1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Абдуллоҳ ибн Муборакнинг сўзларидан

05:00 / 01.03.2017 3786 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳнинг қимматли ҳикматлари:

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: “Аҳли дунё дунёдаги энг ёқимли нарсадан баҳраманд бўлмасдан ундан чиқдилар” дедилар. “Ундаги энг ёқимли нарса нима?” деб сўралди. “Аллоҳ азза ва жаллани танимоқдир” дедилар.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ дедилар: “Бу замондаги (баъзи) қориларга ҳаром ва шубҳали нарсаларни ейиш ғолиб бўлди. Ҳатто улар қорин ва фарж шаҳватига ғарқ бўлдилар. Илмларини дунёни овлайдиган тўр қилиб олдилар”.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: “Дунё мўминнинг зиндонидир. Унинг зиндондаги энг буюк амаллари: сабр ва ғазабни ичга ютишдир. Мўмин учун дунёда давлат йўқ. Унинг давлати фақатгина охиратдадир” дедилар. (Давлатдан мурод – роҳат ва ҳурсандчилик).

Шафийқ деган киши Ибн Муборак раҳимаҳуллоҳга: “Биз билан бирга намоз ўқийсиз-у, нега биз билан бирга ўтирмайсиз?” деди. У зот “Саҳобалар ва тобеинлар билан бирга ўтираман” дедилар. Биз у кишига “Саҳобалар ва тобеинлар билан бирга қандай ўтирасиз?” дедик. Шунда у зот “Амалимга назар соламан. Уларнинг асарлари ва амалларига назар соламан. Сизлар билан ўтириб нима қиламан? Сизлар одамларни ғийбат қиласизлар” дедилар.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ: “Ғийбатдан тавба қилиш сен ғийбатини қилган одам учун истиғфор айтишингдир” дедилар. Шунда Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ “Балки у ҳақида айтган сўзингиз (ғийбатингиз) учун истиғфор айтишингиздир?” дедилар. Ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ “У одамга икки марта озор берманг!” дедилар.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ: “Оқил одам уч нафар кишини паст санамайди: уламоларни, султонни, биродарларни. Ким уламоларни менсимаса, охирати кетади. Ким султонни менсимаса, дунёси кетади. Ким биродарларни менсимаса, муруввати, одамгарчилиги кетади” дедилар.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Тўрт мингта ҳадисдан танлаб олинган тўртта гап ушбулардир:

1.Аёлга ишонма!

2.Молга алданма!

3.Ошқозонингга кўтаролмайдиган нарсани юклама!

4.Илмдан фақат сенга фойда берадиганини ўрган!”

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳдан Луқмоннинг ўз ўғлига “Албатта, гап кумушдан бўлса, жим туриш олтиндандир” деган гапи ҳақида сўралди. Шунда у зот “Унинг маъноси – агар Аллоҳнинг тоатидан гапириш кумуш бўлса, Аллоҳнинг маъсиятидан тўхташ олтиндандир” дедилар.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Тавозуънинг боши – дунё неъматларида сендан қуйироқ бўлган кишининг олдида ўзингни паст тутишинг бўлиб, ҳатто дунёинг билан ундан устунлигинг йўқлигини ўша одамга билдир. Дунё неъматларида сендан устунроқ бўлган кишининг олдида ўзингни юқори тутишинг бўлиб, ҳатто унга дунёси билан сендан устун бўлолмаслигини билдир”.

Ҳабиб Жаллоб айтади: “Ибн Муборак раҳимаҳуллоҳдан “Инсонга берилган энг яхши нарса нима?” деб сўрадим.

“Ақл” дедилар.

Мен “Агар у бўлмасачи?” дедим.

“Чиройли одоб” дедилар.

Мен “Агар у бўлмасачи?” дедим.

“Маслаҳат берадиган меҳрибон биродар” дедилар.

Мен “Агар у бўлмасачи?” дедим.

“Узун сукут” дедилар.

Мен “У бўлмасачи?” дедим.

“Тез ўлим” дедилар”.

Нуайм ибн Ҳаммод айтади: “Имом Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ уйларида кўп ўтирардилар. У кишига “Ёлғизликни ҳис қилмайсизми?” дейилди. Шунда у зот “Қанақасига ёлғизликни ҳис қилай, ахир мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўламан-ку!” дедилар”.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳдан “(Чинакам) инсонлар ким?” деб сўралди. У зот “Уламолар” деб жавоб бердилар. “Подшоҳлар ким?” деб сўралди. У зот “Зоҳидлар” деб жавоб бердилар. “Нодонлар, пасткашлар ким?” деб сўралди. У зот “Динининг эвазига дунё ейдиганлар” деб жавоб бердилар.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ “Гуноҳларга миниш қалбларни ўлдиради, гуноҳларни доим қилавериш хорликни келтиради, гуноҳларни тарк этиш қалбларнинг ҳаётидир. Сен нафсингга қарши исён қилишни ихтиёр эт!” деб айтар эдилар.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ “Хорлик тамаъдадир” дедилар.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳдан “Ҳаромдан бўлган бир тангани тарк этишим юз минг тангани садақа қилганимдан афзалдир” деганлари ривоят қилинган.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳга “Бизга гўзал хулқни бир калимада жамлаб беринг” дейилди. Шунда у зот “Ғазабни тарк этиш” дедилар.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Агар бир одам юзта нарсадан тақво қилиб, сақланса-ю, битта нарсадан сақланмаса, у ҳали парҳезкор бўлмабди”.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Киши илм талаб қилишда давом этар экан, олим ҳисобланади. Ўзи ҳақида “Ҳамма нарсани билдим” деб ўйлаши биланоқ жоҳил бўлади”.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Кишига етадиган энг катта мусибатлардан бири – ўз нафсидаги камчилик, нуқсонни билганидан кейин унга парво қилмаслиги, ўша нарса учун маҳзун бўлмаслигидир”.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Агар ғийбат қилувчи бўлганимда ота-онамни ғийбат қилардим. Чунки, улар менинг ҳасанотларимга энг ҳақли кишилардир”.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳдан гўзал хулқ ҳақида сўралди. У киши “Очиқюзлик ва яхшилик тарқатиш” дедилар.

Ҳасан ибн Урфа айтади: “Менга Ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Шом диёрида бир қаламни бировдан ориятга (фойдаланиш учун) олдим. Кейин у ердан жўнадим. Марвга келганимда қарасам, қалам ёнимда экан. Шомга қайтиб, қаламни эгасига қайтардим”.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ “Зоҳид шундай кишики, агар дунёга эришса, ҳурсанд бўлмайди, агар дунё қўлидан кетса, хафа бўлмайди” дедилар.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Одоб диннинг деярли учдан иккиси бўлди”.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Мажлисинг мискинлар билан бирга бўлсин!”

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Бидъат соҳиби билан бирга ўтиришдан сақлан!”

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Кўпинча ният кичик амални катта қилади. Кўпинча ният катта амални кичик қилади”.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Ортиқча гапни тарк эт, ҳикматга муваффақ қилинасан”.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Ортиқча назарни тарк эт, хушуъга муваффақ қилинасан”.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Суфёни Саврий раҳимаҳуллоҳдан “Намоз ўқиётган киши намозида нимани ният қилади?” деб сўрадим. Шунда у киши: “Роббига муножот қилишни” деб жавоб бердилар”.



Манба: islom.uz 

Интернет материаллари асосида 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Намознинг фарз, вожиб ва суннатлари борлиги маълум. Шунингдек, намознинг руҳи ҳам бўлиб, у ният, ихлос, хушуъ ва қалб ҳозирлигидан иборат.Аввал ҳам таъкидлаб давоми...

3837 16:05 / 08.02.2020
Кейинги байтларда қалб табиблиги учун шайх қандай муолажа олиб бориши кераклиги ҳақида сўз боради. Биз эса юқорида зикр этилган байтларни бир оз кенгроқ ва давоми...

4906 13:30 / 12.04.2019
Аввало ғийбатчи қиладиган ғийбати туфайли Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлишини билиб қўйиши керак.Шунингдек, унинг савоблари ғийбат қилинган одамга олиб давоми...

3649 14:00 / 27.02.2021
Одам боласига шайтоннинг тасири борлигида шубҳа йўқ. Фақат Аллоҳ таоло сақласагина бу нарса бўлмас. Инсоннинг заиф томонларидан унга тасир қилиш учун шайтон давоми...

4444 05:00 / 28.02.2017