1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Шаъровий раҳимаҳуллоҳдан гўзал насиҳат

12:00 / 18.02.2022 3024 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръон қайси қори томонидан ўқилаётган бўлса ҳам, уни тинглаётган мусулмон киши «Мен гапираётган Аллоҳни эшитяпман» деб тасаввур қилиши ва ўқиётган қорини унутиши керак. Бу сўзимизга ёрқин мисол қилиб қуйидаги воқеани келтирамиз.

Улуғ имом, буюк тобеин Жаъфар ас-Содиқ (раҳимаҳуллоҳ) шундай дедилар:

«Мен нимадандир хавф қилаётган, қўрқаётган ва Аллоҳ таолонинг «Бизга Аллоҳнинг ўзи кифоя. У вакилликка ўта лойиқдир!», деган (Оли Имрон сураси, 173-оят) оятига суянмаган одамдан ажабландим. Чунки мен бу оятнинг ортиданоқ Аллоҳ таолонинг «Улар (Бадрдан жангсиз) Аллоҳнинг неъмати ва фазли ила бирор ёмонликка учрамай қайтдилар» (Оли Имрон сураси, 174-оят) деганини эшитдим».

Бу ерда биз эътибор беришимиз керак бўлган нарса шуки, Жаъфар ас-Содиқ (раҳимаҳуллоҳ) аслида ушбу оятларни бирор қоридан эшитганлар ёки ўзлари Қуръонни ўқиб туриб эшитганлар. Аммо «Аллоҳ таолонинг шундай деганини эшитдим» дейишлари эса «Аллоҳ таоло гапиряпти, тўғридан-тўғри Аллоҳдан таолодан эшитяпман» деган тасаввурнинг кучлилигини англатади. У зот яна бу оятларни келтириш билан мўмин кишига дастур, йўл-йўриқ ҳам кўрсатмоқдалар. Демак, қўрқаётган, бирор нарсадан хавфсираётган одам حَسْبُنَا اللَّهُ وَنِعْمَ الْوَكِيلُ (Бизга Аллоҳнинг ўзи кифоя. У вакилликка ўта лойиқдир) деб айтса, Аллоҳ таоло уни ўша қўрқувдан қутқарар экан. Чунки инсонни қўрқитаётган барча нарса Аллоҳнинг қуввати олдида ҳеч нарса эмас.

Жаъфар ас-Содиқ (раҳимаҳуллоҳ) ўз сўзларида давом этиб шундай дейдилар:

«Мен ғамга ботган, ғам чеккан ва Аллоҳ таолонинг «Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим» (Анбиё сураси, 87-оят) оятига суянмаган одамдан ажабландим. Чунки мен бу оятнинг ортиданоқ Аллоҳ таолонинг «Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз» (Анбиё сураси, 88-оят) деганини эшитдим».

Бу оятда Юнус (алайҳиссалом) улкан балиқнинг қорнида туриб қилган дуолари ва ўша дуонинг самараси баён қилинмоқда. Оятнинг охирида эса бу ҳолат фақат ўша пайғамбаргагина тегишли эмаслиги, балки барча мўминларга тегишлилиги, ким ғам чекаётган бўлса لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ (Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен барча нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен ўзимга зулм қилувчилардан бўлдим) деб айтса, Аллоҳ уни ғамдан қутқариши эълон қилинмоқда.

Жаъфар ас-Содиқ (раҳимаҳуллоҳ) ўз сўзларида давом этиб яна шундай дейдилар:

«Мен қийин вазиятга тушиб қолган, одамларнинг макру ҳийласига дучор бўлган ва Аллоҳ таолонинг «Мен ўз ишимни Аллоҳга топширурман. Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир» (Ғофир сураси, 44-оят) оятига суянмаган одамдан ажабландим. Чунки мен мазкур оятнинг ортиданоқ Аллоҳ таолонинг «Бас, Аллоҳ у (иймон келтирган киши)ни уларнинг ёмон макрларидан сақлади» (Ғофир, 45) деганини эшитганман».

Демак, кимга одамлар макр қилса, у дарҳол وَأُفَوِّضُ أَمْرِي إِلَى اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ بَصِيرٌ بِالْعِبَادِ (Мен ўз ишимни Аллоҳга топширурман. Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир) деса, Аллоҳ уни ўшаларнинг макрларидан сақлар экан. Инсон одамларнинг макру ҳийлаларига дош бера олмайди. У фақатгина мазкур дуони ўқиб, Аллоҳнинг ёрдами билангина ўша макрлардан қутулиб қолиши мумкин.

Жаъфар ас-Содиқ яна шундай дедилар:

«Мен дунёни ва унинг зийнатини талаб қилган ва Аллоҳ таолонинг «Аллоҳ хоҳлаган нарсагина (бўлур), бор куч-қувват ёлғиз Аллоҳ биландир» (Каҳф сураси, 39-оят) оятига суянмаган кишидан ажабландим. Чунки мен ушбу оятнинг кетиданоқ Аллоҳ таолонинг «Бордию мени бойлик ва фарзанд жиҳатидан ўзингдан камроқ деб билсанг, шоядки, Роббим менга сенинг боғингдан яхшироқ (боғ) ато этар» (Каҳф сураси, 40-оят) деганини эшитдим».

Демак, инсон бойлик, мол-дунё талабида бўлса, бойлиги талафотга учрамаслигини истаса مَا شَاءَ اللَّهُ لَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللَّهِ (Аллоҳ хоҳлаган нарсагина бўлур, бор куч-қувват ёлғиз Аллоҳ биландир) деб айтса, Аллоҳ уни ўз фазли билан бой қилади ва бойлиги талафотга учрашидан сақлайди.

Хулоса

Ким бирор кишидан ёки нарсадан қўрқса, حَسْبُنَا اللَّهُ وَنِعْمَ الْوَكِيلُ (Бизга Аллоҳнинг ўзи кифоя. У вакилликка ўта лойиқдир) деб айтсин!

Ким ғам чекаётган бўлса, لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِينَ (Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен барча нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен ўзимга зулм қилувчилардан бўлдим) деб айтсин!

Ким одамларнинг макрига дучор бўлса, وَأُفَوِّضُ أَمْرِي إِلَى اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ بَصِيرٌ بِالْعِبَادِ (Мен ўз ишимни Аллоҳга топширурман. Зеро, Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир) десин!

Ким мол-дунё талабида бўлса, مَا شَاءَ اللَّهُ لَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللَّهِ (Аллоҳ хоҳлаган нарсагина бўлур, бор куч-қувват ёлғиз Аллоҳ биландир) деб айтсин!

Юқорида зикр қилинган тўрт ҳолат инсон ҳаётини издан чиқарадиган, унинг софлигига ва тинчлигига футур етказадиган вазиятлардир. Ўша вазиятларда мазкур дуоларни ўқилса, қийинчилик енгиллик билан ўтиб, мусибатлар, ғамлар тезроқ арийди. Зеро, Қуръон инсонни икки дунёда ҳам бахтли, саодатли, хотиржам бўлишига олиб борадиган Китобдир.

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг мавъизалари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
учинчи мақолаИбн Ҳиббон Имрон ибн Ҳусайн айтган ҳадисни келтирганлар .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишидан .Шаъбоннинг охирида бирор кун рўза давоми...

1331 12:30 / 07.02.2021
Ёфиъий ўзининг .Миръотил жанон, китобида келтиради .Халифа Валид ибн Абдулмалик вафот қилганидан сўнг унинг ўрнига укаси Сулаймон халифаликка ўтирди. Сулаймон давоми...

2271 10:14 / 02.01.2023
Манбаларда келтирилишича, Қўқон хони Шералихон 17971845 тахтга келгунга қадар Қирғизистоннинг Талас водийсида тоғасининг қўлида улғаяди. У болалигидан қирғизлар давоми...

1827 11:27 / 01.01.2022
Фақиҳ, аллома, муфтий Абул Ҳасан Али ибн Иброҳим ибн Насрувайҳ ибн Сахтом ибн Ҳарсама Ғаззий Самарқандий Ҳанафий.Умрларининг охирида ҳаж қилганлар.Бағдод ва давоми...

1851 15:00 / 13.12.2020
Аудиолар

137299 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7535 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57368 14:35 / 11.08.2021