Бу халқимиз учун, аёлларимиз учун, айниқса эркакларимиз учун ор-номуснинг ночорлигидан эмасми?

Нима учун аёлларнинг ички кийимларини ҳам забардаст йигитлар сотиб ўтиради? Айтмоқчиманки, аёлларга хос ишларни аёллар қилса яхши бўлади.

– Сиз фақат диний ақидаларни чуқурроқ ўрганиш ва уларга амал қилиш билан машғулмисиз ёки исломшунослик, Ислом назарияси билан ҳам шуғулланасизми?

– Ислом илмлари бир уммон. У фақат диний ақидалардангина иборат эмас. Ҳозир олий ислом ўқув юртларида 19 – 20 турдаги фандан дарс ўтилиб, имтиҳон олинади. Тўғри, Сизнинг саволингиз бизнинг воқеликда, узоқ муддатдан буён ҳақиқий диний таълим бўлмаганидан келиб чиққан сурани ёдлаб, намоз ўқишни ўрганиб олган киши қори ака, мулла амакига айланиб қолишган. Қийин пайтларда оғирликни кўтаришгани учун уларга раҳмат. Ислом илмларини атрофлича эгаллаган кишиларимиз жуда кам бўлган. Ҳатто расмий диний ўқув юртимизда ҳам Улумул-Қуръон, Улумул-Ҳадис, Мерос, Ақоид, Усулул-Фиқҳ каби соф ислом илмларини катта қийинчиликлар билан яқиндагина жорий қилдик. Айтмоқчиманки, Ислом илмларининг барчасидан тўлиқ хабардор бўлиб, доимий равишда мазкур илмлар соҳасидаги янгиликларни кузатиб бормаган киши қийналиб қолиши турган гап.

– Менимча, энг сўнгги илмий-назарий ишингиз Имом Тирмизийнинг 1200 йиллигига бағишланган халқаро анжуманда қилган маърузангиз бўлса керак. У кўпчиликда катта таассурот қолдирди.

– Юқори баҳойингиз учун ташаккур. Мазкур маърузани унчалик юқори баҳолаб ҳам бўлмайди. У анжуман учун баҳоли қудрат тайёрланган нарса. Имом Тирмизий ва у кишига ўхшаш бобокалонларимиз ҳаётлари ва ижодлари ҳақида илмий ишлар кўпроқ бўлиши лозим.

Зеро, биз улар олдида қарздормиз. Янги ҳолатда диний ишларимиз ривожланиб бораверса, Аллоҳ хоҳласа, бундоқ илмий ишлар ҳам йўлга қўйилиб кетар деган умиддамиз.

Қувончлиси шулки, Имом Тирмизийнинг 1200 йиллигига бағишланган халқаро анжуман халқимизга ўзлигини танишда, ўз маданиятининг асли қаердан келиб чиққанлигини англашда катта таъсир кўрсатди. Шу муносабат билан қилинган маърузалар, мақолалар, ҳатто шеърлар шуни кўрсатиб турибди. Энг чуқур таассурот чет эллардан келган меҳмонларимизда қолди. Улар бунчалик юқори савияли халқ билан мулоқотни тасаввур қилишмаган экан.

– Тақсир! Сиз СССР халқ депутатисиз. Ҳозир қандай ташвишлар билан бандсиз?

– Депутатлик ҳам осон иш эмас экан. Ниҳоятда серташвиш юмуш. Айниқса, ҳамма нарса ўз ўрнига тушмаган ҳозирги бир пайтда. Сансалорчи маъсул ходимлар ўзлари қилиш лозим бўлган ишларни ҳам депутатларга ошириб қўйиб, қутулишнинг пайида бўляптилар. Уй-жой сўраб борганларга, депутат бечорада ҳеч нарса йўқлигини яхши билишса ҳам, «депутатга бор» дейишади. Шу билан ўзидан масъулиятни қочирса бўлди-да. Бировнинг ариғи ифлос бўлса ҳам депутат тозалаб бериши керак, қўшниси билан уришиб қолса ҳам депутат аралашиши лозим ва ҳоказолар.

Сиз ташвишларни сўрайсиз, шундан бир-иккитасини айтиб ўтайлик. Мен пойтахтнинг эски шаҳаридан сайланганман. Шу минтақанинг ўзида турмуш тарзига риоя қилган ҳолда қайта қуриш, барча қулайликлар билан таъминлашга қарор чиқаришнинг ўзи жуда қийин бўлди.

Анча бўлди, чет элда бир марта ишлатиладиган игна олиб қўйилган. Бироқ уни олиб келиш муаммо бўлиб турибди. Бу ҳам ташвиш. Хуллас, ташвишлар кўп.

– Шу кунларда Сизни энг кўп қийнаётган нарса нима?

– Мени шу кунларда кўп қийнаётган нарса инсоний қадриятнинг оёқ-ости бўлиши. Гуноҳ, сурбетлик, ахлоқсизлик, жаҳолат каби разил иллатлар бугунги кун ўлчовида фазилатга айланиб қолганлиги. Одамларнинг Аллоҳдан қўрқмай, бандадан уялмай қўйганлиги.

– Ҳаётда нималарни кўпроқ қадрлайсизу, нималардан нафратланасиз?

– Иймон, эътиқод ва тақвони қадрлайман. Иймонсизлик, эътиқодсизлик ва жаҳолатдан нафратланаман.

– Армонингиз борми?

– Армоним бор.

– Ота-онангиз ҳақида гапириб берсангиз?

– Отам Муҳаммад Юсуф Ҳожи Бойбўта ўғли ота-боболаримиз юрти Андижон вилоятида туғилиб ўсиб, Бухорои шарифдаги «Мир Араб» мадрасасини битирганларидан бери 30 йилдан буён Булоқбоши қишлоғидаги «Қирғизбой» масжидида имом-хатиб. Мусулмонларга хизмат қилиб келмоқдалар. У кишининг Ислом ғояларига фидойиликлари, шахсий фазилатлари, инсонпарварликлари кўпчиликка маълум. Маҳаллий шўроларга бўлиб ўтган сўнгги сайловда ҳамқишлоқларимиз у кишини Андижон вилояти шўросига депутат қилиб сайладилар.

Онам Собирахон Тилакберди қизи оддий диндор меҳнаткаш оиласида туғилиб ўсганлар. Жамоа хўжалигида меҳнат қилганлар. Ҳозирда уй бекаси бўлиб, набиралар тарбияси билан машғуллар. Ҳам ота, ҳам она тарафдан бўлган қариндошлар барчаси Андижонда ва хусусан Марҳамат ҳамда Асака ноҳияларида истиқомат қиладилар.

– Муштарийларимиз оилангиз ҳақида билишни истайдилар?

– Оиламиз тўрт кишидан иборат. Болаларнинг онаси Фотима хоним ўлкамиздаги машҳур диний оилада таваллуд топганлар. У кишининг оталари устозимиз Исмоил махдум Охун ўғиллари машҳур олим бўлиб, узоқ вақт Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раисининг ноиблари бўлганлар.

Марҳум муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари ва бошқа уламоларимиз билан бирга диний идорамиз ва мусулмонлар учун катта хизматлар қилганлар. Тошкентда сақланаётган «Усмоний Мусҳаф тарихи» китоби ўша киши қаламларига мансубдир. Табиийки, бундай оилада ўсган умр йўлдошимнинг диний маълумотлари яхши. Бу йил кўп қатори ҳаж ибодатини адо этиш бахтига муяссар бўлдилар. Ҳозир болаларимиз тарбияси ва оилавий ишлар билан машғуллар.

Ўғлимиз Исмоил Тошкент шаҳар, Маннон Уйғур номли ўрта мактабнинг 9-синфида аъло баҳолар билан ўқимоқда. Қизимиз Одинахон эса худди шу мактабнинг 6-синфида таълим оляпти.

– Муҳтарам муфтий ҳазратлари, Ўрта Осиёда яшаётган соғлом фикрли кишилар Сизнинг серқирра фаолиятингизни қадрлайдилар. Бироқ, айтинг-чи, нега кейинги вақтда дин аҳллари ўртасида ҳар хил низолар пайдо бўлмоқда?

– Соғлом фикрли кишилар бор бўлсинлар. Улар билан ҳар бир жамият бахтлидир. Лекин шу билан бирга ҳар бир жамиятнинг ўзига яраша носоғлом фикрли кишилари ҳам бўлади. Афсуски, бундайлар бизнинг орамизда ҳам бор. Кейинги пайтда дин аҳллари ўртасида чиқаётган турли низоларнинг диний идора ва шахсан мен ҳақимдагисини назарда тутсангиз, бир гап билан айтганда, бунинг сабаби мансаб талашишдир. Бир гуруҳ одамлар кишиларнинг соддалигидан фойдаланиб, уларни ўз шахсий ғаразлари йўлида ишлатмоқдалар. Улар ҳақиқий Ислом қайғусидан узоқ кишилар эканлигини ҳамма билади. Агар диллари пок, даъволари ҳақ бўлса фаолиятимизда тирноқ остидан кир қидирмай, бизнинг хатоларимизни ўзимизга айтиб, насиҳат қилардилар, ҳақиқий мусулмонлик шунга чақиради. Лекин улар биз ҳали фаолият бошламай туриб 1989 йил 10 март, яъни мусулмонлар қурултойидан тўрт кун аввал намойиш уюштирдилар.

Аллоҳдан қўрққан, қиёматдан умиди бор одам бировга туҳмат қилмайди.

Ҳомийларининг маслаҳатлари билан бизнинг «биродарлар» 1990 йил 24 март, 3 май, 31 август, 1 сентябрь, 20, 21 сентябрь кунлари масжидларда тўполонлар уюштиришди. Бўҳтон туҳматлар етмагандек «ўлдирамиз» деб таҳдид қилдилар. Ноибимиз Зоҳиджон домланинг уйларига ўт қўйдилар ва ҳоказо. Бу ишлар фақат Исломга зарар эканлигини кўпчилик англаб етганлиги боисдан ҳамманинг нафрати келгани, айниқса чет эллик кишиларнинг хафа бўлганликлари маълум. Эндигина кўкракка шамол текканда, бундай ношукурлик кимнинг тегирмонига сув қуяди, бир ўйлаб кўриш керак.

– Дин аҳлларини ҳажга, юборишда гўёки адолатсизлик бўлган эмиш. Яъни водий томондан кўпроқ, бошқа вилоятлардан камроқ вакиллар борган эмиш. Агар шундай бўлса, буни қандай изоҳлайсиз?

– Бу ҳам юқоридаги ғаразгўйларнинг эътирози. Авваллари бир-икки киши ҳажга борганда жим юришарди, энди юртимиз тарихида биринчи марта 1525 киши борса, шунча гап. Камтарлик доирасидан чиқсам ҳам айтиб қўяй, шу ишларни амалга оширишни Аллоҳ таоло менга муяссар қилди. Агар заррача ёрдам берган одам бўлса, чиқиб айтсин.

Мени кечирасизу, кўпчиликка ҳасадгўйлик, ўзим бўлай руҳияти сингиб кетган экан. Ҳаж масаласида қанча одам мурожаат қилган бўлса, «бир одам борса, мен боришим керак», деб талаб қўяди. «Кўпчилик қатори мен ҳам борай», деб ният қилсангизчи, десанг кўнмайди.

Энди «водий томонидан кўпроқ» иборасига келсак. Ким ариза бериб, астойдил ҳаракат қилса ўша борди. Бошқа жойлардан ўз вақтида ҳаракат қилиб, бизнинг айбимиз билан қолиб кетган одамлар битта ҳам йўқ. Бўлса, чиқиб айтсин. Лекин водийдан ҳаракат қилиб, ҳатто паспорти билан қолиб кетганлар кўп. Бировга айб қўйишдан олдин озгина бўлса ҳам ўйлаш, андишага бориш керак, ахир. Шу ҳам мусулмончилик бўлдими?

Бошқа туҳмат ҳам бор. Гўёки чет элдан одамларни ҳажга олиб бориш учун пул берилган экан. Мен уни ўзимга олибман ва оқибатда кишилар ўз пулларига борибдилар.

Ҳеч қачон, ҳеч ким бундай пул бергани йўқ. Даъвогарлар ҳужжатини кўрсатишсин. Аллоҳдан қўрқишсин.

Яна Сиз эшитган бошқа туҳмат ҳам бор. Мадина шаҳри амири ҳар бир ҳожи учун 1000 риёлдан берган экан. Мен 300 риёлдан уриб қолибман. Қайси тил билан буни айтишди? Қайси қўл билан Президент ва бошқа раҳбарларга ёзишади? Ақл бовар қилмайди! Шунга ўхшаш бўҳтонлар кўп. Лекин уларнинг ҳаммасига тўхталишнинг ҳожати йўқ. Ўзимга номуносиб сўзлаганим учун узр. Лекин халққа ҳақиқатни айтиш ҳам керак.

– Сўнгги савол, ҳазратим. Ойномамиз янги. У муштарийлар билан илк бор учрашмоқда. Зеро, Сиз ҳам унинг биринчи меҳмонисиз. Муштарийларимизга қандай тилакларингизу, таҳририятимиздан қандай илтимосларингиз бор?

– Муштарийларга иймон, тавфиқ, бахт-саодат ҳамда инсоний камолот тилайман. Таҳрир ҳайъяти эса мард, шижоатли, халқ дарди билан, ёнадиган бўлишини орзу қиламан.

«Мулоқот» ойномаси, 1991 йил, 1-сон.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг қаламларига мансуб асарлар, таржималар, ўзлари таълиф қилган долзарб мавзудаги китоблар барчамизга давоми...

3099 18:30 / 11.03.2022
Абулқосим Заҳровий дорини беморнинг қонига аралаштириб томирдан юборилса, унинг таъсири тез бўлишини тажрибалар орқали кашф қилди. Шунинг учун у киши ҳозирги давоми...

1826 12:20 / 22.06.2021
Устоз 2000 йили ватанга қайтганидан сўнг диний илмларни ривожлантириш, халқимизни Ислом асослари билан таништириш йўлидаги самарали ижодни давом эттирдилар. У давоми...

3304 10:55 / 01 июль
Мулла Абдулқодир қори 1888 йил Тожикистоннинг Ўратепа шаҳрида таваллуд топди. Эндигина уч ёшга тўлган вақтда, ҳазрат Абдулқодирнинг отаонаси Наманган шаҳри давоми...

2061 12:44 / 11.01.2023
Аудиолар

137272 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7535 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57345 14:35 / 11.08.2021