Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Тасаввуфнинг вазифалари кўп бўлиб, улардан баъзилари ҳақида тўхталиб ўтайлик:
1. Муҳаққиқ уламолар тасаввуфни ботиний, яъни, ички фиқҳ дейдилар.
Бундан фиқҳ икки қисмга: зоҳирий – ташқи ва ботиний – ичкига бўлиниши келиб чиқади.
Уламоларимиз шариат илмларини зоҳирий фиқҳ деб атайдилар, ёки шундай фиқҳ илми дейиш билан кифояланадилар. Бинобарин зоҳирий фиқҳ шаръий амалларнинг ташқи томонига аҳамият беради.
Мисол учун таҳорат, ғусл, намоз, рўза, закот ва ҳаж каби ибодатларнинг зоҳирий масалаларини оят ва ҳадислар ҳамда ижмоъ ва қиёс асосида зоҳирий фиқҳ илми–шариат баён қилиб беради.
Худди ўша ибодатларни адо этиш жараёнида қалбни қандоқ тутиш керак, хушуъ ва хузуъни қандай адо этиш лозимлигини оят ва ҳадислар ҳамда ижмоъ ва қиёс асосида ботиний фиқҳ илми–тариқат баён қилиб беради.
Яна ҳам тушунарли бўлиши учун мисоллар келтирайлик. Таҳоратнинг фарзи, суннати ва мустаҳаблари нималар эканлигини, бу ибодатни адо этиш чоғида турли аъзоларни қандоқ тутиш ва ювилиши лозим бўлган аъзоларни қанча ҳамда қандоқ ювиш кераклигини зоҳирий фиқҳ илми–шариат баён қилиб беради.
Таҳоратдан таълим бераётган фақиҳ олим, қўлни яхшилаб уч марта ювилади, панжаларни бир-бирининг орасига киритиб таҳлил қилиш лозим. Юзни ювганда ундоқ қилиш керак. Оёқни ювганда бундай қилиш керак деб ташқи ҳукмларни баён қилиб беради.
Таҳоратдан таълим бераётган тасаввуф олими бу ибодатни қилишни бошлаганда ва уни адо этиш жараёнида қалбни қандай тутишни ўргатади. Ҳар бир аъзони ювганда қалбдан нималар ўтиши кераклигини майдалаб баён қилади.
Намоз неча вақт фарз, вожиб ёки суннат. Бомдоднинг неча ракъати фарзу, неча ракъати суннат. Намозда турганда, рукуъ ёки сажда қилганда гавдани қандоқ тутмоқ лозим. Қаъдада ўтирганда гавда, қўл ва оёқлар қай шаклда бўлиши керак каби кўплаб масалаларни зоҳирий фиқҳ илми баён қилиб беради.
Намоздаги руҳий ҳолатни, қалбни тутишни, хушуъ ва хузуъни ҳамма – ҳаммасини ботиний фиқҳ илми баён қилади.
2. Тасаввуфнинг ақоид илмига ҳам яқиндан боғлиқлиги бор.
Маълумки, ақоид илми эътиқод масалаларини муолажа қилиб, одатда бу борадаги бош масалалар ҳақида баҳс юритиб, ҳар бир масала бўйича оят ва ҳадислардан далиллар келтиради. Аммо бу илм ҳис - туйғу, завқу шавқ, қалбий масалаларга аҳамият бермайди. Тасаввуф эса айнан шу масалаларга аҳамият беради.
Мисол учун ақоид илми Аллоҳ таоло эшитиш, кўриш, гапириш, қудрат, ҳаёт, илм каби сифатларга эга эканлиги ҳақида баҳс юритади. Аммо банда ўзини Аллоҳ таоло эшитиши ёки кўришини бутун вужуди билан қандоқ ҳис қилишини тасаввуф илми ўргатади.
Ақоид китобларида иймон ҳақида, куфр ва унинг турли кўринишлари ҳақида, шунингдек нифоқ ва унинг белгилари ҳақида баҳс юритилади.
Тасаввуф китобларида эса иймоннинг амалий равишдаги ҳақиқатга айлантириш йўллари, куфрдан четланиш ва нифоқдан қутулиш йўллари батафсил баён қилинади.
3. Тасаввуф Қуръон ва Суннат ҳақиқатига етиб, унга амал қилишни йўлга қўйишга ўргатади.
Албатта, оят ва ҳадисларни ўқиш бошқа, уқиш бошқа. Уларни уққандан кейин зоҳирий амал қилиш бошқа, бутун вужуди – жисми, қалби ва руҳи билан амал қилиш бошқа.
Тасаввуф айнан Қуръон ва Суннатда келган маъноларни тушуниш билан кифояланиб қолмай, уларнинг моҳиятини англаб етиш, уларга бутун вужуд ила амал қилишни йўлга қўйишни ўргатади. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мужтаҳид уламоларимиз Қуръон ва Суннатдаги маъноларни бизларга тўғри тушунтириб берган бўлсалар, муҳаққиқ суфийларимиз ўша маъноларнинг руҳиятини англатиб берганлар.
4. Тасаввуф қалб, руҳ, ақл ва нафс каби маъноларни алоҳида эҳтимом ила тушунтиради ва уларнинг ҳар бирига мусулмон банда қандай муносабатда бўлиши зарурлигини баён қилиб, ўша баённи татбиқ қилинишини ҳам йўлга қўяди.
Тасаввуфнинг номларидан бири «руҳий тарбия» бўлгани ҳам шундан. Тасаввуфда қалб, руҳ, ақл ва нафс деб аталадиган маъноларни аниқ билиб олиш катта аҳамият касб этади. Бу нарсаларнинг ҳар бирининг ҳақиқатини англаб етиш ва уларни бир – биридан ажратиб олиш ҳам осон иш эмас.
Ушбу тўрт нарса ҳақида қисқача маълумот билиб олишимиз зарурий бир нарсадир.
1. Қалб.
Қалб лафзи икки хил маънода ишлатилади;
Биринчиси - инсоннинг чап кўкрагига жойлашган, конус шаклидаги махсус жисм. Уни бизнинг тилимизда юрак дейилади. Тасаввуфда қалб дейилганда ўша аъзони кўзда тутилмайди.
Иккинчиси - Роббоний, руҳоний ва латиф нарса бўлиб, унинг аввалги қалбга боғлиқлиги мавжуд. Уларнинг орасидаги алоқа худди сифатнинг сифатланган нарса билан бўлган алоқасига ўхшайди. Ана ўша латиф нарса инсоннинг ҳақиқатидир. Идрок, билим ва маърифат ўшандандир. Хитоб, итоб, иқоб ва талаб ҳам ўшангадир.
Тасаввуфда қалб дейилганда мазкур латиф нарса англанади. У ҳақда сўз борганида унинг сифати ва аҳволи ҳақидагина бўлади, ҳақиқати ҳақида сўз юритилмайди.
2. Руҳ.
Бу лафз ҳам худди қалб лафзи каби икки хил маъно-ни ифода этади.
Биринчиси, жисмоний қалб ичидаги латиф жисм бўлиб, асаблар орқали баданнинг барча тарафларига тарқалади. Табиблар руҳ ва унга боғлиқ нарсалар ҳақида сўз юритганларида айнан ана ўша руҳ ҳақида гапирган бўладилар.
Мазкур руҳ билан тасаввуфнинг алоқаси йўқ.
Тасаввуфда муолажа қилинадиган руҳ билувчи ва идрок қилувчи латиф шайъдир. Унинг ҳақиқатини Аллоҳдан ўзга билмайдир. Аллоҳ таолонинг Ўзи «Исро» сурасида: «Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», деб айт», деган (85-оят).
Ушбу ояти каримада руҳ ҳақидаги саволга Аллоҳ таоло берган жавоб зикр қилинмоқда. Бу жавоб:
«Руҳ Роббимнинг ишидир», дейишлик.
Руҳ, унинг моҳияти ва унга тегишли бошқа нарсалар Аллоҳнинг иши, банданинг иши эмас. Банда қанчалик мақтанмасин, илми оздир.
«Сизга жуда оз илм берилгандир».
Инсоннинг ҳамма нарсаси чеклангандир. Жумладан, ақли, идроки ҳам маҳдуддир. У ақли, идроки доирасидаги ишлар ила шуғулланиб, ундан ташқаридаги нарсалар хусусида беҳуда бош қотирмаслиги керак. Булар қаторига руҳ масаласи ҳам киради. Ҳозиргача инсоннинг руҳ ҳақида бирор нарса билиш учун қилган барча ҳаракатлари беҳуда кетди. Руҳ ҳақида ҳеч нарса била олмади. Инсон руҳ ҳақида билган бирдан-бир нарса Аллоҳ юборган ваҳий, холос.
3. Нафс.
Бу лафз ҳам бир неча маъноларда ишлатилади. Тасаввуфда нафс лафзи икки маънода ишлатилади.
Биринчиси, инсондаги ғазаб ва шаҳват қувватини жамловчи маънодир. Ҳа, аҳли тасаввуф нафс деганда кўпроқ ёмон сифатларни ўзида жамловчи нарсани кўзда тутадилар. Шунинг учун ҳам уларнинг истилоҳида, нафсга қарши мужоҳада қилиш, уни синдириш кабилар тез-тез учраб туради.
Бундай нафсни ўзига хос исми бўлиб уни «ан-Нафсул Амморатул Биссуъи» - «ёмонликка амр қилувчи нафс» деб аталади.
Аллоҳ таоло «Юсуф» сурасида: «Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка ундовчидир. Албатта, Роббим мағфиратли ва раҳмли зотдир», деб таъкидланган. (53-оят).
Иккинчиси, аввал зикр қилинган инсондаги латиф жисм бўлиб, у инсоннинг жони ва ўзини англатади. У ҳолатга қараб турли васфларга эга бўлади.
Гоҳида «Фажр» сурасида зикр қилинган васфда бўлиши мумкин.
Аллоҳ таоло ўша сурада яна марҳамат қилиб: «Эй, хотиржам нафс! Роббингга сен Ундан, У сендан рози бўлган ҳолда қайт! Бас, бандаларим ичига киргин! Ва жаннатимга киргин!» деган (27-30-оятлар).
Бундай нафс шаҳватлар ила курашда ғолиб бўлиб, сокинлик касб қилган нафсдир. У мутъмаинна – хотиржам нафс деб аталади.
Гоҳида «Қиёмат» сурасида зикр қилинган васфда бўлиши мумкин.
Ўша сурада Аллоҳ таоло марҳамат қилиб: «Ва маломатчи нафс билан қасам», деган (2-оят).
«Маломатчи нафсдан» мурод тақводор мўмин кишининг нафсидир. Чунки у ўз эгасини доимо маломат қилиб (тергаб) туради. Гуноҳ иш қилса, «Нима учун гуноҳ қилдинг? Аллоҳдан қўрқмайсанми? Охиратда нима жавоб берасан?» деб маломат қилади. Савоб иш қилса, «Бу оз-ку, кўпроқ қилсанг бўлмайдими? Қанча кўп савоб иш қилсанг, ўзингга фойда-ку», деб маломат қилади.
Тасаввуф мактабининг машҳур намояндаси, Ислом оламида катта ҳурматга эга бўлган олим Имом Ҳасан Басрий, яхши одам доимо ўз нафсини маломат қилиб туради, фожир одам нафсини итоб қилмай юраверади, деганлар.
Ақл.
Бу лафз ҳам турли маъноларда ишлатиладиган лафзлардандир. Тасаввуфда ўша маънолардан иккитаси ишлатилади.
Биринчиси, нарсаларнинг ҳақиқатини идрок қилиш бўлиб, илмнинг суратидан иборат бўлади.
Иккинчиси, илмларни идрок этувчи билимдир.
5. Тасаввуф таҳзийби ахлоқни - ахлоқни сайқаллашни йўлга қўяди.
Бунда мўмин-мусулмон банданинг ахлоқи Қуръони карим ва ҳадиси шариф таълимотлари асосида қандоқ бўлиши кераклиги ўргатилади ва уни татбиқ қилиш йўлга қўйилади. Зотан бу амал ҳар бир мўмин-мусулмон учун фарздир. Ўша фарз амални йўлга қўйиш айнан тасаввуф орқали жорий этилади.
6. Тасаввуф тазкиятун нафсни - нафсни покизалашни ҳам йўлга қўяди.
Бу ҳам ҳар бир мўмин-мусулмон учун фарз амал бўлиб унинг ҳақиқати ва татбиқоти тасаввуф орқали бўлади.
7. Тасаввуф тавба, истиғфор, дуо, зуҳд, тақво, вараъ ва шунга ўхшаш маъноларнинг ҳақиқатини англаб етишга ёрдам беради ва уларни ҳаётга қандоқ татбиқ қилиш бўйича дарслар ва кўргазмали тажрибалар олиб боради.
8. Тасаввуф мўмин-мусулмонларга нафл ибодатларни йўлга қўйиш бўйича ҳам дарслар беради.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (роҳимаҳуллоҳ)