Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бандаларининг имкон-иқтидорини, феъл-атворини турлича яратган ва улар учун Ўзига етишишнинг сон саноқсиз йўлларини тайёрлаб қўйган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Инсониятга Роббини танитган ва Унга қандай етишишни амалда кўрсатиб берган Муҳаммад Мустафога салоту саломлар бўлсин!
Аллоҳ таоло инсонни Ўзи яратган экан, унга яратган Парвардигори олдидаги вазифаларини ҳам, бошқа мавжудотлар олдидаги бурчларини ҳам ўргатиш учун Ислом динини нозил қилди. Ислом инсоннинг бўш, бекор қолишини асло истамайди, аксинча, ўзи учун ҳам, ўзгалар учун ҳам доимо манфаат келтиришга, фаол бўлишга ундайди. Бунинг учун инсондан ҳар бир кунини ва бутун ҳаётини маълум мақсадга йўналтиришини талаб қилади.
Маълумки, инсон фаришталик билан ҳайвонлик хусусиятларини ўзида мужассам этган мураккаб мавжудотдир. Бинобарин, у мана шу икки тарафлама хусусиятини сақлаб туриши лозим. Шундагина у комил инсон бўлади ва дунёю охиратнинг бахту саодатини топади. Бунинг учун эса зарур бўлган маълум амалларни бажариб бориши даркор. Инсон танасининг тирик ва соғлом туриши учун моддий озуқалар қанчалар зарур бўлса, руҳининг тирик ва соғлом бўлиши учун ҳам маънавий озуқа шундай зарурдир. Тана учун моддий озуқа бардавом бўлиши шарт бўлганидек, руҳ учун ҳам давомий маънавий озуқа шарт. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Амалларнинг Аллоҳга энг суюклиси оз бўлса ҳам бардавом бўлганидир», деганлар. Маълумки, ҳар қандай амал вазифа қилиб олингандагина бардавом бўлади. Уламолар ана шундай вазифа қилиб олинган амални «вирд» деб атаганлар. Ушбу мақолада шу хусусда сўз юритмоқчимиз.
Вирд
«Вирд» сўзи асли араб тилида «сувга бориш» дегани. Маълумки, илгари ҳар кимнинг уйида сув оқиб турган эмас. Кишилар ўзлари ва чораваларига сув олиб келиш учун ҳовуз ёки қудуққа боришган. Ана ўша сувга бориш араб тилида «варода-йариду-вирдан» феъли билан ифодаланади. Сув ҳаёт зарурати бўлгани учун сувга бориш кишиларнинг кундалик ва доимий иши бўлган. Худди шунингдек, савобли амаллар инсон руҳининг ҳаётий зарурати экани ҳамда инсон уларга кундалик ҳаётида мурожаат қилиб туриши лозим бўлган учун савобли амални вазифа қилиб олиш уламолар истилоҳида «вирд» деб аталган.
Вирд икки турга бўлинади: умумий ва хусусий.
Умумий вирд барча мусулмонлар бажарадиган амаллардир. Хусусий вирд эса ҳар кимнинг ўз қобилияти, имконияти ва касби, турмуш тарзидан келиб чиққан ҳолда қиладиган вазифасидир.
Умумий вирд барча шаръий амалларда мавжуддир. Масалан, намозни олайлик. Одатда мусулмонлар фарз намозларига қўшиб ўқиладиган нафлларни, яъни бир кунда ўн икки ракъатдан иборат равотиб суннат намозларини доимий равишда ўқиб юрадилар. Аслида шу ҳам вирд. Шунингдек, намоздан кейин Курси оятини ўқиш, тасбеҳлар айтиш, бомдоддан кейин Ёсин сурасини, хуфтондан кейин Мулк сурасини ўқиш каби зикрлар ҳам вирд ҳисобланади. Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, диёримиз мусулмонлари мазкур вирдларни ўз аждодларидан ўрганишган ва уларга доимо амал қилиб келишади. Зотан, диёримизда дину диёнатни сақлаб, кейинги авлодга етакзган ота боболаримиз, диёримиз уламоларининг деярли барчалари нақшбандия тариқатида бўлган ва бу тариқатдаги вирдлар айнан суннатдан олинган бўлган. Улар ўз тариқатларидаги осон ва қулай вирдларни оммага ҳам таълим берганлар.
Бу амаллар фарз бўлмаса да, уларни оғишмай адо этамиз, худди фарз каби тарк қилмай бажарамиз. Бироқ, бу амалларни одат эмас, «вирд» сифатида бажариш самаралироқ бўлади. Кўпчилигимиз намозга тааллуқли бундан бошқа вирдларга кам вақт ажратамиз. Бошқа амаллардаги вирдлар эса аксарият мусулмонларимизда кам кузатилади, балки ундай вирдлар ҳақида кўпчиликда етарли тушунча ҳам йўқ. Биз ушбу мақолада ана ўша унутилаёзган ва қайта амалга қўйишимиз лозим бўлган турли вирдлар ҳақида сўзламоқчимиз.
Одатда «вирд» сўзини тасаввуф аҳли кўп ишлатади. Бунда асосан кундалик вазифа қилиб олинган тиловат ва зикрлар назарда тутилади. Натижада кўпчилик вирд деганда фақат тиловат ва зикрларнигина тушунадиган бўлиб қолган. Аслида вирдлар бошқа амалларни ҳам ўз ичига олади. Биз бунга айрим мисоллар келтирамиз ва бошланғич вирд сифатида уламоларнинг тавсияларини ҳам баён қиламиз.
1. Намоз.
Юқорида айтиб ўтилган равотиб суннатлар намоз вирдининг энг озидир. Ундан ташқари яна бир қанча вирдлар ҳам ҳадисларда келган.
Оиша розияллоҳу анҳо: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор намозни бошласалар, уни давомий ўқир эдилар», деган. Демак, киши фарз намоз ва унинг суннатларидан ташқари ҳадисларда келган турли нафллардан ҳам ўз имкониятига мувофиқларини вазифа қилиб, кун таритибига киритиб олиши улуғ амалдир. Мисол тариқасида таҳорат шукронаси намози, таҳажжуд, ишроқ ва чошгоҳ намозларини келтириш мумкин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатга кирсам, олдимда кимнингдир шарпаси келди. Қарасам, Билол экан», деганлар ва Билол розияллоҳу анҳудан: «Нима билан жаннатда мендан ўзиб кетдинг?» деб сўраганлар. Шунда у киши ҳар азондан кейин икки ракъат намоз ўқишни ҳамда ҳар доим таҳорати синиши билан таҳорат олиши ва кетидан икки ракъат шукр намози ўқиб олишни одат қилганини айтган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана шу туфайли экан-да» деганлар.
Демак, баъзи намозларни вирд қилиб олиш кишини жаннатнинг юксак мақомларига етказар экан.
Тавсия: Равотиб суннатлардан ташқари қуйидаги намозларни вазифа қилиб олиш: таҳорат синиши билан янги таҳорат қилиб, икки ракъат «шукри вузуъ» намозини ўқиб олиш. Чошгоҳ ва таҳажжуд намозларини икки ракъатдан бўлса ҳам доимий ўқиб бориш.
2. Рўза.
Мусулмон киши фарз намозларидан ташқари баъзи нафл намозлари ни вирд қилиб олганидек, Рамазон рўзасидан ташқари ҳам нафл рўзаларни вазифа қилиб олиши яхшидир. Пайшанба ва душанба кунлари, шунингдек, муҳаррам ойининг биринчи тўққиз кунида, ҳар ойнинг ойдин кунлари, яъни 13–15 кунлари рўза тутиш, шунингдек, ражаб ва шаъбон ойларида кўп рўза тутиш суннатда келган. Киши мазкур рўзалардан ўз имкониятига қараб вирд қилиб олиши керак бўлади. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Пайшанба ва душанба кунлари амаллар Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилади. Шунинг учун амалларим Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилганда рўзадор бўлишни истайман», деганлар. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳуга: «Шаъбоннинг ойдин кунлари рўза тутдингми?» деганларида у киши: «Йўқ», деган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўзадан чиққач, ўшанинг ўрнига бир икки кун тутиб қўй», деганлар. Бу билан ойдин кунларда, хусусан, шаъбон ойининг ойдин кунларида рўза тутишни вирд қилиб олишни тавсия қилганлар, Рамазондан кейин бўлса ҳам қазосини тутиб қўйишни буюрганлар.
Тавсия: Ҳар ойнинг ойдин кунлари уч кун рўза тутиш.
3. Садақа.
Мусулмон киши фарз қилинган намоз ва рўзалардан ташқари нафл намоз ва рўзаларни ўзига вирд қилиб олганидек, фарз қилинган закотдан ташқари ҳам инфоқу садақани ўзига вирд қилиб олиши марғубдир. Масалан, бир ойда топган пулининг маълум қисмини (ўндан бирини, бешдан бирини) Аллоҳ йўлида сарф қилишни ўзига вирд қилиб олиши мумкин. Биров ёрдам сўраб келганда бериб қўйиш, заруратни кўрганда хайрия қилиш ўз йўлига. Аммо маълум миқдорда хайр қилишни вирд қилиб олиб, эгасини излаб топиб бўлса ҳам бериб юриш алоҳида фазилатга эгадир. Юқоридаги ҳадиси шарифда келганидек, бу амал Аллоҳ таолога суюклироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқроқ бўлади.
Тавсия: закотга қиёсан, ҳар ойлик даромаддан 2,5 фоиз хайрия ажратиш.
4. Тиловат.
Ислом умматининг энг катта фазилати унинг Қуръон уммати эканидир. Шу боис бу уммат Қуръонга ошно бўлганда инсониятнинг энг пешқадам миллати бўлган. Қуръондан узоқлашган пайтда эса еткачиликни қўлдан берган ва ортда қола бошлаган. Ўзини Қуръон уммати деб билган ҳар бир инсон умматлик бурчини бажариши лозим. Бу эса Қуръони Каримга доимий равишда боғланиб туриш билангина рўёбга чиқади. Шундагина унинг ҳаёти Қуръони Каримга мувофиқ бўлади. Тўғри, Қуръони Карим ҳофизи ёки қироат мутахассиси бўлиш шу соҳанинг эгаларига хос. Улар Қуръон илмлари бўйича умматнинг зиммасидан фарзи кифояни соқит қилиб турадилар. Аммо Қуръони Каримни ўз араб ҳарфида тўғри ўқий олиш малакасига эга бўлиш ҳар бир мусулмонга фарзи айндир. Қуръони Каримга мансублик энг буюк шарафдир. Бу мансублик унга ҳар доим боғланиш билангина ҳосил бўлади. Бунинг учун ҳар бир мусулмон ўзи учун Қуръони Каримдан ҳар куни маълум миқдор ўқишни вирд қилиб олиши лозим. Ислом умматининг дастлабки бўғини, ваҳий гувоҳлари бўлган энг афзал зотларнинг барчаси Қуръони Каримдан ўзига вазифа қилиб олганлар. Бу ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бош ўрнак бўлганлар. Масалан, Бану Сақиф қабиласидан келган вафднинг олдига чиққанларида уларни куттириб қўйганларига узр айтиб, Қуръони Каримдан вирдларини тамомламай чиқишни истамаганларини айтганлар. Барча саҳобаи киромларнинг Қуръони Каримдан вирдлари бўлган. Аксарлари ҳафтада бир хатм қилганлар. Баъзи уламолар Қуръони Каримни қирқ кундан ортиқ хатм қилмай юришни макруҳ санаганлар. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ «Энг камида йилда икки марта хатм қилиш лозим, акс ҳолда мусулмон киши Қуръони Каримнинг ҳаққини адо қилмаган бўлади», деганлар. Бинобарин, ҳар бир мусулмон намозда ёки намоздан ташқарида Қуръони Каримдан ўзига вирд қилиб олиши лозимдир.
Тавсия: Ҳар куни Қуръони Каримдан ярим пора ўқиш. Қуръон тиловати учун энг афзал вақт тонг пайти ҳисобланади.
5. Зикр.
Зикр бандани Аллоҳга боғлаб турадиган воситадир. Жумла ибодатлардаги асосий мақсад Аллоҳнинг зикридир. Намозлар кетидан айтадиган зикрларимиз ҳам аслида вирд эканини юқорида айтдик. Аммо бу бир кун учун кам. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир онлари зикр билан ўтган. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, Исломнинг қонун қоидалари кўпайиб кетди, менга бир амални ўргатингки, уни қилсам, жаннатга кирайин», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тилинг Аллоҳнинг зикри билан намланиб турсин», дедилар, яъни тилинг зикрдан қуримасин, дедилар. Мунтазам зикрда бўлиш ёки эсга тушганда зикр айтиб юриш яхши, аммо муайян зикрларни маълум ададда, белгиланган вақтда айтиб юриш алоҳида фазилатга эга. Бундай вирд Аллоҳ таолони доим ёдда тутишга, муроқабага эришишга, намозда хушуъ ҳосил қилишга катта ёрдам беради. Аввалгию кейинги хатолари мағфират қилинган зот – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дарҳақиқат, қалбим хиралашиб қолади ва мен бир кунда Аллоҳга юз марта истиғфор айтаман», деганлар.
Тавсия: Қуйидаги зикрларнинг ҳар бирини ўн бир мартадан айтиб юриш:
«Астағфируллооҳа ва атуубу илайҳ», (Аллоҳдан мағфират сўрайман ва унга тавба қиламан)
«Субҳааналлооҳи ва биҳамдиҳии, субҳааналлооҳил ъазиим», (Аллоҳни Унга ҳамд айтган ҳолда поклаб ёд этаман, буюк Аллоҳни поклаб ёд этаман)
«Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ», (Чора ҳам, қувват ҳам фақат Аллоҳ биландир)
«Аллооҳумма, солли ъалаа саййидинаа Муҳаммадин ва аалиҳии ва соҳбиҳии ва саллим». (Эй Аллоҳ! Саййидимиз Муҳаммадга, у кишининг оиласи ва саҳобаларига салавот юбор ва салом йўлла)
Зикр учун энг афзал пайт бомдод намози ўқиб бўлинган пайтдир. Зикрларни бора бора кўпайтириб бориш тавсия қилинади, масалан, 33 тадан ёки 100 тадан айтиш мумкин.
Шунингдек, турли муносабатлар билан, масалан, уйга кирганда ва чиққанда, ҳожатга кирганда ва ундан чиққанда, тонг отганда ва кеч кирганда айтиладиган турли зикрлардан ҳам вирд қилиб олиш керак. Бундай зикрларнинг матни ва маъноси шу мавзуга бағишланган китоблардан ўрганилади.
6. Талаби илм (илм ўрганиш).
Ислом илм динидир. Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга бешикдан лаҳадгача вожибдир. Мусулмон киши бошқа ибодатлар қатори илм олишдан ҳам вирд қилиб олиши лозим. Зотан, илм олиш энг улуғ ибодатлардандир. Исломда биргина оятни ўрганиш юз ракъат нафлдан, битта илм бобини ўрганиш эса минг ракъат нафл намоздан афзалдир. Саҳобаи киромлар доимий равишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларига келиб туришган ва илм олишган. Масалан, Умар розияллоҳу анҳу қўшниси билан кунма кун навбатлашар эди. Бир кун бирлари ўз юмуши билан юриб, бошқаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлар ва кун бўйи олган илмларини кечки пайт шеригига етказарди. Эртаси куни эса алмашишарди. Ислом уммати ўзининг шонли даврида бошқалар тарафидан «ёппасига мадрасага қатнайдиган уммат» деб таърифланган ва эътироф этилган. Бунинг учун мусулмонлар ҳар куни илм орттириб боришлари лозим. Тўғри, араб тилини, шаръий илмларни чуқур ўрганиш ва бу билан шуғулланиш илм аҳлининг иши. Аммо ҳар бир мусулмон ўз ҳаёти учун керакли бўлган илмларни ҳар куни зиёда қилиб бориши вожиб.
Тавсия: Ҳозирги шароитдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, халқимизнинг оддий бир вакили ўз тилимизда нашр қилинган исломий адабиётлардан ўқишни бир неча бет бўлса ҳам вазифа қилиб олиши керак. Масалан, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг китобларидан бирини олиб, ҳар куни ундан беш саҳифа ёки ярим соат мутолаа қилишни вазифа қилиб олиш мумкин. Иложи бўлса, оила даврасида бўлса, яна яхши. Бир китоб тугагач, иккинчи китобга ўтилади.
7. Уйқу.
Инсон ибодатга, дунёвий ва ухровий ишларга қувват ҳосил қилиш учун уйқуга муҳтож бўлади. Шунинг учун уйқуни тартибга солиб олиш ҳам алоҳида вирд ҳисобланади.
Тавсия: Бир кунда 7 8 соат уйқу меъёрдаги уйқудир. Уйқу кишининг тунги ёки кундузги вирдларига халақит бермайдиган тарзда тартибга солиниши керак. Уйқу учун энг афзал вақт кечки 9 билан тонгги 5 нинг орасидир. Қисқа тунларда уйқу меъёрига етмай қолса, қайлула билан ўрнини тўлдириш тавсия қилинади. Бунга тартибли таомланиш, танани чиниқтириб, соғлом тутиш учун жисмоний тарбия билан шуғулланиш ҳам қўшилади.
Истасак, бу рўйхатни яна давом эттиришимиз мумкин. Биз бу ерда мисол тариқасида асосий амалларни келтирдик, холос.
Энди хусусий зикрга келсак, бу ҳар кимнинг соҳаси, мутахассислиги, қобилияти ва имкониятига қараб белгиланади. Мухтасар тақсим қиладиган бўлсак, кишилар ё илм олгувчи толиб, ё илм бергувчи олим, ё бошқарув соҳасидаги раҳбар, ё саноат ва тижорат эгаси бўлади. Ана шу ишларни ҳалол, холис ва сифатли бажариш ҳам вирд ҳисобланади. Шунингдек, баъзилар ўзини ибодатга ажратган обид ёки қалбини илоҳий муҳаббат забт этган ошиқ бўлиши ҳам мумкин.
Юқорида айтиб ўтилган барча вирдлар бир кунлик ҳаётимизнинг озгина қисмини олади. Хусусий вирд эса унинг асосий қисмини ташкил қилади.
Энди хусусий вирд ҳақида ҳам асосий мисолларни келтирамиз.
1. Толиби илм.
Илм толибининг вирди илм таҳсил қилишдир. Унинг кечаси билан намоз ўқиб чиқиб, кундузи дарсда ухлаши тўғри келмайди. Балки у кечаси озроқ ибодат қилиб, кундузи илм ўрганиши, дарс олиши, такрор қилиши лозим. У барча ишларини хусусий вирдига қараб мослаши керак.
2. Олим.
Илм эгасининг вирди эгаллаган илмини тарқатишдир. Фақиҳ киши талабаларга фиқҳни ўқитиш, китоб ёзиш билан ўз вирдини адо қилади. Қуръон устози Қуръони Каримни ўқиш ва ўқитиш билан вирдини ўтайди. Воъизнинг вирди ваъзу иршоддир. Риёзиётчининг вирди талабаларга риёзиётни ўқитиш, ўз соҳасида илмий изланишлар олиб бориш, кашфиётлар қилиш билан адо бўлади, ва ҳоказо.
3. Раҳбарнинг вирди адолатли ва самарали бошқарув олиб боришдир. Унинг вирди бошқарув илмида изланиш қилиш, соҳани ривожлантириш, адолат билан бошлиқлик қилишдир. Ҳарбий кишининг ҳарбий машғулотлари унинг учун вирддир. Ватан, дин ва миллатни ҳимоя қилиш унинг вазифасидир.
4. Тижорат ва саноат аҳлига ўз соҳасида намунали, ҳалол пок ишлаш, янгиликлар яратиш, сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш соҳани тараққий эттириш вирддир.
Бойнинг вирди инфоқ эҳсонлар қилиш, муҳтожларга ёрдам беришдир. Олим бошқаларга берилмаган истеъдоди билан илмни таратиш орқали бунга истеъдоди бўлмаганларнинг камтигини тўлдирганидек, бойлик жамғаришга қобилияти бор киши бунга уқуви йўқларнинг камларини тўлдириб туриши керак. Шунинг учун ҳам улуғ тобеин, қарийб ярим аср Қуръон ўқитган имом Абу Абдурраҳмон Ҳабиб Суламий раҳматуллоҳи алайҳ Усмон розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Сизларнинг энг яхшингиз Қуръонни ўрганиб, уни ўргатганларингиздир», деганларини ривоят қила туриб: «Бу ҳадис мени мана шу ерга ўтқазиб қўйгандир», десалар, буюк тобеъин Ҳассон ибн Абу Синон раҳматуллоҳи алайҳ: «Камбағал ва муҳтожлар бўлмаганида, тижорат қилмас эдим», деганлар. Олимлар ўз вирдини адо этиш ўрнига бошқа ишлар билан шуғулланиб кетса, кишилар жоҳиллашиб, жамият таназзулга юз тутади. Сарватмандлар вирдларини унутган, мол-мулкка оид муносабатларда Исломдан узоқлашган пайтда эл орасида ижтимоий табақаланиш юз бериб, муҳтожликлар юзага чиқади. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Дунёда бирор камбағал бўлса, бирор бойнинг бахиллиги эвазигадир», деганлар. Шунинг учун ҳар ким ўз вазифасини тўкис адо этмоғи даркор.
5. Ўзини ибодатга ажратган кишининг вирди турли ибодатлар билан банд бўлиш, ошиқнинг вирди маҳбубни зикр қилиш, мадҳ этишдир.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у киши шундай деганлар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Ким Аллоҳ йўлида бир жуфт нарса садақа қилса, эшиклардан – яъни жаннат (эшикларидан) – «Эй Аллоҳнинг бандаси, мана бу яхшидир!» деб чақирилади. Ким намоз аҳлидан бўлса, намоз эшигидан, ким жиҳод аҳлидан бўлса, жиҳод эшигидан, ким садақа аҳлидан бўлса, садақа эшигидан, ким рўза аҳлидан бўлса, рўза эшигидан – Раййон эшигидан чақирилади». Шунда Абу Бакр: «Кишининг ўша эшиклар(нинг барчаси)дан чақирилишига зарурат йўқ экан-да. Эй Аллоҳнинг Расули, ўзи бирор киши уларнинг ҳаммасидан ҳам чақириладими?» деди. У зот: «Ҳа. Умид қиламанки, сен ўшалардан бўласан, эй Абу Бакр!» дедилар».
Ушбу ҳадисдаги жаннатнинг турли ибодатлар билан аталган турли эшикларидан чақирилиш матнда айтилганидек, ўша ибодатнинг аҳли бўлганларгагина муяссар бўлади. Кўп садақа қилишга берилган киши садақа эшигидан, намозга берилган одам намоз эшигидан чақирилади. Бу эса ўша ибодатни вирд қилиб олишни англатади. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳамма ибодатлардан етарли вирд қилиб олгани, уларнинг барчасини олий даражада бажариб қўйгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг жаннатнинг ҳамма эшигидан чақирилишларига умид билдирдилар. Банобарин, бизлар ҳам мана шу ибодатларнинг барча турларидан ўзимизга вазифа қилиб олишимиз лозим бўлади.
Мавсум
Аллоҳ таоло бандаларни яратар экан, уларнинг табиатини яхши билгани учун уларга нисбатан айрим тадбирларни қўллаган. Масалан, ибодатларга мавсум белгилаш шулар жумласидандир. Ҳозирда «ёнғин хавфсизлиги ойлиги», «ҳаракат хавфсизлиги ойлиги», «кексаларни қадрлаш йили» каби турли шиорлар остида мавсумий тадбирлар белгиланиши кўпчиликка маълум. Бу билан танланган жабҳага кўпроқ эътибор қаратиш, уни ривожлантириб олиш, камларини тўлдириб, тиклаб қўйиш ва уни давомий бажариб боришга малака ҳосил қилиш мақсад қилинади. Бу услуб айни Исломдан олинган. Маълумки, ибодатлар баданий, лафзий ёки молиявий бўлади. Аллоҳ таоло бандаларни ана ўша ибодатларнинг барчасига чиниқтириш, малакаларини шакллантириш учун муайян кун ёки ойни мазкур ибодатлар учун мавсум қилиб белгилаган, кишиларни бунга тарғиб қилиш учун ўша муайян пайтларда амалларнинг савобларни кўпайтириб беришни ваъда қилган. Ана шундай мавсумларнинг энг салмоқлиси Рамазон ойидир. Рамазон ойида мусулмонлар ибодатнинг барча турларида фаоллашадилар ва чиниқадилар. Мақсад – мана шу ҳосил қилинган малака йил мобайнида ўз қувватини кўрсатсин ва кишининг солиҳ инсон бўлиб ҳаёт кечиришига замин яратсин. Масалан, ҳар кеча 20 ракъат таровиҳ намозини ўқиган кишига йилнинг бошқа пайтларида 4 ёки 8 ракъат таҳажжуд ўқиш осон бўлиб қолади. Бир ой мобайнида кетма кет қорин ва фарж шаҳватини тийиб, рўза тута олган инсоннинг ҳар ойда 3 кун ёки ҳар душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиб юриши қийин эмас. Бир ой мобайнида ҳар куни Қуръони Каримдан бир неча жуз тиловат қилган ёки тинглаган одам кейинчалик кунига ярим жуз ўқиб юриши мушкул бўлмайди. Бу ойда кўплаб хайру садақалар қилган инсонда ўз молидан Аллоҳ йўлига садақа ажратиш кўникмаси ҳосил бўлиб қолади, ва ҳоказо. Руҳшуносларнинг таъкидлашича, инсон бир ишни 22 кун бардавом қилса, бу иш унинг учун одатга айланиб қолади ва уни осонгина бажариш малакасига эга бўлади. Бинобарин, биз ҳам ушбу муборак ойда ана шундай умумий вирдларимизни йўлга қўйиб олишимиз мақсадга мувофиқдир. Шундагина Рамазондан кўзланган фойдага эриша оламиз.
Шу билан бирга, рўзанинг ҳикматларидан бири вақтни эътиборга олишдир. Ҳеч бир ибодатда вақт рўзадагичалик аҳамият касб қилмайди. Энг қисқа вақтли ибодат намоз бўлса, энг қисқа намоз вақти ҳам камида бир соат бўлади. Масалан, бомдод вақти соат 5 да кирса, 6:30гача ўқиш мумкин. Аммо рўзада оғиз ёпиш ёки очишда бир дақиқага адашилса ҳам, рўза дуруст бўлмайди. Албатта, бу ҳолат бизга дақиқаларни ҳам дақиқ кузатишни ўргатади. Бу эса вирдларни йўлга қўйиш ва ўз вақтида адо этишга яна бир туртки бўлади.
Хулоса
Хулоса шуки, мусулмон киши ҳаётда фаол ва тартибли бўлиши лозим. Бекорчилик, дангасалик, ишёқмаслик, тушкунлик, тартибсизлик мусулмон кишига жоиз эмас. Мусулмон киши қайси соҳада бўлмасин, энг илғор, энг фаол бўлиши даркор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ ўз ишини пухта қилганни яхши кўради», деганлар. Намозларида қабр азоби, дўзах азоби, дажжол фитнасидан паноҳ тилагандек, дангасалик, қўрқоқлик, умидсизлик, ғамга тушиб қолиш, қарзга ботиш каби иллатлардан ҳам паноҳ сўраб дуо қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва саҳобаи киромларнинг ҳаётларига назар солар эканмиз, уларда ҳар бири ўз вазифасини тўлиқ адо этганини кўрамиз. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимнинг умматимга энг раҳмлиси Абу Бакрдир. Аллоҳнинг динида энг қаттиғи Умардир. Энг содиқ, ҳаёлиси Усмондир. Энг яхши қозиси Алийдир. Аллоҳнинг Китобини энг яхши ўқийдигани Убайдир. Ҳалол ҳаромни энг яхши биладигани Муоздир. Фароизни энг яхши биладигани Зайд ибн Собитдир. Билиб қўйинглар! Ҳар бир умматнинг амини бўлади, бу умматнинг амини Абу Убайда ибн Жарроҳдир!» деганлар. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу каби Қуръони Каримда устозлик қилмаса ҳам, жанг майдонида Аллоҳнинг қиличи бўлган. Абу Зарр розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳудек сиёсатдон бўлмаса да, тақво ва ибодатлари билан ажралиб турган. Хуллас, саҳобаи киромларнинг ҳар бирлари ўз соҳаларида пешқадам бўлганлар.
Хўш, биз нима қилишимиз керак?
Ҳозир кўпчилик мусулмонлар бандалик бурчини қандай адо этишни, Исломга қандай хизмат қилишни билмай ҳайрон юради. Баъзилар ўзининг бу борадаги вазифасини ўташ мақсадида турли тоифа ва ташкилотларга қўшилиб ҳам кетмоқда. Аслини олганда эса, ҳар ким ўз вазифасини адо этса, умумий ва хусусий вирдаларини қўлдан келганча яхши бажарса, кифоя. Ҳар бир мусулмон Аллоҳни ёдда тутса, ўзи танлаган соҳада сидқидилдан хизмат қилса, Аллоҳдан қўрққан ҳолда иш юритса, ҳаммаёқ хайру баракага тўлиб кетади, иншоаллоҳ.
Инсон бу дунёда қандай касбда, қайси соҳада ишлашидан қатъи назар, эрталаб ишга кетаётиб, «Аллоҳ менга ҳалол ризқ топишни фарз қилган. Мен шу ҳалол касбим билан ўша фарзни бажаришга кетяпман» деб ният қилса, кечқурун уйига қайтгунича фарз ибодат қилаётган мақомда бўлади. Масжидга кетаётган одамнинг йўлга сарфлаган пули садақа ҳисобланганидек, ҳалол касб ниятида ишга кетаётган одамнинг йўлкираси ҳам садақа, тушликка ишлатган пули ҳам садақа бўлади.
Таъкидлаш лозимки, одатда вирд тутмаслик ёки вирдни тарк этиш асосан кишилардаги вақтга эътибор бермаслик, ҳаётни ғанимат билмасликдан бўлади. Ҳар куни ёки куноша ош қилиб еявериш ёки беҳуда гапларни гапириш ўрнига дунё ҳаётидан мақсадни қўлга киритишга ҳаракат қилиш, фойдали ишларни кун тартибига киритиш лозим. Исломнинг талаби шу, суннат шу.
Шунингдек, кишилар ўз фарзандларини уларнинг қобилияти ва салоҳиятига қараб турли соҳаларда мутахассис қилиб етиштиришлари лозим. Дурадгор ҳамма фарзандларини дурадгор, олим ҳамма фарзандларини олим бўлишга мажбурламаслиги керак. Балки уларнинг ҳар бирини ўз салоҳиятига қараб касбга йўналтириш лозим. Шундагина улардан кутилган самарани олиш мумкин. «Қирқ йил қилдим муллолиғ, ҳеч бўлмадим бир ёғлиғ, отам ҳунарин қилдим, ҳам қўй келди, ҳам совлиқ», деган мақол ҳар кимга ҳам тўғри келавермайди. Тўғри, кишининг қонида ҳамда ўз муҳитида бор ишни ўзлаштириши осон ва самарали кечади. Аммо бу иқтидор ҳаммада ҳам бирдек эмас. Аллоҳ таоло ижтимоий мавжудот бўлмиш инсонларни уларнинг ижтимоийлик хусусиятларини юзага чиқариш учун турлича яратади. Ҳар ким ўз қобилиятига, истеъдодига эга бўлгани маъқул. Шундагина у жамиятда ўз ўрнини топа олади. Муҳими – ҳар ким ўз ишини мукаммал ва ҳалол адо қилсин. Хусусий вирдимни қиламан деб умумий вирдларни тарк қилмаса, бас. Инсонларнинг ҳаққини риоя қилиб, Аллоҳнинг ҳаққини унутмаса бўлгани.
Шу ўринда мақоламиз хулосаси сифатида бир ҳаётий воқеани келтирмоқчиман. Андижонда бир қўшнимиз бор эди. Ўзи қори, ибодатли инсон эди. Исми Файзуллоҳ бўлса ҳам, маҳалладагилар у кишини «қори тоға» деб аташарди. Ўша киши шундай ҳикоя қилиб берган эди:
«Бир художўй киши бор эди. У ўз устозидан, яъни муршидидан бирор вирд белгилаб беришни сўрабди. Шунда устоз унга: «Сиз деҳқон одамсиз. Кун бўйи меҳнат қиласиз. Шунинг учун сизга таҳажжуд, рўза каби амалларни вазифа қилиб берсам, уларни бажара олмай қоласиз ёки ишингизга халал етади. Шунинг учун сизга фаолиятингизга дахл қилмайдиган биргина вирд бераман. Қалбингизда доим «Аллоҳ, Аллоҳ», деб юринг», дебди. У одам мана шу вазифани маҳкам тутибди.
Бир куни у вафот этди. Ҳузурига кирдик. Қарасак, юраги қимирлаётгандай. Яқинроқ бордик. Не ажабки, қалбидан «Аллоҳ, Аллоҳ» деган сас келарди».
Ҳа, демак, муҳими – киши қаерда, қандай ишда бўлмасин, Аллоҳдан айрилмасин экан.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Роббимизнинг ҳузуридаги ҳамда мавжудотлар олдидаги вазифаларини бардавом адо этадиган комил инсон бўлишга муваффақ қилсин!
Ҳусайнхон Яҳё Абжулмажид