1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ноқобил уламолар

05:00 / 06.03.2017 3622 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ноқобил уламолар

Минг афсуслар бўлсинким, аҳли илмнинг ичида ҳам ноқобиллари учраб туради. Одам боласи турли-туман бўлиши ҳақиқатдир. Табиати бузуқ инсонлар ичида ҳам баъзи бир сабабларга кўра илм йўлига кириб қолганлари бўлади. Бундай бўлишининг ҳақиқий ҳикмати ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзига аён. Аммо ноқобил аҳли илмнинг чиқиб туриши бандалар учун синов ва охират уламоларининг қадрини ошириш учун бўлса, ажаб эмас.

«Ноқобил уламолар» деганда илм ила дунё неъматларидан фойдаланишнигина қасд қилган ва уни одамлар орасида обрў орттириш учун ишлатадиган шахслар тушунилади.

Ноқобил уламоларнинг сифатлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида келган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، عَنِ النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: «مَنْ تَعَلَّمَ عِلْمًا مِمَّا يُبْتَغَى بِهِ وَجْهُ اللهِ لَا يَتَعَلَّمُهُ إِلَّا لِيُصِيبَ بِهِ عَرَضًا مِنَ الدُّنْيَا لَمْ يَجِدْعَرْفَ الْجَنَّةِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳнинг розилиги талаб қилинадиган илмни фақат дунёнинг ўткинчи матоҳига эришиш учун ўрганса, қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди», дедилар».

Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Исломда илм талаб қилиш, хусусан, динда фақиҳ бўлиш учун илм ўрганиш фақат Аллоҳ таолонинг розилиги учун бўлади. Шундай қилган одам икки дунёнинг бахт-саодатига эришади. Бу дунёда ҳурмат-эҳтиром ила ҳаёт кечириб, охиратда жаннати маъводан жой олади.

Аммо кимки диний илмларни, яъни ҳадисда айтилганидек, Аллоҳнинг розилиги талаб қилинадиган илмни дунёнинг ўткинчи матоҳига эришиш учун (мансаб, мол ёки риё учун) ўрганса, жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди.

Шунинг учун диний илмларни талаб қилишда ўта ҳушёр бўлиш, ниятни соф қилиш, фақат Аллоҳ таолонинг розилигини ўйлаб иш тутиш керак бўлади.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: «مَنْ تَعَلَّمَ عِلْمًا لِغَيْرِ اللهِ أَوْ أَرَادَ بِهِ غَيْرَ اللهِ فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ».

 

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким илмни Аллоҳдан бошқа учун ёки Аллоҳдан бошқани (рози қилишни) ирода қилиб ўрганса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», дедилар».

Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам илм талаб қилиш фақат Аллоҳ учун, Аллоҳнинг розилиги учун бўлиши зарурлигини қаттиқ таъкидламоқдалар. Агар кимнинг нияти бузилса, яъни илмни Аллоҳдан бошқа учун, Аллоҳнинг розилигидан бошқа мақсад учун ўрганса, дўзахга тушиши муқаррар эканини айтмоқдалар.

عَنْ كَعْبِ بْنِ مَالِكٍ ، عَنِ النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: «مَنْ طَلَبَ الْعِلْمَ لِيُجَارِيَ بِهِ الْعُلَمَاءَ، أَوْ لِيُمَارِيَ بِهِ السُّفَهَاءَ، أَوْ يَصْرِفَ بِهِ وُجُوهَالنَّاسِ إِلَيْهِ أَدْخَلَهُ اللهُ النَّارَ». رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким илмни уламолар билан можаро қилиш, эсипастларга ғолиб келиб, ўзини кўрсатиш ёки у билан одамларни ўзига қаратиш учун ўрганса, Аллоҳ уни дўзахга киритади», дедилар».

Иккисини Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида илм талаб қилишда толиби илм ниҳоятда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган учта хатарли ишдан огоҳлантирмоқдалар:

1. Илмни уламолар билан можаро қилиш учун ўрганмаслик керак. Бир илмни яхшилаб ўрганиш «Уламолар билан талашиб-тортишиб, можаро қилиб, ҳаммасини енгиб, жим қилиб қўяй», деган ниятда бўлмаслиги керак.

2. Эсипастларга ғолиб келиб, ўзини кўрсатиш учун ҳам илм талаб қилмаслик керак. Толиби илм ҳеч қачон «Илмни ўрганиб олиб, тушунмаган одамларни мағлуб қилиб, ҳаммасини лол қилиб қўяй», деган ниятни қилмаслиги лозим.

3. Ёки одамларни ўзига қаратиш учун илм талаб қилмаслик керак. Одамларнинг «Фалончи қори бўлибди, мулла бўлибди, қойил», дейишлари учун ва шунга ўхшаган ниятлар билан илм ўрганилса, бундай одамнинг ҳам оқибати яхши бўлмас экан. Аллоҳ таоло уни дўзахга киритар экан. Шунинг учун илмни фақатгина Аллоҳ таолонинг розилиги учун талаб қилиш керак.

Салафлардан баъзилари: «Ўлим пайтида энг кўп надомат қиладиган одам ноқобил олимдир», дейишган экан.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Руҳий тарбия китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизгина эмас. Лекин яхшилик ndash Аллоҳга, давоми...

1451 19:00 / 18.02.2023
Бу иш қайси асосда бўлиши лозимлиги Қуръони каримнинг Тавба сурасида қуйидагича баён қилинади .Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Улар динни чуқур давоми...

4008 13:30 / 29.03.2019
86. Вафот этганингда quotЖасад қаердаquot дейишади. Жаноза намози асносида quotЖанозани олиб келингларquot дейишади. Дафн этишаётганда quotМаййитни олиб келингларquot давоми...

5161 10:13 / 22.03.2017
Ҳаёнинг ҳақиқатиАлбатта, ҳаё барча ёқимли ишни қилишга ва барча ёқимсиз, ҳунук ишни қилмасликка ундовчи хулқдир. Ҳаё нафсдаги мақталган сифатлардан биридир. У давоми...

3152 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

135067 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55346 14:35 / 11.08.2021