1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Нақшбандиянинг ўн бир асоси (давоми)

15:04 / 17.11.2018 2973 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

5. Ёд кард.

«Ёд эт» – «зикр қил». 

Зикр нафсни поклайдиган ва ахлоқни сайқаллайдиган энг кучли омиллардан бири ҳисобланади.

Қуръон тиловатидан кейин банданинг тили учун энг афзал ибо-дат Аллоҳ таолонинг зикридир. Зикр ила банда Аллоҳ таолога ихлос билан дуо қилади ва ҳожатларини сўрайди.

«Зикр» сўзи луғатда эслаш, хотирлаш, сўзлаш, тилга олиш, баён этиш, шарҳлаш, тавсифлаш каби маъноларни англатади.

Аммо умумий маънода зикр икки хил бўлади: тил билан ва дил билан зикр қилиш.

Буларнинг ҳар бири ҳам икки турли бўлади: унутганини эслаш ва унутмаса ҳам, ёдидаги нарсани хотирлаш.

Уламолар истилоҳида: «Зикр – банданинг Роббини тили ва дили билан эслашидир. Бу У Зотнинг Ўзини, сифатларини, амалларини, ҳукмларини зикр қилиш ёки Китобини тиловат қилиш ёхуд У Зотга дуо қилиш, У Зотдан бирор нарсани сўраш, У Зотга ҳамду сано айтиш, У Зотни улуғлаш ва У Зотга шукр келтириш каби нарсалар ила бўлади.

Зикр ҳар бир бандадан талаб қилинган ва ҳар бир бандага маҳбуб қилинган нарсадир. Зикр ҳар доим қилиниши керак бўлган марғуб ишдир.

Фақат шариат истисно қилган, қазои ҳожат ва хутба эшитиш пайтига ўхшаш ҳолатлардагина зикр қилинмайди.

Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримдаги кўплаб оятларда биз бандаларга зикр қилишни амр этган. Зикрни кўп қилиш ва бунда бардавом бўлиш нажот учун шарт қилинган. Аллоҳ таолонинг Ўзи зикр қилувчиларни мақтаган, уларни Ўз оятларидан баҳраманд бўладиганлар, деб атаган ва зокирларнинг ақл эгалари эканини таъкидлаган. Баъзи уламоларимиз мазкур оятларнинг сони бир юз етмиш тўртта эканини таъкидлаган.

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида марҳамат қилади:

ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч Уни поклаб ёд этинглар» (41-42-оятлар).

Аллоҳни зикр қилиш қалбни Унга боғлаш ҳамда «У мени кузатиб турибди», деган доимий сергакликда туришдир. Аллоҳнинг буйруқларини бир лаҳза ҳам эсдан чиқармай, холис амал қилишдир.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ

«Бас, Мени зикр қилинг, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилинг, куфр келтирманг» (152-оят).

Ушбу оят ўзи қисқа бўлишига қарамай, олам-олам маъно касб этади. Аллоҳ таоло Ўзи яратган, ҳаёт ва ризқ берган бандаларига:

«Мени зикр қилинг», демоқда.

Хўш, Аллоҳ таоло бу ожиз бандаларининг эслашига муҳтожми? Йўқ, У беҳожат Зот. Ҳамма муҳтожлик бандаларда. Лекин бу амр бандаларга яхшилик етиши учундир. Улар Аллоҳни зикр қилиб эслашлари ила Аллоҳ таоло уларни зикр қилишига, эслашига эришадилар. Аммо зикр билан зикрнинг фарқи бор, албатта. Ҳеч нарсага арзимайдиган ожиз банданинг эслаши қаерда-ю, оламларнинг Роб-би бўлган Аллоҳ таолонинг эслаши қаерда! Банда қандай, қачон ва қаерда эслайди? Аллоҳ-чи?

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Аллоҳ таоло дейдики: «Эй одам боласи! Агар Мени ўзинг эсласанг, Мен ҳам сени Ўзим эслайман, агар кўпчилик ичида эсласанг, Мен сени фаришталар ичида эслайман».

Аҳмад ривоят қилган.

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида марҳамат қилади:

ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ

«Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар – ўшаларга Аллоҳ мағфиратни ва улуғ ажрни тайёрлаб қўйгандир», деган (35-оят).

Аллоҳни кўп зикр қилиш барча олиймақом инсоний сифатларнинг юзага келиши ва бардавом бўлишига олиб келади. Аллоҳни кўп зикр қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун зарурий амаллардан саналади.

Абу Саъид ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қачонки эр киши кечаси хотинини уйғотса ва икковлари икки ракъатдан намоз ўқисалар, ўша кеча Аллоҳни зикр қилган эркаклардан ва зокира аёллардан бўладилар», дедилар».

Ҳоким ривоят қилган. 

Ҳа, зокирлик даражаси олий мартабадир. Зокирлик мақоми олий мақомдир. Ҳар бир мусулмон эркак зокирлик сифатини эгаллаши лозим. Ҳар бир муслима зокира сифатига эга бўлиши керак.

Аллоҳ таоло Анфол сурасида марҳамат қилади:

ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ

«Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари ларзага келадиган, уларга оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қиладиган ва Роббларига таваккул қиладиганларгина мўминлардир», деган (2-оят).

Бу ояти каримада мўминларнинг бир неча сифатлари зикр қилинган. Оят «албатта», деган таъкид билан бошланаётгани диққатни тортади.

«Аллоҳ зикр қилинса, қалблари ларзага келадиган»лар... мўминлардир.

Демак, мўминни ажратиш учун Аллоҳ таолони зикр қилиш керак экан. Аллоҳ таоло зикр қилинганда қалбини титроқ босиб, Ундан қўрқиб турган одам мўмин бўлади. Яъни бирон ишни Аллоҳ таоло буюрган, қилиш керак, дейилса, Аллоҳ таолодан қўрқиб ўша ишни бажаришга киришган одам мўмин бўлади.

(давоми бор)


Нақшбандия: вазифалар, зикрлар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Эй, имон келтирганлар Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани қилдик ёки қиламиз деб айтурсиз Сизларнинг давоми...

4214 05:00 / 01.03.2017
Билимсиз равишда фатво бераётганлар қанчалар кўп. .Намоз ўқимаса ҳам бўлаверар экан,, .Ароқни ичиш эмас, маст бўлиб кўчада тўполон қилиш ҳаром экан,, .У экан, бу давоми...

3808 16:00 / 22.05.2021
166. Бир донишманддан quotБахилликдан ҳам қабиҳроқ нарса бормиquot деб сўралди. Шунда у quotҲа, бор. Сахий одам ўзи эҳсон қилган кишисига қилган эҳсонини гапириши миннат давоми...

4461 19:44 / 30.04.2017
Қачон Аллоҳ сенга тоатни ва Ўзи ила ундан тоатдан беҳожат бўлишни ризқ қилиб берса, билки, батаҳқиқ, У Зот сенга ошкора ва пинҳона неъматларини мукаммал қилиб давоми...

3503 05:00 / 07.03.2017